Тўлқин Эшбекнинг мактуби
Дил битиклари
Боҳаво Зомин санатариясида дилимга яқин ижодкорлар билан учрашдим. Тўлқин Эшбек билан эса худонинг ўзи қайта учраштирди.
Тўлқин ака хушмуомала, меҳрибон, яхши кўрган одамини бошига кўтарадиган ажойиб ижодкор. У қатъият бобида ҳам собит. Бўлмаса, дўхтирлар тузата олмай, шифохонадан ширингина чиқариб юборганида тушкунликка тушармиди, қатъияти, ҳаётга бўлган буюк муҳаббати, билими бўлмаса, ҳануз бедаво деб ҳисоблаб келинадиган мудҳиш касалликдан ўзини ўзи даволаб қутқариб қоларми?
Тўлқин аканинг ҳайратли томони, не-не замонлар ўзгарса-да унинг ҳеч қачон ўзгармаганидир. Бундан қирқ йил аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай қувноқ, самимий, хушмуомалар.
Тўлқин ака, дўстим, устозимдир. Унинг биргина мактуби менинг ҳаётимни бутунлдай ўзгартириб юборган.
Мен бу мактубни ўрта мактабни тугатгач ҳаёт йўлларимни белгилай олмай бошим қотиб юрган бир пайтда ‒ минг тўққиз юз саксон биринчи йилнинг ёз ойларида олган эдим: “Университетнинг биринчи курсини тугатиб қишлоқққа борсам, хатингиз кутиб турган экан. Юборган шеърларингизни ўқидим, жуда маъқул. Ижодингизга омад! Сентябрда Тошкентга ‒ университетга келинг, яхшилаб танишиб оламиз!”
Исм-фамилиясининг тагига Самарқанд вилояти Иштихон тумани деб кўрсатиладиган Тўлқин Эшбекнинг манзилини унинг “Гулхан” журналида чиққан шеъридан олган эдим. “Гулхан”да тенгдошларимиздан кимнинг шеъри ё ҳикояси чиқса, уларга ҳавас қилиб хатлар ёзар, дўстлик таклиф қилар эдим. Ўша пайтларда “Гулхан” ҳозирги “Facebook” вазифасини ўтар, мактбулар профилларимиз эди. “Қитмирликнинг баҳолси” номли ҳикоям босилганида мен ҳам ўнлаб хатлар олдим, ушбу хатлар муаллифларидан бири ‒ қаршилик Бекмурод Турсоатов билан узоқ вақт ёзишдик, хат орқали мунтазам мулоқотда бўлганимиз ҳамон эсимда.
Аммо Тўлқин Эшбековнинг мактуби, ундаги, келинг, танишамиз деган бир оғиз сўзи ҳаёт йўлларимни адлабиёт ўзанига буриб юборди.
Хуллас, сентябрнинг қуёшли кунларидан улкан “Икарус” автобусига ўтириб пойтахтга келиб тушдим. Еттинчи трамвайга ўтириб “Вузгородок”ка бордим. Тўлқин Эшбековнинг мактубда ёзилган 2-ёшлар ётоқхонасини ҳам топиб бордим. Учрашдик, яхшилаб танишиб олдик. ТЎлқин ака кечқурун бошқа бир ёшлар ётоқхонасига бошлаб борди, у ерда Ҳошимжон Мирхааҳмедов ва яна бир неча ижодкор дўстлари билан таништирди. Қовунхўрлик бўлди, сўнг мушоира… Кетар чоғимиз Тўлқин Эшбек Ҳошижон Мирзааҳмедовга топшириқ берди: “Гап шу, Ҳошимжон, сиз Неъматжонни ўқишга тайёрлайсиз!”
Бу топшириқ дўстона, ҳазиломуз эди. Аммо у менга қанот бағишлади. Сабаби, шу пайтгача, ўқишга кириш, яна кимсан давлат университетига ўқишга кириш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмагандим. Нимагадир, биз “қишлоқи”ларни бундай даргоҳларнинг яқинига ҳам йўлатишмаса керак деб ўйлардим. Ваҳоланки, Тўлқин Эшбек ҳам ғирт қишлоқи йигит эди, аммо ўзини катта-катта орзулар қилишга ҳақли сезарди. Буни у кейинчалик “Қишлоқлик бола” қиссанини ўқиб, билдим. Унда адабий қаҳрамон мен изтирбларни бошидан ўтказган, мен орзу қилган орзулар кетидан югурган одий бола эди. Мен каби фикрлайдиган, мен каби қалби орулар билан лиммо-лим оддий қишлоқ боласи. Фақат, у мактабдан кейинги орзу-мақсадини аниқ белгилаб олган, мен эса мактабни тугатгач, яланг чўлда қолган қуёндай бесамар кун ўтказардим.
Хуллас, ўқиш дарагини эшитган заҳоти Тўқин Эшбековнинг жўралари, менинг янги танишларим билан ўша 2-ёшлар ётоқхонасида бир кеча тунаб, эртаси куни эрталабдан тўппа-тўпри “Гулхан”га, Темур Убайдуллонинг ҳузурига етиб бордим. Темур ака хавотиримга қарши Навоийдан сўрагани йўқ, Муқимийдан ҳам бир байт айтиб берчи-чи, деб имтиҳон қилиб ўтирмади. Бир парча қоғозга университет қабул коммиссияси учун зарур ҳужжатлар рўйхатини ёзиб, қўлимга тутқазди: “Бу йилга кечикибсан, мана, шуларни йиғиб келгинг, келаси йили қабул бошланса, бирга олиб бориб топширамиз!”.
Келаси йили ҳужжат тўла папкани қўлтиқлаб, “Гулхан”га келдим. Темур ака мени журнал муҳаррири Абдулла Орипов олдига олиб кириб, тавсияномага имзо чекдириб чиқди.
Университет қайдасан, дея “Вузгородок”ка йўл олдим.
Афсус, ўша йили ҳужжат топширолмадим. Мен овсар адашиб кечки бўлим қабул комиссиясига бориб қолган эканман. Остонададаёқ “комсомол”чи шотирлар кутиб олишди ва қўлимга “ТПОиЧ”га ишга йўлланмани тутқазишди: “Ишга жойлашиб келсангиз, “3” баҳо олсангиз ҳам мандатдан ўтиб кетасиз!” Мен содда дарров кўнибман. Заводга бориб, у ердан тиббий кўрик қоғози олиб, поликлиникада узоқ навбатлдар кутиб, шаҳримдан ҳарбий ҳисобимни кўчириб келиб, ёшлар ётоқхонасига прпискамни қўйиб, ишга жойлашиб, олти кун ишлаб, “ишга кирди” деган қоғозни олиб университетга ҳарсиллаганча етиб келсам, қабул муддати тугаб бўлган экан.
Самолёт заводида ишлай бошладим. Ўттиз олти сўм тўлаб, тайёрлов курсига ёзилдим ва ҳафтасига уч кун кечки пайт университет домлаларининг маърузаларини тингладим. Омонулла Мадаевнинг маърузалари, биз тингловчиларнинг тўлқинланиб Ориповдан, Воҳидовдан шеър айтишлари… Ҳаммаси ажойиб ва мароқли эди.
Кейинги йили ҳужжат топирдим. Имтиҳонларга кирдим. Тил ва адабиётдан Мухтор Худойқулов имтиҳон олди. Немис тили бўйича олдиндан ёдлаб олдган “Менинг оилам”ни тўтиқушдай айтиб бердим. Аммо мандатдан ўтмабман. Нима қилишимни билмай Темур аканинг Келесдаги уйига арзу дод қилиб бордим. Темур ака аччиқланди, кейин суриштириб аниқлик киритишини айтиб тинчлантирди. Эртаси куни “Гулханга” борганимда бошқача маслаҳат берди: “Маданият институтига ҳужжат топшириб қўя қол.Шуниси яхши. Университетда ҳам “КПСС тарихи”ни ўқишади, маданият институтида ҳам “КПСС тарихини ўқитишади. Университетда ҳам “Сиёсий иқтисод”ни ўқитишади, маданият институтида ҳам “Сиёсий иқтисод”ни ўқитишади…”
Темур ака айтганидек, маданият иститутига қийналмай кириб кетдим. Аммо хурсанд эмас эдим. “Она тили ва адабиёти адабиёти” кафедрасида кутубхонашунослик факультетида ўқиб кетганларнинг суратлари орасида қатор машҳурлар, жумладан Ашурали Жўраевникини кўриб кўнглим кўтарилди. Адабиёт фидойилари Иброҳим Азимов, Нормирза Бекмурзаев, Норбой Худойбердиевларнинг маърузаларини тингладим. Темур ака бир курс юқорида ўқийдиган Оллоёр Бегалиев билан таништириб қўйди. Ҳафтада бир марта матбуот уйига бораман. “Ленин учқуни”да Шойим Бўтаева билан Ҳамза Имонбердиев”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да Карим Баҳриев “Десткий шеърлардан янгиси борми?” дея очиқ чеҳра билан кутиб олади. Икки-уч кун ўтгач, институт киоскасидан газеталар сотиб олсам, уларда албатта менинг асарларим бўлади.
Хуллас, адабиёт ўзанига тушиб кетдим. Ҳамасига Тўлқин Эшбекнинг мен ўша саксон биринчи йилнинг ёзида олган мактуби сабабчи бўлган эди.
Гоҳо ўйлаб қоламан. Тўлқин Эшбек мактубимга жаворб ёзмаганида нима бўлар эди? “Вузгородккка” бормас эдим, ўқишга кирмас, адабиётчилар билан яқиндан танишмас эдим. Ангрендаги керамика комбинатида, адабиётдан йирорқ одамлар орасида талай умрим беҳуда ўтиб кетган бўларди.
Тўлқин Эшбекдан миннатдорман. Ўша мактубимни эътиборсиз қолдирмагани учун, ҳафсала қилиб, жавоб ёзиб юборгани, университетга таклиф қилгани учун миннатдорман.
Ҳар кимнинг ўз йўли бўлсин ҳаётда,
Майли, равон бўлсин, майли, дор бўлсин.
Адашиб қолсанг гар яёв ё отда,
Тўғри йўл кўрсатган чин дўст бор бўлсин.
Неъмат ДУШАЕВ,
Жиззах вилояти Зомин санаторияси, 2023 йил 15 август.
Сўнгги фикрлар