Тўғри гапнинг тўқмоғи
ёхуд дил дафтаридаги битиклар
Ҳар тонг кўз очгандан то уйқуга кетгунча турфа ташвишлар, адоқсиз гап-сўзлар, ўзаро муносабатлар, ваъдага қай даражадаги вафолар, муҳаббат можоралари, бало-қазолардан ўзни асрашга уринишлар кундалик ҳаётимиз мазмунини ташкил этади.
Баъзан дилни бир нарса кемиради: шу ишни тўғри қилдимми ё… Ундоқ эмас, бундоқ қилганимда, фалончига ўша гапни бошқача айтганимда қандоқ бўларди, деган ўй тинчлик бермайди. Баъзан тўғри гапириб қўйиб, унинг тўқмоғидан ҳайиқиб юрамиз. Шунақа гаплардан бир шингилини сизга ҳам илиндим, азиз ўқувчим!
* * *
Террорчини кўрсам фашистни янчиб ташлаган отамнинг ишини қилгим келаверади. Миллий газеталаримизни “бачкана” дейдиганлар ҳам кўзимга маънавий террорчига ўхшаб кўринади. Улар билан ади-бади қилиб ўтиришга тоқатим етишмайди…
* * *
Бир профессорни мақтаб бошим балога қолиб кетди…
* * *
Бир марҳум олимни ёқлаб гапирсам, маломат қилишди. Раҳматли тиригида бунақа “ҳамкасблари” даврасида қандоқ юрган экан?..
* * *
Баъзи ижодий давраларда кимнидир мақтасам, оғзимга ургудек бўлишади, агар ёмонласам, жон-жон деб қўшиладиганлар кўпайиб кетади.
Ёмон гапнинг йўли бунча равон бўлсама?!
* * *
Журналистикага бу нозик соҳадан йироқ кимсалар хўжайинлик қилишяптими, ишни худо ургани шу…
* * *
Энг буюк мақсадлар ҳам оддий гап-сўздан, яъни, оғзаки тилак, орзудан бошланади. Улуғ гапларни “қуруқ гап” деб ерга урманг!
* * *
Баъзи болалар ўзини отасидан ақллиман, деб хомтама бўлади. Бу фикрининг хато эканлигини ўғли ўзидан “ақлли”роқ бўлиб қолганида англаб етади…
* * *
Ёшлигингизда сизга кулгили туюлган гапларнинг янги давр ёшларига қизиғи бўлмас экан. Улар колхоз бедазорига бутун қишлоқ ўғирликка боришини тасаввур қила олмагач, нима деб тушунтирасиз?
Бу ҳақда энди гапириш бефойда…
* * *
Мўйсафидга севги ҳақида ҳатто гапириш ярашмаскан. Энди унга мос мавзу: охират озиғи…
* * *
Ёшликдаги кўп фазилатлар қирқдан ошгандан сўнг қусурга айланар экан. Ёшликда шўх бўлганлар энди қуюлмаса – “суюқ” номини олади, ўта камгаплар сал очилиброқ юрмаса – “писмиқ”қа чиқиб қолади…
Ҳатто, баъзи қушлар, жониворлар пайти келиб рангини, тусини ўзгартириши бежиз эмаскан.
* * *
Нусха кўпайтириш машинаси ихтиро қилинмаган даврда қандоқ яшаган эканмиз?
* * *
Йигирма йил илгари компьютер, факс, қўл телефони, видеони тасаввур қила олмас эдик. Энди уларсиз яшашни тасаввур эта олмаймиз. Яна чорак асрдан кейинги авлодлар қандоқ мўъжизалар ичра яшаркин?
* * *
Севги қаримас, деган гап нотўғри экан, у ҳар бир давр ёшлари учун абадий ёшдир. Кексайганингда ҳам қаримаган “севгинг” сенинг бачкана ё суюқлигингдан бошқа нарса эмас…
* * *
Ғўр даврингда ҳаёт ҳам ғўр узумдек туюлади. Ёшинг улғайган сари ҳаётнинг шунақа ширин лаззатини татий бошлайсанки, ҳамма-ҳаммасини ифода этадиган сўзинг ҳам шу бўлади: ШУКР!
