Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Самарқандда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди.
Анадўлу агентлиги хабарига кўра, сиёсатчиларнинг президент қароргоҳида юзма-юз мулоқоти 2 соату 40 дақиқа давом этган.
Бундан олдинроқ Ўзбекистон ТИВ бўлажак учрашув чоғида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилиши ҳақида хабар берганди.
Шундан сўнг раҳбарлар Туркия ва Ўзбекистон делегациялари иштирокидаги расмий тушликда бўлишган.
Туркия президентига сафар давомида бош вазир ўринбосарлари Вейси Кайнак ва Турғул Туркеш, ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли, иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ҳамда энергетика ва табиий ресурслар вазири Берат Албайрак ҳамроҳлик қилмоқда.
***
Видео: Эрдўған Самарқандда. Ўзаро муносабатларда янги саҳифа
Туркиянинг Haberturk телеканали мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифидан фоторепортаж уюштирди. Телеканалнинг YouTube порталидаги каналига жойлаштирилган видеода Туркия раҳбари Ўзбекистонга сафарини Самарқанддан бошлагани, аэропортдан тўғри Шоҳи Зинда мажмуасига, Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш учун йўл олганини кўриш мумкин.
Марҳумнинг зиёратида унга Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамроҳлик қилган.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси муфтийси Усмонхон Алимов марҳум хотирасига Қуръон тиловат қилган. Шундан сўнг, сиёсатчилар таржимон воситасида бир муддат суҳбатлашишган.
Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўған учрашуви чоғида Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Қайд этиш керакки, бу Эрдўғаннинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифидир. У 13 йил олдин Ўзбекистонга Туркия бош вазири сифатида келганди.
«Биз қардош ўзбек халқи билан муносабатларни ривожлантиришни истар эдик. Ўзбекистон томон ҳам биз билан муносабатларни ривожлантириш истагида эканлигини кўриб турибмиз. Ўзбекистонга сафарим давомида ўзбек оғаларимиз билан муносабатларда янги саҳифасини очиш истагидаман», — деб таъкидлаган Эрдўған сафарга чиқишидан олдин Анқара аэропортида ўтказилган матбуот анжуманида.
***
Шавкат Мирзиёев: Туркия йирик имкониятларга эга ва дунё миқёсида катта ҳурмат қозонган давлат
Ўзбекистонга 2 кунлик ташриф билан келган Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ўртасида Самарқанд шаҳридаги қароргоҳда юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди. Қарийб 3 соат вақт давом этган учрашув вақтида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирди ва Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон раҳбари сифатидаги илк ташрифини Туркияга амалга оширишидан мамнун бўлишини айтиб ўтди.
Унинг сўзларидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугуни ва истиқболи ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат учун шахсан ташриф буюриб, марҳумнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирганингиз учун раҳмат. Ислом Каримов бугунги Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк каби мустақил Ўзбекистоннинг бунёдкори эди.
Туркия биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган давлат саналади. Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз», — дея қайд этган Мирзиёев.
Ўзбекистон бош вазири бугун Туркия йирик имкониятларга эга ва дунё миқёсида катта ҳурмат қозонган давлат эканини айтиб ўтган.
«Ўзбек ва турк халқлари дин, тил, тарих ва маданий жиҳатдан бир-бирига жуда яқин. Туркия айни вақтда йирик имкониятларга эга ва дунё миқёсида катта ҳурмат қозонган давлат. Сиз сиёсат ва ҳаётда катта тажрибага эга раҳбарсиз. Туркия сизнинг бошқарувингизда улкан муваффақиятларга эришди. Турк халқининг сизга бўлган туганмас муҳаббати мени ҳам ҳайрон қолдирди. Бу биз ўгитга айланди. 2023 йилда Туркияни дунёнинг ривожланган давлатлар ўнталигига киритиш дастурингиз ҳурматга лойиқ, албатта», деган бош вазир.
