ЧИЛЛА ҚАСИДАСИ
Шеърият шайдоларига шеър завқи
Суратда: (чапдан) публицист Орзиқул Мамиров, ёзувчилар Эркин Аъзам ва Тўлқин Эшбек Зоминдаги ижод масканида, 2022 йил, июль
***
Чилла кириб, борлиқ бўлди-ёв хумдон,
Қушлар ҳам қайгадир бўлишди гумдон.
Кўзларни элтади туш пайти сароб,
Асфальтда кўлмаклар пайдодир мумдан.
Товани қизиган тошларга қўйсанг,
Тушлигингга тайёр қуймоқ тухумдан.
Боғларда сап-сариқ ўриклар шохи,
Бол оқиб тушмоқда офитоб – хумдан.
Бугун юртимизда ҳар дарахтдан бор:
Папая – Конгодан, зайтунлар – Румдан.
Ўзгариш ортидан улгуролмайсан,
Ул зуминг фарқланар тамом бул зумдан.
Инсон ўзин бахтли ҳис этса бўлди,
Фарқ йўқ табақаси, наслу тузумдан.
Кимдир майиз қилар, ким эса – сирка,
Кимдир шароб қилар бир бош узумдан.
Кичик кулбангни ҳам қургин мустаҳкам,
Қўрғонлар қурмасанг бўлгани қумдан.
Фил хартумин тутган: “Фил – бу хартум!”– дер,
Думин тутган дер: “Фил – иборат думдан!”
Ҳамиша кўчангда бўлмагай байрам,
Ҳаёт иборатмас бир “така-тум”дан!
Мис ила зар фарқин қайданам билсин,
Ажрата олмаган дирҳамни сўмдан?
Одамни фарқлашар чинлик, шомлик деб,
Ҳамма одам лойи битта уюмдан.
Эзгу орзу билан яшамаса гар,
Инсон фарқи қолмас оддий буюмдан.
Неларни кўрмайди одамнинг боши,
Одамзод яралган фақат тўзимдан.
Гоҳ шайтон айбдор, гоҳ эса тақдир,
Ҳеч ким айтмас: ўтса-ўтди ўзимдан.
Раҳматлар айтаман, эй она халқим,
Қарзим жуда кўпдир ичган тузимдан.
Дунёда кўп бахтли шоир бўлардим,
Бирор фойда тегса Сенга сўзимдан.
Аллоҳим, Тўлқинга ўзинг бер зиё,
Ғафлат пардасини олгин кўзимдан…
Тўлқин ЭШБЕК
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 13 июль
Сўнгги фикрлар