Хуршид Даврон: «Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаига айланди»

“Биз ким – малики (мулки эмас) Турон, Амири Туркистонмиз!

Биз ким миллатларнинг энг улуғи, энг қадими – Туркнинг бош бўғинимиз!”

Амир Темур.

Хуршид Даврон: "Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаига айланди"

Амир Темур ва темурийлар салтанати дунё тамаддунида ўчмас из қолдирган. Шу сабабдан ҳам темурийларнинг зафарли юришлари, илм-фан аҳлига кўрсатилган эътибор ва бошқа тарих зарварақларидан жой олган оламшумул воқеалар ҳамон муҳокама этилади.
Мустақиллик бизга тарихимизни холис ва ҳаққоний идрок этиш, номлари унутилишга маҳкум этилган аждодларимиз ҳақида тўлақонли билиш имкониятини қайтарди. Мана шу имконият туфайли тарихимизнинг номаълум саҳифалари ва қатағон этилган боболаримизга бағишлаб асарлар ёзишга йўл очилди.

Берган имкониятлардан фақат истеъдодли ва фидойи олиму адибларгина эмас, бутун “илмий-ижодий фаолияти” давомида улуғ мутафаккирларимизни, шу жумладан, Амир Темур ва темурийларни қоралаб, уларга қарши курашиб келган олимлик даъвосидаги кимсалар ҳам унумли фойдаланди ва фойдаланишмоқда.

Бир пайтлар колхозлаштириш ёки гугурт фабрикаси тарихини ёзиб илмий унвон олган, шўро “қаҳрамон”ларини олқишлаб узундан-узоқ шеърий романлар ёзган илму адабиётдаги флюгертабиат ижодкорлар бир думалаб “Амир Темур”чиларга айланди, бир умр Амир Темурга қарши курашган олимларнинг айримлари “Бош Темурчилар” сифатида тан олинди.

Узоқ йиллар Соҳибқирон мавзуси асл илм ва чинакам адабиёт эмас, сохта ва ёлғон демагогия қуролига айланди. Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаига айланди.

Гапимга ишонинг, шу пайтгача Соҳибқирон ҳақида нашр этилаётган китобларнинг учдан икки қисми на илмга, на адабиётга алоқаси бор.

Адабиёт тарихидан биламизки, миллатнинг буюк инсонлари ҳақида асар ёзиш улкан меҳнат, катта жасорат ва буюк масъулиятни талаб қилади. Айтиш лозимки, Амир Темурдек серқирра фаолиятга эга шахс ҳақида ёзишга чоғланган ҳар бир ижодкор ўнлаб, балки юзлаб қадимий қўлёзмалар чангу тўзони-ю бу асотирлар тахланган жавонларга тиркаб қўйилган тикка нарвонлар орқали чиқиб боришга маҳкумдир.

Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Ойбек, Одил Ёқубов ҳаёти ва фаолияти, улар қолдирган тарихий асарлар бунинг ёрқин мисолидир.

Ўтган асрнинг мустақилликкача бўлган даври мобайнида ўзбек адабиётида Амир Темур ҳақида, устоз Асқад Мухторнинг “Инсонга қуллуқ қиладурмен” номли юксак асаридан бошқа, жиддий бир бадиий асар яратилмади. Албатта, буни изоҳлайдиган маълум сабаблар бор.

Илгари Амир Темур ва бошқа тарихий шахслар ҳақидаги асарлар жиддий кўрикдан ўтказилган бўлса, бугунга келиб пала-партиш, хом-хатала ва тарихий материалдан мутлақо бехабар, тарихий ҳужжату қўлёзмаларни чуқур ўзлаштирмаган муаллифларнинг асарларини муҳокамасиз, илмий экспертизасиз чоп этиш одат тусига кира бошлади.

Устоз олимларимиздан бири “ота-боболаримиздан қолган улкан маънавий бойлик, қўлёзма асарлар Қизилқум саҳросига сочилиб кетган олтинни эслатади, бу асарлар дунё кутубхона, музейларига сочилиб кетган”, деб ёзганини эслайман.

Дарҳақиқат, жаҳондаги бирорта машҳур кутубхона йўқки, у ерда халқимиз тарихи ва адабиётига тегишли қўлёзма асар бўлмасин. Британия музейи, Париж миллий кутубхонаси, Оксфорд, Кэмбриж, Сорбонна, Харвард, Йел университети кутубхоналари, Голландия, Германия, Испания, Италия, Ватикан кутубхоналари ҳамда Россия, Миср, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистондаги кутубхоналарда ўзимиз сақлай олмаган кўплаб ёзма адабиётларимиз намуналари авайлаб асраб келинмоқда.

Ҳиндистоннинг дунёга машҳур Патна шаҳридаги кутубхонадаги бир нодир қўлёзмада Шарқ ҳукмдорлари, шу жумладан, Амир Темур салтанатининг вазирлари ҳақида маълумотлар ёзилгани ҳақида ўқиганимга ҳам 40 йилдан ошди.

Аммо, ҳанузгача биз бу хусусда аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бир пайтлар бир ёзувчининг ўзи тўқиб чиқарган вазирларнинг номлари асардан асарга кўчиб юради.

Йиллар мобайнида ўзбек тарихшунос олимлари олдида турган вазифалар чала-чулпа амалга оширилди. Бу вазифаларни аниқлаштириш, мукаммал тартибга солишни ўйлаб кўриш керак.

Биринчидан, тарихимизга оид, шу жумладан, Амир Темур шахсияти ва фаолиятига оид асл манбаларни мукаммал бир тартиб асосида нашр этишни йўлга қўйишимиз керак.

Иккинчидан, ўтган аждодларимизга бағишланган дунё илми ва адабиётидаги илмий-бадиий асарларнинг тўлақонли каталоги муфассал баёни, камчиликлари-ю ютуқлари қайд этилган шарҳлар билан тайёрлашимиз зарур.

Дунё адабиётида Соҳибқирон ҳақида жуда кўп китоблар нашр этилган. Улар орасида ўзбек китобхони ўқиши лозим бўлганлари ҳам талайгина. Уларни жиддий танлов йўли билан нашр этиш учун тил биладиган ёш таржимонларни, маслаҳат беришга қодир тарихчиларни жалб этиш даркор.

ЁЗУВЧИГА ТАРИХИЙ ШАХС ҚИЁФАСИНИ НОТЎҒРИ ТАЛҚИН ЭТИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛМАГАН

Тарих, шу жумладан, ўтмиш шахслари ҳамиша ҳимояга муҳтож бўлади. Гўё бир пайтлар бўлиб ўтган воқеалар ўзгармас ва уларнинг иштирокчилари ҳақида ҳамма гап айтилгандек туюлса-да, юзага чиқаётган янги ижтимоий жараёнлар таъсирида тарихга бўлган муносабат жиддий ўзгаришларни кечирмоқда.

Биз Ғарбу Шарқда боболаримиз ҳақида ёзилгани учунгина дуч келган китобни эмас, холис ва асосли қарашлар акс этган китобларнигина ўзбек тилига таржима қилишимиз керак.

Яна энг муҳими, Ғарб, яъни инглиз, рус, француз олимларининг ўтмишда, кеча ва бугун Соҳибқирон хусусида, унинг фаолияти билан боғлиқ бирон бир тарихий воқеа ҳақида ёзган мулоҳазаларини, қарашларини ўйламай-нетмай ўзбек китобхонига тақдим этишдан сақланиш лозим.

Кейинги пайтда бу гапларни айтишимга сабаб бўлган бир неча китоблар нашр этилди.

Ёзувчининг ҳар қандай тарихий шахс ҳақида ёзганда уни хоҳлаган кўйга солиб тасвирлаш ихтиёри бор. Аммо, ёзувчига тарихий шахс қиёфасини нотўғри талқин этиш ҳуқуқи берилмаган. Айниқса, бу шахс она тарихимизга мансуб бўлса, айниқса, бу шахс сиймоси бизга азиз бўлса.

“Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар”, “Амир Темур салтанатида хавфсизлик хизмати” бунга ёрқин мисол бўла олади. Биринчи асар тўлалигича XIX асрда яшаган рус олими Владимир Череванскийнинг икки жилдлик “Икки тўлқин” номли асарининг Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган иккинчи китобидаги асоссиз ва сохта қарашлари асосида ёзилган бўлса, “Амир Темур салтанатида хавфсизлик хизмати” деб номланган ва бу ном билан илмийлик даъво қилинган асарда бирортаям тарихий манба, бирортаям илмий изоҳ йўқлиги китобхонни таажжублантиради.

“Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар”да Владимир Череванскийнинг тарихий ҳақиқатларга зид, жумладан, енгилган султон Боязидни Соҳибқирон ҳузурига бўйнига арқон солиб олиб кирганлари ҳақидаги Амир Темурни қора бўёқларда акс эттирган Ғарб тарихчилигида ҳукмрон ёлғону бўҳтонларни шундай кўчириб олган, бундай кўчиришлар ҳар бир саҳифада мавжуд.

Бу ҳолат Череванскийнинг “Икки тўлқин”и иккинчи жилди билан “Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар”ни солиштирганда яққол намоён бўлади. Очиғини айтиш керак, бугунги тарихий китоблар нашр этиш билан боғлиқ аҳвол жуда ташвишли.

Соҳибқирон бобомиз номи билан боғлиқ ёлғонлардан бири унинг турк султони Боязид Йилдиримга бўлган муносабатини ёритган бир қатор асарлар мавжуд. Амир Темур билан Султон Боязид ўртасидаги муносабатлар ҳалигача ойдинлашмагани учун ёлғону чалкашликлар қисман бўлса-да бартараф этилмаган. Узоқ йиллар мобайнида биз бу ойдинлик йўлини тўсишда совет тузумини баҳона қилиб келдик. Афсуски, Туркияда ҳам илм одамларининг аксарияти ўртада кечган воқеаларни фақат Амир Темурга бўлган салбий нуқтаи назарларидан келиб чиқиб баҳоладилар. Аммо кейинги йилларда турк илм дунёсида тарихий ҳужжатлар асосида масалани ёритишга қаратилган холис илмий асарлар пайдо бўла бошлади. Ўзбекистонда эса олдин ҳам, ҳозир ҳам бу мураккаб масалага чала-чулпа эътибор берилди.

Фақат бу масалага эмас, миллий тарихимизнинг жуда кўп чигал муаммоларини ёритишда ҳанузгача айрим Ғарб ва рус-совет тарихчиларининг ёлғону бўҳтонларга қурилган “асар”лари асосида иш кўришдан бутунлай қутула олмадик.

Ўтган аср бузғунчи тарихчиларининг “Амир Темур ҳузурига Султон Боязидни бўйнига арқон солиб олиб келишган”, “Амир Темур Султон Боязидни қафасга солиб қўйган” деган мутлақо ёлғону туҳматга қурилган гапларини бугун ҳам Тошкентда нашр этилган китобларда ўқишимиз мумкин.

Мана, бир мисол: тарих фанлари доктори Ҳамдам Содиқовнинг 2007 йили Тошкентдаги “Art filex” нашриётида чоп этилган “Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар” китобининг 223-224 бетларида шундоқ манзара ифода этилган: “Чодирда Темурбек шатранж ўйини билан овора эди… Шу вақт чодирга Султон Маҳмудхон кириб келди. Бутун давлат ҳукмдори – Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлган саркарда Темурнинг олдига бўйнига арқон тушган султон Боязидни олиб кирди…”

Шу қисқагина лавҳада бир назарда тутган ёлғондан ташқари 320 саҳифадан иборат бу “асар”да яна сон мингта хатоликлар мавжудлигини кўрсатиб турибди.

Биргина “Султон Боязид қафасда” мавзусида ўтган салкам етти аср мобайнида оврупаликлару руслар томонидан чизилган расмларнинг саноғига етиш қийин.

Қафас мавзуси акс этган бадиий ва илмий асарлар ҳам саноқсиз. Уларнинг сафи камайишига эса ишонгим келмайди. Майли, бу ишлар Ғарбда бўляпти. Бизда, она тарихидан бехабар бизда-чи?

Эртага Султон Боязид бўйнига арқон ташлаган тарих фанлари докторидан “ибрат” олган яна бирортаси султонни қафасга солиб қўймаслигига ким кафолат беради?

Бундан йигирма бир йил аввал нашр этилган “Соҳибқирон набираси” номли қиссамда қафас ҳақидаги иғвогарона ёлғон асоссиз эканини тарихий далиллар асосида ойдинлаштирган эдим.

“Бўйинга солинган арқон” ҳақидаги ёлғонни ҳам сўнгги йилларда ёзилган мақолаларимда тарихий ҳақиқатга зид эканини ёзганман. Аммо бугун ҳам шу ёлғонга ишонишмоқда, тарихий ҳақиқатдан узоқ китобларни ўқишмоқда.

Ўша тарихчилар Султон Боязиднинг бўйнига арқон солишдан олдин ўша давр, яъни бўлиб ўтган воқеаларни ўз кўзи билан кўрган усмонли муаррихларнинг қолдирган тарихий асарларни кўздан ўтказиши шарт эмасмиди?

Бу муаррихларнинг асосий қисми бу учрашув ҳақида ёзар эканлар, Амир Темур турк султонини иззатона кутиб олгани, у билан узоқ ҳамсуҳбат бўлгани ва ҳатто мулоқот пайтида келгусида ўзаро қуда-анда бўлиш ҳақида гаплар ҳам айтилганини қайд этганлар.

Амир Темур билан Султон Боязид ўртасидаги муносабатларни аниқлаштирадиган манбалардан бири уларнинг ўзаро ёзган мактубларидир. Йигирма икки йил аввал Туркияга борганимда, бу мактубларни кўриш насиб бўлган эди. Ўша сафар кунлари Истанбулда Ая-София номи билан машҳур, бир пайтлар насронийлар ибодатхонаси, Истанбул фатҳидан кейин масжидга ва янги даврда музейга айланган бир ярим минг йилдан зиёд тарихга эга муаззам даргоҳга борган эдик.

Бизни катта ҳурмат билан кутиб олган қадимий қўлёзмалар жамғармаси раҳбари суҳбат орасида “Сиз иккингиз учун жамғармамиз очиқ, қайси нодир қўлёзмани истасангиз, ҳозироқ кўрсатамиз,” дея илтифот қилди.

Эркин Воҳидов Алишер Навоий асарлари қўлёзмасини, мен Амир Темур билан Султон Боязид Йилдиримнинг ўзаро ёзишмалари – мактубларини кўрсатишни илтимос қилдик. Хуллас, Эркин ака баҳона, мен ҳам кўришни орзу қилган мактубларни кўздан кечиришга муяссар бўлдим.

АМИР ТЕМУР ВА ЕВРОПА

Сўнгги йилларда туркча сайтларда эълон қилинган Амир Темур билан Султон Боязиднинг ўзаро ёзишмалари билан танишиб, уларни ўргана бошладим.

Айни шу сабабдан, юқоридаги гапимни яна такрорлайман: икки турк ҳукмдори ўртасидаги муносабатларни аниқ-равшан билиш учун мактубларни ўрганиш, таҳлил этиш жуда муҳимдир.

Тадқиқотчи олима Дилрабо Абдуллаеванинг айнан шу мавзуга бағишланган мақоласидаги мана бу жумлаларга эътибор қаратаман: Йилдирим Боязидга юборилган номада эса унинг асли насаби кемачи туркман бўлгани айтилиб, шу кунгача уруш очмай турилгани баён этилади.

“Сен фаранг кофирлари била ғазотга машғулсен. Ва агар биз ул сори борсак, мусулмонлар ташвишда бўлурлар ва кофирлар шодмон бўлғайлар. Зинҳор базинҳорким атоларингнинг тариқаларини сақлағил ва аёғингни ўз ҳаддингдин узотмағил, ўзунгга мағрур бўлмағил”.

Келтирилган бу гаплар яна бир ёлғонни яланғочлайди: мустақилликнинг дастлабки йилларида Ғарбга ёқиш масаласида айтилган, тарихий ҳақиқатдан кўра, сиёсий нуқта назарга амал қилиб, “Амир Темур Европа халоскори” деб жар солганимиз ҳам асоссиз эканини кўрсатади.

Худди шунингдек, усмонлилардан халос этгани учун миннатдорлик рамзи сифатида Европада Амир Темурга ҳайкал ўрнатилган, деган гап ҳам қуп-қуруқ лоф эди.

Аниғини айтадиган бўлсак, ҳайкал эмас, бемалол иш столи устига қўйса бўладиган кичкина ҳайкалча мавжуд бўлган. Европа ҳамжамияти билан бу асоссиз гапларни айтмасдан ҳам яқинлашиш мумкин, деб ўйлайман. Дунёнинг тараққий топган қисми билан яқинлашиш учун лоф ишлатиш шарт эмас.

УЛАР СОҲИБҚИРОННИ ИЛОҲИЙЛАШТИРИБ, ГЎЁКИ ФАРИШТАГА АЙЛАНТИРИБ ЁЗИШИМНИ ИСТАЙДИ

Бир нечта театр раҳбарлари мендан Амир Темур ҳақида пьеса ёзиб беришимни сўрашди. Лекин мен бу таклифларни рад этишга мажбур бўлдим. Чунки ўша театрлар раҳбарларининг мақсадини жуда яхши биламан. Улар Соҳибқиронни илоҳийлаштириб, гўёки фариштага айлантириб ёзишимни истайди. Бу менинг шу пайтгача орттирган тажрибаларим, илму адабиёт хусусидаги тушунчаларимга зид келади.

Ҳар қандай тарихий шахс ҳаёти ва фаолиятини безамасдан, лоф қўшмасдан, борича кўрсатишимиз керак. Акси бўлгани учун ҳам ҳамон Амир Темурнинг мукаммал образини ярата олмаётгандирмиз.

Эҳ-ҳе, Амир Темур ҳақида ҳали қанча асарлар, пьесалар ёзишга етадиган мавзулар бор. Афсуски, биз фақат муз тоғининг сув юзига чиқиб турган учини кўрибгина хулосалар ясаймиз.

Ўз ўрнини топишга уринаётган миллий адабиётимиз ва тарих илми олдида ҳам фақат ягона қатъий мезон кўндаланг турмоғи, яъни: ўтмишимиз ёки аждодларимиз фаолиятини, улар қолдирган меросга бағишланган асарлар фақат ва фақат бадиий жиҳатдан юксак, илмий асосланган бўлмоғи лозим. Ёзилган асарларни фақатгина Амир Темур ёки Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ёки Мирзо Бобур ҳақида ёзилгани учунгина мақтамасдан, бу асарларда акс этган тарихимиз, аждодларимиз ҳаёти нечоғли ҳаққоний, нечоғли бадиий юксак ифодаланганини теран таҳлил этишимиз шарт.

Фақат шундай бўлгандагина, сохта ва бадиий саёз асарлар пайдо бўлишини олдини олишимиз мумкин.

Хуршид Даврон,
Ўзбекистон халқ шоири
 
P/S: Мазкур мақола юзасидан фикр-мулоҳаза, муносабатлар бўлса, қуйидаги манзилга юборинг:
 
E-mail электорон почта: pochta@uza.uz

Телеграм: UzA_pochta

 

http://uza.uz/oz/society/ayrimlar-uchun-temur-a-ida-yezish-kun-kechirish-manbaiga-ayl-04-04-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *