Ҳаётда ҳар хил тузоқ қўядиганлар кўп бўлади.
Ана шундай тузоқларга илиниб қолмай, десангиз ЎзАда ёритилган қуйидаги мақолани ва ундан ҳам муҳимроғи — «Сирли тузоқ» китобини мароқ билан ўқиб чиқинг, дейди Дониш домла.
“Сирли тузоқ”даги сирлар
Дунё адабиётида ибратли анъаналар кўп, лекин уларнинг орасида энг муҳими қайси, деган саволга, таниқли адибларнинг миллат болалари учун ёзиб берган машҳур асарларидир, дея жавоб қайтаришган…
Айтайлик, рус адиби Лев Толстой учун ўзининг обрўси етарли эди, аммо шу билан кифояланмай, болалар учун “Ўқиш китоби” ёзиб берди. “Кичкина шаҳзода”, “Гулливернинг саёҳатлари” муаллифлари ҳам ўз замонасининг машҳур шахслари эди. Бизда ҳам Худойберди Тўхтабоев ўзининг қаламини болалар оламига қаратиб, “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими” ва бошқа асарлари билан дунёга танилди, содда айтганда, барака топди. Лекин кейинги бир даврда “болалар” ва “катталар адабиёти” ибораларининг пайдо бўлиши ана шу анъанага бир оз бўлса-да, путур етказаётгани аниқ бўлиб қолмоқда. Айтайлик, Европа адабиётида болалар учун йилига 40-50 та асарлар ёзилаётган ёки “Гарри Потер”га ўхшаган бадиий фильмлар кетма-кет яратилаётган бўлса, бизда бу борада ҳамон оқсоқлик кўзга ташланаяпти. Бунинг оқибатлари анча қимматга тушишини кутиб ўтириш пайти эмас ҳозир. Чунки энг мураккаб, энг қийин ва энг катта адабиёт ҳам болалар адабиётидир. Шу боис ҳам, ҳар даврда, ҳар замонда бу адабиётга юксак минбарлардан қаралган, юксак ўринлардан жой ажратилган. Буни ҳисобга олмасдан ҳеч бир иложимиз йўқ. Шу маънода фидойи ижодкор, таниқли киносеценарист Мирзапўлат Тошпўлатовнинг “Сирли тузоқ” асарини ҳам қабул қилишимиз мумкин. Фақат шу жиҳати учун десам, тор маънода гапирган бўламан. Бу китоб болалар учун долзарб танланган ҳикояларнинг яхлитлиги билан аҳамиятлидир. Уларда бугуннинг нафаси, олов тафтидек, уфуриб, сезилиб туради. Бугунги хабарлар оқимида сузаётган бола маънавият кемасига эмас, бузғунчи қайиқчаларга тушиб қолса, нима бўлади? Интернетдан эзгуликни эмас, бузғунчиликни ўрганса, эртага ундан нима кутиш мумкин?! Компьютерни ўзига илм ўргатувчи устоз эмас, унга рўжу қўйса, муккасидан кетса, нима бўлади?! Муаллиф ўз ҳикояларида ана шу муаммоларни бадиийлик даражасига кўтариб, ота-онани, устозларни, артофидаги кишиларни ҳушёрликка, уларга эътибор беришга чорлайди. Масалан, “Сирли тузоқ” ҳикоясида ўсмир Обид худди шу аҳволда қолган. Унга ўз пайтида эътибор берилмаса, эртага ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Лекин бу воқеани муаллиф яланғоч шаклда эмас, ишонарли тарзда чизади, шу билан бирга муммонинг чораси ўзимизда, дея мафтункор табиатимизга ишора қилади. Бунда ҳам катта маъно бор. Болани жаннатмакон табиатимиз, атрофдаги бетакрор, бетимсол олам – осмонўпар қорли тоғлар, зилол сувлар, минг дардга даво гиёҳларимиз билан таништириш ҳам лозим. Ва китобнинг номини ҳам “Сирли тузоқ” деб атайди. Лекин мавзуни шу билан чекламайди, ёш қалбни чексизликларга олиб чиқиб, “Осмондаги Ой”, “Пушаймон”, “Сир”, “Тақдир”, “Эркатой” ҳикоялари орқали қайта-қайта фикрлашга эришади.
Тўпламдаги “Ўтинчи бола” ҳикояси бир қарашда бу мавзудан узилиб қолгандек, атайин киритилгандек туюлади, лекин унинг бағрига чуқурроқ сингиб борганингиз сайин, масала ойдинлашади. Тўғри, бу мавзу жаҳон адабиётида кўп бора кўтарилган, аммо муаллиф узоқ йиллик тажрибаси туфайли унга “янги тўн” кийдиришга муваффақ бўлган. Албатта, бола қалби билан ўйнашиб бўлмайди. Бу беғубор олам алдовни, хиёнатни ҳеч қачон кечирмайди. “Фашист дев”га юзма-юз келган ўсмир Ўсарнинг ҳолати сизни ҳам изтиробга солади. Унинг “Бозор полвон”га ўқ узгани эса бунга ишора. Ана шу ўринда муаллифнинг позицияси аниқ намоён бўлади. Бугун интернет орқали болани алдаётганлари ҳам рост. Буни эса сира беэътибор қолдириб бўлмайди. Демак, ўтмишда бўладими, бугунми, бола оламида муаммо пайдо бўлган экан, ўз пайтида уни ечиш лозим. Хуллас, Мирзапўлат Тошпўлатов ҳаётий мисоллар орқали болалар учун чиройли гулдаста ясаганки, уни ёш китобхонларга мингта эмас, минглаб нусхаларда етказиш мумкин. Айтмоқчи,мазкур тўплам Таълим маркази ҳузурида ташкил этилган Она тили ва адабиёти, ўзбек тили фанлари бўйича илмий-методик кенгашининг 2018 йил 8 февралдаги Қарорига асосан нашрга тавсия этилган. Билъакс, ҳаётимизнинг нозик гуллари бўлмиш азиз болаларимизга айни чоқда ҳам қуёшнинг ёрқин нурларини ҳадя этувчи бундай тўпламлар зарур, деб ҳисоблаймиз.
Тўлқин Ҳайит,
адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими
http://uza.uz/oz/culture/sirli-tuzo-dagi-sirlar-23-04-2019
Сўнгги фикрлар