Устозларга таъзим!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида умумхалқ

байрами – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан “Устозларга таъзим!” деб номланган онлайн байрам тадбири бўлиб ўтди. ZOOM дастури орқали карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил этилган байрам тадбирида университет профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Университет ректори, профессор, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимовнинг устозлар жамоасини байрам муносабати билан самимий муборакбод этди.

1

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир,– деди университет ректори.– Бу қутлуғ даргоҳда ёрқин ғоят из қолдирган Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов каби ўнлаб академиклар, машҳур олимлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари адиблар ва шоирларнинг руҳлари мудом шод эканини ҳис этаяпмиз. Негаки, Миллий университетимиз жамоаси улар фаолият кўрсатишган даврдаги шуҳратини тиклаш баробарида жаҳондаги энг нуфузли олий таълим муассасалари қаторидан ўрин эгаллаш йўлида жадал ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол умри шу мўътабар даргоҳ билан ҳамоҳанг ўтган азиз устозларимиз руҳини шод этса, бугунги жамоамизга ва келгусида ўринбосарларимиз ҳисобланмиш талабаларимиз ғурур бахш этади.

Азиз устозларнинг – кўз нури ва қалб қўрини, бор билим ва тажрибасини ёш авлод тарбиясига бағишлаб, маърифат зиёсини таратиб келаётган фидойи инсонларни ҳарқанча эъзозласа арзийди. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”, деган сўзлари рўёбини бугун мана шу илм бўстонида яққол кўриш мумкин.

ЎзМУ профессори Шавкат Отажонов Миллий университетимизнинг сўнгги уч-тўрт йил мобайнида эришган ютуқлари ҳақида ғурур билан сўзлар экан, келгусида бундан-да юксакроқ марраларга эришиш йўлида собитқадамлик билан ҳаракат қилишимиз зарурлигини таъкидлади.

2 3 4 5 6

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимов, Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иқбол Мирзо, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг видеоёзув орқали табриги барчага хушнудлик бахш этди.

Университет иқтидорли талабаларининг шеърлари, хушовоз хонанда Наргиза Азимованинг дилрабо қўшиқлари байрам даврасига янада файз киритди.

 

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

Тўлқин ЭШБЕК

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *