Хуршид Дўстмуҳаммад сабоқлари

Устоз журналист-олим Хуршид Дўстмуҳаммаднинг суҳбатларидан кўп баҳраманд

бўлганмиз. Аммо бунисини қўшиқ қилиб куйласанг: «аввалгиларга ўхшамас!» Собиқ мустабид тузум даврини ҳам, юртимиз мустақиллигининг биринчи чорагини ҳам мукаммал кўрган, кўп воқеаларнинг иштирокчиси бўлган Устознинг бугунги мушоҳадалари бўлғуси журналистлар учун катта сабоқдир, дейди Дониш домла.

3

«Олқишлар жамиятни ривожлантирмайди, муаммоларни ҳал қилмайди». Хуршид Дўстмуҳаммад эркин матбуот ва маддоҳлик ҳақида

Kun.uz жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти масалаларига бағишланган туркум суҳбатлар лойиҳаси доирасида таниқли журналист, ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат ташкил қилди. Аввалроқ сайтимиз орқали мазкур суҳбатнинг биринчи қисми «Биздаги сунъий демократия шахсларни ҳам, эркин фикрни ҳам йўқотди». Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат» сарлавҳаси билан эълон қилинганди.

Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Домла, мустақиллик йиллари ўзбек журналистикасига назар солган киши афсуски, бу соҳа жамият олдидаги ўз миссиясини тўла адо этолмаганини кўради. Сабаби, бу даврда (ҳозиргача) жамият ва матбуот ўртасида катта жарлик пайдо бўлди.

Тўғри, ўзбек журналистикасида ҳақиқатда кучли журналистлар кўп, лекин аксарият журналистларнинг иши раҳбарларга ҳамд-у сано ўқиш, шу орқали нимадир таъма қилиш, халқ дардини, уни қийнаётган муаммоларни эмас, фақат берилгани, айтилганини ёзиш, айтиш бўлиб қолди.

Сиз мана шу жараёнлар ичида бўлган инсон, соҳадаги кўпгина журналистларга билим берган киши сифатида ўзбек журналистикасининг мана шу ҳолга тушиши сабабларини ва бугун журналистика олдида турган вазифаларни нималарда кўрасиз?

— Сўз ва матбуот эркинлиги жуда оғир масала, у гап билан битадиган иш эмас. Соҳада қонунлар қабул қилинди, айнан 1995-2000 йилларда қабул қилинган қонунлар жуда яхши қонунлар эди.

Мамлакатда демократик жамият қуришга ҳаракат бўлди, аммо демократик жамият эмас, бошқарилувчи демократик жамият қурилди. Демак, кимдир бошқариб турибди, бундай бўлсин, ундай бўлсин деб. Ҳали шошмайлик, бу даражага етмадик, имкониятимиз йўқ, деган гаплар билан.

Худди шундай, матбуот ҳам бошқарилди. Битта-ю битта янгилик — ОАВлар сони кўпайди. Электрон нашрлар пайдо бўлди. Буни кўпайгани яхши, лекин ижод бошқарилди, уларнинг ижодига чизиқ чизиб берилди. Бу чизиқдан чиқма, мана бу йўлдан юргин дейишди. Бу – сунъий демократия бўлди.

Матбуот сунъий демократиянинг қурбонига айланди.

ОАВнинг вазифаси оммага тезлик билан, тўғри ва холис ахборот етказиб бериш. Биз эса оммага зудлик билан холис ва тўғри ахборот беролмадик.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Ҳар йили президент матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табриги ёзади. Ҳаммамиз кутиб турамиз, президент нима деркин деб. Жуда яхши таклифлар бўлади, мен у таклифларни ҳозир ҳам қўллаб-қувватлайман.

Маъқулладик, олқишладик, қўллаб-қувватладик-да, секин-секин ўша таклифларга кўникиб қолдик. Нима деркин президент, матбуот, журналистга йўл кўрсатармикин деб хомтама бўлиб қолдик. Тайёр ошга баковул бўлиб қолдик.

Журналистика бу – ижодий соҳа. Халқ билан оммавий мулоқотга киришадиган соҳа. Ҳар куни бирор янгилик ёки ўзгариш бўлади. Журналист халқ билан ҳисоблашиши керак, йўналиш берувчи билан эмас.

Энг катта иллат – матбуотимизда таҳлил йўқолди. Таҳлилсиз матбуот матбуот эмас. Ўқувчилар ҳам шунга кўникиб қолди. Одамларнинг тафаккури қисқа хабарларга ўрганиб қолди, тафаккур қилмай қўйди, бу эса жуда ёмон ҳолат.

— Ҳар бир даврда ҳам жамиятнинг энг катта муаммоларидан, иллатларидан бири бўлган маддоҳлик бугунги жамиятимизда ўзининг янгича бўйини кўрсатмоқда. Мана шу жараёнга нисбатан фикрингизни билмоқчиман. Нега бугун биз маддоҳликдан орланмаяпмиз?

— Бугун эмас, ҳамиша шундай бўлган. Одамнинг табиатида нафс бор, манфаат бор. Одамлар ана шу манфаатларини, муаммоларини ҳал қилиш учун ўзидан юқорироқдаги кишига ялтоқилик қилади, хушомад қилади.

Афсуски, миллий менталитетимизда шунга мойиллик бор. Бу мойилликдан қутулиш мумкинми? Мумкин, лекин у бирданига бўлмайди.

— Бу менталитетимизда бор деб ҳисоблайсизми, ахир маддоҳлик миллий менталитетга айланса бу фожиа эмасми?

— Миллий менталитетимизда қарсакбозликка, олқишга зўр беришга мойиллик бор. Бу маданият. Маълум чегарагача маданият, маълум чегарадан кейин фожиа. Биз ана шу чегаранинг меъёрини билмаймиз.

Уйга келдик. Набирамиз шеър ўқиб берди ва биз беихтиёр қарсак чаламиз. Бу қарсакда миннат йўқ, рағбат бор. Раҳбарга ҳам шундай бўлиши керак.

Олқишлар жамиятни ривожлантирмайди, муаммоларни ҳал қилмайди, олқишлар одамни безамайди. Олқиш жамиятнинг ривожига ишламайди.

Бу катта маданият масаласи. Бунинг учун одамларимизда тафаккур ва дунёни англаш шаклланиши керак. Шахслашув бўлиши керак. Бундай дейдиган бўлсак, янги муаммо очилади: жамиятдаги оломон ва шахс масаласи бор-ку.

— Хуршид ака, кўп бўлмади, адабиётимизнинг таниқли вакилларидан бири Тоҳир Малик боқий дунёга сафар қилди. Биласизми, йиллар ўтган сайин дарғалар бирма-бир ўтиб борар экан, менга бу майдон ва ўша инсонларнинг ўрни бўшаб қолаётгандек, ўринни тўлдирадиган ижодкорлар етишмаётгандек туюлади. Сиз қандай фикрдасиз, бу майдон бугун кимларга қолмоқда?

— Ҳар қандай бўш жойни тўлдириб турадиган одамлар бўлади. Минг таассуф, Тоҳир акадай инсон ҳам ўтди, Аллоҳ раҳмат қилсин. Покиза ва маърифати юксак инсон эди. У кишидан қолган асарларни халқимиз қўлидан қўймай ўқийди. Ҳаёт шу, унинг аччиқлиги шу. Тоғай Мурод яшаса бўлмасмиди? Муҳаммад Юсуф, Аъзам Ўктам, Равшан Файз яшаса бўлмасмиди?

Адабиётнинг даргоҳи кенг. Кимларга қоляпти? Ёш, етишиб келаётган ёзувчилар бор. Шукрки, Худойберди Тўхтабоев ҳаёт, Мурод Муҳаммад Дўст ҳали ёш, Эркин Аъзам, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Қўчқор Норқобил… шоирлар орасида Хуршид Даврон, Ҳалима Аҳмедова, Хосият Рустамова… йўқ эмас, бор, лекин ўтганларнинг ҳам умри узоқ бўлганда эди деб ўйлаб қоласиз.

Жамият, муҳит ўзи талаб қилади. Иброҳим Ғофуров, Иброҳим Ҳаққулов… ана шулардай етакчиларни, дарғаларни етиштириб чиқаради.

Ҳар қалай бўш қолмайди, лекин қанча кўпайса шунча хурсанд бўламиз.

— Шахслар ҳақида гапирдик. Умуман, жамиятда, адабиётда алоҳида кучли шахслар, титанлар камайиб кетаётганининг сабабларини нималарда кўрасиз?

— Бошқарилаётган демократия. Бошқариладиган демократия алоҳида шахсларни ва эркин фикрни йўқотади. «Мен бошқараман, сен қўявер, ақлингни ишлатма, сенда ақл йўқ. Сенинг ақлинг етмайди, бош қотирма, мени ўз ақлим етади», деган принцип одамларнинг фикрини ўлдирди. Жамиятда фикр айтишга ҳожат йўқ. Сизнинг фикрингиз ҳеч кимга қизиқ эмас. Бу шахслашувни йўқотди.

Ўтган даврда академия ҳам йўқ бўлди-ку. Соғлом жамиятда академия ўша жамиятнинг ақли ҳисобланади. Жамиятимизнинг ақли олиб ташланди. Жамият илм билан бошқарилиши керак. Кимгадир топшириб қўйиш керак эмас, бу Президентми, алломами ёки авлиёми фарқи йўқ. У илм билан бошқарилиши керак. Ўттиз миллионли аҳоли кимнингдир мулки эмас, давлат раҳбари ҳам бир хизматчи.

Жамият машварат билан, фикрлар билан бошқарилиши керак. Адабиёт нега ривожланмаётганини сўрадингиз. Фалсафа, илм бўлмаса қандай ривожлансин? Йўқотилди-ку бу институтларнинг ҳаммаси.

— 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодингиз қўйилган. Ўшанда номзодингизни ўз ихтиёрингиз билан қўйганмидингиз ёки… Ўша пайтда партиянгизнинг мағлубиятига нима сабаб бўлган эди?

— Номзод қўйишнинг тартиб-қоидаси бор. Аввало сиёсий партия раҳбарлари ўз номзодини қўяди. Сиёсий партия раҳбарлари ўз номзодини қўйишлари учун адашмасам, саккиз юз мингта талабгор бўлиши керак. Ўша пайтда партиямизнинг аъзолари сони бир юз олтмиш мингта эди. Керакли овозлар йиғилди ва номзодим қўйилди.

Лекин очиқ айтиш керак, ўша пайтда биз президентлик учун талашадиган даражада эмасдик. Аммо биринчи босқичдан ўтишнинг ўзи ҳам катта гап эди.

Мен президент бўлишга руҳан ва маънан тайёр эмас эдим. Шу сабаб мен номзодимни курашдан олганман.

Бу барибир партия учун катта тажриба ва катта мактаб.

Очиқ айтаман, ҳали ҳам сиёсий партия раҳбарлари президентлик учун курашадиган даражага чиқа олишмаяпти. Улар сиёсий партия сифатида заиф, таъсир кучи йўқ ва халқ назарига тушадиган концепциялари ишлаб чиқилмаган. Айтинг-чи, шундай партиядан чиққан кишилар қандай қилиб президент бўлиши мумкин. Кўрпага қараб оёқ узатишсин-да.

— Андижон воқеаларида иштирок этган халқни «шўрванинг кўпиги»га қиёслагансиз. Кейинчалик ўша ташбеҳ халқнинг шаънига қаратилмаганини айтдингиз. Кимни назарда тутган эдингиз?

— Мана шу гапнинг қўзғалишини хоҳламасдим. Яна бошқача талқинлар бўлади. Шу воқеадан кейин ижтимой тармоқларда мулоҳазаларимни ёзмайдиган бўлдим. Чунки талқин бошқача бўлиб кетади. Халқ шаънига айтилмаган. Ҳар қанақа шароитда бугун ҳам шўрва қилсангиз кўпигини олиб ташлайсиз. Кўпик ким? Сиз бошқа кўпикни оласиз, мен бошқа кўпикни. Кимнинг назарида нима кўпик? Мен бир ёзувчи бўлсам, партия раҳбари бўлсам, халқни қандай қилиб шўрванинг кўпиги дейман?

Ҳар қандай жамият ва ҳар қандай вазиятда жиноятчилар бўлади. Яқинда Самарқандда бир оиланинг беш нафар вакилини пул учун даҳшатли тарзда ўлдириб кетишди. Одам йиғлагиси, фарёд қилгиси келади. Айтинг-чи, ким кўпик? Қотиллар кўпикми, уни олиб ташлаш керакми? Жамият курашиши керакми? Мен қандай қилиб жабрдийдаларни кўпик дейман?

Қайси соғлом фикрли одам шундай дейди? Ўша пайтда менинг бир соатлик интервьюмдан фақат ўша гапни кесиб қўйишган. Электрон воситалар, ижтимой тармоқлар ўйланмаган хулосалар чиқариб юборишга жуда уста.

Иккинчидан, Андижондаги ҳақиқий воқеалар ҳали номаълум, тўла очилгани йўқ. Мен бу воқеаларнинг гувоҳи бўлмаганман ва гувоҳи бўлмаган воқеаларим ҳақида гапиришим хато.

— Ўзбек халқи ўзининг яқин ўтмишида 72 йиллик оғир мустабид тузум даврини бошидан ўтказди.

Агар мана шу ўтган даврни тахлил қиладиган бўлсак, халқимиз “сталинча”, “хрушчёвча”, “брежневча”, “андроповча”, “горбачёвча” тузумларни кўрди. Ва ҳар тузум ўзининг барқарорлигига ишонтирилди.

1991 йилда тарих яна бир имкон бериб мустақилликка эришдик. Шундан кейин ҳам орадан мана 27 йил вақт ўтди. Айтинг-чи, шу вақт оралиғида бизда ҳақиқий қиёфадаги ўзбек жамияти шаклландими?

— Мен жуда катта жамиятшунос, социолог олим эмасман. Бу менинг шахсий қараш ва шахсий фикрларим бўлади. Жамият ҳам тирик организм. Ўзини сақлашга ҳаракат қилади. Лекин уни шу жамиятнинг тепасида турган раҳбарлар бошқаради. Жамият ўша раҳбарлар жамиятнинг бошига нима кунни солса ўшани кўради. Жамият соғломланиши керак. Соғлом, эмин-эркин жамият қуриш керак. Биз битта йўлни танлаб олиб ўша йўлда кетишимиз керак. Жуда катта ниятлар билан, Аллоҳнинг инояти билан мустақилликка эришдик. Ўтган вақт давомида жуда кўп ишлар қилса бўларди, қилинмади деган гапга мен қўшилмайман, бу инсофсизлик бўлади.

Нималардир қилишга ҳаракат қилинди, эҳтимол ўша бошқарилувчи демократиядан ҳам нималардир кўзлангандир, лекин кутилган самарани бермади.

Жамият барқарор яшаши керак. Одмлар гоҳ унга, гоҳ бунга, гоҳ у, гоҳ бу йўлга кириб кетиши керак эмас. Одамлар хотиржам яшаши, йигирма-ўттиз йилдан кейин нима бўлишини билиб бориши керак. Бунинг учун раҳбарлар ўзбошимчалик қилиши керак эмас, кимлигидан қатъи назар. Жамият илм ва тафаккур билан йўлга қўйилиши керак. Раҳбарлар, олимлар алмашаверади, лекин йўл оғишмаслиги керак. Халқ бу йўлда югуриб кетадими, эмаклайдими, буни ҳаёт кўрсатади.

Йигирма етти йил яшасак-да, ҳеч нарса қилинмади, биз энди бошқатдан бошлаймиз десак, яна қайтадан бошлаймизми? Умр ўтди-ку, бизда нима гуноҳ, одамларда-чи? Булар нима ёзган Худога, одамлар майнавозчиликми, қўғирчоқ ёки ўйинчоқми? Ўшанда туғилган бола ўттизга чиқди-ку, нима бўлди бу тақдир? Ҳаёт йўлига кирди, лекин йўлини тополмай ётибди, гаранг. Нима қилишини, қаёққа боришини билмайди, қилган иши жиноят, қилган иши қонунга тўғри келмайди. Нима қилсин у?

Йўқ, одамларга секин борадиган, эволюцион йўл керак. Ана шу йўлни яратиб бериш керак. Ана шунда замонавий, эмин-эркин ҳаёт кечирамиз. Ўзбеклар ана шундай ҳаёт қуришга маънавий ҳаққи бор миллат, Ўзбекистон маънавий ҳаққи бор бўлган мамлакат.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Суҳбат Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида жойлашган «Book cafe»да ёзиб олинди. 

 

https://kun.uz/news/2019/06/23/ottiz-millionli-aholi-kimningdir-mulki-emas-xurshid-dostmuhammad-bilan-suhbat-2-qism

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *