Журфак 4-курс талабаларига берган сабоғимизга мос хабарни ўқидингизми?
Вазирлик шундай ишлагач, унинг ахборот хизмати шунга яраша мутасаддилар фалиятини кўрасата олиши, кенг ёритиши мақсадга мувофиқдир, дейди Дониш домла сабоғини давом эттириб.
Адлия ходимлари ишини хуфёна ўрганиш натижасида 17 нафар ходим ишдан бўшатилган
Фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларнинг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбирини ўтказиш йўлга қўйилган.
Бу ҳақда адлия идораларининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.
Бунда вазирлик ходими нотариус, ФҲДЁ идораси ёки давлат хизматлари кўрсатиш марказига мижоз сифатида боради. Улардан бирор хизмат кўрсатишни сўрайди. Бундан бехабар ходим эса…
“Сирли мижоз” Янгийўл тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига янги корхона ташкил этиш истагида борган. Масъул ходим эса мижозга 400 минг сўм олиб келсангиз, ишингиз битади, деб айтган ва унинг қўлига ташриф қоғозини тутқазган.
Урганч тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказига хорижий корхона очиш истагида борган “сирли мижоз” қўлига ўз кучини йўқотган ҳукумат қарори тутқазилган.
Ана шундай хуфёна ўрганиш натижасида қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган 17 ходим ишдан бўшатилган.
Мажлисда бундай ҳолатларга асло тоқат қилиб бўлмаслиги, уларга барҳам бериш борасида барча имкониятлар ишга солиниши қайд этилди.
Вазирлик томонидан “сирли мижоз” тадбирини ҳудудий адлия органлари томонидан ҳам ўтказилиши топширилган. Бироқ жойларда бунга панжа орасидан қаралган. Яъни “сен менга тегма, мен сенга тегмайсан”, қабилида.
Видеоконференцалоқа тизими орқали мажлисда иштирок этаётган Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазиридан бу борада қандай иш қилингани сўралди. Лекин ижобий жавоб олинмади. Унга биринчи чорак якунигача юзта “сирли мижоз” тадбири ўтказиш топшириғи берилди. Бухоро, Сурхондарё адлия бошқармалари томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам танқид қилинди.
ФҲДЁ органлари томонидан олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилди. Бу борада 232 орган аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Лекин улар олдига қўйилаётган энг долзарб вазифаларга совуққонлик билан қараётир.
Президентимиз топшириғи асосида тўй маросимларини ихчамлаштиришга қаратилган “Бекобод намунаси” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Лекин бундан шу ишни бевосита амалга оширишга масъул бўлган жойлардаги адлия ходимлариинг ҳали хабари йўқ. Масалан, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғидан бу ҳақда сўралганда у сукут сақлаган.
Ҳозирда 58 миллион далолатнома ёзуви мавжуд бўлиб, уларнинг электрон архиви яратилмоқда. Бу фуқароларга яратилаётан катта қулайлик бўлиб, зарур ҳужжатни тез ва осон топиш имкониятини яратади.
Бу борада Тошкент шаҳрида самарали иш олиб борилмоқда. Бироқ жойлардаги 75 ФҲДЁ органи тизим бўйича умуман иш олиб бормаган. Шунинг учун мажлисда ишни жадаллаштириш учун ҳар бир органга электрон архивга маълумот киритиш бўйича қатъий юклама қўйилиши айтилди.
Мажлисда бундан буён ҳар бир соҳа бўйича қаттиқ назорат ўрнатилиши маълум қилинди. Бундан ўз вақтида хулоса чиқарган ходимларгина тизимда ишлашда давом этади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
***
Адлия вазири: «Қачон халққа яқинлашамиз? Нима қилсак халқ бизга ишонади?»
Ҳалол ишламаётган адлия ходимларига мажбурийлик принципи қўлланилади. Кимки бунга амал қилмаса у билан бутунлай хайрлашилади.
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов адлия идораларининг 2017 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бу ҳақда маълум қилди.
Мажлисда адлиянинг фуқароларга бевосита хизмат қиладиган тизимларидан бири бўлган нотариат соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар эътибор марказида бўлди.
Нотариат аҳолидан энг кўп эътироз тушаётган соҳа экани таъкидланди. Фуқаролар билан ишлашда ҳанузгача қўпол муомалада бўлиш, уларни сарсон қилиш, кўрсатилган хизматлар учун ортиқча пул маблағларининг ундирилиши ҳолатлари муроса қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай камчиликларга йўл қўйганлиги учун 229 нафар нотариат ходимига нисбатан кескин чоралар кўрилган. Айримлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
“Ўзимизга савол бериб кўрайлик, фаолиятимизга четдан баҳо берайлик. Шунда ҳаммаси ойдек равшан бўлади. Қачон халққа яқинлашамиз? Нима қилсак халқ бизга ишонади?”, дея вазирлик ҳамда видеоконференцалоқа тизими орқали мажлисда иштирок этаётган ҳудудий адлия органлари раҳбарларига мурожаат қилди вазир.
Нотариал идораларда ўтказилаётган рейдларда нотариусларнинг ишга сурункали равишда кеч келиши маълум бўлмоқда. Бу фуқароларнинг узоқ кутиб қолиши, иши вақтида битмаслигига ва табиийки, норозилигига сабаб бўлган.
Айрим адлия органларида нотарус ахборот тизимлари талаб даражасида юритилмаган. Тақиқ олиб ташланган ҳолатлар тизимга вақтида киритилмаган. Бу фуқароларнинг мулкини эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилади.
Мамлакатимизда бугунги кунда 704 нотариус фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўзи ишини ўз вақтида виждонан адо этяптими? Тўғри, ўз ишини пухта биладиган, вазифасига виждонан ёндошиб, фидокорона хизмат қиладиган нотуриуслар кўпчиликни ташкил этади. Нотариусларнинг маҳаллаларда фуқароларни қабул қилиши ва нотариал ҳаракатларни ўша жойнинг ўзида бажариш тизими йўлга қўйилгани натижасида 5 мингдан ортиқ нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.
Бироқ уларнинг айримлари ўзлари учун қоидалар яратиб, ихтисослашиб олган. Бири фақат мерос, яна бири фақат гаров билан боғлиқ ҳаракатларни расмийлаштирган. Кўпчилиги ипотека кредитига оид шартномани тасдиқлашни асоссиз равишда рад этмоқда. Аммо бунга уларнинг мутлақо ҳаққи йўқ. Нотариус давлат нотариал идорасига келган фуқарога бир хил ёндошув асосида бир хил хизмат кўрсатиши керак.
Мана шундай қонунга зид ҳаракатлари туфайли Тошкент шаҳрида кейинги 4 ойда 26 нотарус интизомий жавобгарликка тортилган, 3 нафари ишдан бўшатилган.
“Фуқароларга хизмат кўрсатишни рад этадиган, уларни хафа қиладиган нотариусдан кўра ўша жой вакант бўлгани маъқул”, таъкидлаб ўтди вазир.
Адлия тизимидан норози бўлаётган фуқаролар кўплиги сабаб тизим ходимларидан қонун доирасида ишлаш билан бирга маданият билан хизмат кўрсатиш талаби қўйилаётган бўлишига қарамай бундан ўзига тўғри хулоса чиқараётган ходимлар жуда озлиги таассуф билан қайд этилди. Айримлар интизомий жазо чоралари қўлланилганига қарамай инсофга келмаган.
“2018 йилда янгича иш олиб борамиз. Фуқароларга хизмат кўрсатишда қўйилаётган талабларни бажармайдиган, яъни ҳалол ишламайдиган ходимларга мажбурийлик принципи қўлланилади. Кимда ким бунга амал қилмаса у билан бутунлай хайрлашишимизга тўғри келади”, деб қатъий қайд этди вазир.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Сўнгги фикрлар