Француз тили дарслиги
Янги дарслик
Глобаллашув даврида ҳар бир замонавий шахс камида битта, кўпинча икки ва ундан ортиқ чет тилларида эркин мулоқот қила олиши замон талаби бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан шиддат билан ривожланиб бораётган ёш мустақил давлатимизда ҳам чет тилларни чуқур эгаллашга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тиллар ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги” қарори ҳам бу жабҳада қилинаётган ишларга катта рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида таълимнинг барча босқичларида мактабгача, мактаб, ўрта-махсус ва олий таълимда чет тили ўрганиш тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида кўпгина ишлар қилинмоқда.
Юртимизда чет тиллари, жумладан, француз тилини мукаммал эгаллаган мутахассисларга эҳтиёж беқиёс. Бу аввало, француз тили 20 га яқин ривожланган давлатларнинг расмий тили эканлиги ва ушбу давлатлар билан юртимиз иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик олиб бораётганлиги изоҳланса, иккинчидан мазкур тил гўзал маданият тили эканлиги ва бу тилда яратилган улкан маънавий бойликни бевосита ўзлаштиришда ўзбек ва француз тилини эгаллаган мутахассисларнинг роли улкан эканлиги билан асосланади.
Ўзбекистон Миллий университети доценти Раҳима Ширинова ва Феруза Муҳаммедаминова томонидан 2015 йилда яратилган “Француз тили дарслиги” ушбу гўзал тилни олий таълим босқичида ўзлаштиришни ихтиёр қилган барча ўқувчиларга мўлжалланган. Дарслик замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиб машғулот ўтказишга мўлжалланган.
Дарслик 12 та оғзаки нутқ мавзусини 12 та модулга бўлиб нутқнинг тўрт компетенциясини ривожлантирган ҳолда ўқитишни назарда тутади. Республикамиз олий ўқув юртларида мазкур дарсликни илиқ қарши олишди.
Дарслик тилининг соддалиги, иллюстрацион материалларга бойлиги ҳамда турли нутқ вазиятларининг ўйинлар ва интерактив машқлар ёрдамида ёритиб берилиши талабаларга дарсликни, у орқали эса француз тилини ўрганишни осонлаштиради.
Дарсликдаги аудио материалларнинг Франциянинг Артуа университети ўқитувчиси Камий Лаураен томонидан ўқилганлиги дарслик қимматини янада оширади.
Машғулотда индивидуал, кичик гуруҳларда, икки гуруҳга бўлиниб мусобақа тарзида ишлаш учун мўлжалланган вазифалардан фойдаланиш назарда тутилганлиги ўқувчиларнинг бевосита фаол иштирок этишини таъминлайди. Юқоридаги фикрларнинг барчаси дарсликнинг қиммати юқори эканлигини англатади.
Абди Маматов,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, филология фанлари доктори
«Yangi darslik» sarlavhachasini o’qiganimda yaqin kunlarda bosmadan chiqqan kitob deb o’ylagandim. Kitobning chiqqaniga bir yil to’libdi (agar xatolik ketmagan bo’lsa). Lekin biz uchun bunday yangiliklarning kechi yo’q. Darslik va qo’llanmalarning nomlariga doim ehtiyoj sezib kelamiz. Har qaysi sohada nashr etilayotgan kitoblar bilan doimiy tanishib borsak yaxshi bo’lardi
Yangi darslikning chop etilishi fransuz tiliga qiziquvchi va o`rganishini istagan talabalar uchun dasturilamal vazifasini bajarishini shubhasiz. Kitob uchun mualliflarga tashakkur.
Bugun ta’lim jarayonlarida «Til bilgan — el biladi» naqliga amal qilgan holda faoliyat olib borishmoqda. Yangi nashr qilingan darslik ham fransuz tili o’rganuvchi talabalar uchun muhim yangilik desam adashmayaman. Chunki, bilimga chanqoq yoshlarga ayni shunday xabarlar xush yoqadi. Darslik mualliflari albatta ko’plab mehnat qilishgan. Ularga minnatdorchilik bildiramiz.