Устоз – отангдан улуғ (Ҳуррият)

Ёки халқ мақолини ўзгартириш билан муаммо ҳал бўлиб қоладими?

Сўнгги вақтларда ўқитувчиларга эътибор ҳукумат томонидан ортиб, омма томонидан озайиб бораётгандек, гўё. Ахир, якунига етган ўқув йили охирида рўй берган ва ҳозир ҳам адоғига етмаган ҳодисалар шундай хулоса ясаш учун асос бўлиб хизмат қилмаяптими? Аслида, филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим, моҳир педагог Омонулла Мадаев ҳақ эди:

– Қачонки, доно халқнинг яратган нарсалари тафтиш қилина бошланар экан, демак, қаердадир ноқулай вазиятлар пайдо бўлади.

Дарҳақиқат, доно халқнинг “Устоз отангдан улуғ” деган мақолини таҳрирлаб, “Устоз отангдай улуғ”, дея иддао қилаётганларнинг касрига ҳам шундай ҳолатлар юзага келаётган бўлиши мумкин эмасми?

Бандихон туманида нима гап?

Сурхондарё вилояти Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби маълумот берган эди.

Маълум бўлишича, 22 апрель куни Бандихондаги 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келгани учун уни урган. Воқеа ортидан мактаб директори “ўз хоҳиши”га кўра бўшаш учун ариза ёзган, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, шунингдек, инглиз тили фани ўқитувчиси, бундан ташқари, 9-“б”синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

26 май куни ўқувчисини калтаклаган ўқитувчига нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилиб, у мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Бандихон тумани судига юборилган.

Кейинчалик ижтимоий тармоқларда ушбу ўқувчининг мактабдошлари билан муштлашаётгани тасвирланган видеолар ҳам тарқалди.

Қадимги Шумер битигида…

Ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз муносабатларини билдирмоқда. Улардан бири Facebook ижтимоий тармоғида шундай ёзади:

“Ишқилиб, Али ҳам, Вали ҳам ўқитувчи ўқувчини ургани ҳақида ёзяпти. Биз ҳам ўз фикримизни билдиришни жоиз кўрдик.

Бир кичкина сирни очмоқчиман. Шумер деган давлат бўлган. Тахминан 6000 йил аввал. 600 эмас, 6000 йил аввал! Ўша қадимги Шумер давлати илк ёзувни ихтиро қилган. Миххат ёзувини. Барча соҳалар юксак тараққий этган давлат бўлган. Шу давлатнинг тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи лойтахтачаларда бир битик мавжуд.

Унга кўра, ўргатувчи, яъни устоз ўрганувчини, яъни ўқувчини дарс қилмагани учун қаттиқ жазолагани, танага нисбатан оғриқ берилгани ҳақида баён этилган. Унда ўқувчи ўқитувчисидан қўрқиши ҳам назарда тутилган. Шундай экан, уриш педагогикада бор нарса. Буни ҳар қанча инкор қилишмасин, барибир қўлланилади. Ўзбекчиликда ҳам қадимдан қолган гап бор: фарзанд мадраса ё мактабга берилганда домлага “Эти – сизники, суяги – бизники” дейилган.

Баъзи бир социопатларга айтмоқчиманки, кўп ҳам патилламасдан са-а-ал ўзингизни қўлга олинг. Ўқитувчи ҳеч қачон ёмон бўлсин демайди. Уйда сиз беролмаган тарбияни дарсини четга суриб, шуғулланишга мажбур бўлади.

Мен ўзим ҳам 11-синф ўқувчиларига эшикни ичкаридан қулфлаб дарс ўтганимни яхши эслайман. Ургандаям айбини бўйнига қўйиб, кечирим сўраттириб урганман. Ҳали бирор марта норози бўлмаган бирортаси, битириб кетганлари ҳам кўча-кўйда кўрганда доим қўли кўксида.

Анави видеодаги ҳолат олдиндан режалаштирилгани 200 фоиз аниқ. Телефон яширин ҳолатда тасвирга олган. Агар ўқитувчи жинни ёки қонхўр бўлса, унга нисбатан текширув олиб борилади ва уни ишга олган билан бир қаторда жавобгарликка тортилади. Лекин умуман олганда, ўқитувчи ўзи билади қанақа педагогика қилишни. Фарзандни эркак қилиб тарбияланг…

Миршод РЎЗИЕВ”

Бу фикрлар албатта, баҳсли бўлиши мумкин. Аввало, яхши ўқитувчи ўз “сири”ни ўқувчиларга бериб қў­йиши керак эмас. Негаки, ўзини ҳурмат қилган, талабчан устозни ҳамма (ҳатто ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам!) ҳурмат қилади. Ўқитувчи шундай ҳурматга эга бўлса, болаларга бир нигоҳ ташлашининг ўзи уларни зириллатади. Ҳамма жим, синфхонада пашша учса эшитилади.

Лекин… қани шундай мактаб педагоглари?

Ўқитувчи болалар билан ҳиринг-ҳиринг қилса, қўшилишиб сигарет тутатса… ҳурмат қоладими?!

Устоз отангдан улуғми?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Устоз ким?” мақоласида шундай ёзади:

“…Бизнинг доно халқимиз “Устоз – отангдан улуғ”, деб бежиз айтмаган. Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлса, “Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Қуръони карим, Бақара сураси, 31-оят), мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдир!”

Ва яна, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” рисоласидан олинган ушбу иқтибос тўғри ва ўринли:

“Халқда “Меҳмон отангдан азиз”, “Устоз отангдан улуғ” деган ҳикмат бор. Бирор ақлли зот, отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда “Меҳмон отангдек азиз”, “Устоз отангдек улуғ” дейиш урф бўлди. Отадан улуғ ва азиз кишининг йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ ишлатилади.

Мақолни таҳрир қилувчи ошноларга маслаҳатим бор: Агар “дан” ўрнига “дек” қўшишни жуда хоҳласангиз, халқнинг бошқа бир ибораси борки, уни шундай таҳрир қилса савобли иш бўлади. “Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай,” дейдилар. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади”.

Устоз – отангдан улуғ! Вассалом! Халқ оғзаки ижодининг маҳсули бўлган мақолни тафтиш қилишга, таҳрирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Бу нақлни устоз­­ни бошига кўтарган Халқ яратган!

Биз ўқиган дамларда…

Мактабимиз директори – Раъно опа Муҳиддинова худди эркак ўқитувчиларимиз каби талабчан, жуда қаттиққўл эди. Пинҳоний меҳрини сездирмасди. Раъно опа, шунингдек, Ватан туйғуси фанидан дарс берарди. Ўтилган мавзуни китобга қараб гапирган ўқувчини жини суймасди. Уйда бош кўтармай ўқийдиган икки дарслигимиздан бири Ватан туйғуси эди.

Янги келган ўқитувчининг аҳволини тушунсангиз керак. Токай ўқувчилар билан тил топишиб, маълум маънода уларни жиловлаб олмагунича анча тер тўкиши керак.

9-синфда ўқиётганимизда янги рус тили ўқитувчиси келди. Табиийки, ёш муаллимга қулоқ солишимиз душвор. Ахир, “ўсиб қолган” ўсмирлармиз-да. Дарс шовқин-сурон билан кечарди.

Иккинчи ё учинчи дарсда устоз бир рус ёзувчисининг суратини кўрсатиб, “Кто это?” деди. Шовқин ичида Нуржамол деган синфдошимиз “Чехов…” де­йишга улгурди, холос. Шовқинимиз унинг қўнғироқдек овозини ютиб юборди. Шу орада директор билан синф раҳбаримиз хонага кирди. Синф жимжит. Раъно опа Нуржамолни мақтаб, барчамизга дакки берди. Орамизда синф раҳбаримиздан калтак еганлар ҳам бўлди.

Кейин маълум бўлишича, Раъно опа дарсларни эшик ортида кузатиб юраркан. Шовқинимизни эшитиб, синф раҳбаримизга ҳолимизни кўрсатган. Кейин эса рус тили дарсга кирган эканлар.

Тўғри, ўша вақтларда Раъно опани унча хушламасдик, бироқ, биз учун энг кўп қайғурган Раъно опамиз эканлигига ҳозир амин бўлаяпмиз. Чунки юртимиздаги мактабларда Раъно опадек фидойи муаллимлар кўп эканлигига шубҳа йўқ.

“Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси қаерда?

Барча-барча даврларда ҳам ўқитувчилар обрўси ҳақида қайғуриб келинган. Айниқса, кўпгина Европа давлатларида ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг ижтимоий мақоми анча юқори бўлиб, ҳатто, улар давлат хизматчиларига тенглаштирилган.

Мамлакатимизда ҳам давлат ва жамиятда ўқитувчи мақомини оширишга қаратилган жиддий ҳаракатлар бошланган эди. Аммо у тўхтаб қолгандек.

Бу бўйича халқаро тажриба мавжуд. БМТ томонидан “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги тавсияси тасдиқланган. 2019 йил Қозоғистонда “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган эди. Дастлаб Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилгани ва муҳокама даврида 68 (!) таклиф келиб тушгани маълум қилинганди.

Орадан вақт ўтгач, ушбу лойиҳа “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида” дея қайта номланди. Масъулият эса Халқ таълими вазирлигидан Адлия вазирлигига юклатилди. Адлия вазирлиги Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан бирга ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, 2020 йилнинг 28 ноябрдан 13 декабргача муҳокамага қўйди ҳамда ушбу давр ичида 725 таклиф билдирилди.

2022 йил 7 февраль куни Ўзбекис­тон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг йиллик ҳисобот тарзидаги матбуот анжуманида Kun.uz мухбири айнан “Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси тақдири билан қизиқди. Вазирнинг айтишича, лойиҳа Вазирлар Маҳкамасида турибди.

– 2020 йилда “Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик, Вазирлар Маҳкамасида турибди. Бу ерда қўшимча кафолатлар масаласида яна муаммо бўляпти, пул билан боғлиқ. Биласизлар, (педагогларнинг) ойлигини оширишга жуда катта эътибор бўляпти. Шунинг учун бу соҳага ҳар битта қўшимча эътибор маблағни тақозо қилади. 500 мингта ўқитувчи ишлайди, у масала пул билан боғлиқ бўлгани учун ҳозир кўриб чиқиляпти, – деган эди Адлия вазири.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг собиқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчилар обрўси ҳақида шундай деган ва бу сўзлар катта умид бағишлаган эди:

– Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир одамнинг мактабга боғлиқ томони бор, бошқа соҳаларда бўлмаслиги мумкин, лекин айнан мактабга ҳамманинг иши тушади, ҳамма фарзандининг келажагини ўйлайди… Афсуски, охирги вақтлар биз икки масалага дуч келиб қолдик. Биринчиси – ўқитувчининг жамиятдаги обрўси. Иккинчиси – жамиятда зиёли инсонларнинг обрўсини ошириш… “Устоз – отангдек улуғ”, (!) деган гап бор. Лекин жойларда баъзи раҳбарлар шуни тушунмасдан, суиистеъмол қилиб келмоқда. Устознинг ҳурмати бўлмагандан кейин ортиқча ишларга жалб қилинса, қўпол гапирилса, унга дўқ қилинса, эртага ундан таълим сифатини қандай қилиб сўраса, кутса бўлади?

2022 йил февралида Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 72-ихтисослаштирилган умум­таълим мактаби ўқитувчилари Марҳамат тумани Халқ таълими бўлими мудири ва туман ҳокимлиги вакили ташаббуси ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган эди.

2022 йил 25 май куни эса Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 22-мактабнинг 8-синф ўқувчиси (қиз бола) ўқитувчисининг сўзига қулоқ солмай, кимё фани хонаси деразасидан сакраб дарсдан қочиб кетгани тасвирланган видео тарқалди.

Бу каби ҳодисалар кунда-кунора юртимиздаги қайсидир мактабда рўй бермаётганига ҳеч ким кафолат бермайди ва бундай воқеалар замирида жамиятда ўқитувчи обрўсига баҳо бериш мумкин бўлади.

Балки, “Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун тезроқ қабул қилинса, ўқитувчи мақоми юксалар эди, бу ҳуқуқий жиҳатдан асосланар эди. Зотан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим!

Энг оғриқли муаммо шундаки, ҳозирда Халқ таълими вазири вазифасида ишлаётган Бахтиёр Саидовнинг қуйидаги фикрлари ҳар қандай кишини ўйга солади:

“Бугунги кунда республика мактабларида 504 минг нафар ўқитувчиларимиз фаолият юритади. Уларнинг 280 минг нафардан ортиғи, яъни 56 фоиз ўқитувчиларнинг салоҳияти талаб даражасида эмас. Бу дегани деярли 3 миллионга яқин ўқувчи болаларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти мавжуд эмас” вазирнинг бу гапи шунчаки кўчадан олинмаган. Ўрта таълимда ҳам муаммолар ичига кириш зарур.

Боланинг суяги – ота-онаники, эти-чи?

…Воқеага ҳуқуқий жиҳатдан икки фуқаро ўртасидаги жиноий хатти-ҳаракат таснифида қараш мумкин. Лекин уларнинг бири устоз, иккинчиси ўқувчи эканлигини, ўқувчи бўлганида ҳам муштумзўр ўқувчи бўлганлигини унутмаслигимиз керак бўлади. Агар ўқувчисини урган ҳар бир ўқитувчи ишдан бўшатилиши керак бўлса, мактабларимиз устозларсиз ҳувиллаб қолиши мумкин-ку! Айниқса, менинг отамдан улуғ устозларим ишсиз қолган бўлардилар. Аниқ!

Ҳеч бир муаллим ёмон бўлгин, болам, деб ўқувчисини урмаган, урмайди ҳам. Ота-она ҳам боласини ёмон бўлсин, демайди. Бироқ уларнинг меҳри фарзандидаги қусур ва нуқсонни идрок этиш учун парда вазифасини ўташи ҳеч гап эмас.

Бу гапга кўзим тушиб, аввалига беихтиёр юзимга табассум югурди. Лекин ўйлаб кўрса бўладиган фикр экан. Нега дейсизми?

Ўйлаб кўринг, ахир ҳеч ким ўқитувчилар айб иш қилган, ё дарс қилмаган ўқувчини уриб, бирор жо­йини майиб қилар даражада калтакласин демаяпти. Бу мумкин эмас!

Аммо тан олайлик, ҳаммамиз ҳам одаммиз. Бир марта қулоғини чиммилатиб чўзиб қўйган, ёки бир-икки бор туртиб, боринг бир-икки шапалоқ тортиб юборса, тамомми? Ўқитувчи қўпол, ваҳший, маънавиятсиз бўлиб қоладими?

Бир пайтлар танбеҳ ва даккиларни эшитган, ҳатто битта-яримта шаппати еган бола ҳеч қачон бу ҳақда ҳатто ота-онасига айтмасди, уларни “Мени муаллимимиз урди” деб мактабга етаклаб келмас эди. Бу бир ор саналарди. Ўғил боланинг ғурури баланд бўлиб камолга етаётганига шу ҳам бир мисолда. Бугун-чи? Ўзи тарбия деган, илмга қизиқиш деган нарсадан асар ҳам йўқ айрим болалар қайсидир устози ғинг деса, жойини кўрсатиб, қўяпти. Бу ҳам етмагандек, телефонига тасвирга олиб, бутун дунёга шарманда қиляпти устозларини! Мана сизга натижа!

Очиғи, анча йиллардан буён мактаб таълими ўз ўзанидан чиқиб кетган эди. Айтайлик, кийиниш борасида. Бугун юқори синфларни қўя туринг, ҳатто бошланғич синфларга бир қиё боқиб кўринг-а, ҳайрон қоласиз. Синфдаги қиз болаларнинг ярми — ҳижобда! Улар ҳали бола-ку, ахир! Мактабми, мас­жидми — фарқлаш мушкул бўлиб қолди.

Хуллас, жорий йил ўқув мавсумидан бошлаб мактаб формаларининг мажбурий равишда йўлга қў­йилиши тўғрисидаги хабарни эшитиб, минг-минглаб ота-оналар хурсанд бўлишди деб ўйлайман.

Мактаб биринчи навбатда таълим-тарбия ўчоғи. Ёшларни табақалаштириш, турлича кийим, юриш-туришда бўлиши мутлақо мақбул иш эмас. Маъқули, қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам маълум формада бўлиши керак. У хоҳ бой-бадавлат оиланинг фарзанди бўлсин, хоҳ қўли қисқароқ оиланинг боласи. Шундагина, таълим-тарбия ҳам, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат деган туйғулар ҳам яна қайтади мактабларимизга.

Энди мавриди келганда, айтиш керакки, ҳамма болаларнинг қўлида шапалоқдай телефонлар бўлиши, бўлса ҳам майлику-я, улардан дарс пайтида бемалол фойдаланиб ўтириши сингари нарсаларни ҳам мактабларда тартибга солиш, дангал айтсак, дарсга телефон олиб киришни қатъий тақиқлаш лозим. Жуда зарур бўлса, синф­­­­х­оналарда компьютерлар бор-ку, улардан фойдаланиш мумкин. Ва яна бир мулоҳаза: ҳамма ёқда замонавий технология, интернет дея оддий кундалик дафтардан воз кечилгани ҳам яхши бўлмади. Бу ҳақда бир неча ой аввал “Hurriyat” газетасида ҳам ёзилган эди. Ҳа, ўша “қолоқ” метод бўлса ҳам, барибир кундаликлар яхши эди. Ота-оналар “қани болам, бугун неччи баҳо олдинг”, дея сўраб турар эди. Ҳозир-чи? Буни аниқлаш учун интернетга кирадими? Қишлоқларда интернет борми, уни ҳамма ҳам тушунадими?

Қолаверса, энг ёмони мактаб ўқувчилари газета, журналлардан умуман мосуво қилинди. Қайтайлик матбуотга, ҳали ҳам кеч эмас, дегим келади…

Ота-боболаримиз фарзандларини муаллимга топшириш чоғида “Эти – сизники, суяги – бизники”, дейишган. Шундай экан, парча этни, таъбир жоиз бўлса, одам қилиб бераётган отадан улуғ зотларга мунча дўқ урмасак?! Эҳтимол, доно халқнинг яратган мақоллари “тафтиш” қилина бошлангани бунга бош сабабдир.

 

Отабек ИСРОИЛОВ 

https://uzhurriyat.uz/2022/06/02/ustoz-otangdan-ulug/

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *