Устоз ва шогирд ҳангомаси (Ҳазил)
Устознинг панд-насиҳатин,
Олмас баъзи талаба.
Тескари иш қилганини,
Ўзича дер – ғалаба!
“Ошкоралик”, деб қўяди,
Юзгачопар бўлса ким.
Устози ҳақ гапни айтса,
Ўтиролмас асло жим.
Маҳмадана бир талаба,
Устозин мот қилмоқчи.
Ёшлигида қандоқ бўлган?
Энди шуни билмоқчи.
– Маъзур тутинг,– депти дангал,
Қилмасдан ҳеч юз-хотир.–
Икки оғиз гап сўрасам,
Деманг-да оғзиботир.
Талабалик йилларингиз,
Қилмаганмисиз хато?
Бирор дарсга кечикмасдан,
Келармидингиз ҳатто?
– Кечикканман,– депти устоз,
Ростин олиб бўйнига.
Арқонини узун ташлаб,
Талабасин ўйинига.–
Қаттиққўлроқ эди устоз,
Киритмасди дарсига.
Тарбиясин тўғри англаб,
Чидардик “чораси”га.
– Имтиҳонда қай йўл билан,
Олардингиз зўр баҳо?
Саволлари чигал бўлиб,
Билмай қолсангиз гоҳо?
Бироз нўноқ талабалар,
Бўлган, дейсиз, ахир мўл.
Таниш-билиш кетмасмиди,
Топмасмиди ҳеч ким йўл?
– Сен ўзингча ўйлайсанки,
“Нозик жойдан” тутдим, деб.
Шу йўл билан устозимни,
Энди гапдан ютдим, деб.
Имтиҳонда гар қийналсак,
“Шпаргалка” жонимиз.
Бўлган эди таниш-билиш,
Тил топишган онимиз.
– Қизлар билан қай тарзда,
Муомала бўларди?
– Юрагига йўл тополсак,
Шунда кўнгил тўларди.
– Деворларга расм чизиб,
Кетганмисиз бирор пайт?
– Икки исм бош ҳарфини,
Деворга ҳам қилдим қайд…
– Папирос ҳам чеккандирсиз?
Деманг, савол хўб ғалат…
– Гоҳо чекар эдик биз ҳам,
Қилиб кўзни шамғалат…
– Байрамларда қиттак-қитак…
– Отганимиз рост, иним…
Энди эса ичганларни,
Кўрсам қўзир хўб жиним.
– Муштлашиб ҳам қолгандирсиз,
Безорини кўрганда.
– Кўзимдан ўт чақнаганди,
Бир барзанги урганда…
– Автобусга пул тўламай,
Қочгандирсиз эҳтимол?
– Битта ҳужжат кўрсатгандим,
Назоратчи бўлган лол.
У тушунган одам экан,
Мени мулзам қилмади.
Сариқ чақам йўқлиги-чун,
Устимдан ҳам кулмади…
– Бўлганмисиз дангасароқ?
– Шундоқ бўлиб қоларди.
Ўлда-жўлда баъзи ишлар,
Дилга ғашлик соларди.
* * *
Бу гаплардан талабаси,
Ғолиб санар ўзини.
Устоз эса салмоқ билан,
Шунда айтар сўзини:
– Ёшлик ким-чун бебошликдир,
Ким тўқликка шўх чунон.
Устозининг айтганини,
Қилмаган – хор бегумон.
Ота каби уришганин,
“Уноши” деб алқаган.
Одам бўлмоқ истаганлар,
Одобини сақлаган.
Таъзим бажо айлаб биз ҳам,
Мана етдик муродга!
Тарбияни олмаганлар,
Қолиб кетди уятга…
Тўлқин ЭШБЕК
Устоз — отангдан улуғ, деган мақолнинг мантиқий давомини Дониш домла шундай давом эттиришни таклиф этади:
ШОГИРД — БОЛАНГДАН АЗИЗ!
Uztoz bu she`ringiz ayni ustoz shogird an`anasiga juda ham mos tushibdi.
Ustoz siz ham talabalik paytizda rosa sho`x bo`lgan ekansiza.Buni she`ringizdan ko`rsa bo`ladi.
Ustoz, zo`r she’r bo`libdi. O`qib kayfiyatim ko`tarildi. Rasmni ham mos qo`yibsiz.(hazil)
She’r ajoyib chiqibdi. Ustoz ijodingizga omad.