Тўй — тўйдек бўлсин!
Бу долзарб мавзуда билдирилаётган оқилона фикрлар ижобат бўлсин!
Шундай тўй қилайликки, у ёш оила бахтининг пойдевори бўлиб қолсин. Масалан, бизнинг тўй 1986 йили ҳовлигинамизда ўтганди. Устоз адиб Оқилжон Ҳусан ва пародиячи шоир Ўткир Саидов ўқиган шеърларни ҳозиргача сармаст бўлиб эслаймиз. Қуйидаги мақолада ҳам шунга монанд жўяли таклифлар эътиборимизни тортди, дея хотираларидан бир қисмини илинди Дониш домла.
“Миллий тикланиш” ДП Сенат қарори лойиҳасига ўз позициясини билдирди
Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Республика “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” жамоат фонди, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистонда ёшлар иттифоқи масъул ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Очиқ мулоқотда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов иштирокчиларни Сенат қарори лойиҳаси билан таништирди.
Партия раҳбари таъкидланганидек, бугунги кунда Олий Мажлис Сенатининг мазкур қарор лойиҳаси ҳар бир идора ва ташкилотда, маҳаллада, аҳоли вакиллари иштирокидаги давраларда кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Миллийтикланиш”демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ҳам партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирмоқда.
2014 йил қабул қилинган партиянинг Сайловолди дастурида халқимизнинг миллий ва маънавий қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини сақлаш, оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, оилалар ҳаётида ҳамон сақланиб қолаётган нохуш ҳолатлар — ортиқча сарф-харажат ва дабдабабозликка асосланган тўй-ҳашамларга барҳам беришга қаратилган ишларда фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда партия фаоллари ва депутатлар “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенати қарори лойиҳасига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси позициясини билдирдилар.
Ҳулкар Убайдуллаева,
“Нуроний” жамғармаси вакили:
— Қарор лойиҳасида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Ушбу Низом тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилади.
Низомга асосан, тўй-ҳашамлар соат 10:00 дан 23:00 гача, ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилиши талаб этилмоқда. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Тўй-ҳашамларда 150 нафаргача, ош бериш маросимларида
200 нафаргача киши қатнашади.
Хирожиддин Ибрагимов,
Халқ депутатлари Сирғали тумани Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси:
— Белгиланган одам сонидан ортган тўй-ҳашамларда тўй ва тўйхона эгаларини маъмурий жавобгарликка тортиш лозим. Ҳар бир туман ва шаҳар учун энг мақбул тўй услубларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, маҳаллий бош имом-хатиб, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман-шаҳар бўлимлари фаоллари иштирокидаги кенгашда тасдиқланиши керак. Мисол учун, Тошкент шаҳрида эҳтимол тўйлар 150 кишидан ортиқ бўлар, ҳар қалай мегаполис, лекин Улуғнор туманида 35 минг аҳоли бор, 100 кишилик тўй ҳам катта ҳисобланади.
Феруза Жалилова,
Халқ депутатлари Бектемир тумани Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси:
— Низомда халқимизнинг миллий анъаналарига ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир вақтидаги ва кейинги қўшимча, яъни “танишув”, “сеп ёйди”, “қуда таниш”, “ота кўрди”, “ота келди”, “чарлари”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “куёв навкари”, “келин навкари”, “келин салом”, “тоғора юбориш” ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш ман этилади. Шунингдек, “пул қистириш”, “пул сочиш”, одобсиз шоулар, “севги тарихи” (“Love story”) каби ахлоқ-одобга зид бўлган бошқа ҳолатларга йўл қўйилмайди.
Ушбу тартиблар ортиқча сарф-ҳаражатларнинг, исрофгарчиликларнинг, дабдабабозлик ва шуҳратпарастликнинг олдини олишга хизмат қилади. Зеро, тўй-маъракалар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини ўзида ифода этадиган муҳим омиллардан бири сифатида ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.
Бу борада ҳам очиқ мулоқот иштирокчилари ўз фикрларини билдириб, тўй ва маросимлардаги номақбул ҳолатларни номма-ном санаб ўтиб, Низомга киритиш мақсадга мувофиқ эмаслиги, чунки ушбу маросимларга бошқача ном қўйиб ўтказиб олишлари мумкинлигини таъкидладилар.
Шунингдек, очиқ мулоқот иштирокчилари Низомда белгиланган тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишга қўйиладиган талаблар, оилавий тадбирларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат назорати каби масалаларни ҳам атрофлича муҳокама қилиб, ўз таклифларини билдирдилар.
Шахноза Султанова,
ЎзМТДП Марказий кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли:
2017 йилда ЎзМТДП депутатлари, партия гуруҳлари томонидан Халқ депутатлари Наманган, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент вилоят ва туманлари сессиялари кун тартибига тўйларни тартибга солишга оид 22 та масала киритилиб, қарорлар қабул қилинган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширишлари лозимлигини алоҳида эътироф этдилар. Чунки, Низомга мувофиқ, депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли ҳудуддаги оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.
Очиқ мулоқот сўнгида мазкур қарор юзасидан иштирокчиларнинг таклифлари умумлаштирилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан таклифларни Олий Мажлис Сенатига тақдим этишга келишиб олинди.
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Матбуот хизмати
Сўнгги фикрлар