УЧРАШУВ (Ҳажвия)
Эшитмадим деманглар: каминанинг елкасига “олахуржин” осиладиган бўлди.
Полвон бухгалтер биз юборган совчиларга рози бўпти! Шанба куни унаштириш маросими, келгуси ойнинг бошида эса – тўй!
Келин бўлмиш – Сайёрахон жаа ўзимбоп! Ҳусну латофати ҳақида гапирмасам ҳам бўлаверади. (Буёғи ўзимга сийловда!). Аммо, жаҳли бурунчасининг учида тураркан. Илк учрашувимиздаёқ менга “Кўзингиз мунча олма термаса?” деб дашном берганди. Ростини айтсам, бир ёстиққа бош қўймасимизданоқ “империя” тепасига хоним чиқиб олдилар.
– Булар ҳали ҳолва,– деди бир куни дардимни обдан тинглаган Рўзибой жўрам елкамга қоқиб.– Тўйдан кейин кўрасан ҳақиқий томошани.
– Йўғе?!
– Ҳалиям бўлса даврингни суриб қол…
– Қанақа «даврим»ни?
– Кўнглингга ёққани билан айшу ишрат деганларидек…– Дўстим айтаётган ғалати «маслаҳат»лар негадир хуш ёқарди. Гапининг якуни жўялидек эшитилди.– Бу ҳар бир эркакнинг бошида бор савдо, ошнажон.
– Билиб қолсачи?
Жўрам жавобни қўшиқ қилиб юборди:
– Билдирмасанг бўлар асал, аксинча бўласан касал, ҳи-ҳи…
Чорак аср билан тенглашиб, қизларга кўз олайтирган эмасман. Қандайдир олифталарга ўхшаб нотаниш жононларнинг бошини осонгина айлантириб кетолмайман. Очиғи, унақа ишларга уқувим йўқроқ. Аммо, жўрамнинг сирли гапларидан этим жимирларди. Айниқса, «Бу ҳаёт қонуни!» деган гапи миямга муҳрланиб қолган…
Шаҳарда нима кўп – кўзни ўйнатадиган жонон кўп! Йўловчилар билан гавжум ерости йўлида биттасини учратдим! Бай-бай-бай, мунақаси бошқа туғилмаса керак. Нақ афсонавий фариштанинг ўзгинаси. Оламдаги жамики гўзалликнинг жонли тимсоли бўлган бу гўзал ҳақиқий фариштага ўхшарди. Тўлин ойдек кулча юзига хушбичим бурунчаси қуйиб қўйгандек, қайрилма қошлар тагида бир жуфт қуралай кўзи сеҳрлаб қўяди. Келишган қоматига бўлиққина билаклари жуда монанд. Ўрим-ўрим сочлари сеҳргарнинг илонидек тўлғонадия…
Бир нуқтага термулганча ўй сураётган асалим шу тобда нималар ҳақида ўйлаётган экана? Балки у ҳам каминага ўхшаб барвақтроқ унаштириб қўйилганидан афсус чекаётгандир?.. Унга ҳам Рўзихолми, Рўзигулми деган бирор дугонаси сирли гаплар айтгандир? Ўйламай-нетмай қитиқ патига тегиб қўйгандир? Ҳозир менга кўзи тушубоқ Алпомишни кўргандек бўлаётгандир? Мен ҳам унга ёқиб қолган бўлсама!.. Ана, суқланиб қараб қўйди. Вой, киприкларингдан-ей… Шу тобда Рўзибой жўрамнинг “насиҳат”лари ёдимга тушиб беихтиёр қўзғолдим. Оёқларим ўзимга бўйсунмай қўйди. Гўзал қизнинг ёнига қандоқ бориб қолганимни билмайман. Тилим ҳам жиловдан бўшалгандек ўзича бидирлай кетди:
– Сизни қаердадир кўргандекман, юзингиз жуда таниш…
Фариштани ҳам доғда қолдирадиган “гўзал” каминага бошданоёқ нигоҳ ташлади. Секин бош ирғаб қўйгандек бўлди. Узоқ танишини эслаётгандек силлиқ пешонасини тириштирди. Қошлари бирам чиройли чимирилар эканки… Ҳа, ҳа, кимгадир ўхшатди мени! Қандоқ зўр омад! Бунақа омад ҳатто ўша маслаҳатгўй жўрам Рўзибойга ҳам насиб қилмаган бўлса керак!..
Гулдурос солиб келаётган эшелон сўнгги бекатда тўхтаб, эшиклари шарақлаб очилди. Унсиз қўзғолган қизнинг ортидан эргашдим. Зиналардан одимлаб кўтарила бошладик. Тўппа-тўғри Қибрай бекатига келдик.
– Талаба бўлсангиз керака?– Гап “узулиб” қолмаслиги учун шунчаки сўрадим ундан.
Қиз беун бош ирғади.
– Қаерда ўқийсиз?
– Университетда!
– Ия,– университетимиз бир эканку! Қайси факултетда?
– Географакда.
– Мен эса журналистика факультетини тамомлаганман. Дипломим ҳам бор! Исмим Худойқул. Бўйдоқман…
Сўнгги сўзимни унчалик тушунмаган қиз камондек киприкларини менга қадади! Худди шу пайт жўрам ўргатганидек… лўппи юзидан боплаб бўса олдим. Шу он юзимга тушган шапалоқ кўзимдан олов чиқариб юборди. Чиройли қўлчаси мунча қаттиқ бўлмаса?!
– Бу нима қилиқ?! Ол қўлингни! Жинни!..
– К-кечиринг…
Гапим бўғзимда қолди. Бекатга келиб тўхтаган “Тошкент-Қибрай” автобусининг қўштабақали эшиги очилди. Қиз оҳу каби бир сакраб автобусга чиқди. Ортидан арслондек отилиб чиқдиму… тош қотдим. Афсуски ортимга бурилиб қочишнинг ҳам фурсати ўтган. Эшикларини ўшандай шарақлатиб ёпганча жойидан жилган автобусда Сайёрахоним қаққайиб турарди.
Ўртадаги “йўлак”чада турган хонимнинг қулоғига қиз нимадир деб шивирлади.
Бўлғуси хотиним ялт этиб кўзимга қаради…
Бу сурат 1982 йилда талабалик йилларимиз Сирдарё вилояти «Оқолтин» туманида пахта териб юрган кезларимизда олинган. Чапдан: ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультети талабалари Абдуғафур, Комила Юсупова, Валияхон Саидова, Тўлқин Эшбек, Санобар Боймуродова ва 2-курсдан ўқишга келмай қўйган собиқ (исмини эслолмадим…) курсдошимиз.
Қаранг, ўша талабалик йилларимиз ортда қолиб, орадан 10 йилча вақт ўтгач, юқоридаги ҳажвияни ёзган эканман. Бу ҳам ажиб хотира…
Тўлқин ЭШБЕК
1992 йил
Qoyil. Hajviya juda yoqdi.
mana 23 yildan buyon yashab kelayotgan bu hajviyaning qadr-qimmati hali oy sari emas, kuno sayin ortib bordi! ijodingizga qoyil qolamanda…
rostan hajviya ajoyib bo`libdi. ijodingizga omad
maqolalarda ommalashgan leed qismi bor bu hajviyaning boshidan hammani o’ziga tortadigan hammaning boshiga tusgadigan so’zlardan boshlanganligidir eng muhimi hajviya hajviyadek bo’libdi…….
Hajviya Rostdan ajoyib, bu hajviyani Xuddi o’zingizdan eshitib xursand bo’lgandek o’qidim.
Rostan ham juda zo’r chiqibdi.QOYIL
Ustoz, hajviyangiz ajoyib yozilgan ekan. Eng muhimi, bu hajviyaning zamirida katta ma’no bor!
rahmat ustoz haqiqiy hayotning haqiqi
y insonlarini hajv qilganingiz uchun.
Эссиз, Худойқулнинг аҳволи чатоқ бўлибди-да! Унаштирилган экан. Худога шукрини айтиб, бўлажак турмуш ўртоғига қаноат қилганида, вазият умуман бошқача бўлармиди?!
Уша ошинг баттар булсин