Туркия сафари
Sharh.uz бош муҳаррири Бунёдбек Шамсутдиновнинг сафарномаси бўлғуси журналистлар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлади, деган умиддамиз.
Туркия сафари. Яқин Шарқдаги гуманитар инқирозга ким сабабчи?
Кимлар жабр кўрмоқда (1-кун)
Туркия Бош вазири девони қошидаги Матбуот ва ахборот бошқармаси, БМТ лойиҳаси доирасида 16-20 май кунлари Туркиянинг Анқара ва Истамбул шаҳарларида Марказий Осиё ва бошқа бир қатор давлатлар ОАВ вакиллари учун матбуот сафари ташкил этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – 23-24 майда Туркияда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон гуманитар саммит аввалида гуманитар соҳада мамлакатда амалга оширилаётган ишлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини таништиришдан иборатдир.
Аввалроқ Европа мамлакатлари журналистлари таклиф этилган бўлса, бу сафар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Мўғулистон, Озарбайжон давлатларидан матбуот вакиллари ташрифи ташкил этилди. Шу ўринда Ўзбекистондан Sharh.uz ва Shov-shuv.uz вакиллари мазкур тадбирларда иштирок этмоқда.
Матбуот сафари дастурга кўра, 16 май куни дастлабки учрашув Туркия Бош вазири девони қошидаги Матбуот ва ахборот бошқармасида бўлиб ўтди. Ташкилот раҳбар ўринбосари Исмаил Мансур Ўздемир сафар дастури билан таништирди ва сўзни Туркиянинг Ўзбекистондаги матбуот атташеси Исмоил Қозонга берди.
Исмоил Қозон 2016 йилда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида матбуот соҳасидаги миссиясини якунлайди. Ўтган давр мобайнида унинг саъйи-ҳаракати билан Ўзбекистон матбуотида Туркия – Ўзбекистон муносабатларига доир кўплаб урашувлар, матбуот анжуманлари, турли тадбирлар ташкил этилди ва ўзаро ҳамкорликка оид муносабатларни ёритиш юқори даражага кўтарилди.
“Она Ватан Туркия – ота Ватан Ўзбекистон. Мендан Тошкентдаги фаолиятим якунланиши аввалида сизга Ўзбекистон ёқдими деб сўрашди. Мен ота-онамиз ҳақида яхши ёмон дея олмаймиз биз унинг фарзандларимиз дея жавоб бердим” — дейди Исмоил Қозон. Шу ўринда журналистлар билан ишлашни Туркияда Матбуот ва ахборот бошқармасида давом эттиришини билдирди. Тадбир иштирокчиларига матбуот сафарининг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг Бошқарма масъули Исмаил Мансур суҳбатни давом эттириб, давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда нафақат сиёсатчилар балки журналистларнинг ҳам ўрни муҳимлигини таъкидлар экан, “Биз бугун сизларни минтақадаги реал вазият, халқаро саммит аввалида гуманитар соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар билан таништирамиз”, -деди.
Туркия вакили, Яқин Шарқда “Араб баҳори” билан бошланган воқеалар охир оқибат минтақада тўқнашувларнинг авж олишига олиб келганини, нотинчликлар эса амалда миллионлаб инсонларнинг ўз уйларини ташлаб чиқишларига, муҳожирга айлантирганини айтиб ўтди. Бу ўринда Туркия ихтилофлар давом этаётган давлатларнинг қўшниси ўлароқ аксарият муҳожирларни ўзига қабул қилишга мажбур бўлди.
“Катта давлатлар ўз манфаатлари нуқтаи-назаридан ёндошиб, минтақада ўз ҳукмини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Биз учун эса, минтақада тинчлик энг муҳимидир. Биз бугун дунё мамлакатларини безовта қилаётган муҳожирлар муаммоси билан яқиндан танишишингизни хоҳладик. Туркиядаги ҳар бир оилада, мактабда етим болалар бор. Биз бир нонни муҳожирлар билан тенг бўлишиб еяпмиз.
