Тўй ва маросимлар борасида ҳам ўзликка қайтмоқдамиз
Қуйидаги қарор ҳаммага маъқул келишига ишонаман, дейди Дониш домла тўйда ўтиргандек мамнун ҳолда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори муҳокамага қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу қарор билан тасдиқланадиган «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра, оилавий тадбирларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талаблар қуйидагича:
1. Тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
2. Тўй-ҳашамларда 150 нафаргача, ош бериш маросимларида
200 нафаргача киши қатнашади.
3. Дафн этиш ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно.
4. Оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этилиши шарт:
никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан 2 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш;
оилавий тадбирларда пуллик автотранспорт хизмати фақат лицензияга эга бўлган ташувчилар томонидан кўрсатилиши;
миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўймаслик;
маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш.
5. Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин соҳаси вакили томонидан амалга оширилади.
Дин соҳаси вакилига адлия органларида рўйхатга олинган диний ташкилот, диний таълим муассасасида ишлайдиган, диний билимга эга шахс, масжид имом-хатиби ва ноиб-имоми киради.
6. Оилавий тадбирларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.
Лицензияга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларга оилавий тадбирларда хизмат кўрсатишга йўл қўйилмайди.
7. Халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни “танишув”, “сеп ёйди”, “қуда таниш”, “ота кўрди”, “ота келди”, “чарлари”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “куёв навкари”, “келин навкари”, “келин салом”, “тоғора юбориш” ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, “пул қистириш”, “пул сочиш”, одобсиз шоулар, “севги тарихи” (“Love story”) каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди.
Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз қоидаларига зид бўлган ортиқча тадбирларни ўтказиш ман этилади.
3-боб. Тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишга қўйиладиган талаблар
8. Тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишда:
оилавий тадбир иштирокчилари сони, уларни ўтказиш вақтига риоя этилиши;
оилавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган тўйхонанинг инфратузилмаси лозим даражада бўлиши;
автотранспорт воситаларини сақлаш жойларига эга бўлиши;
атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, шунингдек, маиший шовқинга йўл қўйилмаслиги;
санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талаблари даражасида бўлиши лозим.
9. Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 киши ва ундан ортиқ шахслар иштирокида ўтказиладиган оилавий тадбирлар учун тадбир ўтказувчи шахс ва тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ҳамда хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.
Оилавий тадбирларда санъаткорларнинг (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) хизмат кўрсатиши қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.
Оилавий тадбирларда бир нафардан ортиқ санъаткорнинг (гуруҳнинг) иштирок этиши (хизмат кўрсатиши) ман этилади.
10. Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти оилавий тадбирлар ўтказилаётганда тегишли хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.
11. Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши лозим.
12. Ушбу Низомнинг 3, 4-бандлари, 8-банди бешинчи, олтинчи хатбошилари, 9-банди иккинчи, учинчи хатбошилари, 10-бандида назарда тутилган қоидалар хонадонларда (кўчаларда) ўтказиладиган оилавий тадбирларни ташкил этишга ҳам татбиқ этилади.
4-боб. Оилавий тадбирларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат назорати
13. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади.
Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.
14. Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар:
оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини, шунингдек, мониторингини амалга оширади;
кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига кўриб чиқиш ва тегишли чора кўриш учун тақдим этади;
оилавий тадбирларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боради ҳамда ўрнатилган тартибга риоя этмаган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилган ҳолда жамоатчилик ўртасида муҳокама этади.
15. Маҳалла фуқаролар йиғини, “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари:
оилавий тадбирларни ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришива тегишли тавсиялар бериши;
оилавий тадбирларнинг исрофгарчиликсиз, дабдабабозликларсиз ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши ва тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни муҳокама қилиши;
оилавий тадбирларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадрият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиши;
ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиши, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши лозим.
16. Республика Маънавият ва маърифат маркази:
оилавий тадбирларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган “оммавий маданият” кўринишларининг олдини олиш мақсадида тизимли маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб бориши;
оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали оилавий тадбирлар бўйича жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаши;
маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ФҲДЁ идораларида никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга оила маънавияти, ахлоқи ва аждодларимизнинг мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитларидан иборат китоблар тақдим этиш амалиётини йўлга қўйиши лозим.
17. Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази:
оилавий тадбирлар ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиши;
хотин-қизларга оилавий тадбирларни камхарж қилиб ўтказиш, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириши;
“Ота-оналар университети” машғулотларида сарпо, буюм йиғишга
ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом
орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтириши;
“Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси томонидан оилавий тадбирларни ихчам ва намунали ўтказишни тарғиб этишга қаратилган учрашув ва тушунтириш ишиларни ташкил этиши лозим.
18. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи:
турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, оилавий тадбирларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши;
Ёшлар марказлари ҳузурида никоҳдан ўтиш мақсадида ариза билан мурожаат қилган ёшларни ўқитиш учун “Ёш оила мактаблари”ни ташкил этиши;
ёшлар ўртасида урф бўлаётган “оммавий маданият”, “севги тарихи” (“Love story”), қимматбаҳо машиналар кортежи ва бошқаларнинг салбий оқибатларини кўрсатиб берадиган ижтимоий роликлар ва фильмлар, бадиий асарлар тайёрлаш ҳамда тарғибот тадбирларини амалга ошириши лозим.
19. ФҲДЁ органлари:
никоҳдан ўтиш мақсадида ариза берган шахслар ҳамда уларнинг
ота-оналари билан яшаш жойларида, маҳаллада суҳбатлар уюштириши, уларга никоҳдан ўтиш тартиб-таомиллари, тўй маросимларини камхарж ва ихчам ўтказиш бўйича тушунтириш бериши;
маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда дин уламолари, тиббиёт ходимлари, психологлар иштирокида “Ёш келин-куёвлар клуби”, “Оила мактаби”, “Қудалар суҳбати” каби курслар ташкил қилиши;
никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уч иш кунида никоҳланувчи шахслар яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинини бу ҳақда хабардор қилиши зарур.
20. Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
21. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширади.
Депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли ҳудуддаги оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоида
22.Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ўз ваколатлари доирасида ушбу Низомга амал қилинмаганлиги ҳолатлари юзасидан тегишли жазо чораларини кўриш учун ваколатли органларга таклифлар киритади.
23. Ушбу Низом ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
http://asr.uz/all/uzbekiston/tuy-ashamlar-soat-10-00-dan-23-00-gacha-osh-berish-marosimlari-soat-12-00-dan-15-00-gacha-utkaziladi/
Сўнгги фикрлар