Халқ ноибларига

Атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг ҳар бир сатри замирида олам-олам маъно мужассам, дейди Дониш домла маҳорат мактаби тингловчиларига.

эв

ХАЛҚ НОИБЛАРИГА!

Сизни халқ танлади, қилмади суюк,
Балки елкангизга юк ортди буюк.
Сайлаб олди мардлар ичра мардини,
Адо қиласизми мардлик шартини?
Эртага чиққан чоғ баланд минбарга,
Айта оласизми юрак дардини?
Азалий одатни қиласизми ё,
Ялпи қўл кўтариб келасизми ё?
Ноиблик нишонин таққач кўкракка,
Қулоқ солиб кўринг бир бор юракка.
… Айни жасоратни кутар муҳаққақ,
Сизга умид билан овоз берган халқ.
Хўп деб қайта берманг, нега, деб айтинг,
Биз ҳам иззат нафсга эга, деб айтинг.
Ҳиммат билан туринг, бор денг арзимиз,
Тўлаб қўяйлик денг бўлса қарзимиз.
Дўстликнинг шартига риоя бўлсин,
Ҳеч ғубор тушмасин дил кўзгусига.
Камтар улушимиз, айтинг, қўйилсин
Жаҳон бозорининг тарозусига.
Не бу жаҳон ичра солмак кўпкари,
Шарт эса кетмаслик қозиқдан нари?!
… Сизга гап ўргатмак шоир ишимас,
Ҳар бирингиз Арбоб, ҳар бирингиз Шахс!
Дардни айтган билан дил бўлмас халос,
Гапни кўп гапирдик, иш қолди, холос.
… Сизни эл танлади, қилмади суюк,
Балки елкангизга юк ортди буюк.
Сиз элнинг эгилган қаддин кўтаринг,
Ноиб деган сўзнинг қадрин кўтаринг!.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *