Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Охирги бир ярим йил давомида фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
“Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилиб, уларнинг ҳудудида 41,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бешта лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мамлакатда ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятида давлат-хусусий шериклик шартларида 75 та ижтимоий дорихоналарни қуриш ва жойлаштириш бўйича ишлар бошланган.
Шу билан бирга, ўрганишлар қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ижро этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаётганлигини, масъул органлар раҳбарларида юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббускорлик йўқлигини кўрсатди. Хусусан:
биринчидан, эркин иқтисодий зоналар дирекцияларини шакллантириш таъминланмаган, улар фаолиятини молиялаштиришнинг аниқ манбалари ва механизмлари белгиланмаган, ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш учун ер участкаларини ажратиш масалалари ҳал этилмаган;
иккинчидан, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан эркин иқтисодий зоналарнинг ишини самарали ташкил қилиш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти;
учинчидан, эркин иқтисодий зоналарнинг ривожланган транспорт,
йўл ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси мавжуд эмаслиги
уларнинг ҳудудида юқори сифатли фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш имконини бермаяпти, зоналарнинг бош режаларини ишлаб чиқиш жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ва инвесторларда юзага келаётган муаммоларни эътиборга олмаган ҳолда амалга оширилмоқда;
тўртинчидан, давлат-хусусий шериклик шартларида ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ва фаолият юритишининг ҳуқуқий тартиби белгиланмаган, уларнинг жойлашуви тасдиқланмаган, бу эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига шундай дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмаслигига олиб келган;
бешинчидан, дорихоналарда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳаракатини ҳисобга олиш, шунингдек, дорихоналарнинг жойлашуви, дори воситаларининг ассортименти ва нархи ҳақида аҳолини хабардор қилиш бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жараёни паст суръатларда бормоқда;
олтинчидан, фармацевтика тармоғи муассасаларининг илмий-тадқиқот фаолияти замонавий талабларга жавоб бермайди, малакали мутахассисларни тайёрлаш масалаларига етарли эътибор қаратилмаяпти;
еттинчидан, мавжуд илмий ишланмаларни амалиётда синовдан ўтказишнинг самарали тизими мавжуд эмас, уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқиш соҳасида янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти.
Мазкур ҳолатлар фармацевтика тармоғини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чораларнинг сустлашишига олиб келмоқда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини арзон дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ва инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
1. Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш соҳасидаги ишларни ташкил этиш борасидаги фаолиятиқониқарсиз деб топилсин.
Ишда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги ва лозим даражадаги ташаббускорлик йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармавцевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори З.А.Дусанов ва мазкур агентлик директорининг биринчи ўринбосари М.М.Дусмуратов эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
3. “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналаридаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳлар 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Ишчи гуруҳлар томонидан икки ой муддатда:
эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган ер участкаларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги, транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш имкониятлари мавжудлиги нуқтаи назаридан ўрганилишини;
эркин иқтисодий зоналар бош режаларининг жойлардаги ҳақиқий вазиятни ва уларни амалда ижро этиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилишини;
эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун потенциал инвесторларни жалб этиш чораларини кўришни таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Қ.В.Акмалов) икки ой муддатда ишчи гуруҳлар фаолиятининг якунлари бўйича қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
Доривор ўсимликларнинг плантацияларини ташкил этиш бўйича тадбирлар дастури;
Тайёр дори воситалари ва тиббий буюмлар, ёрдамчи ва ўраш-жойлаш материалларини ишлаб чиқариш бўйича эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари рўйхати.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбектелеком” АК бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда эркин иқтисодий зоналарнинг бош режалари тасдиқлангандан кейин бир ой муддатда эркин иқтисодий зоналарнинг транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин.
6. Ҳар бир эркин иқтисодий зонага Қорақалпоғистон Республикаси ва тегишли вилоятлар прокурорлари бириктирилиб, уларнинг мазкур соҳадаги асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгилансин:
эркин иқтисодий зоналар бош режаларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши устидан назоратни амалга ошириш;
лойиҳалар ташаббускорларига лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш;
янги ташкил этилаётган қувватларни транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш ҳамда уларнинг сув, газ ва электр таъминотига уланиши устидан назоратни амалга ошириш;
лойиҳалар ташаббускорларига рухсат берувчи ва бошқа ҳужжатларни олишда, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
лойиҳалар ташаббускорларига лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишда тўсқинлик қилаётган, ортиқча бюрократик тўсиқларни яратаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан қатъий чоралар кўриш.
Белгилансинки, вилоят миқёсидаги масъул давлат органлари ва ташкилотлар ҳар ойда Қорақалпоғистон Республикаси ва тегишли вилоятлар прокурорларига эркин иқтисодий зоналарда амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ҳисобот тақдим этади.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
икки кун муддатда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида ижтимоий дорихоналарни жойлаштириш имкониятларини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш учун ишчи гуруҳларни ташкил этсин;
ўтказилган ўрганишни инобатга олган ҳолда, 2018 йил 1 апрелга қадар муддатда ижтимоий дорихоналарнинг жойлашувини тасдиқласин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ижтимоий дорихоналар тўғрисидаги низом лойиҳасини киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги
ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 июнга қадар муддатда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепциясини тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда:
а) 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда қуйидаги имкониятларни тақдим этадиган Интернет тармоғида ахборот порталини, шунингдек, мобиль иловаларни яратсин:
асосий ахборот индикатори сифатида лицензия мавжудлигини акс эттирган ҳолда дорихоналарнинг жойлашувини аниқлаш;
дори воситалари ва тиббий буюмларни, зарур ҳолларда сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларни тегишли дорихоналар томонидан аҳолига етказиб беришни таъминлаган ҳолда реал вақт режимида сотиб олиш;
б) 2018 йил 1 майга қадар муддатда Ўзбекистон Республикасида дори воситалари ва тиббий буюмларни ҳисобга олиш ва ҳисобот жараёнини автоматлаштириш, шунингдек, улар ҳақидаги зарур ахборотни тақдим қилган ҳолда дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация қилиш имконини берувчи махсус маркировка тизимини жорий этиш мумкинлиги масаласини ўргансин;
в) 2018 йил 1 апрелга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат тиббиёт муассасалари ва ижтимоий дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳисобини олиб боришнинг, шу жумладан бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишини тезкор аниқлаш ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни яратиш бўйича таклифлар киритсин.
9. Аҳолини дори воситалари билан таъминлашдаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича жамоатчилик комиссияси (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби ва ҳудудларда ҳар ҳафталик учрашувларни ташкил этиш графиги 3 ва 4-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
Комиссия (К.М.Рафиков):
ҳар 10 кунда ҳудудларга бориш ва жойларда учрашувлар ўтказиш орқали дори воситалари билан таъминлашда аҳолининг энг муҳим муаммолари ҳал этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ташкил қилсин;
фармацевтика тармоғида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва манзилли бўлиши, уларнинг мазкур соҳадаги ишлар ҳолатини яхшилашга реал таъсир кўрсатиши масалалари бўйича фуқароларнинг фикр, мулоҳаза ва тавсияларини ўрганиш орқали аҳоли билан акс алоқани таъминласин;
фуқароларни, айниқса, ижтимоий эҳтиёжманд ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшайдиган фуқароларни ижтимоий аҳамиятга эга ва арзон дори воситалари билан таъминлаш бўйича ишларнинг ҳақиқий ҳолатини пухта ўргансин;
аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва унинг аҳоли яшаш жойларида етарлилиги, шунингдек, ижтимоий дорихоналарнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича мавжуд инфратузилмани танқидий ўргансин;
дори воситалари нархининг ошишига ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқласин, аниқланган муаммоларни бартараф этиш, аҳолини дори воситалари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича прокуратура органлари билан биргаликда тезкор чоралар кўрсин;
мазкур қарор ижро этилиши жараёнини мунтазам ўргансин, ушбу масала бўйича масъул давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботини эшитсин, юклатилган вазифалар ижросининг бузилиши ҳолатлари ва сабабларини аниқласин ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида прокуратура органларини ўз вақтида хабардор этсин;
кредитлар бериш, ер участкалари ажратиш, тегишли лицензия ва рухсатномалар олиш, инфратузилмага уланишда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ва потенциал чет эл инвесторлари билан учрашувлар ўтказсин;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзавтосаноат” АЖ билан биргаликда олис жойларда яшовчи аҳолига, энг аввало, ижтимоий аҳамиятга эга ва энг зарур дори воситаларини сотишни таъминлайдиган “Дамас” автомашиналарида кўчма дорихоналарни ташкил этишчораларини кўрсин;
оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телеведениеда амалга оширилаётган ишларнинг бориши ва натижалари мунтазам ёритилишини ташкил этсин;
ўтказилган ҳар бир жойига чиқиб ўрганиш ва учрашувлар якуни бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот киритсин.
10. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Комиссия фаолияти доирасида
унинг раиси талабномаси бўйича ҳар йили маҳаллий қатновдаги поездларнинг барча турларига темир йўл чипталари захира қилиб қўйилишини ва бепул расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Республикада яратиладиган ва ишлаб чиқариладиган устувор дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини аниқлаш бўйича ишчи комиссия 5-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
Ишчи комиссия уч ой муддатда:
фармацевтика бозорини ўрганишни ҳамда ташхис қўйиш ва даволаш стандартларини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлаш учун устувор бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини аниқлашни;
ўрта муддатли истиқболда жорий этиш учун истиқболли дори воситалари ва тиббий буюмларнинг маҳаллий ишланмаларини аниқлашни;
эҳтиёж учун зарурлиги, ижтимоий аҳамияти, ишлаб чиқаришга жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги ва мумкинлигидан келиб чиқиб, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тоифаларини аниқлашни таъминласин.
12. Инновацион ривожланиш вазирлиги Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини танқидий ўргансин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мазкур соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича, шу жумладан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ўқув-илмий лабораторияси ва тажриба-ишлаб чиқариш мажмуасини ташкил этишни назарда тутган ҳолда таклифлар киритсин.
13. Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 апрелга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш учун хом ашёни импорт қилишда қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзни қўллаш механизмини соддалаштириш юзасидан таклифлар киритсин, бунда тасдиқланган рўйхат асосида имтиёз қўллаш тартиби истисно қилиниб, дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрлаш учун олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқариладиган хом ашё ва субстанцияларга қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмаслиги назарда тутилсин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига дори воситалари ва тиббий буюмлар тайёрлаш учун республикада ишлаб чиқариладиган хом ашё ва субстанциялар рўйхатини тақдим этсин.
14. Бош прокуратура (О.Б.Муродов), Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизмати (Р.С.Касимов), Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати (Б.М.Мавлонов), Ҳисоб палатаси (М.М.Икрамов) ва Вазирлар Маҳкамаси (Қ.В.Акмалов):
ҳар чоракда графикларни тасдиқласин ва улар асосида ишчи гуруҳлар, масъул вазирликлар ва идоралар вакиллари, фармацевтика корхоналари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, инвесторлар иштирокида “Йўл харитаси” ва мазкур қарорда белгиланган бошқа вазифаларнинг бажарилиши жараёни ҳар ҳафта муҳокама қилинишини ташкил этсин;
муҳокама якунлари бўйича юклатилган вазифалар ижросининг бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини қўлласин.
15. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В.Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Р.С.Касимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К.М.Рафиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 февраль
Сўнгги фикрлар