Уруш қаҳрамонлари доимо ёдимизда

Миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган иккинчи жаҳон

урушининг оқибатлари бугун тарих саҳифаларидан мангу ўрин эгаллаган. Биламизки, фашистларнинг даҳшатли жангу жаддалари устидан қозонилган ғалабада кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бу уруш Ўзбек халқининг матонат ва жасоратини, эътиқод ва ишончини, инсонпарварлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат каби фазилатларини яна бир карра намоён этган, десак ҳеч муболаға қилмаган бўламиз.

 17:59 08 Май 2023 Жамият

Ўша машум уруш бошлангач, Иштихон туманининг Тилак қишлоғи (У пайтларда Оқдарё туманига қарашли бўлган) да яшаган Эшбек отанинг тўрт ўғли — Суннатилла, Омон, Исмон ва Усмон Эшбековлар жангга отланган. Кўп ўтмай Суннатилла ва Омондан қора хат келади…

Усмон Эшбеков 1941 йилгача Оқдарё туманидаги Ойтомол қишлоғида мактаб ўқитувчиси бўлган.

У урушда Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-гвардиячи ўқчи дивизияси таркибида жанг қилди. 1944 йил бошларида Усмон урушдан ярадор бўлиб келган пайтида уларнинг Таллак қишлоғи Оқдарёдан Иштихон тумани таркибига ўтказилган эди. Шу тариқа бу қишлоқда ҳам мактаб очиш зарурияти пайдо бўлди. Ўз даврининг илғор зиёлиси Таллак қишлоғида ҳозирги 7-ўрта мактабни бунёд этишда ва уруш туфайли тўхтаб қолган таълим соҳасини йўлга қўйишда фаоллик кўрсатади. 1960 йилларгача кечки мактабда дарс бериб, кундузи хўжалик ишларида меҳнат қилади. Таъкидлаш лозимки, Усмон ота урушдан қайтганидан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жуда кўп хайрли ишларга бош-қош бўлди. Ҳатто, нафақага чиққанидан сўнг ҳам хўжаликда пилла етиштириш ишига ҳисса қўшди.

Усмон Эшбековнинг умр йўлдоши Хурсанд Норматова уй боғчаси ташкил этиб, узоқ йиллар қишлоқда далага чиқадиган аёлларнинг ёш болаларини парвариш қилди. Ўзи 10 нафар фарзандни вояга етказиб, “Қаҳрамон она” бўлди. Фарзандларини жамиятнинг фаол аъзолари қилиб тарбиялади.

Ҳа, ҳар бир инсон меҳнати, имон эътиқоди билан ўз номини абадийликка муҳрлайди. Бу эса унга иккинчи умрни ҳадя этади. Ўзининг эзгу ишлари билан юракларда яшайди. Бунга Усмон ота Эшбековнинг ҳаёт йўли ёрқин мисол бўла олади.

Ўтган йили Усмон Эшбеков таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан у яшаган хонадонда уй-музей ташкил этилди. Музейдан жангчининг ҳарбий формаси, олган унвон, медаллари, суратлари ва китоблар жой олган. Ҳатто оилавий шажараси, ўша давр руҳини акс эттирувчи рўзғор буюмлари ҳам бор.

Шу кунларга қадар биз уруш даҳшатларини жангларда иштирок этган ҳамюртларимизнинг ҳикояларидан тинглар эдик. Аммо, уларнинг сафи кун сайин камайиб боряпти. Иштихон туманида ўтган йили урушнинг сўнгги иштирокчиси оламдан ўтганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу хотираларни бугунги ва келажак авлод учун асраш, бунинг учун улардан қолган хотираларни тарихга муҳрлаш нечоғлик муҳим эканини янада чуқур ҳис этиш қийин эмас.

Саноқли кунлардан сўнг дунёни ларзага солган иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етганига 78 йил тўлади. Аммо, у қолдирган жароҳатлар ҳали ҳануз унутилмайди, унутилмаслиги ҳам керак. Бу жароҳатлар ҳар лаҳзада инсониятга тинчлик нақадар улуғ неъмат эканлигини эслатиб туради.

Шу ўринда уруш ва меҳнат фахрийси Усмон ота Эшбековнинг фарзандлари саъй-ҳаракати билан ташкил этилган у кишининг уй музейи жамиятимиз ҳаётида, ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Бу йил ҳам қишлоқ аҳолиси 9-май – Хотира ва қадрлаш куни тадбирларини ана шу уй-музейини зиёрат қилишдан бошлашди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Мудофаа вазирлигининг Самарқанд ҳарбий округи, вилоят Нуронийлар кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят матбуот бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда ОАВ вакиллари, ҳудудда истиқомат қилувчи фахрийлар иштирок этдилар.

Меҳмонлар дастлаб бир йил давомида янада бойитилган уй музейидаги кўргазмаларни кўздан кечирдилар. Бу ердаги қайдлар дафтарига дастхатлар ёзишди.

Тадбирда сўз олганлар “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан амалга оширилаётган хайрли ишлар, ушбу музейнинг тарихий аҳамияти ва юртдошларимиз ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги фикрларини йиғилганлар билан ўртоқлашди. Шундан сўнг, ҳарбий оркестр мусиқалари остида аскарларнинг ҳарбий чиқишлари намойиш этилди. Улар томонидан Миллий Армиямизнинг бугунги қудратини акс эттирувчи махсус кўргазмани ўқувчи ёшлар ва тадбир иштирокчилари катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Йиғилганлар жангчи ва унинг оиласи ҳақида илиқ гапларни айтди. Айниқса, Усмон Эшбековнинг ўғли, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбекнинг хизматларини эътироф этишди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва туман ҳокимлиги томонидан уй-музейга китоблар совға қилинди.

Абдулазиз Йўлдошев,

“Халқ сўзи”. 

https://xs.uz/uzkr/post/urush-qahramonlari-doimo-yodimizda

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *