ЧОЛ ВА ЙИГИТ
Ҳаёт сабоқлари
Чол бир пайтлар эди-да йигит,
Товонидан чақнарди олов.
Уддасидан чиқиб ҳар ишнинг,
Топдим, дерди, ишончли қалов…
Йигит ишлаб топади ош-нон,
Қари наҳлаб топади дармон.
Йигитликнинг орзулари мўл,
Кексаликнинг бисоти – армон.
Йигит юрар йўрға от мисол,
Эҳтиёткор бўлади кекса.
Уят бўлар чолларга пойгак,
Ёш йигитга тўрдан жой тегса.
Йигитликдир тоғларнинг сойи,
Вазминлашар бўлганда дайро.
Тиниқлашар, тортганча сипо,
Шўхликлардан бўлғуси айро.
Ёшлик чоғи шаробсиз ҳам маст,
Оёқ ерда, кифтида – замон!
Йигитликда узун бўлса даст,
Кексаликда узаяр забон!
Армон ила боқиб йигитга,
дейди: мен ҳам эдим-да сендек.
Бир кун сочга қиров қўнганда,
Қартаясан албатта мендек…
Беҳудага ўтказма умринг,
Йигитликда бўлгин болари.
Кексайганда роҳатин кўриб,
Ғам-андуҳдан юрасан нари!
Тўлқин ЭШБЕК
2024 йил
Сўнгги фикрлар