Халқаро анжуман: “STEMM” – жамият тараққиётига хизмат қилади
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Исроил Холон
технологиялар институти ҳамкорлигида ташкил этилган “Фан, технология, таълим, математика ва тиббиёт”, яъни, “STEMM” (Science – Technology – Education – Mathematics – Medicine) мавзуига бағишланган илмий-амалий конференцияси ялпи мажлиси Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар бўлими “Маданият саройи” катта залида тантанали равишда бошланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, мамлакатимиздаги қатор олий таълим муассасалари вакиллари, ёш олимлар, мутахассислар, катта илмий ходим-изланувчилар ва талабалар иштирок этдилар.
Анжуманни ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги кириш сўзи билан бошлади.
– Бугун мамлакатимиз тараққиётида фан, технология, таълим, математика ва тиббиёт соҳаларидаги илмий изланишлар ғоят муҳим ўрин тутади,– деди ЎзМУ ректори.– ЎзМУ ва Исроилнинг Холон технология институти ўртасида имзоланган Меморандум асосида университетимизда қўшма факультет ташкил этилган. Мазкур факультетни тамомлаганларга икки мамлакатда бирдек амал қиладиган қўш диплом берилади. Айни пайтда ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чунончи, ўқув жараёнида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилаётир. Бугун “STEMM” лойиҳаси доирасида ўтказаётган анжуманимизда қатор истиқболли лойиҳалар тақдим этилади.
Холон технология институти олимлари томонидан яратилган илмий ишланма ва кашфиётлар, хусусан, замонавий робот имкониятлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Исроиллик олимлар кашф этган ҳаводан сув олиш технологияси Бухорода синовдан ўтказилди,– дейди ЎзМУ Биология факультети декани Тўхтасин Абдураҳмонов.– Муйноқда ташкил этган ўқув-амалиёт полигонимизда салкам 2 гектар ерга эккан 8 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланилади. Бунда сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш ўз самарасини кўрсатади, деган умиддамиз.
Анжуманда исроиллик олимлар олий ўқув юртларида таълим жараёнлари, замонавий инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга ошираётган ишлари ҳақида маълумот бердилар.
Маърузаларда таъкидланганидек, бугунги кунда бутун дунёда табиий бойликларни асраш ва улардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида ихчам ва тежамкор, юқори самарадор технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу айниқса, қишлоқ хўжалиги, туризм, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида яққол ўз ифодасини топмоқда.
Шу йил 18 майгача давом этадиган халқаро анжуман доирасида ЎзМУ факультетларида қатор лойиҳалар тақдим этилиши режалаштирилган.
Улуғбек УСМОНОВ,
ЎзМУ Ахборот тарғиботи гуруҳи аъзоси
Сўнгги фикрлар