* * *
Қариган сари ҳаётнинг қадрини билаверасан…
* * *
Камдан-кам одамлар аждодларидан қолган меросларнинг қадрига етади…
* * *
Бир қизга тўқсон билан тўқнашиб, фариштадек кампир бўлиб юринг, десам хафа бўлди. Ўша ёшда ҳам қиз бўлиб юришдан худо асрасин…
* * *
Кўнглинг тусаган нарсага эриша олмаган пайтингда “Кўнгилнинг кўчаси қурсин” деган гап таскинга айланади.
* * *
Армонсиз ўтган умр – умрмас.
* * *
Одамларга ёмон кўриниш учун ёмон бўлиш шарт эмас.
* * *
Бировга яхши кўриниш учун яхшилик қилиш ҳам бекор…
* * *
Тилдан қолсам, қанчалик тилга тушишимни тасаввур этолмайман…
* * *
Шарқда яшайдиган одамларнинг ҳам, ғарбликларнинг ҳам ўзига яраша маданияти, урф-одатлари, дунёқарашлари, фалсафаси, маънавий дунёси, дилига яраша тили бор. Шул боис, уларни ўзида акс эттирган асарларини шартли равишда – шарқ адабиёти, ғарб адабиёти, деб таърифлашнинг нотўғри жойи йўқ. Уларнинг фарқига бормаган одамнинг ўзи аслида ҳаётдан, адабиётдан йироқ бўлса керак.
* * *
Ўнлаб чет эллик ёзувчиларни кўкка кўтариб, ўзимизнинг атоқли адибларни йўққа чиқаришга чиранган одам бу элга бегона, дегим келади. Ўзини билағон қилиб кўрсатиш ҳам эви билан-да!..
* * *
Ўзбекка ўзлигини англатаётган ҳамда маънавий қадриятларимизни китобхонларимиз қалбига жо қилаётган шоир ва ёзувчиларимизни ерга уриб, ажнабийларни мақтаганларни – Ажина БИЙ дегим келади.
* * *
Биз учун дунё дарвозаси Ўзбекистондан бошланади. Жаҳон адабиётини ҳам аввало ўзбек адибларининг бетакрор асарларидан бошлаб ўрганмоқ лозим. Худога шукр, ўқишга, керак бўлса, дунёга кўз-кўз қилишга арзигулик асарларимиз кам эмас!.. Кўп асарларимиз аллақачон дунёни забт этгани билан ҳам ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Бошқа ўнлаб асарларимизни ҳам тезроқ дунёвий тилларга таржима қилиб, ўзлигимиз намоён қилиш қолган.
* * *
Бегонани мақташ учун ўзимизникини камситма!
* * *
Ўзбекнинг нонидан лаззатли нон, ошидан тотли ош, мевасидан ширин мева борми! Юксак маънавиятимиз, жумладан, адабий хазинамизга ҳам тенг келадиган бойлигимизни кўриб кўрмасликка оладиганларни нима дейишга ҳайронсан…
* * *
Истеъдоди ҳаминқадар “ижодкор”гина ўзгаларга тош отишга устаси фаранг бўлади.
* * *
Ҳар ким ўз даврида хизматига яраша насибасини олади!
* * *
Маънавияти юксак одам нур, маънавиятсиз кир қидиради.
Тўлқин ЭШБЕК
Истеъдоди ҳаминқадар “ижодкор”гина ўзгаларга тош отишга устаси фаранг бўлади.Маънавияти юксак одам нур, маънавиятсиз кир қидиради. Juda ham ajoyib jumlalar. Ustoz taqdim etgan bir shingil gaplarni o’qib o’zimni ham yodimga juda qiziq bir gap keldi.
— Undan iste’dodni ajiratishning sira iloji yo’q. Chumki, unda iste’dodning o’zi yo’q. Shunaqa ahli Gulobod.