Устозларим
Бу бетакрор шеърларни ўқимаганлар армонда… дейди Дониш домла
Менинг устозларим –
Аҳли шуаро,
Руҳимнинг оҳанги – суруридасиз.
Бирингиз китоблар бағридасиз жо,
Бирингиз Чиғатой худудидасиз.
Неларни кўрдингиз?
Олдда нелар бор?
Менга очмадингиз дилларингизни.
Энди мен англадим, Сиз чору ночор
Ўтибсиз у шонли йўлларингизни…
Ҳасаду хусумат
Эзмасин нечоқ,
Сиз шеърдан олибсиз аламни доим.
Олис кечаларда айлабсиз чарчоқ
Куйиб кўмир бўлган қаламни доим.
Бахтиёр кунларни куйла, деган он,
Шиорлар битибсиз қонингиз билан.
Ўзи йўқ қўрғонга бўлибсиз қалқон ,
Соддадил фидойи жонингиз билан.
Номард бу дунёнинг кирдикорлари
Яхшидир, ёмондир — ишингиздадир.
Армонлар, узрлар кетдилар бари,
Кетдингиз – дардингиз ичингиздадир.
Марҳум устозларим,
Раҳматли зотлар.
Энди сиз тинч ётинг маконингизда.
Ўкинманг маломат қилсалар агар,
Абадий бардош бор имконингизда.
1991 йил
***
ШОГИРД МАҚОМИ
Умримиз кечади оддий ва камтар,
Биламан, сен кўзга илмаслигингни.
Дунёга теранроқ ташлагин назар,
Бўйнингга ол, укам, билмаслигингни.
Эсла буюк шоир асарларини,
Сўраб, ўрганишдан эринма зинҳор.
Жўн бир пардақанот асаларининг
Биз билмаган қанча синоати бор.
Аллома Беруний қазоси куни
Бир савол ечимин қилибди армон.
Ҳадиси шариф ҳам уқдирар буни:
“Боринг илм дея ҳатто Чин томон”.
Ўрнидан қўзғалмас харсанг тош фақат,
Пойгада ғолибдир асил, чопқир от.
— ”Афлотун дўстимдир, лекин хақиқат
Ундан афзал” – демиш файласуф Суқрот.
Муқаддас китобда олам сеҳри жам,
Жо бўлмиш илоҳий туйғу ва фикр.
Алҳазар, алҳазар, Яратганнинг ҳам
Энг аввал душмани аталмиш – кибр.
Юксакни кўзлайди доимо бургут,
Парвози майлига баланддир, пастдир.
Комиллик заҳматин этма ҳеч унут,
Бир зина ошмаган шогирд эмасдир.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
Сўнгги фикрлар