Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Билганлар билан билмаганлар баробар бўладиларми?”, деб марҳамат қилган. Олим билан жоҳил, ҳунарли билан ҳунарсиз, тенг келадими? .Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Мазкур суранинг 32-оятида эса: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дейилади.Аллоҳ таоло Ўз каломида илм аҳлининг мартабасини баён қилиб, яна шудай марҳамат қилган: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур.”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадиси шарифларда ҳам устознинг мақомини таърифлаб, шундай дейилган: “Албатта, Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга саловот айтадилар”.
Улуғ саҳобий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли куёвлари Али розияллоҳу анҳу: “Менга илмдан бир ҳарф ўргатганнинг қулиман: хоҳласа сотиб юборади, хоҳласа озод қилади, хоҳласа қул ҳолимда қолдиради”, дейдилар.
Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатни гапирмасак ҳам бўлади
Саъдий: “Ота-онанинг меҳридан, устознинг жаври яхшидур”, дейдиДонишмандлар айтишадики: “Элни маърифат асрайди”. Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” — деган. Демак, устозларнинг зиммасида жуда ҳам буюк масъулиятли вазифа юкланган. Бу ҳам бўлса, келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар инсонларни тарбиялаб чиқариш вазифасидир.
Убода ибн Сомит (разияллоҳу анҳу)дари ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Каттамизни улуғламаган, кичкинамизга раҳм қилмаган, олимимизнинг ҳаққини билмаган инсон биздан эмас”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Бурҳонул-Ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): «Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади», дейдилар. Улуғ халқимизда эса «устоз отангдан улуғ!» деган ҳикматли сўз бор.
Имом Мовардий (р.ҳ) ўзининг «адабуд-дийн вад-дунё» номли асарида кўплаб муҳаққиқ олим ва муфассирлар устоз ҳаққини ота ҳаққидан устун эканлиги ҳақидаги қарашни маъқуллаганларини зикр қилади.
Имом Саффорийний (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Муаллимни эҳтиром қилиб, улуғлаш ва унга тавозеъли бўлиш лозим”. Ҳатто уламолардан бирлари “фаатиҳатул-китааб” номли асарда муаллимнинг ҳаққи отанинг ҳаққидан кучлироқ эканлигини очиқ-ойдин таъкидлаган. Чунки, муаллим абадий ҳаётга эришиш, ота эса фоний ҳаётга эришиш сабабчисидир Зеро, ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига қараб кўтарилишига хизмат қилади. Шу боис ҳам мусулмон халқи қадим-қадимдан устоз ва муаллимларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган.Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: «Мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан», дер эди.
Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: «Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим».
Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: «Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: «ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам».
Азизлар, ўтган устозларимизнинг охиратлари обод бўлсин.Ҳозирги кунда зиммаларидаги масъулиятли вазифаларини сидқидилдан бажариб юрган устоз-муаллимларга Аллоҳ ёру мададкор бўлсин.Улар доим шогирдлар ардоғида юрсинлар.
Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси
https://sirdaryomuslim.uz/885-2/
Сўнгги фикрлар