Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сон фармони
Ўтган давр мобайнида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини (кейинги ўринларда тўқимачилик саноати деб юритилади) ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий база ва қулай шароитлар шакллантирилди.
Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишларда мамлакат тўқимачилик саноатининг изчил ривожланишига тўсиқ бўлаётган қатор тизимли муаммолар аниқланди, хусусан:
биринчидан, тармоқнинг етарли салоҳиятига қарамасдан, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришда уйғунлашган технологик занжирнинг мавжуд эмаслиги сабабли 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши атиги 4,6 фоизни ташкил этди;
иккинчидан, тўқимачилик саноатининг бошқарув тизими тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларига жавоб бермайди, бу эса ҳал этилмаган муаммоларнинг тўпланиб қолишига олиб келмоқда ҳамда унинг жадал модернизация қилинишига тўсқинлик қилмоқда;
учинчидан, миллий стандартлар ва тўқимачилик маҳсулотларининг синовлари бўйича лабораторияларнинг халқаро стандартлар ва талаблар билан уйғунлаштириш ишларининг қониқарсизлиги, шунингдек, сифат менежменти замонавий тизимларини жорий этишнинг паст даражада эканлиги маҳаллий маҳсулотларни йирик хорижий савдо бозорларига чиқаришга, экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳамда маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигига бўлган ишончни оширишга тўсиқ бўлмоқда;
тўртинчидан, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва тўқимачилик саноати ривожланишининг истиқболли йўналишларини белгилаш учун шарт-шароит яратмаяпти;
бешинчидан, хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларининг нооқилона тақсимланиши, логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ташкил этишдаги камчиликлар ишлаб чиқариш қувватлари анча қисмининг тўхтаб қолишига, иқтисодий йўқотишларга ва оқибатда маҳсулотлар таннархининг ошишига, шунингдек, ишлаб чиқариш рентабеллигининг пасайишига олиб келмоқда;
олтинчидан, тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг барқарор устунлик қилиши, юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва жаҳон бозорларида муносиб рақобатлашишга қодир бўлган миллий брендларни шакллантиришнинг етарли даражада эмаслиги тўқимачилик саноати корхоналари даромадларини ошириш имконини бермаяпти;
еттинчидан, кадрлар тайёрлаш тизими тўқимачилик саноатининг реал эҳтиёжларига жавоб бермайди, тармоқни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ўқитишнинг инновацион йўналишларини жорий этиш ва илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш юзасидан халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Республика тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уни йирик хорижий бозорларга янада илгари суриш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг, энг аввало, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш;
иккинчидан, тўқимачилик саноатининг бошқарув тизимини илғор менежмент технологиялари, тармоқ корхоналарига ҳар томонлама кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этишда самарали шаклларини жорий этган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш;
учинчидан, тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали янада такомиллаштириш;
тўртинчидан, тармоққа тўқимачилик маҳсулотлари маҳаллий ва хорижий бозорларининг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари ҳақидаги ишончли ва ўз вақтида ахборотлар олишни таъминлаш имконини берувчи илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тармоқ ривожланишининг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида уни тизимли ва комплекс таҳлил қилиш;
бешинчидан, пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, унга дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулоти чиқариш босқичигача бўлган ишлаб чиқаришни интеграция қилишни назарда тутувчи ривожланишнинг кластер моделини амалга ошириш;
олтинчидан, хом ашё ресурслари тақсимотининг мутаносиблиги ва ташкил этилаётган тармоқ корхоналарининг логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ўзаро узвий боғлиқликда, шу жумладан кўп функцияли транспорт-логистика хабларини қуриш, юкларни етказишнинг оптимал йўналишлари ҳамда йўлакларини танлаш, шунингдек, транспортда юк ташиш тарифларини оптималлаштириш орқали жойлашувини таъминлаш;
еттинчидан, юқори сифатли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш, миллий брендларни жаҳон бозорларига илгари суриш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновацион технологиялар, ноу-хау, дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий этиш, фурнитура ва аксессуарларнинг замонавий намуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;
саккизинчидан, талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича йўналишларни кенгайтирган ҳолда тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, таълим муассасаларининг ўқув дастурларини тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш, илмий-тадқиқот фаолиятини, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш.
2. Ўзбекистон Республикасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгардир.
