2018 йилнинг 20 январь куни Туркия Республикасида олий таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг учрашув тадбири бўлиб ўтди. Учрашув Истанбул шаҳрининг Ускудар туманида “Ёшлар Маркази” номли саройда ташкил этилди. Ушбу тадбирга Истанбул шаҳрида таълим олаётган талабалар билан бир қаторда Анқара, Кўжаели, Сакаря, Қўня, Самсун, Эрзурум, Ялова ва Эдирне каби вилоятлардан жами 100га яқин талаба иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси иккинчи котиби Б. Тоғаев, Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси консули Ж. Пармановдан ташқари Туркия университетларида фаолият юритаётган Н. Ҳасанов, З. Юсупов, Б. Норбоев ва Қ. Шокиров сингари профессор-ўқитувчилар ҳам иштирок этиб, сўзга чиқишди.

“Талабалар учрашуви” шу йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги фожиада вафот этган ўзбекистонликларга бағишланган Қуръон тиловати билан бошланди, улар ҳақига дуолар қилинди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси талабалар жўрлигида ижро этилди. Ундан кейин бошловчилар Ўзбекистон ва Туркия давлатларининг таълим ва маданий-маърифий алоқалари тарихи, ҳозирги вазияти ҳақида маълумот беришди. Ҳозирда Туркия Республикасида мингга яқин ўзбекистонлик талаба таълим олаётгани айтиб ўтилди. Тадбирнинг расмий очилиш нутқи учун сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси консули Ж. Парманов мамлакатимизда ташкил этилган “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси”нинг мақсад ва вазифаларига ҳам тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси иккинчи котиби Б. Тоғаев сўзга чиқиб, бундай ташкилий тадбирни уюштирган талабалар Э.Жумаев, З.Камалова, Б.Мусаметов, Ф.Отахонов, С.Болтабоев, Б.Рафиева, М.Аҳмаджонов, А.Худойберганов ва С.Маҳмуджоновларни самимий қутлади ва элчихона сифатида бутун талабаларга ҳар қандай ёрдам ва қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлаб, бундан кейинги фаолиятларда муваффақият тилади.

Тадбирда “Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар бирлашмаси”ни ташкил қилиш масаласи тасдиқланди. Маркази Истанбул қилиб белгиланган Бирлашманинг вакиллик ҳайъати раҳбарлигига Истанбул 29 Май университетининг сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар бўлими 4-курс талабаси Аҳмаджонов Маъмуржон сайланди. Шунингдек, Анқара, Қўня, Кўжаели, Самсун, Эрзурум, Сакаря сингари Туркиянинг бошқа вилоятларидан ҳам маҳаллий вакиллар сайланиб олинди.

Маълумот ўрнида: “Ўзбекистонлик талабалар бирлашмаси” талабаларнинг ўқув дарсларидан ташқари бўш вақтларини фойдали ишларга сарфлаши мақсадида илмий-маърифий, маданий ва спорт фаолиятлари олиб боришни мақсад қилиб олади. Ушбу фаолиятлар билан талабалар ҳам ўз устида ишлашни ўрганади, ўз салоҳиятини ривожлантиради, ҳам кўрсатган фаолиятлари икки халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Фақат талабалардан иборат бўладиган ушбу бирлашманинг вазифаларига:

— илмий-маърифий, ижтимоий-маданий фаолиятлар уюштириш;

— Туркиядаги барча ўзбекистонлик талабалар билан алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш, ўзаро ёрдамлашиш;

— талабалар дуч келган муаммоларида, қийналган масалаларида маслаҳат бериш, амалий ёрдам кўрсатиш;

— Туркияда ишлаётган ва ўқиш истагида бўлган ўзбек ёшларига университетга кириш билан боғлиқ ишларда маслаҳатлар бериш, улар билан учрашувлар уюштириш;

— оммавий ахборот воситаларида талабалар бирлашмасининг фаолиятини ёритиб бориш кабилар киради.

http://kun.uz/news/2018/01/22/turkiada-uzbekistonlik-talabalar-birlasmasi-taskil-etildi