Фан ва таълим уйғунлиги – илғор изланишлар асоси

Бугунги шиддатли ҳаётимизни илм-фаннинг энг замонавий ютуқлари,

жумладан, полимерлар кимёси фанисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мазкур соҳа ривожида юртимиз ва хорижий давлатлар илмий жамоалари, олимлар, етакчи мутахассисларининг ўзаро мулоқоти ва тажриба алмашиши муҳим ўрин тутади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган халқаро анжуманда полимерлар ҳақидаги фаннинг долзарб масалалари юртимиз ва хорижлик олимлар иштирокида муҳокама этилди. Унда юртимиз олимлари билан бирга АҚШ, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатлардан мутахассислар иштирок этди.

Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази директори Сайёра Рашидова ва бошқалар мамлакатимизда илм-фан, таълимнинг барча йўналишларини жадал равнақ топтириш, ижтимоий-иқтисодий жабҳалар учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш, фан, таълим, ишлаб чиқариш жараёни ўртасидаги узвийлик, интеграцияни таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиш борасидаги эзгу интилишлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 8 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасини янада мақбуллаштириш ҳамда республика академик илм-фани ва олий таълимининг интеграциясини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори илмий муассасалар, инновацион марказлар фаолияти самарадорлигини ошириш, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабаларини илмий-тадқиқотга кенг жалб этиш, илмий-тадқиқот ва инновация ишланмалари натижаларидан фаол фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиздаги етакчи илмий муассасалардан бири бўлган мазкур марказ олимлари томонидан яратилган янги материаллар ва нанотехнологияларга оид илмий тадқиқотлар, ишланмалар аграр соҳа, тиббиёт, фармакология, полиграфия, енгил саноат ва тўқимачилик, автомобилсозлик, ишлаб чиқариш, саноатнинг кўплаб йўналишларида кенг жорий этилмоқда.

Фаннинг бир неча соҳаларини ўзида уйғунлаштирган полимерлар кимёси бўйича тадқиқотларни ривожлантириш жараёнида илк бор ўсимликларни кимёвий ҳимоялашда полимер препаратив воситаларни қўллашга оид фундаментал ва амалий тавсифли ғояларга асос солинди. Ушбу технологиялар хавфсизлиги, ишончлилиги, экологик жиҳатдан тозалиги билан халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилган. Узхитан препарати ўсимликлар ўсишини жадаллаштирса, полидеф препарати пахта ҳосилининг ортиши, экин майдонининг экологик ҳолати яхшиланишида алоҳида аҳамият касб этади. Маҳаллий хомашё асосидаги интерферон воситаси грипп ва ўткир вирусли респиратор касалликларининг олдини олиш ва даволашда қўл келмоқда. Саноатнинг турли соҳалари учун термопластлар ва қатламли силикатлар асосидаги қийин ёнувчан, ўта юқори ҳароратга чидамли, термобарқарор нанокомпозитлар синтези ва тадқиқотлари махсус хоссали полимер материаллар олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

– Полимер материалларидан асаб тизимида учровчи турли касалликларни даволаш бўйича тадқиқот олиб боряпмиз,– дейди АҚШнинг Шимолий Каролина университети дори воситалари етказиб бериш бўйича нанотехнологиялар маркази директори, профессор Александр Кабанов.– Ушбу марказнинг замонавий тиббиёт, фармакология соҳаларида татбиқ этилаётган ишланмалари самарадорлиги, полимерлар кимёси фанидаги энг илғор технологияларга асослангани билан диққатга сазовордир.

– Ўзбекистонда илм-фан ривожи инновацион тараққиёт йўлига асослангани билан диққатга сазовор,– дейди Гродно университети профессори Василий Струк (Беларусь).– Бунда фан, таълим, ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлиги, илғор ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, академик олимларнинг ёш тадқиқотчилар билан биргаликда илмий ишланмалар устида иш олиб бориши фандаги истиқболли лойиҳаларни амалиётга кенгроқ жорий этиш имконини бераётир.

– Марказимизда ёш олимлар учун икки йиллик фундаментал ва амалий грантлар ажратилмоқда,– дейди марказ илмий котиби Абдумутолиб Отахонов.– Бу лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика ва соҳалардаги изланишларга йўналтирилмоқда. Шу билан бирга Миллий университетнинг физика, кимё, биология факультетларининг талабаларидан иборат гуруҳ ташкил этилган. Улар иштирокида олий таълимнинг барча бўғинларида илмий ишларни тайёрлаб, диссертацияларни ҳимоялаш учун зарур барча шароит яратилган.

Анжуманда полимерлар кимёси соҳасининг ривожланиш тенденциялари, бунда миллий ва халқаро тажрибанинг энг афзал жиҳатлари, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ёш олимларнинг илмий ишланмаларига эътиборни кучайтириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенгроқ жорий этиш каби масалалар муҳокама этилди.

 Назокат Усмонова, ЎзА
***
ЎзМУда амалга оширилаётган улуғвор ишларни теран нигоҳ ила кенг ёритган истедодли ҳамкасбимиз, Журналистика факультетининг энг иқтидорли талабаларидан бўлган Назокат Усмоновага самимий миннатдорчилик изҳор этиб, келгуси ижодий ишларига муваффақиятлар тилаб қоламиз!
Назокат Усмонованинг ижодий маҳорати, камтарлиги ва бошқа ноёб фазилатлари Журналистика факультети талабалари учун ўзига хос ибрат намунасидир, дейди Дониш домла чин дилдан.

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. haqiqatdan ham bu uchrashuv meni qiziqtirdi chunki unda ko’tarilgan mavzu men uchun haqiqatdan ham yangilik chunki men polemerlar kimyosi va fizikasi haqida umumsn eshitmagan edim. O’ylaymanki bu bilan tanishganim menga faoliyatim jarayonida astqoradi. Xaqiqatdan gam qiziqarli ekan.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *