Халқ табобати — жонга малҳам

Бошидан ўтказган табиб, деган гап бежиз айтилмаган. Бу пурмаъно

гап замирида аслида олам-олам маъно мужассам экан. Замонавий тиббиётимиз билан гоҳ рақобатдош, гоҳо унга қанот бўлаётган халқ табобатидан барака топаётганлар албатта унинг қадрига етадилар. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорга асосан 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

Бизни қувонирган, дилларимизга таскин берган ҳол шуки, юртимизда ҳақиқий халқ табобати пешқадамлари ҳисобланмиш табиблар ҳам кам эмас. Энди улар фаолиятига ҳам жиддий эътибор қаратилади.

Тўлқин ЭШБЕК

***

Мақсуда ВОРИСОВА: Халқ табобати марказининг асосий вазифаси нима?

Инсонга берилган неъматлар ичида энг қиммати саломатлик десак, адашмаймиз. Фуқароларининг саломатлиги мустаҳкам давлат эса, албатта қудратли саналади. Саломатлик инсон ҳаётининг мустаҳкам пойдевори, асоси ҳисобланади. Ўқиш, касб эгаллаш, бахтли оила қуриш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш, уларни комил инсон этиб тарбиялаш, оилада, шунингдек жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиш каби мақсадларга эришишнинг асосий шартларидан бири саломат бўлишдир.

Дунё яралибдики, турли туман касаллик, хасталиклар инсон билан ёнма-ён яшайди. Шунинг учун ҳам табобат энг қадим ривожланган илмлардан бўлиб, қадимги дунё олимлари уни табобат санъати деб атаганлар. Халқ табобатининг бизга маълум муддати 5 минг йилдан ошади. Қадим Турон заминда табобат энг юқори чўққиларни забт этиб, бу эл табибларининг довруғи бутун оламга ёйилган. Барча мамлакатларда табиблар отаси деб тан олинган Ибн Сино томонидан ёзиб қолдирилган тўрт юз элликдан ортиқ китобларда халқ табобати, ўсимликлар дунёси ва уларнинг қадай касалликларга шифо бўлиши ҳақидаги аниқ маълумотлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Халқ маданиятининг ўзига хос жиҳатидан бири саломатлик билан боғлиқ, яъни саломатликни сақлаш, тўғри овқатланиш, тан саломатлиги билан руҳ саломатлигининг узвий боғлиқлигини таъминлашдир. Бу билимлар мажмуаси табобат илмининг асосини ташкил этади.

Афсуски, юртимизда 1926 йилда совет ҳукумати томонидан табиблик фаолияти таъқиқланди. Табиблар, табобат илми қатағон қилинди. Дунё миқёсида ўзига хос тиббий мактаблари ва йўналишларига эга бўлган давлатларда замонавий тиббиёт билан бирга халқ табобати ҳам ҳуқуқий мақоми ҳамда қонуний асосига эгадир. Ривожланган давлатларда аҳолига саломатлигини асраш ва тиклашда халқ табобатидан самарали фойдаланиб келмоқда. Масалан, Хитой, Япония, Корея каби ўнлаб мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизидан ортиғи табиблар томонидан кўрсатилади.

Қанчалик тақиқларга учрамасин халқимиз орасида ҳақиқий табибларинг обрўси, уларга бўлган халқ ишончи сақланиб қолган. Чунки табобатда ғарб медицинасидан фарқли ўлароқ маълум бир органни эмас, балки яхлит инсонни даволашга эътибор берилади. Шунингдек, касалликлар ва инсонларнинг мижозларига мос равишда дорилар ва муолажалар танланади. Шунинг учун ҳам, халқ табобати ютуқлари асосида арзон, безарар тиббий хизматни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида муқобил даволаш мезонларини яратиш жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш қоидаларини кенг жорий қилиш давлатнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан, 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида тан олиниб, давлат тиббий муассасаларида табобат хоналари фаолият кўрсатадиган бўлди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази (Республика маркази) ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари (Ҳудудий марказлар) ташкил этилади.

Халқ табобати марказининг асосий вазифаси қилиб ўзбек халқ табобатининг тарихий анъана ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларнинг олдини олиш, ва даволаш, беморларга касаллик сабабларини тушунтириш ва соғлом ҳаёт кечириш асосларини тарғиб қилиш каби бир қатор асосий вазифалари белгилаб берилган.

Умуман, қарорда халқ табобати ривожи билан боғлиқ яна кўплаб муҳим вазифалар уларнинг ижроси бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди, унинг ижроси бўйича аниқ муддатлар белгиланди. Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади.

Халқ табобатининг мамлакатимиз тиббиёт тизимида расман тан олиниши ва табибларимизнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши бизнинг бугунги дунёқарашимиз, ўзлигимизни англашимиз, тарихий меросимиздан самарали фойдаланишимиз учун қонунуй асос бўлди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

https://xalq-tabobati.uz/uz/1660/jamoatchilik-fikri/maqsuda-vorisova-xalq-tabobati-markazining-asosiy-vazifasi-nima/

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *