Устозлар руҳини шод этган талабалар
Ёшлар катта авлодларда ибрат олиб улғаядилар.
Улуғ инсонлар изидан борган ёшлар шунга яраша камолга етадилар. Ўзимиз ҳам қай даражада камолга ета олган бўлсак, бунда азиз устозларимизнинг ўрни беқиёс бўлган. Талабалик давримиз (1980-1985 йиллар) дарсдан сўнг Ёзувчилар уюшмасига, турли таҳририятларга, китоб нашриётларига, телерадио студияларига ошиқардик. Бу даргоҳларда Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Оқилжон Ҳусанов, Неъмат Аминов, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева, Худойберди Тўхтабоев, Эркин Аъзам, Аҳмаджон Мелибоев, Хайриддин Султон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Иброҳим Ғафуров, Ойдин Ҳожиева, Мирзапўлат Тошпўлатов, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова, Темур Убайдулло, Муҳаббат Ҳамидова каби устозларнинг бир оғиз ширин сўзини эшитиш ижодий ва руҳий қанот бахш этарди. Уларнинг ҳар бир сўзи замирида биз учун ибратомуз фикр бўларди.
Шоир ё адиб сифатида довруқ таратган бу устозларнинг публицистикалари ҳам бир олам! Ана шу маънавий хазинага талабаларимизни мудом ошно қилиб боришимиз зарур.
Яна бир ибратли жиҳати шуки, улар турли газета-журнал таҳририятларида, китоб нашриётларида фаолият кўрсатганлар. Улар орасидан кўплаб Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиққанлар!
Худди шу анъанани бугун ҳам давом эттиргимиз келади. Яъни, Журналистика факультети талабаларини улуғ устозлар изидан боришларини ва уларнинг шундай етук ижодкорлар, комил инсонлар бўлиб етишишларини истаймиз.
Бизга улкан ғурур бахш этадиган ажиб бир ҳол шуки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига узоқ йиллар раислик қилган атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, айни кунларда уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, унинг ўринбосари Ғайрат Мажид, шу қутлуғ даргоҳда турли лавозимларда фаолият кўрсатишаётган Фароғат Худойқулова, Собир Ўнар, Сирожиддин Рауф, Аҳмаджон Мелибоев, Азиз Саид, Исажон Султон, Муҳиддин Абдусамат, Фозил Фарҳод ва бошқалар ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таҳсил олиб, шу даражага етганлар!
Бугун шу даргоҳда таҳсил олаётган 1-курс талабаларимизни келгусида етук адиб, шоир, публицист бўлиб камолга етказиш умидида уларни вақти-вақти билан Ёзувчилар уюшмасига бошлаб борамиз.
Бу гал Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид билан ўтказилган ижодий учрашув талабаларимиз қалбига бир умр муҳрланиб қолган бўлса ажабмас.
Учрашув аввалида Ғайрат Мажид Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорларини адабиёт ихлосмандлари қанчалик кўтаринки руҳ билан кутиб олгани ва мамлакатимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Сўнг, ижодий мулоқот бошланди.
– Бу улуғ даргоҳга талабалар “қуруқ” келмасин,– деди у шундай сўз ўйини билан ёш ижодларларни ҳаяжонга соларкан.– Яъни, шеърлар ва ҳикояларингизни олиб келсангиз, тўплам ҳолида чоп этамиз. Адиблар хиёбонига ҳам шунчаки борманг! Қайсики ҳайкал пойида ўша тош сиймога айланган шоир шеърларидан айтсангиз, улар руҳи албатта шод бўлади!
Дилтортар суҳбат шеърхонликка уланди. Ёш шеърият шайдолари шоир Ғайрат Мажиднинг қуйидаги шеърини мароқ билан тингладилар:
ОТА-ОНА ДУОСИ
Биров шайдосидир обрў, шонингни,
Биров билмай қолсанг, олса молингни,
Сен бошқа миннатсиз меҳр топмассан,
Дуосин олиб қол отажонингни,
Дуосин олиб қол онажонингни.
Ҳар сўзинг минг йиллик дардингга дармон,
Неки, истаги бор, англагил – фармон,
Билсанг, шу кимгадир аламли армон,
Дуосин олиб қол отажонингни,
Дуосин олиб қол онажонингни.
Дунёнинг биз билмас асрори бисёр,
Дўстингман деб юрган ағёри бисёр,
Садоқат билмаган дилдори бисёр,
Дуосин олиб қол отажонингни,
Дуосин олиб қол онажонингни.
Беш кунлик дунёда ҳаммамиз меҳмон,
Гоҳо бир ширин сўз зўр лутфу эҳсон,
Тилагинг ижобат бўлгайдир осон,
Дуосин олиб қол отажонингни,
Дуосин олиб қол онажонингни.
Тилинг бўшамасин ҳамду санодан,
Бир хабар етмишдир Ҳақ Мустафодан,
Жаннат истар бўлсанг Қодир Худодан,
Дуосин олиб қол отажонингни,
Дуосин олиб қол онажонингни.
Мушоирани Дурдона Ҳайитова, Комила Ҳамроева, Динара Хўжаева, Феруза Нуриддинова, Сабина Шомуродова каби қалби олов ёш истеъдод соҳиблари давом эттирдилар.
Талабаларга олам-олам завқ-шавқ бахш этган суҳбатдан сўнг уларга тенгдош ижодкорларнинг китобларидан совғалар улашилди.
Ёзувчилар уюшмасидан бир олам таасурот билан чиққан талабалар Адиблар хиёбони томон одимладилар. Улуғ шоир Эркин Воҳидов ҳайкали пойида Лазизбек Эркабоев, буюк шоир Абдулла Орипов ҳайкали пойида Дониш домла, улуғ шоира Зулфия ҳайкали пойида Гулмира Хайруллаева, ҳассос шоир Муҳаммад Юсуф ҳайкали пойида Боғдагул Бобомуродова ўқиган шеърлар ўша раҳматли устозлар руҳларини қанчалик шод этганини қалбан, руҳан ҳис этдик.
Ижодий маҳорат машғулотидан сўнг ортга қайтган талабаларимизни кузатиб қолар эканман, миллий адабиётимиз ва журналистикамизнинг бўлғуси дарғалари кўз олдимда бир қадар улғайиб бораётгандек туюлаверди. Улар ҳам келгусида шу улуғ устозлар каби камолга етишларини тилаб қолдим…
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
республика Маънавият ва маърифат маркази
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,
“Дўстлик” ордени соҳиби
Сўнгги фикрлар