Халқ – давлат ҳокимиятининг ягона манбаи
Сайтимизга хат келди: ҳуқуқшунос таҳлили.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга Конституциямиз тараққиётимиз давомида юзага келиши мумкин бўлган мураккаб масалаларнинг ечимини топишга ҳам дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Дарвоқе, беназир ҳаётий тажриба ва кучли интуитив қобилият соҳиби бўлган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўз вақтида “Биз мустақил тараққиёт йилларида босиб ўтган ғоят мураккаб ва масъулиятли, машаққатли ривожланиш йўли давомида қандай жараёнларга дуч келмайлик, қандай оғир синовларни бошимиздан кечирмайлик, Конституциямиз ҳамиша юртимизни, халқимизни турли бало-қазолардан асраш, ўта таҳликали вазиятларда яккаю ягона тўғри йўлни топиш ва келажакка ишонч билан қарашда асос бўлиб хизмат қилмоқда…” деб тўғри таъкидлаб ўтган эди (Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари-олий қадрият. Т.14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. –Б.63).
Шу кунларда жамиятимиз ўта мураккаб вазиятни бошидан кечирмоқда. Халқимизнинг бошига тушган оғир жудолик хориждаги айрим “дўстларимиз” кутганининг акси ўлароқ, бутун жамиятни бирлаштириб, эришган ютуқларимизни авайлаб-асраб, янги марралар сари қатъий ишонч билан боришга ундамоқда.
Ҳаммамизга маълумки жорий йилнинг 8 сентябрида Олий Мажлис Сенати Раиси Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисига Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига юкламасликни сўраб мурожаат қилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мос келишига қарамасдан, шу кунларда қатор чет эл нашрлари ва интернет сайтларида асоссиз, бир ёқлама, жамиятимиз ривожланиш воқеликларини чуқур таҳлил қилмасдан юзаки ёндашув асосида халқимизнинг манфаатларига, юртимизнинг тинчлик ва осойишталигига дахл қилувчи фикрлар билдирилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси томонидан қабул қилинган қўшма қарорнинг Конституциямиз мазмун-моҳиятига мос эканлигини қуйидагиларда кўриш мумкин:
биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Шу нуқтаи назардан олганда Олий Мажлис олий давлат вакиллик органи сифатида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатига эга;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
78-моддасида белгилаб қўйилган биргаликдаги ваколатларидан ташқари бошқа ваколатларни амалга оширилиши мумкинлиги ҳам мустаҳкамланган. Бундан ташқари Конституциянинг 81-моддасида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси қайси масалалар юзасидан ўтказилиши кўрсатилган бўлсада, қўшма мажлис палаталарнинг келишувига биноан бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши белгиланган;
учинчидан, Конституциямизда Сенат Раисининг Президент вазифа ва ваколатларини бажариш унинг зиммасига юклатилишидан воз кечиши ва бошқа шахсга юклатилиши мумкин эмаслиги тўғрисида ҳам биронта норма мавжуд эмас.
Демак, Олий Мажлис палаталари томонидан ўтказилган қўшма мажлисда Сенат Раисининг мурожаати кўриб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилиниши конституциявий нормалар доираси билан қамраб олинган ва уларнинг мазмун-моҳиятига зид эмас.
Эслатиб ўтиш жоизки, Конституциямизнинг 16-моддасига мувофиқ, унинг бирорта ҳам қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Шу боис Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори мазмунини конституциявий нормалар мазмун-моҳиятига зид тарзда талқин этишга йўл қўйилмайди.
Шу муносабат билан бугунги кундаги мураккаб вазият шароитида давлат раҳбари вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни юксак тажрибага эга ҳамда халқ томонидан эътироф этилган шахс зиммасига юклатилиши оқилона қарор эканлиги шубҳасиздир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун нормалари талабларига мувофиқ ҳолда муқобиллик асосида ўтказилиб, унинг натижасида халқимиз ўзи танлаган номзод учун овоз бериб, давлат раҳбарини сайлайди.
М.Ахмедшаева,
ТДЮУ профессори, ю.ф.д.,
Ш.Сайдуллаев,
ТДЮУ доценти в.б., ю.ф.н.
Сўнгги фикрлар