Донишманд ота-бувамиздан бизга кўп мақоллар мерос қолган.
Биз ҳам келгуси авлодларнинг ота-буваси ҳисобланишимиз табиий. Бугун журъат этиб айтган ҳикматли сўзларимиз мақол даражасига чиқа оладими-йўқми, буни келажак кўрсатади, дейди Дониш домла.
Янги мақол: ЧАРХЛАНГАН БОЛА ЧАҚМОҚ, ЧАРХЛАНМАЙ ҚОЛСА ПАХМОҚ…
Ўғлига «китоб ўқимасанг, калтак ейсан» дея таёқ ўқталиб турган отахонларнинг суратлари мушоҳадага чорлади.
Наздимда, мана шундай талабчан оталарнинг болалари ҳақиқий одам, эҳтимолки аллома бўлиб етишишларига умид қилса бўлади. Уларни мобиль телефони балосидан «қутқариб», китобга ошно қилишнинг ҳам ажойиб усули шу! Баъзи болакайлар гоҳида нима истаётганини ўзиям билмайди, уни ота-онаси англаши ва биттагина шапалоқ тушуриб қўйса, одамгулистон! Қовжираётган дарахт сув ичганда қандай яшнаб кетса, бир шапалоқ еган боланинг ҳам кўзчалари мошдек очилиб, тафаккур ғунчалари гулга айланиб кета бошлайди!
Ота-онанинг калтаги — тарбиянинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу, албатта, маҳмадонароқ, шўхроқ, босар-тусарини билмайдиганроқ болакайлар тарбиясига тегишли гаплардир. Ҳаётда кўп кузатиб, хулосам шу бўлди: чархланган бола чақмоққа айланар экан! Фақат бу калтак ҳам меъёрида бўлмоғи лозим. Озигинаси — асал, ошиб кетса — тузалмас касал… Аслида, ҳақиқий асалнинг ҳам озигинаси ширин, ошиб кетса — заҳар… (Ўзимни ҳам яхшигина «чархлаган» онажоним ва баъзи муаллимларимга то абад таъзимдаман). Шунинг учун гоҳида ижтимоий тармоқларда «ўқувчисини урган ўқитувчи»ни ёмонотлиқ қилиб ёзилган гапларга ҳеч қўшила олмадим. Ахир, бирор ўқитувчи бўлар-бўлмасга бировнинг боласига қўл кўтаришни истмайди-ку. Модомики, ўқитувчини қўл кўтаришга мажбур қилдими, айб — ўша боланинг ўзида! У шунга яраша ўқитувчисидан еган шапалоғи — бебаҳо тарбия неъмати бўлиб хизмат қилишини улғайганида албатта тушунади, деган фикрда юраман. Бунақа болалар битта синфда ошиб бора 2-3 нафар бўлади ва шу тариқа чархланиб, ажабтовур одам бўлиб етишганини кўриб келаяпмиз.
Иккинчи тоифа болалар ҳам бор. Улар бирор чертки емасдан, меҳрнинг сеҳри ила улғайган! Афсуски, уларнинг кўпчилиги умрбод ўртамиёна одам, ўртамиёна кадр, ўртамиёна бахт соҳиби бўлиб ўтишини кўп кузатганмиз.
Учинчи тоифа болалар ҳаммасидан аъло! Улар туғма ақл, табиатан тарбияли, мулойим ва оқилу зукко бўлиб, калтак ейиш у ёқда турсин, бу ҳақда ҳатто эшитишни ҳам истамайдилар. Бу мавзуда гапирганларни «ҳаётдан орқада, қолоқ» деб ҳисоблайдилар, вассалом! Ортиқча гапирсангиз, «закун»лашиб кетишдан ҳам тоймайди. Айрим ривожланган давлатларда болакайлар дўқ урган отасини судга берганларни ёқлаб, уларни «халқаро тажриба» дея пеш қилади. Ҳуқуқий жиҳатдан улар ҳақ, албатта! Юқорида «ота-она ва муаллим калтаги» ҳақидаги гапларимни ҳазм қила олмай, фикрларимга қарши чиқиши мумкин бўлган барча қадрдонларим ана шундай туғма фаришталардир, дейди Дониш домла бировларнинг ғашига тегиб қўйишдан истиҳола қилиб.
Беўхшовроқ бўлса-да ўша фикримда қоламан: тарбиянинг асл «таъми»ни берадиган ота-она ва муаллим калтагидан мутлақо бебаҳра ўсган одамнинг бахти «кемтик»роқ бўлар экан…
Ўғлини болалигидан роса эркалаб, чертмасдан катта қилиб, сўнг, кексайганида ўзи ундан калтак еган баъзи оталарни кўриб ачинганимдан шу фикр миямга қуюлиб қолган бўлса ажабмас…
Хўш, қадрдоним, Сиз қайси тоифадансиз?
Albatta ustoz bu fikrlarga qoʻshilaman. Otamiz hech qachon bizni yomon inson boʻlishimizni xohlamaydi. Shunday ekan otalarimiz bergan dakkini mehr oʻrnida qabul qilishimiz kerak.