Халтаевми ёки Холтоев?
Одам ўз исми шарифидан уялиши эмас, ғурур туйиши керак
Иллюстратив фото
Она тилимизда кўп ижобий маънолар кашф этадиган исмларимиз — буюк аждодлардан қолган мерос. Табиатда ўрмонни тоғ, кўлни дала деб атаб бўлмагани каби кишилик жамиятида исмларни нотўғри ёзиб ҳам, талаффуз қилиб ҳам бўлмайди. Турли динларда расуллар, набийлар исмларини такрорлаш орқали ибодат этувчилар руҳий осойишталикка эришадилар. Айрим халқларда эса исмлар улар тарихи тадрижийлигини намоён қилади. Ижтимоий аҳволини акс эттиради.
Масалан, соҳибқирон Амир Темур ёинки Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида “қул” сўзи билан тугайдиган исмни топа олмайсиз. Соҳибқироннинг ўзини ҳам ёшлигидан “Темурбек” деб чақиришган. Биз билган “Туғилганлик ҳақида гувоҳнома”ларда хато ёзилган исмлар туфайли қанчадан-қанча кишилар хижолат чекиб, кимликларини ҳали-ҳануз билолмай юришгани ҳам рост.
Эрнест Бегматовнинг 1998 йилда “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган “Ўзбек исмлари” китобида “Исми шарифлар билан алоқадор муаммоларнинг ҳал бўлиши кўп жиҳатдан “Бахт уйлари”, қишлоқ кенгашлари йиғинлари ва паспорт бўлимларида номларни расмий ҳужжатларда қайд этувчи кишиларнинг мутахассислик малакаси ва имловий савиясига боғлиқ. Улар фуқароларнинг исми шарифларини қайд қилиш ва тўғри ёзишда оқилона иш тутишлари, ўз шахсий мулоҳазаларига ёки баъзи нотўғри маълумотларга ёпишиб олмасликлари лозим”, деган мулоҳазага дуч келамиз. Аслида бу гаплар китобга ёзилмаса ҳам, барчага аён ҳақиқат. Аммо…
Ҳамма гап ана шу “аммо”да. Авваллари-ку, тил билмас ўзга миллат вакиллари шундай хатоларга йўл қўйишган экан, бироқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгач, орадан ўнлаб йиллар ўтиб ҳам бундай нохуш ҳолатлар такрорланишининг сабаби нимада? Лоқайдликда!
Давлатимиз раҳбари бизнинг халқимизга мутлақо ярашмайдиган ярамас иллат сифатида таъкидлаган лоқайдликда. Шу лоқайдлик туфайли “Туғилганлик ҳақида гувоҳнома”да озод юртнинг фарзанди бўлиб дунёга келган чақалоқларнинг исми шарифини ёзишда ота-онасининг паспортларидан (имловий хатоларини ҳам) айнан кўчирган ҳолда ёзишмоқда. Бу болалар эртага улғайиб, уларнинг ёқаларидан тутишса, нима деб жавоб беришади? Бундай масъулиятли вазифаларда фаолият кўрсатаётганлар махсус ўзбек тили курсларига бошқа жойларда бўлгани каби ўз маблағлари эвазига ўқиб, синовдан ўтмасалар, хатоларининг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкинлигини фаҳмламай юраверадилар.
Бундай қўпол имловий хатоликлар бошқа ҳужжатларда ҳам давом этаётир. Ҳар куни юртимизда минглаб ўғил-қизларга “Туғилганлик ҳақида гувоҳнома” берилмоқда. Ўша ҳужжатга қараб “Фуқаролик паспорти”, “Ўрта маълумоти тўғрисида шаҳодатнома”, “Никоҳ қоғози”, ўқув юртини тамомлаганлиги ҳақида диплом (аксарият илмга чанқоқ инсонлар икки-уч ўқув юртидан диплом олмоқдалар), “Ҳарбий билет”, партия ёки уюшмага аъзолик билети, “Ҳайдовчилик гувоҳномаси”, “Техпаспорт”, “Меҳнат дафтари”, “Уй дафтари”, даволаш муассасаларидаги махсус дафтарлар ҳамда ҳоказолар янгидан ёзилаётир.
Булардан ташқари, ҳар куни сон-саноқсиз тураржойдан маълумотнома, иш жойидан маълумотнома, тавсифнома, меҳнатга лаёқати бор ёки йўқлиги ҳақида варақа, тўловномалар, хизмат сафари гувоҳномаси, нотариус ва бошқа ҳуқуқий идоралардан муҳим ҳужжатлар олинади. Корхоналарда ҳисобчи, кадрлар бўлими, хазиначи ёзиб тўлдирадиган ҳужжатларга ҳам исми шарифингиз ёзилиши зарур. Албатта, паспортдагидек ёзилиши шарт.
Ана энди бошда, масалан, Холтоев Тоҳирнинг бир марта “адашиб” ёзилган “Халтаев Тахир”и қанчадан-қанча ҳужжатларда такрорланиб, исм эгасининг таҳқирланишини кўз олдингизга келтиринг!.. Биргина лоқайдлик туфайли келиб чиққан арзимасдек туюлган бу хатонинг миллий ғурур ва ижтимоий воқеликка дахлдорлик муносабатини алоҳида мавзу, деб ўйлаймиз.
Бундай нозик муаммони ижобий ҳал этиш учун ҳуқуқий асосимиз етарли. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар”, деб ёзиб қўйилган. Миллий исми шарифларнинг ягона тўғри шакли махсус маълумотномаларда қайд этилган. Ўзбекона исми шарифлар бошқа тилларда берилганда, айни чоғда дунёга машҳур кишиларнинг исми шарифлари ўзбек тилида берилганда уларнинг асл ёзилиш хусусияти сақланиб қолиниши зарур. Исми шарифларни ёзишда ўзбек тилининг ифода ва талаффуз қонуниятларига риоя этилиши шарт. Одилона қонунларимизга монанд исми шарифларимизнинг тўғри ёзилиши учун “махсус маълумотнома” ҳам дунё юзини кўрди. Бу “Ўзбек исмлари” қомусий китоби эканлиги кўпчиликка яхши маълум. Унда исмларнинг лотин алифбосида ёзилиш тартиби ҳам кўрсатилгани айни муддао бўлган.
Шу ўринда “Адолат” нашриёти томонидан Ғафур Абдумажидовнинг 1999 йилда чоп этилган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига шарҳлар” рисоласини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Унда ўзбек исми шарифларида анъанавий, умумтомонидан қабул қилинган ўзбек имлоси нормаларини сақлаб қолиш зарурлиги уқтирилган. Масалан: Жўраев, Эргашев, аммо “Джураев”, “Иргашев” эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида ҳам ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланган. Шундай экан, ҳозир вақти-вақти билан фуқаролик паспортларимиз алмашиб турганидан фойдаланиб, исми шарифларни тўғрилаб ёзишни йўлга қўйиш керак. Нотариал, суд ва бошқа масалаларда эски (яъни бузилган) исми шариф ҳақида илова маълумот берилса бўлади. Энг асосийси эса дунёга келаётган ўғил-қизларнинг исми фамилиясини “Туғилганлик ҳақида гувоҳнома”га биратўла тўғрилаб ёзиш керак! Унга қараб мактабдаги журналга айнан кўчирилади. Сўнг ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномага тўғри ёзилади. Бошқа ҳужжатлар ҳам шу тариқа тўлдириб борилаверади.
Ҳуқуқий-демократик давлатимизда ҳар бир инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати қонун йўли билан муҳофаза этилар экан, бизнинг кимлигимизни англатиб турувчи исми шарифларимиз ҳам “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда белгилаб қўйилган тартибда бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Тўлқин ЭШБЕК, филология фанлари номзоди, доцент.
«Халқ сўзи» газетаси, 2019 йил 19 январь
http://xs.uz/uzkr/post/khaltaevmi-yoki-kholtoev-odam-oz-ismi-sharifidan-uyalishi-emas-gurur-tujishi-kerak
Сўнгги фикрлар