Халқ хоҳиш-иродасини ифода этиб, унинг фаровонлиги йўлида қўйилган муҳим қадам
Сайтимизга хат келди: ҳуқуқшунос шарҳи.
Мамлакатимиз тарихида муносиб ўчмас из қолдирган йигирма беш йил давомида мустақиллигимиз тобора мустаҳкамланиб, жонажон Ватанимиз ўзининг барқарор стратегик ривожланиш йўлини танлаб олди ҳамда шу асосда илдам тараққий этмоқда. Ушбу йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида амалга оширилган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ ҳаётимиз сифати, мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча йўналишлари бўйича юксак ютуқ ва натижаларга эришилди, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистоннинг конституциявий ривожланиши мамлакатимиз мустақилликка эришилган кундан бошлаб тадрижий, босқичма-босқич, жамият тизимини ҳамда давлат ҳокимиятини бу соҳадаги ислоҳотларнинг изчил ва узвий тамойиллари асосида либераллаштириш ва демократлаштириш йўлидан борди. Бу борада давлат ҳокимиятини органлари фаолиятини ташкил этишнинг асосий устувор йўналиши ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий тамойилини изчил амалга ошириш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатнинг самарали тизимини барпо этишга асосланди. Демократик ислоҳотларни ҳуқуқий мустаҳкамлаш ва мамлакатимиз ҳуқуқий тизимини шакллантиришда миллий парламентимиз фаолияти муҳим аҳамият касб этди. Парламентимиз жамият ва давлат ҳаётига оид энг муҳим қонун ва қарорларни ўз вақтида қабул қилди-ки, улар бугунги озод ва обод ҳаётимизга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хорижий мамлакатлар амалиётидан маълумки парламентнинг олий вакиллик, яъни халқ номидан вакилликни амалга ошириш, қонунчилик ва назорат функциялари мавжуд. Айрим давлатларда парламентга мазкур функциялардан ташқари миллий, тарихий ривожланиш тажрибани ўзида акс эттирган бошқа ваколат ва функциялар ҳам юклатилганлигини таъкидлаш жоиз. Мазкур функцияларни амалга оширар экан парламент давлат ва жамият ҳаётида муҳим ва энг муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилиш йўли билан жамият ҳаётида манфаатлар муштараклиги, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Мазкур қоидага кўра, давлат ҳокимияти бўлиниши ҳокимият тармоқларининг бир-биридан мутлақо ажралиши ва ўзаро қарама-қарши туришини англатмайди, балки уларнинг ягона манба – халқ ҳокимиятчилигига асосланишини, ўзаро ҳамжиҳатлигини, конституция ва қонунлар доирасида бир-бирини тийиб туриши ҳамда ҳокимият тизимида мутаносиблик ва мувозанат сақлашини ифодалайди.
Шунингдек, Конституцимизга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Мазкур норма миллий парламентимизнинг юқорида қайд этилган учта функцияни қонуний асосда амалга ошириш мутлоқ парламентга тегишли эканлигини белгилайди.
Ҳозирги замон демократик жамиятида халқ – ҳокимият манбаи, суверенитет соҳиби деб эътироф этилади. Халқ ҳокимиятчилиги ва халқ суверенитети ғоялари халқ томонидан бевосита шакллантириладиган давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи – парламентда ўзининг энг ёрқин ифодасини топади. Буни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасида белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларида ҳам кўриш мумкин. Унга кўра, парламент мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, конституциявий қонунларни, қонунларни, қонун кучига тенг қарорларни қабул қилиш орқали давлат ва жамият ҳаётида энг муҳим масалаларни ҳал этиш ваколатига эга.
Шунингдек, Конституциямизнинг 96-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилиши белгиланган.
2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевақт вафот этиши унинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши масаласининг кун тартибига қўйилишига сабаб бўлди. Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўз ихтиёрига кўра Президент ваколатларини вақтинча бажаришни бу соҳада юқори салоҳиятга ва бой тажрибага эга бўлган, энг муносиб номзод бўлганлиги сабабли ҳамда мазкур ваколатни ўз зиммасига олишдан умуммиллий манфаатларини кўзлаб рад этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш ҳамда у юзасидан тегишли қарор қабул қилишни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлиси кун тартибига киритди.
Ушбу таклиф 2016 йил 7-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисида атрофлича муҳокама қилинди ва унинг ҳар томонлама асосли эканлиги қайд этилди. Мажлис якунида парламентимиз депутатлари ва сенаторлар бир овоздан Президент вазифасини вақтинча бажариш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига юклаш ҳақида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлиси қарори қабул қилинди.
Халқ манфаатларини олий даражада ифода этиш ҳуқуқига эга бўлган парламент томонидан Президент вазифасини вақтинча бажариш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига юклатилиши парламентнинг мутлоқ ваколатига киради. Шунга асосан, парламент мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ваколатлари доирасида тўғри ва асосли қарор қабул қилди.
Ундан ташқари, ушбу қарор қуйидагиларга кўра асосли ҳисобланади:
Биринчидан, Президент вазифасини вақтинча бажариш ваколатини Сенат раиси рад этган тақдирда қонунчиликда ушбу масала қандай тартибда ҳал этилишини белгилайдиган ҳуқуқий норма мавжуд эмас. Бундай ҳолатда ушбу вазифа парламент томонидан ҳал этилиши асосли;
Иккинчидан, парламент халқ иродасини ифода этувчи олий орган сифатида мазкур масалани ҳал этишга мутлақ ваколатлидир ҳамда мазкур ваколат бошқа давлат ҳокимияти органи ваколатига тегишли эмас;
Учинчидан, 2012 йил 24 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги (янги таҳрир) Қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари Конституция ва қонун қаторида эътироф этилиб, унинг юридик кучи Конституция ва қонунлар билан тенг ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ёндашганда, парламентимиз ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳуқуқий ҳужжат билан ўз хоҳишини расмийлаштирди;
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисида Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар тўғри қайд этганидек ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлиги мазкур қарорнинг ҳаётий зарурат эканлигини исботлайди;
Бешинчидан, мазкур тажриба ривожланган хорижий давлатлар тажрибасида ҳам мавжуд. Жумладан, Франция Конституциясининг 7-моддасига кўра муайян бир сабабга кўра президентлик лавозими бўшаб қолса, унинг вазифалари ҳукумат сўровига кўра Конституциявий кенгашнинг кўпчилик овозига кўра, Сенат раисига юклатилади. Ўз навбатида Сенат раисининг ушбу вазифани бажаришига тўсиқ вужудга келганда мазкур вазифа ҳукуматга юклатилади. Шунга ўхшаш амалиёт Грецияда ҳам мавжуд.
Шу ўринда тўхталиб ўтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси зиммасига юклатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришдан ўзини ўзи рад этиши ҳамда ушбу вазифа ва ваколатларни бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига юклашни таклиф этиши ҳам асосли ҳисобланади. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ҳам бошқа давлат органлари мансабдор шахслари каби ўзига қўшимча равишда юклатилган вазифани бажаришдан ўзини ўзи рад этиши мумкин. Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлик қиладиган Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради ҳамда уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади. Бинобарин, давлат хокимиятининг бошқа органларига нисбатан Бош вазир фаолиятининг мазкур жиҳатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга ошириладиган вазифа ва ваколатларга яқинлигидан далолат беради.
Юқоридагиларга асосланиб хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қабул қилган қўшма қарор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига, халқаро хуқуқ талаблари тўлиқ мос келади. Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар давомийлигини таъминлашга хизмат қилади.
Кези келганда таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз муҳим сиёсий жараёнлар арафасида турибти. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь, якшанба кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.
Сайловлар давлат ҳокимияти ва унинг органлари фаолиятини қонунийлаштирадиган ҳамда аҳолида ушбу институтларнинг ҳам шаклланиши, ҳам фаолияти қонуний эканига ишонч уйғотадиган ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий жараён, восита ҳисобланади. Сайловлар фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш билан бир қаторда, бўлажак сайловларда муносиб номзодни танлаб олиш учун ҳам имконият яратади. Шундай экан, барча фуқаролар мазкур жараёнда фаол иштирок этиши, ўз конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш асосида ўзлари энг муносиб деб билган номзодларга овоз беришлари лозим.
Умумий хулоса сифатида таъкидлашни истар эдикки, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган муҳим воқеа, ҳодисаларга хеч бир фуқаро бефарқ эмас. Ҳар бир фуқаромиз ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан бирга кўрар экан унинг тинчлиги ва равнақи йўлида ўзининг муносиб хиссасини қўшишга тайёр. Мамлакатимиздан ташқарида бизга “ақл ўргатишга” уринаётган кучлар ҳам мавжуд эканлигини эътиборга олиб, биз ўз танлаган тараққиёт йўлимиздан ҳеч қачон қайтмаслигимизни уларга уқтиришимиз лозим. Бизнинг мамлакатимиз ўзгаларнинг йўл кўрсатиши ва раҳнамолигига муҳтож эмас. Мамлакатимизда дунё тан олган энг демократик Конституция ва қонунларимиз бор. Шу боис, мамлакатимиз ўз олдига қўйган барча мақсад ва вазифаларига эришади ва ушбу йўлда ёш авлод унда мустаҳкам қанот бўлажак.
Х.Хайитов ,
Тошкент давлат юридик университети
доцент вазифасини бажарувчиси,
юридик фанлар номзоди
Сўнгги фикрлар