Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
“Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Таъкидланганидек, “буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”.
Мен Чингиз Айтматовнинг асарлари билан ўқувчилик йилларимда, мактаб дарслигига киритилган “Бўтакўз” қиссасидан келтирилган парчани ўқиб, танишганман. Йиллар ўтиб асарнининг тўлиқ матнини мутоала қилганимда ҳам ўша, болаликдаги илк таасcуротларим ўзгармай қолган.
Чингиз Айтматов асарларида сўз билан ифодалаб бўлмайдиган нимадир бордек туюлган эди. Айниқса, “Биринчи ўқитувчи”ни ўқир эканман, ўзимнинг ҳам биринчи устозим, бизни атиги 3 ойгина ўқитган Абдулла Муродов ҳаёлимдан ўтган эди. Муаллиф бу асари орқали биринчи устозга барча муштарийлар номидан ҳайкал қўйиб кетди. Мен Чингиз Айтматовдан ўрнак олиб устозларим ҳақида кичикроқ мақола ёзмоқчи бўлганман. Бироқ уддасидан чиқолмаганман. Биринчи устоз, умуман устозлар хақида ёзишнинг юки оғир бўларкан, яъни ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермас экан. Бунинг учун Чингиз Айтматов бўлиш керак, деган хулосага келганман.
Чингиз Айтматов ўзининг илк асарларидаёқ ижтимоий ҳаётнинг муаммоларини очиб берган ёзувчи сифатида танилди. У оддий халқнинг кундалик ҳаётини ёрқин бўёқларда акс эттирди. Шу сабабли ҳам асарлари қўлма-қўл бўлиб кетди. Кўплаб хориж тилларига таржима қилиниб, бадиий фильмлар суратга олинди.
Тўғриси, аввал “Оқ кема” қиссаси асосида яратилган кинони кўриб, кейин китобини ўқиганман. Кинорежиссёр ёзувчининг Иссиқкўл, Она Буғу ҳақидаги ажиб бир завқ билан ёзган туйғуларига зиён етказмаган ҳолда асарни тасмага муҳрлаган. Кинони кўриб, асарни ўқиб анча вақт ўзимга келмай юрганман. “Нима учун бу фильм телевидение орқали намойиш қилинмаяпти?” деган саволни ҳозир ўз-ўзимга тез-тез бериб тураман.
Кейинчалик Чингиз Айтматов романга ҳам қўл урди. Унинг “Асрга татигулик кун”, “Кунда”, “Кассандра тамғаси” каби романлари ўз вақтида машҳур ва маҳоратли ёзувчилар таржимасида ўзбек ўқувчилари эътиборига ҳавола этилди. “Асрга татигулик кун” асарида манқуртлик каби иллатни жамоатчилик ёдига солиб, халқни уйғотгани учун ҳам Чингиз Айтматовнинг номи катта ҳарфларда ёзилиши керак. Биз улуғ қирғиз ёзувчиси (уни бир миллатга мансубликда кўриш ноўрин, балки туркий халқлар ёзувчиси деб аташ тўғрироқ бўлади) асарларини таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Бунга маънавий ҳаққимиз ҳам йўқ. Бир ўқувчи, китобхон сифатида адибнинг халқимиз кўнглини кўтарадиган фикрлари ҳақида тўxталишни лозим кўрдик.
Давримизнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов билан таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатлари натижаси ўлароқ дунёга келган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китоби 1998 йилда китоб ҳолатида чоп қилингани адиб мухлислари учун катта тортиқ бўлди. Китобнинг иккинчи номи “Аср адоғида айтилган истиғфор” бўлиб, мазкур асар инсониятга чексиз ишонч ва меҳр-муҳаббат маҳсулидир. 7 бобдан иборат мазкур асарнинг ҳар бир боби алоҳида тадқиқотга арзийди. Айниқса, “Хокимият ва маънавият ёки подшоҳлар, хонлар, қироллар, президентлар фаолиятига бир назар” боби сиёсий шарҳловчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Унда қадимги хукмдорлардан тортиб, ҳозирги давлат раҳбарлари ҳақида муаллифларнинг шахсий фикрлари, қарашлари баён қилинади.
Чингиз Айтматов Ўзбекистон Биринчи Президенти билан илк учрашув ҳақида қуйидагича эслайди: “Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан илк бор 1990 йилда учрашганман. Ўш фожиалари эсингдами? Икки қардош халқ ўртасида кутилмаганда нифоқ пайдо бўлиши, қон тўкилишига мен бефарқ қараб туролмадим…
Ўша куниёқ Чкалов номидаги аэродромдан бир гуруҳ ўртоқлар билан ҳарбий самолётда учиб кетдим. Тошкентга қўнишимиз биланоқ мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубов билан телефонда боғландим. Биз учрашдик. Тайёрагоҳнинг ўзида шошилинч кенгаш ўтказдик. Вазият кундай равшан эди: икки қардош халқ бир-бирининг ёқасига ёпишиб туришарди. Қарама-қаршиликни қандай қилиб бартараф этиш мумкин? Кутилмаганда аланга олиб кетган низони қандай йўсинда тўхтатиб бўлади? Бизни ана шундай муаммолар қийнар эди. Ҳар бир соатда янги хабар етиб келарди, юракларимиз ўртаниб, амалий ҳаракатга шошилар эдик.
Тез орада менинг келганимдан хабар топган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов аэропортга етиб келди. Ҳар доимгидек муайян бир масалага бутун диққат-эътиборини жамлаган, ҳаракатчан, ғайратли эди. Яккама-якка чин дилдан гаплашдик… Каримов билан гапимиз бир жойдан чиқди. У менинг фикр-мулоҳазаларимни батамом қўллаб-қувватлади ва самолёт зинапоясига қадар кузатиб қўйди.
Қадимдан қон-қардош бўлган икки халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқни бартараф этиш борасида ўшанда Ислом Каримов улкан давлат арбобига муносиб бўлган ақл-идрок, донолик намунасини кўрсатди”.
Ислом Каримов билан кейинги учрашув Қустанай шаҳридан Қирғизистонга қайтаётиб Тошкентга тўхтаб ўтган бир вақтда бўлгани ҳақида айтар экан, Чингиз Айтматов шуларни таъкидлайди: “Хуллас, уйга қайтаётиб, йўл-йўлакай Тошкентга ҳам тушиб ўтдим. Оқшом чоғи Ислом Каримов билан учрашдик. Биз Марказий Осиё маданиятининг ҳозирги аҳволи тўғрисида жуда узоқ суҳбатлашдик. Илгари мен бу кишини фақат хўжалик ишларининг миридан-сиригача яхши биладиган тажрибали сиёсатчи сифатида билардим. Ўша оқшомдаги суҳбатдан сўнг амин бўлдимки, бу зот ўз халқининг, ўз давлатининг тарихини теран биладиган, маданият ва санъатнинг турли тармоқлари бўйича чуқур тасаввурга эга бўлган том маънодаги давлат арбоби экан. Айнан ўша учрашувимиз самараси ўлароқ Марказий Осиё халқларининг Ассамблеясини тузиш ва йирик анжуман ўтказиш ғояси дунёга келди”.
Китобнинг “Кўзадан чиққан бош чаноқ ёки туркийларнинг тарихига бир назар” бобида ҳам қизиқарли мулоҳазалар билдирилган. Адиб, камтарлик билан малакали тарихчи эмаслигини, архивлардан ҳужжатли далил-дастаклар қидирмаганини, қадимий шажаралару солномаларнинг чангини ютмаганини қайд қилади. Бироқ тарихга ёзувчи нигоҳи билан назар ташлайди. Жумладан, Амир Темур, Бобуршоҳ, Мирзо Улуғбек каби саркарда, олим, алломалар ҳақида илиқ фикрларни айтади. Масалан, Олтин Ўрданинг емирилиши борасида шу кунгача тарихчилар Куликово жангига катта урғу бериб келишар эди. Бироқ бу борада Чингиз Айтматов биринчилардан бўлиб бор ҳақиқатни айтади. Олтин Ўрданинг “узил кесил тарих саҳнасини тарк этишига сабаб – Ўрда билан Амир Темур давлати ўртасидаги қарама-қаршиликдир. Амир Темур донолиги, олижаноблиги билан донг таратди. У давлат арбоби сифатида санъат, илм-фан аҳлини даврасига чорлайди, уларга ҳомийлик қилади” деб таъкидлайди Чингиз Айтматов.
“Ахир Бобур, Улуғбек каби буюк тарихий шахслар, ҳукмдорлар тўғрисида ҳам замондошларимизга қизиқарли воқеаларни сўйлаб беришимиз мумкин-ку! Шоир, тарихчи, файласуф Бобуршоҳ Ҳиндистонда Буюк салтанатга асос солди. У илгари Ўш, Андижон вилоятининг ҳокими бўлган эди. Амир Темур каби Бобур ҳам Афғонистонда, Ҳиндистонда буюк ғалабаларни қўлга киритади. Дарвоқе, у 11 яшарлик пайтида отасидан айрилади. Унинг кейинги фаолиятлари ноёб истеъдод соҳиби бўлганидан дарак беради. Ўрта асрларни тадқиқ этган тарихчилар, ёзувчилар шоҳ Бобурнинг жасорати тўғрисида кўпгина китоблар яратганлар. Шоҳнинг ўзи ёзган “Бобурнома” эса дунёнинг бир нечта тилларига таржима қилинган ва ҳозирги кунимизгача ўзининг тарихий қимматини йўқотган эмас” дейди буюк ёзувчи Чингиз Айтматов.
Мирзо Улуғбек ҳақида эса қуйидагиларни ўқиймиз: “Улуғбек Хитойдан Византиягача, Эрондан Усмонлилар салтанатигача бўлган мамлакатлардан – бутун дунёдан олимларни ўз бағрига чорлайди, уларга ҳомийлик қилади. Олимлар эса риёзиёт, ҳандаса, табиатшунослик каби аниқ фанлар соҳасидаги билимлари билан ўртоқлашадилар, самарали илмий изланишлар олиб борадилар. Улуғбек, айниқса, санъат ва адабиётга алоҳида ғамхўрлик кўрсатади. У хукмдор бўлган даврда маданиятнинг мана шу соҳалари гуллаб-яшнайди. Фақат биргина “Зижи Кўрагоний” асарининг ўзи унинг номи асрлар давомида авлодлар хотирасида яшаши учун етарли. Афсуски, ўша даврда туркийлар маданияти ва илм-фанининг бошида турган Улуғбек 55 ёшида қатл қилинади”.
Чингиз Айтматов минтақа зиёлилари ўртасида кузатилаётган битта иллат ва муаммога эътибор қаратади. “Ҳамма гап шундаки, боболаримиздан қолган мерос ҳар биримиз учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини билганимиз ҳолда уларни ўзимиз томон тортқилашга ҳаракат қиламиз. Афсуски, шундай анъана мавжуд. Биз негадир муайян бир даҳонинг қаерда туғилганига қараб туриб, унинг қайси миллатга мансуб эканини аниқлашга киришамиз… Гўёки, уларнинг ҳар биттасида бу ҳақда гувоҳнома бордай! Олимлар ўртасидаги шафқатсиз баҳс-мунозаралар гоҳ кучайиб кетади, гоҳ сўниб қолади. Агар бизнинг ота-боболаримизнинг шажараси саклар давридан бошланган бўлса, агар барча халқлар ўшангача турклар деб аталган бўлса, демак бизнинг буюк боболаримизнинг ижодий мерослари ҳам Ўрта Осиё халқлари учун умумий бўлиши керак….Хўш нима учун биз йўқ жойдан муаммо чиқариб, бошимизни оғритишимиз керак экан?! Нима учун бой ва мураккаб меросимизни биргаликда синчиклаб ўрганиш тўғрисида ҳеч ким гапирмайди?! Нима учун меросимизни ҳар томонга тортиқалашимиз керак?! Бунинг ўрнига ўша илмий асарларнинг аслиятини бир жойга тўплаб, туркий халқларнинг умумий мероси, тарихимизнинг ажралмас қисми сифатида эълон қилганимиз минг марта афзал эмасми?!” дейди куйинчаклик билан.
Чингиз Айтматов ўзбеклар борасида ҳамиша илиқ гапларни айтган. 80-йилларда марказий матбуотда халқимиз шаънига қуруқ туҳматлар айтилаётган бир вақтда “Правда” газетасида Чингиз Айтматовнинг ижобий мақоласи чиқиши кўнглимизни тоғдек кўтаргани сир эмас. Ўша мақола учун ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак оз.
Биз бу мақола орқали Чингиз Айтматов ҳақида янги гап айтдик, дея олмаймиз. Фақат адибнинг асарларидан цитаталар келтирдик, халос. Шу тариқа адибнинг Ўзбекистон, ўзбеклар ҳақидаги фикрларини юртдошларимизга яна бир бор эслатгимиз келди.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
Сўнгги фикрлар