3. 2018 йил пахта ҳосилидан бошлаб, эксперимент тартибида маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан (кейинги ўринларда фермер хўжаликлари деб юритилади) пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш, шу жумладан қуйидаги шартларни назарда тутувчи тизим жорий этилсин:
харид қилинадиган пахта нави ва ҳажми, уни етказиб бериш муддатлари ҳамда тартиби фермер хўжалиги ва тўқимачилик саноати корхонаси ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади;
пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш пахта тозалаш корхонаси томонидан қайта ишлаш асосида ёхуд тўқимачилик корхонаси томонидан хусусий ёки ижарага олинган пахта тозалаш корхонасида амалга оширилади;
тўқимачилик саноати корхоналари фермер хўжаликларининг харажатларини (чигит, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, иш ҳақини тўлаш ва кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари, бошқа сарф-харажатлар) тузилган шартнома қийматининг камида 60 фоизини аванс бериш йўли билан молиялаштиришни амалга оширади;
тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинадиган пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг ҳақиқий харажатларини ва рентабеллигини таҳлил қилишдан келиб чиқиб, шартнома асосида белгиланади ва давлат эҳтиёжлари учун ўрнатилган нархлардан паст бўлмаслиги лозим;
тўқимачилик саноати корхоналари олинган чигитни шартнома асосида ёғ-мой корхоналарига, қўшимча маҳсулотларни (линт, ўлик пахта) бошқа истеъмолчиларга реализация қилади;
тўқимачилик саноати корхоналари томонидан харид қилинган пахта хом ашёсидан фақатгина уни кейинчалик чуқур қайта ишлаш учун фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
2018 йил 10 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс бериш тизимига киритилаётган экспериментни ҳисобга олган ҳолда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномаларининг фермер хўжаликлари билан ўрнатилган тартибда қайта тузилишини;
2018 йил 15 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари билан пахта хом ашёсини етиштиришга буюртма қилиш ва аванс беришнинг киритилаётган тизимини ҳисобга олган ҳолда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари фермер хўжаликлари билан қайта тузилишидан келиб чиқиб, эксперимент ўтказиш учун ҳудудлар ва ер участкалари майдонларининг белгиланишини;
тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари билан пахта хом ашёсини етиштиришга шартнома тузган фермер хўжаликларини аниқлашни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 1 февралга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари баланси шакллантирилишини;
2018 йил 15 январга қадар муддатда 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси учун давлат хариди нархи белгиланишини;
қайта тузилган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда, 2018 йил 20 январга қадар муддатда тўғридан-тўғри тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари иштирокчилари билан пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномалари билан қамраб олинмаган фермер хўжаликлари кесимида 2018 йил ҳосилининг пахта хом ашёси экилиши учун “Ўзпахтасаноат” АЖ буюртмасининг ҳажми аниқланишини таъминласин.
4. Тўқимачилик саноати корхоналари, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ акциядорларининг умумий йиғилиши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасини (кейинги ўринларда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси деб юритилади) ташкил этиш;
“Ўзбекенгилсаноат” АЖни унинг мол-мулклари ва давлатга тегишли бошқа маблағлари, шунингдек, дебитор қарздорлигини кейинчалик “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига беғараз ўтказиш орқали тугатиш;
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тузилмасида тизимли муаммоларни бартараф этиш, маркетинг инновацияларини фаол жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли ва устувор йўналишларини аниқлашни таъминловчи маслаҳат органи – Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
5. Қуйидагилар:
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзолари тўқимачилик саноати корхоналари ва ташкилотлари ҳисобланиши;
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг жорий таъминоти ва фаолиятини молиялаштириш уюшма аъзоларининг бадаллари ва ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши;
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари уюшма аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан сайланиши;
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси бир вақтнинг ўзида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
6. Қуйидагилар “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
хом ашёни қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича ягона комплекс сифатида, шу жумладан саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларида тадқиқотлар ўтказиш асосида тармоқни барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;
тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;
тўқимачилик саноати корхоналарининг фаолиятига инновацион технологиялар, шу жумладан дизайнерлик ишланмалари, ноу-хау, сифат менежменти тизимлари ва замонавий маркетинг хизматлари кенг жорий этилишини таъминлаш;
ички бозорни юқори сифатли маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари билан тўлдириш ва унинг экспорт географиясини, шу жумладан турли ахборот ресурсларида ҳамда мамлакатдаги ва хориждаги кўргазма тадбирларида миллий брендларни йўналтиришни илгари суриш ва тўқимачилик саноати корхоналарининг салоҳиятини намойиш қилиш орқали кенгайтириш бўйича тизимли комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
тўқимачилик саноатига чет эл инвестицияларини, шу жумладан логистика ва муҳандислик инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида фаол жалб қилиш;
тўқимачилик саноати корхоналари, пахта-тўқимачилик кластерларини ҳудудлар салоҳиятининг янада ривожланиш истиқболларидан, хом ашё базаси, инфратузилмаси, меҳнат ресурслари ва бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиқиб жойлаштиришга кўмаклашиш;
тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда тўқимачилик саноати соҳасида кадрларга бўлган реал эҳтиёжни ва уларни тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда иштирок этиш, ушбу соҳада илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;
тармоқнинг жадал ривожланиши ва тўқимачилик саноати корхоналарининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
7. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.
8. Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия (кейинги ўринларда Ишчи комиссия деб юритилади) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Ишчи комиссия Бухоро ва Навоий вилоятларида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилишининг боришини ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
тўқимачилик саноати корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб, ҳудудларда пахта-тўқимачилик кластерларини жойлаштириш тартиби, уларни шакллантириш муддатлари ва босқичларини белгилаш;
пахта-тўқимачилик кластери иштирокчиларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, табақалаштирилган солиқ имтиёзларини қўллаш имконияти;
ташкилий-хўжалик муносабатларнинг шакллари, асосий компаниянинг пахта-тўқимачилик кластери иштирокчилари олдидаги мажбуриятлари;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер моделини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани тизимли таҳлил қилиш ва жорий этиш;
пахта хом ашёсига давлатнинг буюртмасини босқичма-босқич қисқартиришни таъминлайдиган хусусий капитал ва чет эл инвестицияларини жалб этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигида молиявий муносабатларни яхшилашга таъсир этиш истиқболларини баҳолаш;
қишлоқ хўжалиги ва бошқа қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг (чорвачилик, иссиқхона хўжаликлари ва бошқалар) қайта ишлаш тармоқлари ривожланишига таъсирини таҳлил қилиш.
9. Белгилаб қўйилсинки, тўқимачилик саноати корхоналари – “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзолари:
2021 йил 1 январга қадар муддатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади;
қонунчиликда белгиланган тартибда юқори сифатли маҳсулотларни ягона “Uztextile” белгиси билан экспорт қилади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига давлат божини тўламаган ҳолда уюшма аъзоларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қарорлари, ушбу органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилсин.
10. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига бадаллар ва ажратмалар солиқ базасидан чиқарилсин.
11. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2018 йил 1 февралга қадар муддатда тўқимачилик саноати соҳасида, шу жумладан мавжуд халқаро аккредитацияга эга лабораториялар сонини кўпайтириш, тўқимачилик саноати миллий стандартларини халқаро стандартларга тезкор ва тўлиқ мувофиқлаштиришни таъминлаш, тўқимачилик саноати корхоналарида замонавий сифат менежменти тизимини жорий қилишни назарда тутувчи стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” АЖ билан биргаликда 2018 йил 1 февралга қадар муддатда маҳаллий пахта толасини сотиш учун, шу жумладан бошқа мамлакатлар-етиштирувчиларнинг пахта ҳажмларини жалб қилишни назарда тутган ҳолда ихтисослаштирилган электрон савдо майдонларини ташкил этиш, шунингдек, тўқимачилик саноати учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган аксессуарлар, фурнитуралар, бўёқлар ва кимёвий воситаларнинг доимий фаолият кўрсатувчи ярмаркасини ташкил қилиш бўйича таклифлар киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси буюртмалари бўйича тўқимачилик саноат корхоналари томонидан жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига кириш визаларини расмийлаштиришни таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг буюртмалари бўйича тўқимачилик саноат корхоналари томонидан жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилиши, шунингдек, уларни вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш ҳамда уларнинг узайтирилишини таъминласин.
15. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, А.Авлоний кўчаси, 20-уй манзили бўйича бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 1 июлдаги “Республика енгил саноатини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–3102-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Адлия, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев, Н.С.Отажонов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини (кейинги ўринларда тўқимачилик саноати деб юритилади) модернизация ва диверсификация қилиш ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ишлаб чиқарилаётган тайёр рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажми ва турларини кенгайтириш, пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш самарадорлиги ва рентабеллигини оширишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.
Шуни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда мазкур соҳани янада ривожлантиришни таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги ПҚ–2687-сон қарори билан 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган.
Бугунги кунда республикада 7 мингга яқин корхона фаолият олиб бораётган юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган тўқимачилик тармоғи шакллантирилди. 1,4 миллион тонна ҳажмдаги пахта толасини ишлаб чиқариш қувватлари яратилди, шундан 60 фоизга яқинидан маҳаллий тўқимачилик корхоналарининг эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланилмоқда.
Энг аввало, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш, тармоқни бошқаришни ташкил этиш, ресурс ва ишлаб чиқариш қувватларининг тақсимланиши, кадрлар малакасининг юқори эмаслиги билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг мавжудлиги пахта хом ашёсини етиштиришнинг паст рентабеллигига ва уни қайта ишлашга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг етарли даражада эмаслигига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уни жаҳон бозорларига илгари суриш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар комплексини белгилаб берди.
Ушбу ҳужжат билан тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг қуйидаги муҳим йўналишлари белгиланди, хусусан:
– тўқимачилик саноатининг иқтисодиётдаги улушини ошириш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг ҳажми ва сифатини ошириш;
– тўқимачилик саноатининг бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш;
– тўқимачилик саноати соҳасида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш;
– тармоққа илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
– тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг кластер моделини амалга ошириш;
– логистика ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ўзаро узвий боғлиқликда хом ашё ресурслари тақсимотининг ва ташкил этилаётган тармоқ корхоналари жойлашувининг мувозанатини таъминлаш;
– ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновация технологиялари, ноу-хау, дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий этиш, фурнитура ва аксессуарларнинг замонавий намуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;
– тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш.
Таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтиришни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–5185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалий рўёбга чиқаришда муҳим қадам ҳисобланади.
Хусусан, Фармон билан бошқарув ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноатининг технологик жараёнини модернизация қилиш ва инфратузилмасини ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, тўқимачилик саноатига халқаро стандартларни жорий этиш бўйича 20 дан ортиқ тадбирлардан иборат бўлган Ўзбекистон Республикасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришни ташкил қилишда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва бозор механизмларини жорий этиш мақсадида Фармон билан эксперимент ўтказиш назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида биринчи бор маҳаллий тўқимачилик саноати корхоналари томонидан фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан пахта хом ашёсига тўғридан-тўғри буюртма бериш тизимини жорий этиш режалаштирилди.
Бугунги кунга қадар маҳаллий тўқимачилик корхоналари пахта толасини экспорт нархлар бўйича монопол етказиб берувчи – “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКдан харид қилишга мажбур эди. Мазкур тартиб тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг рентабеллиги ва рақобатбардошлигини пасайтирган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташаббус қилинган экспериментга мувофиқ, тўқимачилик саноати корхоналари фермер хўжаликлари пахта хом ашёсини етиштириш бўйича асосий харажатларининг тузилган шартнома қийматининг камида 60 фоизини аванс бериш йўли билан молиялаштиришни амалга оширади. Бунда корхоналарга етказиб берилган пахта хом ашёсидан фақатгина кейинчалик чуқур қайта ишлаш ва тайёр рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилади.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари ўзининг Фармонида тўқимачилик саноати корхоналари, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ акциядорлари йиғилишининг ва қатор идораларнинг “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Бунда давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функцияларини ўз ичига олган “Ўзбекенгилсаноат” АЖ тугатилади.
Мазкур уюшмага республика тўқимачилик тармоғини барқарор ривожлантириш бўйича кенг доирадаги вазифалар юклатилди.
Соҳани бошқариш тизими тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларига жавоб бермаслиги, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қодир эмаслиги мазкур қарорнинг қабул қилинишини тақозо этди. Масалан, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ таркибига 436 та корхона киради, бу эса улар умумий сонининг атиги 6 фоизини ташкил этади. Ушбу жамиятнинг фаолияти асосан статистикани тўплаш, турли хил йиғилишлар ўтказиш, кўргазмаларни ташкиллаштиришга қаратилган. Унинг ташкилий шакли ҳам акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий ҳолатига мос келмайди.
Хорижий мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг самарали шаклларидан бири кластерларни ташкил этиш ҳисобланади. Мазкур модель пахта хом ашёсини етиштириш, дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ягона ишлаб чиқариш циклини ташкил этишни кўзда тутади.
Бундан келиб чиқиб, махсус Ишчи комиссияга Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини, шундай кластерларни Бухоро ва Навоий вилоятларида ташкил этиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш топширилди.
Шу билан бир қаторда, Фармон билан тўқимачилик саноати корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар, шу жумладан божхона тўловлари тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, маҳсулотларни синовдан ўтказиш бўйича лабораторияларнинг паст самарадорлиги, уларнинг кўпчилигида халқаро аккредитациянинг мавжуд эмаслиги маҳаллий тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчиларининг ташқи бозорларга чиқишига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун тўқимачилик саноати соҳасида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан халқаро стандартларни жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш назарда тутилди.
Умуман олганда, Давлат раҳбари Фармонининг амалга оширилиши:
– тармоқнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш, нархларни шакллантириш ва пахтани сотиш жараёнига бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;
– пахта экспорти ҳажмини тобора қисқартириш ва ички бозорда уни чуқур қайта ишлашнинг ўсишини таъминлаш;
– мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материалларни ишлаб чиқаришни, шу жумладан маҳсулотнинг алоҳида турларини маҳаллийлаштириш орқали рағбатлантириш;
– технологик ва маркетинг инновацияларини кенг жорий этиш;
– давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда тўқимачилик комплексларини қуриш;
– халқаро аккредитацияга эга маҳаллий лабораториялар сонини кўпайтириш, тўқимачилик саноати миллий стандартларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш ҳисобига тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлайди.
http://president.uz/uz/lists/view/1345
Сўнгги фикрлар