Фаол ва изланувчан олимлар тақдирланди
Пойтахтимизда жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фаол ва изланувчан олимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ва АҚШнинг «Clarivate Analytics» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори М.Болтабоев ва бошқалар мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, илғор технологияларни кенг татбиқ этиш, олимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, АҚШнинг «Clarivate Analytics» компаниясининг “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига жорий йилнинг 1 июлидан мамлакатимиз ҳам обуна бўлди. «Clarivate Analytcs» компанияси турли давлатларда йилнинг энг яхши фан етакчиларини аниқлаш мақсадида танлов эълон қилиб, энг яхши натижаларга эришган, “Web of Science” халқаро базасига мақолалари киритилган олимларни рағбатлантириб келади.
Тақдирлаш маросимида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган олимлар моддий рағбатлантирилди. «Энг яхши аёл тадқиқотчи», «Энг яхши ёш олим», «Энг яхши илмий журнал», «Энг яхши олий таълим муассасаси», «Энг яхши илмий-тадқиқот муассасаси» номинациялари бўйича ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
– Бугунги тадбир ҳам юртимизда биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунасидир, – дейди А.Абдужабборов. – Бизга яратилган чексиз имкониятлар нафақат мамлакатимизда, балки, бутун дунёда илмий салоҳиятимизни намоён этишимизга замин яратмоқда. Бизга билдирилган ишончни оқлаб, келажакда астрофизика соҳаси бўйича аждодларимизга муносиб издош бўлишга ҳаракат қиламиз.
Сўнгги фикрлар