Чингиз Айтматов – икки элнинг суюкли адиби

Қирғиз халқининг атоқли адиби Чингиз Айтматов асарлари ўзбек китобхонлари

қалбидан ҳам муносиб жой олган. Адибнинг деярли барча асари ўзбек тилига таржима қилинган. Унинг серқирра ижоди икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов таваллуд кунига бағишланган илмий-амалий анжуманда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва қатор жамоат ташкилотлари вакиллари, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети проректори О.Холмуҳамедов ва бошқалар Чингиз Айтматов нафақат қирғиз адабиётига, балки ўзбек адабиётига ҳам муносиб ҳисса қўшганлигини, адибнинг деярли барча йирик асарлари ўзбек тилига таржима қилинганини таъкидлади. Ижодкорнинг ўз даврида Миртемир, Зулфия, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мақсуд Қориев, Асил Рашидов, Турсунбой Адашбоев ва бошқа ўзбек адабиёти намояндалари ва адабиётшунослари билан боғлаган ижодий алоқалари ва мустаҳкам дўстлик ришталари бугунги ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби вазифасини ўтаётир.

Бугунги кунда юртимизда Чингиз Айтматовнинг серқирра ижоди, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти тўғрисида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Олий ўқув юртларида адибнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган адабий-бадиий кечалар ўтказилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий экспозиция ташкил этилган.

– Чингиз Айтматов жаҳон халқлари ёзувчисидир, – дейди Миллий университет доценти Аҳмаджон Мелибоев. – Унинг асарлари бутун дунё китобхонларининг маънавий мулкига айланган. Адиб ижодида тараннум этган олижаноб фазилатлар инсонни, инсониятни улуғлайди. Шунингдек, унинг бадиий публицистик ва адабий танқидий мақолалари, романлари ва қиссаларининг ғоявий-бадиий моҳияти дунёда тинчлик, инсоний меҳр-муҳаббатни сақлаш ва она заминни асрашга даъват этади. Ижодкорнинг бадиий тафаккури, бетакрор истеъдоди, сўз устида ишлаши, теран ва кўп маъноли матни, асарларининг тили, фалсафаси ҳамиша маҳорат мактаби бўлиб қолади. Ч.Айтматов “Менинг тақдирим ўзбек халқи тақдирига ўхшайди”, дея бизнинг халқимиз тарихи, маданиятига ўз меҳр-муҳаббатини изҳор этган. Бу сўзлар замирида теран маъно бор. Адиб халқимиз тарихи ва маданиятини, бой маънавий меросини яхши биларди, чуқур ҳис этарди.

Анжуманда Чингиз Айтматов асарларининг янги нашрлари, янги таржималари, тарғиботи ва ўрганилиши, ўзбек-қирғиз адабий алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар борасида фикр алмашилди. Ч.Айтматов ижодий фаолиятига оид маърузалар тингланди.

 Шаҳноза Маматуропова, ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *