Хоразм – Авестонинг ватани
Дониш домланинг http://uchildiz.uz сайтида ёритилган “Авесто” –
ўзбек халқининг бебаҳо мероси” сарлавҳали мақоласи мушоҳадага чорлади. Унда ёзилишича:
“Олим адашса – олам вайрон бўлғуси…
Афсуски, бир олим ўзи адашгани етмагандек, онги олий маълумот ила шаклланаётган талабаларни ҳам “адаштириш”га уринаётганини эшитиб, “портлаб” кетаёздим.
Бир илм даргоҳида икки олимнинг суҳбати қулоғимга чалингач, дафъатан шундай аламли сўзлар қуюлиб кела бошлади: оғзидаги ошини олдирган олим – миллатга золим…
Улардан бири шундай деди:
– “Авесто”нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, у қадимги Хоразмда яратилмаган… Мен талабаларимизни шундай деб ўқитаяпман…
Унга иккинчи олимнинг жавоби анча жўяли бўлди:
– Барака топгур, “Авесто” яралган замонда Хоразм буюк мамлакат маркази ҳисобланган. Эҳтимолга яқин фараз шуки, ўша пайтларда Эрону Озарбайжон ўлкалари ҳам Хоразм мамлакати таркибига киргандир… Кам эмас – 12 мингдан ортиқ қорамолнинг бир қисми ҳозирги Эрон ва бир қисми Озарбайжон ҳудудида сўйилиб, терилари ошланиб, асарни ёзишда эрони ва озар алломалари ҳам ўз ҳиссаларини қўшган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам бу ноёб асар ўша даврда мамлакат маркази – Хоразмда вужудга келгани аён ҳақиқат!..
Афсус, суҳбатни охиригача эшитишга имконим йўқ эди…
Бироқ, “Авесто”нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, у қадимги Хоразмда яратилмаган… Мен талабаларимизни шундай деб ўқитаяпман” деган шубҳали гаплар менга тинчлик бермай қўйди…
Собиқ мустабид тузум даврида Абу Али ибн Синодек алломаларимизни, Самарқанду Бухоро, ҳатто Тошкентни ўзбекларга алоқаси йўқ, деган ғайришуурий гаплардан қанчалик зада бўлганимиз каммиди?..
Энди “Авесто”дек дурдона асаримизни ҳам ўзгаларга “тортиқ” қилаётган шоввозлар пайдо бўлибдими?..
Йўқ, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди!
“Авесто”нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, деган кимсанинг бизга алоқаси бўлмаслиги мумкин…
Абу Али ибн Сино каби алломаларимиз, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа шаҳарларимиз сингари “Авесто” ҳам ўзбек халқининг аждодларидан қолган бойлиги эканлигини ҳар қандай валломатга тушунтириб қўйишимиз мумкин. Ёш авлодни чалғитишга, онгини заҳарлашга эса асло йўл қўйиб бўлмайди!
“Авесто”ни яратган буюк аждодларимизнинг руҳини безовта қилган “олим” ўзига жавр қилмаслигини истардик”…
Ушбу маълумотларни ўқиб, юрагим эзилди. Наҳотки мустақилликка эришганимиз, мустақил давлатда яшаётганимизнинг учунчи ўн йиллиги якунланиб бораётган бўлсада, ҳанузгача баъзи ўзбек зиёлиларида миллат, миллий ғурур ҳисси шаклланмаган бўлса. Қўштирноқ ичидаги “аллома”– “Авесто” нинг ўзбек халқига алоқаси йўқ, у қадимги Хоразмда яратилмаган… Мен талабаларимни шундай ўқитаяпман …” дейиши унинг маънавий қашшоқ, ўта гўл, жамият ва миллатга ўта хавфли эканлигидан дарак беради. Чунки у келажакда миллат ва давлатнинг таянчи бўлган ёшларни “тарбияламоқда”.
Шу ўринда “Авесто” китоби ҳақида қисқача маълумот: XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, адабиётшунос ва тарихчи олимларнинг асарларида «Авесто» ҳақидаги манбаларга таянган, илмий асосланган асарлари нашр қилина бошланди. Жумладан, Н.М.Маллаев, А.Қаюмов, М.Қодиров, А.Ирисов, Х.Ҳомидий, М.Исҳоқов каби олимларнинг ўзбек халқининг қадимий маънавий илдизлари Авесто ва зардуштийлик даври қадриятларига бевосита дахлдор эканлиги ҳақидаги асарлари нашр қилинди. Этнограф олимлар Г.Снесарев, Б.Кармишева, К.Шониёзов асарларида эса ўзбек халқи турмуш тарзи, уларнинг одат ва маросимлари, тафаккур хусусиятлари, этно-психологик дунёси узоқ ўтмишдан бошлаб айнан зардуштийликнинг табиат фалсафаси, ижтимоий тамойилликлари асосида шаклланиб келганлиги асосланди. Хорижлик олимлардан К.В.Тревер, Мэри Бойс зардуштийлик дастлаб Ўрта Осиёда пайдо бўлиб, сўнг Яқин ва Ўрта шарққа тарқалган; Маркварт, Х.Нюберг, Э.Бенвенист, С.П.Толстов, Ю.А.Рапопорт, Я.Гулямов, А.Сагдуллаевлар зардуштийлик Хоразмда пайдо бўлганлигини археологик далиллар асосида исботлаганлар.
Ўзбек халқи тарихи билан яратилиш тарихи муштарак бўлган Авесто тарихига қизиқувчиларга қуйидаги “Халқаро конференция материаллари”ни ўқишни тавсия қиламан.
Аҳрор ПАРДАЕВ,
Жиззах давлат пелагогика институти
Тарих факультети декани,
тарих фанлари доктори, профессор
Сўнгги фикрлар