Устозлар ҳурмати — аждодларимиз мероси.

Устоз — отангдан улуғ, мақолига маърифий шарҳ.

Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса,

касбларнинг  ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир.

Ислом Каримов.

 2022 йил январдаги ҳолатим.

Устоз! Муаллим! Мударрис! Мураббий!

Бу сўзлар нақадар пурмаъно ва сермазмундир. Бу сўзларни эшитганда қалблар жунбушга келиб, кўнгиллар ёришиб кетади. Зеро, эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб келмоқда. Ҳеч биримиз биринчи бўлиб ўқиш-ёзишни ўргатган устозимизни ёдимиздан чиқармаганмиз, десам, ўйлайманки, муболаға бўлмайди.

Бу тушунчалар инсоният яратилишидан ҳозирги кунимизга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган, балки қиёматгача ҳам йўқотмайди. Биринчи устоз – бу Борий таолодир. У Одам алайҳиссаломни яратди ва Ўз фазли карами ила унга барча нарсаларнинг исмларини таълим берди. Замонлар ўтиши давомида турли кўринишларда Ўз илм хазинасидан инсонларни насибадор қилди, пайғамбарлар юбориб, улар орқали Ўзининг ҳақ йўлига чорлади. Олимлар эса пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,

Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.

Устоз – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар – бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва зеҳнларини, қалб қўрию меҳрларини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир. Улар бизларга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитиб, қўлларимизга илк бор қалам тутқазиб, “Ота-она”, “Ватан”, “Эзгулик”, “Иймон”, “Ислом” каби сўзларни ёзишга ўргатган буюк ва азиз зотлардир.

Донишмандлар айтишадики: “Элни маърифат асрайди”.

Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” — деган. Демак, устозларнинг зиммасида жуда ҳам буюк масъулиятли вазифа юкланган. Бу ҳам бўлса, келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар инсонларни тарбиялаб чиқариш вазифаси.

Ҳа, ўқитувчилик жуда ҳам машаққатли, юксак сабр ва матонат талаб қиладиган касб, шу сабабли ҳам унинг ажру савоби беқиёсдир. Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида илм аҳлининг мартабасини баён қилиб, шудай марҳамат қилган:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур.”[1]

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида устознинг мақомини таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару-ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга саловот айтадилар”[2].

Узтозга эҳтиром кўринишлари

Юқорида келтирилган маълумотлардан устозларнинг мақом-даражалари нақадар юксаклигини билдик. Ўз-ўзидан бир савол туғилади. Хўш, уларнинг мартабалари шу қадар олий экан, унда бизнинг, хусусан, толиби илмларнинг уларга нисбатан муносабатимиз қандай бўлиши керак?

Толиби илм устозини ҳурмат қилиши лозим, аммо бу ўз-ўзидан бўлмайди. Ота-она фарзандига кичиклигидан таълим-тарбия бериб, уни илм олишга қизиқтириш билан бир қаторда илм аҳлини, хусусан, устозини ҳурмат қилишни ўргатиб, қалбига сингдириб бориши лозим бўлади. Алишер Навоийнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари бежиз эмас:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф уқутди ранж ила,

Айламоқ осон эмас ҳаққин адо минг ганж ила.

Узтозларни ҳурмат-еҳтиром қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунчадир. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бунга ёрқин мисоллар жуда кўплигининг шоҳиди бўламиз. Ҳатто Искандар Зулқарнайн, Соҳибқирон Амир Темур сингари буюк салтанатга эга бўлган подшоҳлар ҳам устоз ҳурмати, устоз хизматига катта эътибор берганларини кўришимиз мумкин.

Улуғ саҳобий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли куёвлари Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидан юксак ибрат олишимиз мумкин:

“Менга илмдан бир ҳарф ўргатганнинг қулиман: хоҳласа сотиб юборади, хоҳласа озод қилади, хоҳласа қул ҳолимда қолдиради[3]”.

Имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Агар сен мутааллим (илм олувчи бўлсанг), устозинг ҳузурида қуйидаги одобларга риоя этишинг шарт:

  1. Аввало салом бериш ва киришга изн сўраш;
  2. Беҳуда гапларни гапирмаслик;
  3. Рухсатисиз сўз бошламаслик;
  4. Унга “Фалончи бу борада бошқачароқ гапирганди” ва шу каби  сўзлар ила эътироз билдирмаслик;
  5. Одамлар “шогирди устозидан кўра билимдон экан”, деб гапиришлари истагида унга қарши чиқишдан сақланиш;
  6. Даср вақтида бошқалар билан сўзлашмаслик;
  7. Дасрдан бошқа нарсалар билан чалғимаслик;
  8. Устоз турганда шогирд ҳам ўрнидан туриши;
  9. У ҳақида яхши гумонда бўлиш, яъни кўринишидан нотўғри ишдек туюлган бир ишини кўрибоқ, у ҳақида ёмон фикрга бормаслик.

Уламоларимиз юқорида санаганларимиздан бошқа яна бир қанча одобларни санаб ўтишган: устозни ғийбат қилмаслик, бошқа биров ғийбат қилса, уни қайтариш, агар қайтара олмаса, у жойни тарк қилиш; инсонларга умумий салом бергандан сўнг, яна қайта устозга хослаб салом бериб, бунданда зиёда икром қилиш; устознинг ўриндиғига ўтирмаслик; устоз ҳузурида кулишдан сақланиш ва ҳоказо.  Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, ҳафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Барчамизга маълум ва машҳур олим, “Ҳидоя” асари муаллифи, ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний шундай ҳикоя қиладилар: “Бир куни Бухоронинг олимларидан бири илм даргоҳида шогирдларига дарс бериб ўтирар экан, дарс асносида гоҳ-гоҳ ўрниларидан туриб, сўнг яна қайта ўтирарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгандан сўнг, шогирдлари бунинг сабабини сўрашди. У зот: “Устозимнинг кичик ёшли ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди, гоҳида эшик олдига келяпти, ҳар келганида устозимга ҳурмат ўлароқ ўрнимдан туряпман,”- деб жавоб берганлар”.

Эътибор берайлик, олимларимиз ҳаётларида биз учун нақадар гўзал ибратлар мавжуд. Олимлик мақомига етиб, ўзининг илм ҳалқасига эга бўлган олим ўз устозининг ҳали эсини танимаган фарзандини кўрганда ҳам устозга ҳурмат сифатида ўринларидан туряптилар. Минг афсуски, ҳозирги кунимизда айрим талабалар илм даргоҳини битириб чиқиб, бирор мансабга эришгандан сўнг ўзига бир неча йиллар давомида қалб қўрию кўз нурини сарфлаб илм берган устозларини писанд қилмай қўяди. Бундай ҳолатларни кўрганда беихтиёр улуғ устозларимизнинг пурҳикмат гаплари ёдимизга тушади:

“Ким бирор мартабага эришган бўлса, батаҳқиқ, у ҳурмат туфайли эришган. Кимнинг мартабаси тушган бўлса, аниқки, ҳурматсизлик сабабли тушган[4]”.

Тажжубки, айрим тенгдошларимиз бу тушунчалардан жуда ҳам йироқлаб кетган. Талабалар орасида бизга арзимасдек кўринадиган, аммо ортидан жуда кўплаб кўнгилсизликлар, чексиз зарарлар келтириб чиқарадиган ишларга ружу қўйиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Буларга мисол тарзида қуйидагиларни санашимиз мумкин:

  • Дарс вақтида турли хил ижтимоий сайтларда “сайр қилиш”, виртуал ўйинлар билан машғул бўлиш;
  • Устоз маъруза ўқиётган пайтда қулоқ солмасдан, курсдош йигит-қизлар билан беҳуда суҳбатлашиб ўтириш;
  • Дарсда талабанинг одобига хилоф келадиган кўринишларда ўтириш, бу ҳам етмагандек буни “замон талаби, маданият” деб даъво қилиш;
  • Менталитетимизга тўғри келмайдиган кийимларда дарсга келиш;

Ёддан чиқармаслигимиз лозимки, биз гўзал маданият ва юксак маънавиятли халқ фарзандларимиз, ўзимизнинг неча асрлардан буён шаклланиб келган урф-одатлар, анъана ва қадриятларимиз мавжуд. Биз ҳеч қандай мазмун-моҳиятга эга бўлмаган, зарардан бошқа нарса келтирмайдиган, таъбир жоиз бўлса, “усти ялтироқ, ичи қалтироқ” маданиятларга эргашишга муҳтож эмасмиз. Балки у “оммавий маданият” кўринишларидан сақланишимиз даркор.

Мавзунинг биринчи қисмида ота-оналар фарзандларига кичиклигидан узтоз ҳурматини ўргатиши лозимлиги ҳақида гапирган эдик. Аммо минг афсуслар бўлсинки, айрим ота-оналар ўзлари фарзандларига тўғри йўл кўрсатиб, таълим-тарбия бермаганлари етмагандек, тарбия бермоқчи бўлган фидойи устозлардан ҳафа бўлишиб, балки турли кўринишлардаги ҳақорат ва таъна-дашномлар ёғдирадилар.

Талаба устози олдидаги вазифаларини ҳеч қачон унутмаслиги ва у билан бўладиган муносабатларга доим ҳурмат ила ёндошмоқлиги даркор. Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади:

“Каттамизни улуғламаган, кичкинамизга раҳм қилмаган, олимимизнинг ҳаққини билмаган инсон биздан эмас”.

Бизнинг юртимиздан қанчадан-қанча қомусий олимлар, муҳаддису муфаққиҳлар, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг исмларини санаб адоғига етмайсан киши, бизларга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ.

Хўш, улар бу даражаларга қандай эришдилар?

Ҳа, уларнинг бундай мақом ва мартабаларга эришишининг сабаблари жуда кўп, аммо энг асосийларидан бири узтозларига қилган хизматлари ва кўрсатган эҳтиромларидир. Чунки уларнинг кўпчилиги бу даражаларга қандай етишганлари ҳақида сўралганда, “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли,” — дея жавоб берганлар.

Биз илм олиш истагида юрган эканмиз, келинг, буюк бобокалонларимиз изидан юрайлик, устозларга нисбатан юксак эҳтиром кўрсатайлик, бир сўз билан айтганда “Аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик”.

             «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ахмедов Охунжон

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *