Тоғдек таянч Устозлар
Устозни тоққа қиёс қиладилар. Тоққа таяниб, тепага ўрлайсиз ва юксак
чўққиларни забт этасиз! Тоғ бўлмаса, ҳеч қачон бўйингиздан тепани кўра олмайсиз… Модомики, таянадиган тоғингиз борми, унинг қадрига етинг, сабоқ олинг, билмаганингизни сўраб ўрганинг, фазилатларини қалбингизга жо этинг.
Суратда: Устоз Иброҳим Ғафуров (ўртада) билан талабаларимиз ижодий суҳбат қилишмоқда. (2009 йил май ойида Ўзбекистон Фанлар Академияси биноси ҳовлисида)
Ёш авлод ана шундай юксак тоғлар янглиғ Устозлардан, ёши улуғлардан ибрат, тарбия олиб улғаяди. Мен ҳам ҳаётим давомида кўп улуғ Устозлардан сабоқ олганман. Айниқса, 1999-2003 йиллар Олий Мажлис биноси биринчи қаватида фаолият кўрсатган давримда бир гуруҳ атоқли ёзувчи-шоир ва олимларни депутат сифатида кўрганман. Кунда-кунора уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, сабоқ олганман. Устозларнинг бир ўхшаш жиҳати деймизми, умумий фазилатими, ишқилиб, ҳеч қачон баланд овозда гапирганларини эшитмадим. Бағоят сиполик билан сўзлаётганларида эътибор билан қулоқ тутсангиз, олам-олам қуйма фикрлар эшитасиз. Менда шундай таассурот қолдирган раҳматли Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф ва бугун ҳам жамиятимиз пешқадамлари ҳисобланмиш Иброҳим Ғафуров, Акмал Саидов, Сайёра Рашидова, Хуршид Дўстмуҳаммад, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам, Абдусаид Кўчимов, Шарифа Салимова каби Устозларга то абад таъзимдаман. Уларнинг ҳар бир сўзи, сабоғи – ҳаётимда бамисли саодат калити бўлиб хизмат қилган! Бу улуғ сиймолар яратган ижодий ва илмий хазиналарнинг қиёси йўқ. Уларни ўқиб-ўрганган инсон мутафаккир бўлиб етишиши ҳеч гап эмас. Шу беқиёс хазинани яратган Устозларнинг ўзларидан сабоқ олиш маънавий оламингизни бир неча бора бойитиши аниқ!
Устозлар ҳақида сўз кетганда аввало мактабда таълим-тарбия берган каби Ғани Райимқулов, Гулбаҳор Ширинова, Ҳомид Тожиев, Раҳмат Раббимов, Обод Ғаффорова, Абдураҳим ва Салоҳиддин Абдусаломовлар, Жўрақул ва Исоқул, Ўтаевлар, Рустам ва Ўктам Усмоновлар, Абдувоҳид Мухторов, Шокир Холов азиз муаллимларим, университетда сабоқ берган Анвар Шомақсудов, Очил Тоғаев, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Абдулла Аюпов, Абдуғаффор Расулов, Жамила Шермуҳамедова, Раҳбархон Муртазаева, Маҳмуджон Нурматов, Файзулла Мўминов, Умарали Норматов, Ориф Саид, Омонулла Мадаев, Насимхон Раҳмон каби ўнлаб домлаларим, турли таҳририятларда Оқилжон Ҳусанов, Худойберди Тўхтабоев, Абдулла Орипов, Аҳмаджон Мелибоев, Озод Шарафиддинов, Ойдин Ҳожиева, Шавкат Миралимов, Муҳаммад Али, Ўткир Раҳмат, Шуҳрат Жаббор, Саъдулла Ҳаким, Шойим Бўтаев, Дилбар Саидова, Маҳмуд Тоҳир, Сирожиддин Саййид, Муҳаббат Ҳамидова, Аҳмад Отабоев, Нусрат Раҳмат, Шукур Холмирзаев, Тоҳир Малик, Мирзапўлат Тошпўлатов, Темур Убайдулло, Зиёд Есенбоев, Абдуҳамид Фозилов, Умида Абдуазимова, Суҳроб Йўлдошев, Фармон Тошев, Сафар Остонов, Марди Нуриддинов, Оллоёр Бегалиев, Хосият Бобомуродова, Зулфия Мўминова, Гулчеҳра Усмонова, Муқаддам Ҳайитова, Зайниддин Баҳриддинов, Йўлчи Муҳаммадиев каби (бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин) Устозларнинг беназир хизматлари тафаккурим чироқларига айланган!
Беқиёс бахтга эришганингизда “Устоз – отангдан улуғ” деган мақолнинг асл маъносини дилдан ҳис этасиз! (Маънан улғая олмаганлар бу мақолнинг моҳиятини фаҳмлай олмайди…)
Бугун ҳам парламентимизда ва бошқа кўплаб муассасаларимизда ибрат олса, ҳаёт сиру синоатларини ўрганса бўладиган Устозлар кам эмас! Шундоқ Устозлардан сабоқ олиш ва бахт қасрига етишиш барча ёшларимизга насиб этсин!
(Энди вақт топиб, ана шу азиз Устозларнинг ибрат мактаблари ҳақида туркум бадиалар ёзиш ниятидаман).
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,
“Дўстлик” ордени соҳиби
Сўнгги фикрлар