Шундан сўнг икки мамлакат раҳбари Ўзбекистон ва Туркия ТИВ раҳбарлари Абдулазиз Комилов ҳамда Мавлуд Човушўғли иштирокида музокаралар бошлаган.
http://kun.uz/
***
Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида янги саҳифа
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи халқаро экспертлар ва матбуотнинг диққат эътиборида. Яқин пайтларгача АҚШ, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқдаги давлатлар билан алоқаларга урғу берган расмий Анқара Евроосиё давлатлари билан муносабатларга кенг ўрин ажратадиган кўринади. Президент Эрдўғоннинг кейинги пайтларда Россия, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлар қаторида Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларга ўзгача назар солаётгани фикримизга асос бўла олади.
Минтақанинг юраги ва маркази эса Ўзбекистондир. Шу туфайли Туркиянинг туркий давлатлар оламига, хусусан, Марказий Осиёга эътиборни кучайтириши бежиз эмас. Туркиянинг бу ерда энг аввало Ўзбекистон билан муносабатларда янги саҳифа очиши нафақат икки томонлама муносабатлар, балки минтақавий ва глобал нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Минтақа тинчлиги ва барқарорлиги ҳам кўп жиҳатдан Ўзбекистон хавфсизлиги ва фаровонлигига боғлиқлигини ёддан чиқармаслик керак. Қадим тамаддунларга мезбонлик қилган ва Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон минтақада юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги туб ўзгаришларда ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Олис ўтмиши ва давлатчилик анъаналари, Марказий Осиё нуфузининг тахминан ярмига тенг келувчи 30 миллиондан ортик аҳолиси, Осиёнинг юрагидаги геостратегик мавқеи, бой табиий захиралари ва баракали тупроғи билан Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлати саналади. Ушбу мустаҳкам пойдевор узра истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб олиб борилган мустақил, қатъий, конструктив ва тинчликпарвар сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсидаги мавқеининг ошишига, дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнини топишига пухта замин яратди.
Туркия ҳам теран давлатчилик анъаналари, узоқни кўра олувчи ташқи сиёсати, тезлик билан ўсаётган мустаҳкам иқтисодиёти билан Евроосиё ҳудудида ўзига хос юксак мавқе касб этган. Бинобарин ҳар икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши мамлакатларимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар билан бир қаторда, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ва бошқа турли соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантиришимиз учун катта салоҳият мавжуд.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг “Абадий дўсти ва ҳамкори” бўлган Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифини нафақат Ўзбекистон билан, балки бутун туркийлар олами билан муносабатлардаги янги даврнинг бошланиши, десак хато бўлмайди. Ўзаро ташрифлар, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик, маданий алоқаларнинг кенгайиши шубҳасиз, Ўзбекистон ва Туркиянинг мустақил ташқи сиёсатини кўролмайдиган дунёдаги айрим кучларнинг ғаламис режаларига зарба бериши муқаррар. Шу муносабат билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ўзаро ишонч, эҳтиром ва умумий манфаатлар тамойили асосида қисқа вақт мобайнида муносиб даражага кўтариш муҳим ва устуворлик аҳамият касб этади.
Ёдга оладиган бўлсак, икки давлат муносабатларининг ривожланишидаги илк давр ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келади. 1991 йил 16-19 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов раҳбарлигидаги давлат делегацияси мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат – Туркияга ташриф буюрганди.
Туркия Президенти Турғут Ўзол, Бош вазир Сулаймон Демирэл каби раҳбарлар ва ишбилармонлар билан амалий учрашувлар, суҳбатлар бўлиб ўтган. Сафар чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Туркия ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг асослари ва мақсадлари тўғрисида Протокол, иқтисодий ва савдо соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида, битим, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида, битим, транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги битим, ахборот ва янгиликлар айирбошлаш, телевидение ва радио эшиттириш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳақида протоколлар ва бошқа бир қатор ҳужжатлар имзоланганди.
Ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда Туркия давлати раҳбарлари Турғут Ўзол, Тансу Чиллер, Месут Йилмазларнинг Ўзбекистонга расмий ташрифлари чоғида имзоланган ҳужжатлар катта аҳамиятга эга бўлди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик газлама ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, қўшма корхоналар қуриш, кадрлар тайёрлаш, туризмни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда амалий натижалар берганди.
Абдували Сайбназаров
Сўнгги фикрлар