Бутунжаҳон гуманитар саммитида кўплаб давлатлар етакчилари, гуманитар соҳадаги нодавлат ташкилотлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади ва унда глобал муҳожирлар муаммоси муҳокама этилади. Сиёсий келишмовчиликлар қурбони бўлаётган одамлар тақдири ёдга олинади ва бу саммит тарихда илк шундай тадбир бўлиб қолади.
“Сизлар муҳожирлар билан юзма-юз кўришиб улар билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўласиз ва кўрганларингизни ўз халқингизга етказишингизни истаймиз”, — дейди Туркия Матбуот ва ахборот бошқармаси раҳбари ўринбосари. Бошқарма вазифаси ҳақида қисқача тўҳталиб, унинг 150 йиллик тарихга эгалиги, ОАВ учун кўмакчи, унга гувоҳнома берувчи, журналистларни тажрибасини оширувчи ташкилот эканлигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг учрашувнинг энг қизғин савол-жавоблар қисмига ўтилди.
Саммит кун тартибида асосий кўриладиган масалалар нималардан иборат бўлиши ҳақидаги саволга жавобан И.Мансур, гуманитар соҳадаги намунавий лойиҳалар, ҳамкорликдаги муҳожирлар муаммосини ҳал этишга қаратилган тадбирлар, янги механизмлар, Африкадаги муҳожирлар муаммоси, ОИТС муаммоси каби масалалар муҳокама этилишини айтиб ўтди.
Бошқармангиз жамоат фикрини шакллантиришда қандай рол ўйнайди? Саммитнинг асосий мақсади Туркиянинг гуманитар соҳадаги ишлари билан таништиришми ёки донорлар маблағларини жалб этишдан иборатми? деган саволга жавобан бошқарманинг 2 йўналишда, яъни матбуот ва ахборотлар билан ишлаши айтиб ўтилди. Бунда биринчи йўналишда ОАВ учун гувоҳнома бериш каби ташкилий-ҳуқуқий йўналиш бўлса, иккинчи йўналиши журналистларни малакасини ошириш, соҳанинг ёш вакилларини ўқитиш билан шуғулланиши айтиб ўтилди. Шунингдек, хусусий ОАВ ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини таъминлашда ҳам ташкилот ўрни муҳимлиги таъкидланди.
Жамоат фикрини шакллантиришда давлат ОАВларининг хиссаси кўпми ёки хусусий секторни? Бунга жавобан, ОАВларнинг жамиятдаги мавжуд тарихий қадриятлар доирасида фаолият юритишини назорат қилиб боришга эҳтиёж борлиги, зотан ҳар бир халқни ўз маънавияти борки унга сўз эркинлиги орқали зиён етказишга ҳеч кимнинг ҳуқуқи йўқлиги таъкидланди.
Шу билан бирга саммит доирасида Туркия муҳожирлар муаммосини бартараф этишда донорларни қидирмаётгани, бу ерда гап 3 млн дан ортиқ инсоннинг эртанги тақдири муҳокама этилиши ҳақида бораётгани ҳамда айни вақтда Европада муҳожирлар учун яратилган шароитларнинг оғирлигига эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.
Туркияда айни вақтда 3 млн муҳожирлар бор дедингиз, бу борада БМТ билан қандай келишув бор? Яна қанча муҳожир қабул қилиш имкониятига эгасиз?
И.Мансур саволга жавобан шундай деди: “Биз имконият даражамиздан ошиб кетдик. Бу сиёсий масалага айланган. Агар бундай вазият бўлишини (3 млн муҳожир келишини) билганимизда чорасини кўрардик. Аммо қўшниларимизни тушунамиз, улар ноиложликдан, ўлимдан қочиб келмоқда ва биз улардан юз ўгиролмаймиз”.
3 млн дан ортиқ муҳожиларнинг Туркияда бўлиши қандай ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда?
“Бу албатта биз учун катта муаммоларни юзага келтираётгани табиий. Бундай кўп миқдордаги муҳожирлар билан ишлаш мураккаб жараён. Биз учун бу тақдир, биз шуғулланишга мажбурмиз. Халқаро ҳамжамият ёрдами жуда кам. Европа фақат мутахассисликка эга қочоқларни қабул қилмоқда ва қолганларни Туркияга боришини айтмоқда. Қачондир уруш тугайди шунда бу давлатда ўша мутахассисларга эҳтиёж катта бўлади. Биз барчасини бирдай қабул қиламиз”, дея таъкидлади Исмаил Мансур.
Суҳбат якунида гарчи Яқин Шарқ, араб давлатларидаги нотинчликлар асосан Ғарб давлатлари томонидан ташкил этилган бўлсада, оқибатда ундан шу минтақадаги давлатлар азият чекаётгани ҳақида фикрлар билдирилди.
Бунёдбек Шамсутдинов Sharh.uz бош муҳаррири
***
Туркия сафари. Дунё 5 давлатдан иборат эмас ёки ТИКАда учрашув (1-кун)
Туркиянинг ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигига (ТИКА) ташрифимиз 16 май кунининг иккинчи ярмида амалга оширилди. Ташкилотнинг Осиё ва Лотин Америкаси департаменти раҳбари доктор Раҳман Нурдин журналистларни очиқ юз билан қарши олди.
Раҳман Нурдин ташкилот тарихи, унинг бугунги кундаги фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. 1980 йилларда давлат ташкилоти сифатида дастлабки лойиҳа Африкада амалга оширилган бўлиб, Шарқдаги асосий фаолиятини Совет тузумининг якун топишидан сўнг фаол равишда бошлагани айтиб ўтилди. Асосий мақсади гуманитар ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўлган ушбу ташкилот 1992 йилда Агентлик мақомини олган бўлиб, 1999 йилгача Ташқи ишлар вазирлигига қарашли бўлган ва шу йилдан Бош вазир девонхонаси бошқарувига ўтган. ТИКА давлат ташкилотлари, хусусий сектор ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
ТИКА 2002 йилдан дунёнинг 140 давлатида 50 та ваколотхона очди ва ўтган 13 йилда 17 минг лойиҳани амалга оширгани айтиб ўтилди. Йилдан йилга ташкилот лойиҳалари учун ажратилган маблағ миқдори ошиб борган бўлиб, 2010 йилда 967 миллион доллар, 2014 йилда 3,6 миллиард доллар, 2015 йилда 2,74 миллиардни (шундан 2,62 миллиарди Сурия учун сарфланган) ташкил этган.
Раҳман Нурдиннинг айтишича ташкилот мурожаатларга асосан иш олиб бориб, у томонидан кўрсатиладиган барча ёрдамлар беғараздир. Кўрсатилган ёрдам эвазига ҳеч нарса сўралмас экан.
23-24 майда Истамбулда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон гуманитар саммитидаги ТИКАнинг ўрни, гуманитар соҳадаги тажриба алмашишдан иборат бўлади.
Ташкилот амалга оширган баъзи ишларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, 2014 йилда Сомалидаги лойиҳа ҳақида сўз юритилди. Шу йили бу мамлакатда қурғоқчилик бошланиб, аҳоли ўртасида очлик, касаллик авж олган вақтда Туркия президенти Режеп Тайип Эрдўғон Сомалига оиласи билан ташриф буюради ва уларга ТИКА ҳамроҳлик қилади. Ташкилот саъйи ҳаракати боис халқаро ҳамжамиятнинг Сомалига эътибори қаратилгани айтиб ўтилди.
Маълум бўлдики ТИКА турли давлатлардан ёрдам масаласида келиб тушган мурожаатларни Туркиянинг тегишли вазирликларига тақдим этар экан. Ҳар йил бошида қайси лойиҳалар молиялаштирилиши Туркия бош вазири имзолаган режа асосида олиб борилиб, йил охирида эса ташкилот лойиҳалар натижасини ўз расмий сайтида ҳисобот шаклида чоп этади.
Албатта гарчи ташкилот фаолиятининг сиёсатга дахли йўқлиги таъкидлансада, ҳукумат рухсат берган давлатлар ва лойиҳаларнинг Туркия бюджетидан молиялаштирилишининг ўзини сиёсат дейиш мумкин.
Учрашувда журналистлар ташкилот масъулига турли саволлар билан мурожаат қилдилар. Жумладан, иқтисодий инқироз пайтида, яна руслар билан келишмовчиликлар авж олган бир пайтда беғараз ёрдам учун Туркияга шунча пулни сарфлашдан нима наф эканлиги билан қизиқилди.
Доктор Раҳман Нурдин бунга жавобан, Эрдўғоннинг “Дунё 5 давлатдан (яъни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 5 доимий аъзо давлатлари) иборат эмас” деган сўзини келтириб, зеро дунёда мамлакатларга ёрдам беришга қодир, уларни қўллаб-қувватловчи Туркиянинг ҳам ўрни борлигини ёдда тутиш лозимлигини таъкидлади. Туркия ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг гуманитар соҳадаги ишларини тўхтатмаслигини айтиб ўтди.
Суриядаги инқироз бошлангандаги ва ҳозирдаги муҳожирларга муносабатингизда фарқ борми дея қизиқди бир ҳамкасбимиз. Жавоб ўрнида Н.Раҳмон “йўқ биз уларни муҳожир эмас балки меҳмон деб атаймиз. Уларга муносабатимиз доимо меҳмонга қилинган муносабатдай қолади. Қачондир уларнинг юртида тинчлик ўрнатилади ва улар ўз ватанларига қайтишига умид қиламиз” дея фикр билдирди.
Шу ўринда 2016 йилнинг 7-10 апрель кунлари ТИКА раҳбари Сердар Чамнинг Ўзбекистонга ташриф буюрганини ёдга олиш ўринли. Мазкур ташриф давомида “Мобил Клиника” транспорт воситалари лойиҳасининг давоми сифатида, тиббий анжом ва ускуналар билан жиҳозланган 10 дона Мобил клиник транспорт воситалари “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг турли вилоятлардаги ижтимоий-патронаж бригадаларига топшириш маросими бўлиб ўтганди.
Келгусида ҳам ташкилотнинг ҳайрли ишларни амалга оширишда давом этишини истаб қоламиз.
Бунёдбек Шамсутдинов
Sharh.uz бош муҳаррири
***
Туркия сафари. Халқаро миқёсда турк жамоаларини қўллаб-қувватлаш (2-кун)
Сафаримизнинг иккинчи куни, яъни 17 май Бош вазир ҳузуридаги Турк жамоалари масалалари бошқармасидаги учрашув билан бошланди.
Мазкур ташкилот халқаро миқёсда турк жамоаларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланар экан. Жамоатчилик билан алоқа бўлими бошлиғи Мухлис Качар ўз ташкилоти фаолияти ҳақидаги тақдимот билан чиқиш қилди. Унинг айтишича, ташкилот турк жамоалари (диаспораси) билан, халқаро миқёсда талабалар билан ишлаш йўналишларида фаолият юритар экан. Айни вақтда ташкилотнинг дунё бўйича 160 мамлакатда ваколотхоналари бўлиб, қарийб 10 млн одамни қамраб олган.
Шунингдек, турк миллий қадриятларини асраб-авайлаш масалаларида ҳам ҳамкорлик олиб борилар экан. Юқорида таъкидланганидек, ташкилот халқаро миқёсда талабаларга стипендиялар тақдим этиш билан шуғулланиб, бу борада етакчилик қилар экан. Талабаларга стипендия беришдан ташқари уларни жой ва тиббий хизмат билан таъминлаш ишлари ҳам олиб борилиши айтиб ўтилди.
Бошқарма раҳбари ўринбосари Сардар Гулдўған ташкилот суриялик муҳожирларнинг фарзандларига мактаб таълими ва олий маълумот олишда катта ёрдам бераётганини айтиб ўтди. Хусусан, “ўқишни олий таълимда давом эттиришлари учун муҳожир ёшларга турк тилини ўргатишни лагерларнинг ўзида бошладик. Ҳозирга қадар 5 минг муҳожирга туркча ўргатдик” дейди Гулдўған. Айни вақтда дунё бўйича 16 минг талабага “Турк стипендияси” берилаётган бўлса, шуларнинг 2500 нафарини суриялик талабалар ташкил этар экан. Шу билан бирга, ўз билими билан ўқишга кирганларга стипендия ўрнига тўлов-шартномаси бўйича маблағ тўлашда ёрдам берилиши айтилди.
“Биз ушбу фаолиятимиз орқали Суриянинг янги авлодини йўқотишини олдини оляпмиз ва уларни ўқитиш орқали сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Гулдўған.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Сурия келажаги бўлган ёшларнинг маълум қисми келгусида албатта Туркия манфаатлари ҳимоячиси сифатида улғаяди. Туркиянинг бу борада олиб бораётган сиёсати келажакни ўйлаб тикилаётган сармоя дейиш мумкин.
Стипендия нимадан келиб чиқиб белгиланиши ҳақида батафсилроқ тўҳталиб ўтилиб, бакалаврга – 200 доллар, магистрларга 300, доктарантларга 400 доллар миқдорида пул берилиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг навбат савол-жавоблар қисмига келди. Ҳамкасб журналистлардан бири айни вақтда Доғистондаги турк миллати вакилларининг руслашиб кетгани, уларнинг ўз қадриятларини сақлаб қолишлари учун Туркия қандай чора кўраётгани билан қизиқди. Бунга жавобан, ҳозирда бошқа давлатлар таркибида бўлган миллатдошлар билан ишлаш қийин эканлиги, чунки улар қонуний жиҳатдан бир давлатнинг таркибий қисми ҳисобланиши ва бу борада халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ иш кўрилиши таъкидланди.
Турк жамоаларини аниқлашда қайси жиҳатларга эътибор қаратилиши билан қизиқилди. Саволга жавоб ўрнида, тарихийлик биринчи ўринда туриши, яъни тарихда турк миллатига мансуб жамоалар дунёнинг қайси ҳудудларига тарқалганига эътибор қаратилиши муҳим аҳамиятга эгалиги айтиб ўтилди. Бунда Болқон, Яқин Шарқ, Африка, албатта Ўрта Осиё мамлакатлари ҳудудлари кириши маълум қилинди. “Тожикистондан кўплаб талабалар Туркияда ўқийди улар ўқишни битиргандан сўнг шу ерда қолишни исташади, сиз уларга иш топишда ёрдам берасизларми?” дея савол билан мурожаат қилди тожикистонлик журналист. Унга жавобан, “биз стипендия берамиз лекин уларни бу ерда қолишини истамаймиз. Биз талабалар билан келишув имзолаймиз. Унда бир моддаси бор агар бакалаврдан кейин қолса олган стипендиясининг 60 фоизини давлатимизга қайтаради. Шунга қарамай, биз ўқишни битиргандан сўнг бу талабаларга Тожикистондаги турк компанияларидан иш топишда ёрдам беришга ҳаракат қиламиз” дея жавоб берди Бошқарма раҳбари ўринбосари Сардар Гулдоған.
“Стипендиялар талабаларга қандай талаблар бўйича берилади?”
“Улар турк тилини билиш бўйича зарур балларга эга бўлиши лозим, шунингдек, соҳасидаги билими, мисол учун тиббий соҳадагилар учун ўз йўналишида тегишли билимга эга бўлиши, бундан ташқари талабанинг инсон сифатида қандайлиги, юртига муносабти каби жиҳатларга эътибор қаратамиз”.
Хуллас мазкур бошқарма бошқа миллат жамоалари каби дунё бўйича турк миллатига мансуб инсонларга ёрдам бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари билан шуғулланар экан. Бу борада қайси давлатда бўлмасин турк миллати вакилларининг ўз тили, миллий қадриятларини сақлаб қолишлари учун кўмак берар экан.
Бунёдбек Шамсутдинов
Sharh.uz бош муҳаррири
Сўнгги фикрлар