«Халқаро ҳаёт» илмий-амалий семинари

ЎзМУ Тарих факультетида ташкил этилган «Халқаро ҳаёт» деб

номланган доимий фаолият кўрсатувчи «workshop» шаклидаги илмий-амалий семинар ўз ишини бошлаганига, мана, уч ойдан ошди. Мунтазам равишда ўтказилаётган семинар машғулотлари халқаро ҳаётнинг энг муҳим муаммоларига бағишланган маъруза ва мунозаралар шаклида ташкил этилмоқда. Унинг ишида, ҳозирча, факультетда фаолият юргизаётган профессор-ўқитувчилар иштирок этаётган бўлсалар, яқин келажакда уларнинг сафини бошқа таниқли олимлар, жамоат арбоблари ва адиблар билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

Семинардан кўзланган асосий мақсад – талабаларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда халқаро ҳаётда рўй бераётган сиёсий-ҳарбий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва бошқа воқеа-ҳодисаларни мустақил таҳлил қила олиш қобилияти ва кўникмаларини шакллантиришдир.

Семинарнинг айни пайтгача ўтказилган илк машғулотлари учун глобал халқаро ҳаётнинг энг долзарб масалалари мавзу қилиб олинди. Семинарнинг биринчи машғулотини ўтказган факультет декани – сиёсий фанлар доктори, профессор Алишер Мўминовнинг «Глобал ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва замонавий таҳдидлар» мавзусидаги маърузаси талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Мавзуга доир замонавий илмий ёндашувлар ва таҳлилий қарашларнинг кўриб чиқилгани талабалар учун ибратли дарс бўлди. Қизиқарли савол-жавоблар ва қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган мазкур машғулотда иштирок этган талаба-ёшлар таҳлилий фикрлаш ва фактларга асосланган холисона илмий хулосалар чиқариш бўйича анчагина кўникмаларга эга бўлдилар.

Қайд этиш керакки, семинар-тренингга қизиқувчилар ва унинг иштирокчилари сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг асосий қисмини ҳозирча Тарих факультети талабалари ташкил этмоқда. Шу билан бирга, университетнинг бошқа факультетларидан ҳам баклавриат ва магистратура босқичлари талабалари, мустақил тадқиқотчилар ҳамда малака ошириш курслари тингловчилари ҳам семинар машғулотларида иштирок эта бошлаганлари қувончли ҳолдир. Бу – семинар олдига қўйилган мақсадларга эришилаётганидан дарак бермоқда.

Семинарга бўлган қизиқишнинг амалдаги ифодаси сифатида Тарих факультети талабалари томонидан телеграм ижтимоий тармоғида ҳам “Халқаро ҳаёт” деб номланган гуруҳ шакллантирилди. Унда талабалар нафақат семинарда кўтарилган мавзулар, балки халқаро ҳаётнинг бошқа долзарб масалалари бўйича фикр алмашмоқдалар. Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган бундай мулоқотлар жараёнида унинг иштирокчилари илмий баён услубини эгаллаш, фикрларни лўнда ва аниқ шакллантиришга ҳаракат қилаётганлари қувончли ҳол бўлиб, бу ҳам семинаримизнинг талабалар тафаккурига кўрсатаётган ижобий таъсиридир.

Семинарнинг иккинчи машғулоти унинг илмий раҳбари – сиёсий фанлар доктори, профессор Зоҳидилло Мунавваров томонидан ўтказилди. «Яқин Шарқ: ўзгаришлар динамикаси ва Ўзбекистон манфаатлари» мавзусидаги тақдимотларга асосланган ушбу машғулотда охирги бир асрдан ортиқроқ даврда “қайнаб-тошаётган” ушбу минтақанинг оғриқли муаммолари ҳар томонлама таҳлил қилинди. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг мазкур минтақа билан боғлиқ манфаатлари ва уларнинг мамлакатимиз эҳтиёжларига мувофиқ тарзда рўёбга чиқариш вазифалари ҳақида фикр юритилдики, бундай ёндашув машғулотнинг амалий-татбиқий моҳиятини кучайтирди. Дарҳақиқат, Яқин Шарқ, умуман Марказий Осиё ва, хусусан, Ўзбекистон учун бениҳоя муҳим ҳудуд бўлиб, унда кечаётган жараёнлар у ёки бу кўринишда бизнинг диёримизда ҳам акс-садо бераётгани барчамизга яхши маълум. Бундай кўринишларнинг ижобий ва салбий оқибатлари ҳақида жиддий ўйлаш – барчамизнинг, энг аввало, зиёлилар, демакки, тарихчи талабалар зиммасидаги масъулиятдир.

Тарих фанлари доктори, профессор Ольга Кобзева томонидан ўтказилган «Евроосиё майдони: Буюк Ипак йўлининг тикланиши муаммолари ва истиқболлари» мавзусидаги навбатдаги машғулот ҳам мароқли ўтди. Бу машғулотнинг рус тилида ўтказилгани талабаларда ҳар қандай зиёли одам, айниқса, тарихчи учун чет тилларни билишнинг нечоғлик муҳимлиги ҳақидаги эслатма вазифасини ўтагани ҳақида ҳам айтиш лозим. Машғулотнинг мазмун-моҳиятига келсак, Буюк ипак йўлининг замонавий шароитларда қайта тикланиши билан боғлиқ муаммолар, уларнинг ечимлари ва истиқболлари хусусидаги мазкур масаланинг билимдонларидан бири бўлган маърузачининг фикрлари барчада чуқур таассурот қолдирди.

Ўз моҳиятига кўра, семинар-клуб мазмунини касб этиб бораётган “workshop”имиз ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Жумладан, унинг ишига давлат ва жамоат арбобларини таклиф қилиш, клуб аъзоларининг илмий мақолаларидан иборат тўпламлар нашр этиш, семинар фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш каби масалалар кун тартибида турганини қайд этиш лозим. Бундан ташқари, келажакда семинарнинг айрим машғулотларини чет тиллар, айниқса, инглиз тилида ташкил этиш режалари тузилмоқдаки, буларнинг барчаси унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади деган умидлар бор.

Таъкидлаш ўринлики, семинар машғулотлари мавзуларининг олдиндан эълон қилингани иштирокчиларга тайёрланган ҳолда келиш имкониятини яратиб берган. Иштирокчилар томонидан тегишли мавзулар ҳақидаги фактик маълумотлар билан танишган ҳолда машғулотга келиш, уларга машғулотнинг фаол иштирокчиларига айланишга замин яратаётганини алоҳида эътироф этиш зарур. Айни шунинг учун ҳам машғулотлар қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтмоқда. Семинар машғулотларининг бу тарзда ташкил этилаётгани олий таълимнинг тарихий фанлар йўналишидаги ўзига хос инновацион ёндашув дейишга арзирли воқеа бўлмоқда.

Хулоса ўрнида “Халқаро ҳаёт” семинарининг ҳар қандай зиёли инсоннинг маънавий камолоти ва серқирра таҳсили учун муҳим воситалардан бири эканидан келиб чиқиб, университетимизнинг барча талабаларини унинг машғулотларида фаол қатнашишга чақириб қоламиз!

 Сайфулла Аширов,

ЎзМУ Тарих факультети 3-босқич талабаси, семинар илмий котиби

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *