Фахрим, зиё масканим – Миллий университет
12 май – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ташкил топган кун!
Шу қутлуғ сана муносабати билан университет Маданият саройида “Фахрим, зиё масканим – Миллий университет” деб номланган катта анжуман бўлиб ўтди.
– Дунёда машҳур университетлар кўп, бироқ, айнан Миллий университет мақомига эга бўлганлари саноқлигина,– деди ректор Шуҳрат Сирожиддинов анжуман иштирокчиларини ЎзМУнинг 98 йиллиги билан муборакбод этар экан.– Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида таълим соҳасига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, муҳтарам Юртбошимизнинг “Ёшлик” Талабалар шаҳарчасига, Миллий универитетимизга бир неча бор ташриф буюриб, бу масканда улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилишига бош-қош бўлганлари барчамизга ғурур бахш этади.
Айтиш жоизки, бу университет 1918 йил 12 майда ташкил этилган. У 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб аталган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарорига биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлган ва у Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда.
Миллий университет ходимлари, талабалари, профессор-ўқитувчилари бугун бу олий таълим даргоҳи билан ҳақли равишда фахрланадилар. Салкам бир аср давомида минглаб аҳли илм дарғаларини тарбия этиб келаётган, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда таълим даргоҳларининг шаклланишига асос бўлган ЎзМУ шу давр орасида илм-фаннинг турли соҳаларида улкан ютуқларга эришди. Хорижда ҳам тан олинди. Математика, кимё, физика, география ва геология, биология, тарих, ўзбек тилшунослиги каби ўнлаб фанлар бўйича илмий мактаблар шакллантирилди. Халқ хўжалигининг турли соҳалари учун ўн минглаб малакали мутахассислар, илм-фан, маданият ва жамоат арбоблари етишиб чиқди. Марказий Осиёдаги ўнлаб илмий ташкилотлар, Фанлар академиялари, олий ўқув юртларининг шаклланишида университет асос бўлиб хизмат қилди. Бунинг замирида, албатта, тинимсиз меҳнат ва изланиш ётади.
Айни пайтда университетимиз 11 та факультетида 66 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2 та илмий тадқиқот институтлари, 1 та илмий-тадқиқот маркази, 1 та илмий марказ, 4 та ўқув-илмий комплекс, 18 та лаборатория (Функционал полимерлар кимёси, Макроциклик бирикмалар кимёси, Табиий бирикмалар кимёси, Полимерлар кимёси, Кукунсимон полимер материаллар, Мембраналар биофизикаси, Стратиграфия ва чўкинди жинслар литологияси, Магматизм ва геодинамика, Пахта генетикаси, Биотехнология, Экспериментал ва татбиқий геофизика, Фильтрация, Социологик тадқиқотлар, Компьютер лингвистикаси, Физик-химик методлар) ҳамда илмий мактаблар фаолияти самарали давом этмоқда.
Айни пайтда университетимизда 3 та ТЕМПУС, 2 та Эрасмус Мундус, 2 та илмий ҳамда 2 та хорижий олий таълим муассасалари билан икки томонлама шартномалар асосида кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда университетимиз олимлари Европа комиссиясининг янги Эрасмус+ лойиҳалари танловида қатнашиб 3 та (2 таси миллий, 1 таси минтақавий) лойиҳани қўлга киритди.
Миллий университетда халқаро талабларга мос фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, нуфузли олий таълим муассасалари билан илм-фан ва таълим соҳасида манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда университетимиз профессор-ўқитувчилари Япония, Россия, Буюк Британия, Германия, Австрия, Швейцария, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Исроил ва Малайзия каби дунёнинг 35 та давлатидан 71 та хорижий олий таълим муассасалари ва илмий фондлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Дунё билан бўйлашаётган университетимиз қатор мемонрандумлар асосида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Чехия, Австрия, Польша, Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг номдор олий таълим муассасалари билан талаба, магистрантлар алмашинуви бўйича дастурлар, ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда. Миллий университетимизнинг қатор факультетларидан талаба, докторант, илмий ходим ва профессор-ўқитувчилари хорижий мамлакатларда ўқимоқда, малака оширмоқда, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда ва илмий амалий анжуманларда иштирок этмоқда. Халқаро академик ва илмий соҳадаги фондлар ва ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар элчихоналари билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.
Миллий университетимизда бу йил Тил маркази ташкил этилди. Мазкур марказда талабалар-у тадқиқотчилардан тортиб педагог ходимларигача инглиз, немис, француз, рус, хитой ва бошқа тилларни мукаммал ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Шу билан бир қаторда ўзбек тилини ўрганиш иштиёқида бўлган хорижликлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам бу масканда мукаммал сабоқ олишлари мумкин. Замон талабларига мос равишда ташкил этилган Тил маркази учун 5 та ўқув хонаси ва 1 та конференция зали ажратилган. Аудиториялар замонавий технологиялар, компьютерлар, проекторлар билан жиҳозланган, ўқув жараёни учун зарур бўлган инглиз, немис, француз, хитой, рус ва ўзбек тилларидаги дарсликлар, луғатлар, илмий рисолалар, газета-журналлар билан таъминланган. Айни пайтда бу даргоҳда 100 дан ортиқ тингловчилар хорижий тилларни ўрганишга киришдилар. 3 нафар чет эл фуқароси рус ва ўзбек тилларини ўрганиш учун марказга қатнамоқдалар. Тил марказида ёзги мактаблар ташкил этилиши режалаштирилган. Унда чет элликлар ўзбек тили билан бир қаторда маданиятимиз, маънавиятимиз, урф-одатлар ва бошқа миллий қадриятларимизни ўргансалар, талабаларимиз тараққийпарвар дунё сирларидан баҳраманд бўладилар. Шу тариқа миллий қадриятларимиз ҳам дунё узра маънавий нур бўлиб таралишига замин яралади. Асл миллий қадриятларимиз курраи заминнинг қай бурчини мунаввар этса, у ерда бўлмағур “ғоя”ларга, салбий ҳолат-у ғайриинсоний иллатларга асло ўрин қолмайди. Ёзги мактаб лойиҳаси доирасида ЎзМУ талабалари хорижлик тенгдошлари билан яқиндан дўстлашадилар. Бундай ришталар, ҳамкорликлар келгусида ривожланган мамлакатлар университетлари билан талабалар алмашинувини амалга оширишга хизмат қилади. Яъни, ўзбекистонлик йигит-қизлар уларнинг ўқув даргоҳларида, чет эллик талабалар эса Ўзбекистон Миллий университетида таълим олишлари йўлга қўйилади.
Шу кунга қадар Ўзбекистон Миллий университетининг кўплаб иқтидорли талабалари, магистрант ва тадқиқотчилари Англиянинг Кэмбриж, Очиқ университетларида, Ҳиндистон, Италия, Греция, Япония, Жанубий Корея, Россия олий таълим муассасалари, Германиядаги Вилгельм номидаги Вестфаль университетида грант асосида малака оширмоқдалар. Шу билан бирга Берлин, Вильгельм-Мюнстер, Гёттинген университетлари, Гёте институти ва Германия академик алмашув хизмати билан амалий ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда.
Дунёга донг таратган алломаларнинг бугунги ворислари ҳам том маънода ўзлигини намоён қилмоқда. Шу йил март ойида Кипр давлатида математика фани бўйича ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида ЎзМУ Механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ғолиблик шоҳсупасидан муносиб ўрин эгаллаб, 2 та олтин медални қўлга киритган эдилар. Апрель ойида Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Очиқ интернет халқаро олимпиадаси”да ЎзМУ Кимё факультети талабалари Жалолиддин Хушвақтов кумуш ва Музаффар Махсумов бронза медалларини қўлга киритдилар!
Иқтисодиёт факультети талабаси Дониёрбек Абдуллаевнинг каратэ бўйича шу кунгача турли мусобақаларда қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари сони 50 тага етган. У Жанубий Корея, Италия, Франция, Малайзия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарган ҳақиқий ўзбек ўғлонларидан биридир. Ёш спорт устаси 2013 йилда Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган эди. У ўтган йили ноябрь ойида пойтахтимиз Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида навбатдаги олтин медаль соҳибига айланди. Шу йил февраль ойида Малайзиянинг Куала-лумпур шаҳрида Осиё чемпионати учун 18-35 ёшгача бўлган эркак спортчилар ўртасида ўтказилган мусобақаларда кумуш медални қўлга киритди.
ЎзМУда бундай истеъдодли, иқтидорли, ноёб қобилият соҳиблари бўлган талабалар сони кун сайин ортиб бораётгани барчамизга ғурур бахш этади.
Анжуманда “Намунали кафедра”, “Энг яхши мураббий”, “ЎзМУ маликаси-2016” “Қувноқлар ва зукколар” танловлари ғолиблари, “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусидаги мақолалар танловлари ғолиблари, факультетлараро талаба-қизлар ўртасида ўтказилган “Камолот олтин тўпи-2016” мусобақаси, йигитлар ўртасида футбол тури бўйича ўтказилган “Камолот кубоги-2016” мусобақалари ғолиблари, Тошкент шаҳар олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танлови ғолиби бўлган Ўзбекистон Миллий университетининг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган турли танловлар ғолиблари муносиб тақдирландилар.
Улуғбек Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Bizning kurs universitetimizning 100 yillik yubiley-to’yi yilida — 1918- yilda bitirarkan. Bu o’zgacha mas’uliyat yuklashi barobarida o’ziga xos faxr tuyish imkonini beradi!
Barcha do’stlarimizni universitetimizning 98 yillik ayyomi bilan muborakbod etaman!