Халқини ҳурмат қилганни дунё ҳурмат қилади

Журфак талабаларига қуйидаги мақолаларни устоз

журналистларнинг маҳорат мактаби сифатида ўқиб-ўрганиш тавсия этилади, дейди Дониш домла ўзи ҳам қайта-қайта мутолаа қилар экан.

12:03 19 Май 2018 Сиёсат
 323  0

Вашингтон. Пенсильвания авеню, 1600. Оқ уй.
218 йиллик ўтмишида жаҳоннинг не-не нуфузли шахслари, давлат раҳбарлари, йирик сиёсатчилар ушбу қароргоҳда қабул қилинмаган, қизғин музокаралар ўтказилмаган, дунё тамаддунига турли маънода таъсир этган “ҳаёт-мамот” масалалари ҳал этилмаган, дейсиз. Шу маънода айтадиган бўлсак, ушбу бино тарихнинг қанчадан-қанча оламшумул воқеалари ва унинг ажиб сокинлиги остида қабул қилинган қарорлар гувоҳига айланган.
Қароргоҳ АҚШ Президентларининг ҳам яшаш, ҳам иш жойи ҳисобланади.

Юксак орзу-умидлар билан олис юртдан келиб, мазкур заминда қўним топганлар учун Оқ уйнинг аҳамияти беқиёс. Негаки, Қўшма Штатлар қарор топгач, унинг буюк асосчи-оталари Жон Адамс, Томас Жефферсон, Аврам Линкольн, Бенжамин Франклин бу ерда халқ ҳокимиятини барпо этишда неча-неча тунларни бедор ўтказган. Бу қароргоҳ халқ демократиясининг маркази, десак, муболаға бўлмайди. Балки шу сабабдандир Оқ уйнинг олдига келганингизда, ушбу халқчил муҳитни ҳис этасиз.

Маҳобатли бино ва унинг атрофидаги кўркам ҳудудни унча катта бўлмаган панжара ўраб туради. Бу ерга истаган одам келиб суратга тушиши мумкин. Америкача эркинлик шу даражадаки, сиз давлат раҳбарининг уйи олдида суратга тушаркансиз, биров келиб сўроққа тутмайди, тақиқламайди, ҳеч ким халақит бермайди.

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевга нега лутф кўрсатди?
Бу савол жавоби сиёсатчилар, АҚШ — Ўзбекистон муносабатларини доимо кузатиб борувчи экспертларни ҳам ниҳоятда қизиқтирмоқда. Хўш, нимага олис Ўзбекистоннинг раҳбарига Американинг 45-Президенти Дональд Трамп бунчалик юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди?

Бу эътирофдан кўнгли ғурурга тўлган юртдошларимизда ҳам шундай савол туғилган бўлса, ажаб эмас. Буни ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалардан ҳам билиш мумкин. Хорижлик ҳамкасбларимиз бу сингари саволларни ёғдириб, одамни қийнаб юборди. Уларнинг айтишича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларининг 27 йиллик тарихида, унга аъзо мамлакатларнинг бирорта раҳбари олий даражада расмий ташриф мақомида, бундай юксак эътибор билан Америкада кутиб олинмаган экан. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда ана шундай юксак шарафга эришди.

Дональд Трампнинг сўзларидан у Ўзбекистон тўғрисида юзаки маълумотларга, умумий тасаввурга эмас, балки юртимиздаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб бораётгани аён бўлади. Дональд Трампнинг Шавкат Мирзиёевни ҳурмат қилиши сабаби, аслида, Ўзбекистон Президенти ўз халқини ҳурмат қилиши, фуқаролари учун жон куйдириши натижаси, десак тўғри бўлади. Халқ билан мулоқот, давлат идораларини халқ хизмати учун ишлатиш АҚШда ҳам ҳаётий талаб саналади.

Чунки Америка учун демократия 242 йилдан бери олий қадрият сифатида кун тартибидан ҳеч қачон тушмаган. Қарийб икки ярим асрдан буён халққа яқин бўлиш, халқ муаммоларини ҳал этиш АҚШнинг сиёсий менталитетига айланган, десак, янглишмаймиз. Ўзбекистонда сўнгги 20 ойда давлат тизимининг халқ томон юзланиши, халқ муаммолари амалий ҳал қилиниши, ўзбек демократиясининг шаклланиши эса айнан Шавкат Мирзиёевнинг тунни тун, кунни кун демай қилаётган саъй-ҳаракатлари самарасидир.
16 май. Ташрифнинг асосий воқеалари куни. Расмий ташрифнинг ўз қонунияти, дипломатлар тили билан айтганда, протоколи мавжуд.

Давлатимиз раҳбари ўзи учун ажратилган, Оқ уйдан икки қадам нарида жойлашган “Blair House” қароргоҳидан машиналар кортежи ҳамроҳлигида Оқ уйга тантанавор кириб келди. Президент фаолиятини жонли эфирда кўришга одатланиб бораётган Ўзбекистон халқи қалбида бу тасвирлар фахр ҳиссини уйғотди. Ҳар бир ўзбекда Ватанидан, Президентидан чексиз ғурурланиш ҳиссини уйғотди.

Оқ уйдан узатилган трансляцияни нафақат Америка, балки бутун олам кузатиб борди. “CNN”, “Fox News”, хуллас, бошқа ўнлаб телекомпаниялар камералари тўғридан-тўғри ойнаи жаҳонда ушбу жараённи ёритди. Азиз меҳмонни Оқ уй остонасида Америка Президентининг шахсан ўзи кутиб турарди.

Машинадан тушиши билан Трамп Президентимизни самимий қутлаб, худдики ўзбекона лутф билан меҳмонни уйга таклиф қилди.
Суҳбат бошида Президент Трамп: “Сизга катта раҳмат. Ўзбекистон Президентининг ташрифи биз учун жуда катта шарафдир. Жаноб Президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир. Биз кўп масалаларда, жумладан, савдо-сотиқ бўйича жуда яқин алоқадамиз. Улар бизга инвестиция келтирган, биз ҳам уларга инвестиция киритамиз. Жаноб Президент, сиз жуда ҳурматли инсонсиз. Раҳмат”, деди.

Бу сўзлардан ҳам аён бўладики, Ўзбекистон ҳам АҚШ иқтисодиётига анчагина инвестиция киритмоқда. Ўзбекистон учун замонавий технологиялар, дастгоҳлар, ҳарбий қурол-аслаҳа, самолётлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш Америка ҳудудида ўн мингдан зиёд иш ўринларининг сақлаб қолинишига замин яратмоқда. Ўз навбатида, энди АҚШ ҳам Ўзбекистонга сармоялар ҳажмини кенгайтириш тарафдори.

Олий даражада кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунлангач, протокол талабларидан чиқиб, Дональд Трамп Ўзбекистон Президентини кузатиб қўйди. Оқ уй остонасида Президентлар яна бир муддат дилдан самимий суҳбатлашдилар. Кайфиятлари ҳам аъло эди. АҚШ Президенти Ўзбекистон раҳбари ўтирган машина жўнаб кетганидан кейин ҳам қониқиш ҳисси ҳамда ҳурмат нуқтаи назаридан кузатиб туришда давом этди…

Давлатимиз раҳбари АҚШдан қуруқ қўл билан қайтмади. Америкага сафар баракали бўлди. Президентимиз ўзи билан “Boeing-787 Dreamliner” самолётини олиб қайтди. Маълумки, “Dreamliner” — орзулар лайнери, дегани. Бунда ҳам рамзий маъно, эзгу мақсад мужассам, десак, ўринлидир. Яъни ўзбекистонликларнинг орзуси доимо ушалсин, халқимиз ҳаётини янада яхшилашга қаратилган ўзгаришлар бардавом бўлаверсин. Зотан, Америка мўъжизасининг калити, бу — Америка орзуси, яъни ўз кучи ҳамда ғоясига ишонган одамнинг ғалаба қозониш ҳиссидир.

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ,
Халқаро пресс-клуб раиси.

http://xs.uz/uzkr/post/khalqini-hurmat-qilganni-dunyo-hurmat-qiladi

***

Янгиланишлар жараёнига кўтаринки руҳ, жўшқинлик бағишлайди

Газеталарда ўзгаришлар кузатилмоқда. Авваллари ташрифлар хақида расмий хабар бериларди. Эндиликда, журналистларнинг муносабати ҳам берилмоқда. “Халқ сўзи” газетасининг бугунги сонида бир эмас, тўрт кишининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифига оид мулоҳазалари берилган. Шавкат Ортиқов Америкага қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашган бўлса, Халқаро Пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев, депутат Баҳром Обиджонов ва камина президентимизнинг расмий ташрифига ўз муносабатимизни билдиришга ҳаракат қилдик. Шерзод Қудратхўжаевнинг фикрларини фахр билан ўқидим.
Бу мақолаларни бир ўқиб кўринглар. Хулосангизни кутаман, деб ёзади Шарофиддин Тўлаганов ФБдаги саҳифасида.
12:12 19 Май 2018 Сиёсат
 60  0

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Мен учун Ўзбекистон етакчиси билан учрашиш катта шарафдир”, деган сўзлари кўпчилик қатори биз, журналистларни ҳам тўқинлантириб юборди. У Шавкат Мирзиёевга таъриф берар экан, “Жаноб Президент ўз юртида ва бутун дунёда ҳурматга сазовор кишидир”, деди. Мана шу сўзларнинг ўзиёқ Америка ҳукумати Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга ҳар доим катта қизиқиш билан қараб келганидан далолатдир.

Шу маънода, Ўзбекистондаги сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришларни ҳам диққат билан кузатиб келаётгани аниқ. Вашингтондагиларнинг фикрича, ҳозир Ўзбекистонда том маънода янгиланиш даври кузатилмоқда. Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатлардаги очиқлик сиёсати океанортида эътироф этилмоқда. Шу сабабли ҳам Трамп давлатимиз раҳбарига қарата “Жаноб Президент, сиз жуда ҳурматли инсонсиз. Раҳмат”, деди.

Президент Дональд Трамп Ўзбекистон Президентининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан ўтказилган қабул маросими иштирокчиларига йўллаган мурожаатида “Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга Оқ уйга тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда анчайин мураккаб вазият юзага келаётган, ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда бугунги мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, дея таъкидлади.

Авваллари АҚШ Президентлари бу каби гапларни жаҳоннинг бошқа мамлакатлари раҳбарлари шаънига ҳам айтган бўлишлари мумкин. Аммо бундай юксак эътироф Ўзбекистон Президенти, ўзбек халқига нисбатан илк бор айтилмоқда. Дунё мамлакатларининг етакчилари бу сингари сўзларни шунчаки айтишмайди. Мазкур юқори баҳо меҳнаткаш ўзбек халқи, Ўзбекистон ва давлатимиз раҳбарига нисбатан юксак эҳтиром белгисидир. Бундай эҳтиром эса халқимизга ғурур бағишлайди, десак, асло янглишмаймиз. Эътибор берган бўлсангиз, Шавкат Мирзиёев “Ҳақиқатан ҳам, бугунги учрашув бутун дунёдаги ўзбеклар учун жуда қимматли, таъсирлидир” деди. Мана шу иборанинг ўзиёқ Дональд Трампнинг ибораси бежиз айтилмаганига далил бўла олади.
Оқ уй раҳбарининг матбуот анжуманидаги “Улар бизга инвестиция келтирган, биз ҳам уларга инвестиция киритамиз”, деган сўзлари ташриф давомида имзоланган салкам 5 миллиард долларлик шартномада ўз аксини топди. Бу мамлакатимизнинг уларга қилган инвестицияси нақадар қадрли эканлигини айнглатади. Бу, Президентимиз таъкидлаганидек, “АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикчиликнинг янги босқичидир”.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги янгиланган ҳамкорлик Дональд Трамп таъбири билан айтганда, “Икки мамлакат олдидаги янада ёрқин келажакнинг бошланиши, холос”.
Президентимизнинг АҚШга амалга оширган унутилмас ташрифининг тарихий аҳамияти, қисқача айтганда, аввало, дунёда, минтақада Ўзбекистоннинг юксак нуфузидан дарак беради, айни пайтда янгиланаётган жамиятимизга, ислоҳотлар жараёнига янада кўтаринки руҳ, улкан жўшқинлик бағишлайди.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
«Ўзбекистон 24» телерадиоканали ходими,
сиёсий шарҳловчи.

http://xs.uz/uzkr/post/yangilanishlar-zharayoniga-kotarinki-ruh-zhoshqinlik-bagishlajdi

***

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *