Фармон Тошевнинг маҳорат мактаби

Устоз бу гал маҳорат дарсини бўлғуси журналистларга 50 дона китоб ҳадя этишдан бошлади.

Таниқли публицист, адиб ҳамда шоир, Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида ўз маҳорат мактабини ташкил этганига ўн йилча бўлди. Устоз журналист ҳар йили бир-икки марта бўлғуси журналистларга касб маҳоратидан сабоқ бериб, амалиёт сирларини ўргатиб кетади. Ҳар гал у самарқандлик ижодкорларнинг янги китоблари, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталаридан 50-60 тадан Журфак кутубхонасига топширади, бир қисмини бўлғуси журналистларга тақдим этади.

1 2 3 4 5

Ўз навбатида устознинг таклифи билан ҳар йили Журфак талабаларидан бир гуруҳини “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририятида ташкил этилган “Маҳорат мактаби”га олиб бориш йўлга қўйилган.

– Талабалар етук журналист бўлишлари учун назарий билимларни пухта эгаллаш баробарида амалиёт сирларини ҳам тажрибали журналистлардан ўрганишлари зарур,– дейди Журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоев.– Ҳар гал ёш ижодкорларимизни Самарқандга олиб борганимизда улар йўл-йўлакай табиат манзараларига ошно бўлиб, кўҳна ва навқирон шаҳар гўзалликларидан илҳомланиб кетадилар. Шу тариқа “Зарафшон” газетасининг навбатдаги сонини устоз-у шогирдлар биргаликда нашрга тайёрлайдилар.

Тажрибали журналист Фармон Тошев “Пахтачи” туман газетасида, Самарқанд вилоят радиоси ва “Зарафшон” газетасида фаолият кўрсатган йиллари тўплаган тажрибалари, ижод сирлари ҳақида сўз юритганида талабаларда танлаган касбларига бўлган иштиёқ янада ортади.

Устоз адиб ва шоирнинг “Қарнабчўл қўшиғи”, “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабота армони”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Отамнинг сабоқлари”, “Умрнинг ўртаси”, “Ўзимдек яшашни истайман”, “Бедаво кўнгил”, «Сўз айтмоқ саодати», “Соғинч”, “Аёллар нима дейди?”, “Тафаккур манзаралари”, “Ғазал маъни, ғазал санъат”, “Адиб ва адабиёт”, “Тазарру”, “Тузоқ” китобларини мухлислари севиб мутолаа қиладилар.

– Ижодкор ҳаётини китобсиз, ижодсиз тасаввур қила олмаслиги керак,– дейди Фармон Тошев бўлғуси журналистларни илҳомлантириб.– Адабиёт, бадиий ижод интеллектуал фазилат, ботиний ҳисларга асосланади. Бўлғуси журналистлар кўп ўқиб-ўрганиб, ижодий руҳ, илҳомбахш туйғулар билан камол топишини истаймиз.

Виртуал олам муҳим воқеликка айланган бугунги кунда устознинг toshev.uz сайти ҳам талабаларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Маҳорат мактаби машғулотида талабалар ижод бўстонида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти

Вам может также понравиться...

Ответов: 2

  1. Assalomu aleykum ustoz! Avvalombor shunday ucrashuvni tashkilashtirganingiz uchun kottakon rahmat. Ustozning qalamiga mansub kitoblar mening kitob javonimdan joy oldi. Amaliy ko’nikmalari esa kelajakda yetuk jurnalist bo’lishim uchun zamin yaratdi!

  2. Assalomu alaykum ustoz. Bizni shunday buyuk inson bilan tanishtirganiz uchun ular bilan dildan suhbatlashib jurnalistika haqida biz bilmagan ma’lumotlarni bizlar bilan bo’lishganlari hamda qimmatbaxo sovg’alar kitoblar uchun sizga ustozimiz Farmon Toshev katta rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *