Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Муҳтарам Раис жаноблари!
Жаноби олийлари, ҳурматли вазирлар ва делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу.
Аввало, сиз, азиз меҳмонларни, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларини, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг барча иштирокчиларини Ўзбекистон заминида қутлаш ва сизларга самимий ҳурматимни билдиришга ижозат бергайсизлар.
Бугунги кунда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича энг нуфузли ва йирик институтлардан бири бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу муҳим анжуманини ўтказиш учун Ўзбекистон пойтахти – Тошкент танлангани учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз.
Ушбу сессия муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонамиз.
Мазкур форумга тайёргарлик доирасида эришилган ўзаро ҳамкорлик натижаларидан мамнунмиз. Бу борада Бош котибият ва шахсан унинг раҳбари жаноб Ияд Маданий, ташкилотга аъзо давлатлар томонидан амалга оширилган самарали ишларни, бунда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳи намоён бўлганини юксак қадрлаймиз.
«Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир. Ушбу мавзу катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, буюк давлат арбоби сифатида узоқни кўра оладиган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан, Аллоҳ у кишини раҳматига олсин, дунё халқлари, ўз халқи тақдири, бугунги мураккаб шароитда муқаддас динимизнинг аҳамияти ҳақидаги чуқур мулоҳазалар натижаси сифатида таклиф этилган эди.
Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади.
Бундай ёндашув – давр талабидир.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
«Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бугунги анжумани мавзуси этиб белгилангани бежиз эмас.
Негаки, мазкур анжуман сизу бизнинг буюк аждодларимиз киндик қони тўкилган Ўзбекистон заминида бўлиб ўтмоқда.
Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган.
Ислом оламида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари тўпламининг ишончли манбаи деб эътироф этилган «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» тўплами «барча муҳаддислар устози» бўлмиш Имом Бухорийнинг кўп йиллик фидокорона изланишлари самарасидир. Ўн икки асрдирки, ушбу асар аҳамиятига кўра, муқаддас Қуръондан кейин ислом дини ҳақидаги иккинчи ишончли ёзма манба бўлиб қолмоқда. Нафақат бизнинг юртимиз, балки бошқа мамлакатлардан ҳам минглаб, миллионлаб мусулмонлар бу табаррук зот туғилган Бухорои шарифга бориш ва унинг Самарқанддаги қабрини зиёрат қилишга интилиши бежиз эмас, албатта.
Х асрда самарқандлик мутафаккир, «Имом ал-Худа» (Ҳидоят йўлининг имоми) деб шуҳрат қозонган Абу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган Мотуридия таълимоти бутун ислом оламида кенг тарқалган.
Мотуридия таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда.
Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.
Янги таҳдидлар, жумладан, “оммавий маданият” хавфи ва боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётган, одоб-ахлоқ, қадриятларнинг йўқолиш хавфи юзага келаётган ҳозирги глобаллашув шароитида бу ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу сабабли, менинг фикримча, инсон маънавий олами, халқлар маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Азалий қадриятларимиз ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ислом – ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзотни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади.
Биз Ислом динидан зўравонлик ва хунрезлик мақсадларида фойдаланишга уринаётган кимсаларни кескин қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Муқаддас динимизни доимо ҳимоя қиламиз.
Халқимиз атеистик мустабидликдан озод бўлгандан кейин, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аждодларимизнинг муқаддас дини бўлган исломнинг жамиятимиздаги ўрнини қайта тиклаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
1999 йил Тошкентда Марказий Осиёда биринчи Ислом университети очилди. Мамлакатимизда 10 та диний таълим муассасаси, жумладан, Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг иккитаси хотин-қизлар ўқув муассасасидир.
Ана шу таълим масканлари орасида XVI асрда бунёд этилиб, мамлакатимизда илм-фанни кенг ёйишга хизмат қилган Бухородаги Мир Араб ва Тошкентдаги Кўкалдош мадрасалари бор.
Етмиш йил ҳукм сурган коммунистик тузум даврида Ўзбекистондан бор-йўғи 130 киши Ҳаж амалини бажарган бўлса, бугунги кунда ҳар йили ўзбекистонлик беш мингдан зиёд киши ўзининг эзгу орзуси ва мусулмонлик бурчини адо этмоқда. Ўша пайтларда кўп миллионли республикамизда атиги 30 та масжид бўлган, бугун эса мамлакатимизда минглаб масжидлар фаолият юритмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида тарихий ислом ёдгорликлари, муқаддас қадамжолар қайта тикланди. Уларнинг аксариятини сиз, азиз меҳмонларимиз Ўзбекистонга ташрифингиз давомида зиёрат қилиш имконига эга бўласиз.
Муқаддас динимиз бундан буён ҳам халқимизни бирлаштириб, миллати ва тилидан қатъи назар, маънавий покланиш, одамларни тинчлик, эзгулик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тотувликка ундайдиган, ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Ҳурматли сессия қатнашчилари!
Ўзбекистонда мустақил ва кучли давлат қуришдан асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган ва ҳурмат қилинадиган адолатли жамият барпо этишдир. Айни вақтда мусулмон олами ва жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнимизни янада мустаҳкамлашдир.
Бу, авваламбор, таълим ва маърифат тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларни замонавий билим олишга йўналтириш, баркамол шахсни тарбиялаш билан боғлиқ эканини биз яхши англаймиз. 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши самарасида мазкур соҳа тубдан ислоҳ қилинди, замонавий узлуксиз таълим-тарбия тизими яратилди.
Бугун барча ўғил-қизларимиз ўн икки йиллик бепул мажбурий таълим билан қамраб олинган. Улар 10 мингта реконструкция қилинган ёки қайта қурилган кенг ва ёруғ мактаблар, 1,5 мингта академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида билим олмоқда. Қарийб 300 та мусиқа ва санъат мактаби, 2 минг 200 дан ортиқ спорт объекти болаларимиз ихтиёрида.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайди. Бугунги кунда олий ўқув юртларимизда 230 мингдан зиёд талаба билим олмоқда. Ўзбекистонда еттита хорижий етакчи олий ўқув юртининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Истеъдодли ёшларимизнинг минглаб вакиллари дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда.
Мамлакатимизда давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7 фоизи таълим-тарбия соҳасига йўналтирилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда ёшлар ҳақида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга давлат сиёсатининг энг асосий ва устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинмоқда. Чунки ёшлар – бизнинг келажагимиз. Бу соҳадаги давлат сиёсатини янада чуқурлаштириш учун яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
Буларнинг барчаси бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Ёшларимиз бизнес, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва спорт соҳаларида оламшумул муваффақиятларга эришмоқда. Бу мамлакатимиз истиқболига, буюк аждодларимиз бошлаган эзгу ишларни келажак авлодлар муносиб давом эттиришига катта ишонч бағишлайди.Хонимлар ва жаноблар!Биз бугун инсоният тараққиётининг, таъбир жоиз бўлса, кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичида яшамоқдамиз.
Кейинги йилларда Ер юзида кескин геосиёсий ўзгаришлар рўй берди, халқаро миқёсда хавфсизлик ва барқарорлик тизими издан чиқмоқда. Глобаллашув жараёнининг тобора шиддатли тус олиши нафақат инсоният имкониятларини кенгайтирмоқда, балки зиддиятларнинг кескинлашуви, ривожланган ва қолоқ давлатлар ўртасидаги тафовутнинг ўсишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида тинчлик ва барқарорликка рахна солаётган, моҳияти ва кўламига кўра трансмиллий хусусиятга эга турли хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда.
Бошпанасиз қолиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган одамлар оғир мусибатларни бошдан кечирмоқда, қуролли қарама-қаршиликлар ва терроризм оқибатида гуноҳсиз болалар, кексалар, хотин-қизлар ҳалок бўлаётир. Охири кўринмайдиган урушлар туфайли кўплаб мамлакатлар вайронага айланмоқда.
Бундай шароитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларни мусулмон оламида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш йўлида бирлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг ишончли механизмларини, аъзо мамлакатларнинг долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилиши учун ўзига хос майдон яратишга хизмат қиладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг роли ва масъулияти янада ортмоқда.
Ташкилот мустаҳкам барқарорлик ва хавфсизликка иқтисодий тараққиётсиз, ижтимоий хусусиятга эга муаммоларни ҳал этмасдан эришиб бўлмаслигини тушунган ҳолда фаолият юритаётганини биз юқори баҳолаймиз. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фаолият кўламини янада кенгайтириш зарурати юзага келмоқда.
Бу борада мамлакатлар ва халқлар ўртасида турли даражадаги мулоқотларни кенгайтириш, нафақат ҳукуматлар, балки парламентлар, илм-фан ва маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳим ўрин тутиши зарур. Айнан мана шу мақсадлар Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг раиси сифатида ташкилот салоҳиятини янада кучайтириш ва эзгу мақсадларга эришишда ўз ҳиссасини қўшиш учун барча имкониятларини ишга солади.
Ўзбекистон Кенгашга раислиги даврида мусулмон давлатларининг самарали ва нуфузли форуми сифатида ташкилот ролини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.
Ўзбекистоннинг раислигида ўтаётган ушбу анжуманнинг «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори бизнинг устувор йўналишларимизни аниқ ифода этади. Уларнинг энг муҳимлари қуйидагилардан иборат:
Биринчи. Аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан мамлакат рақобатдошлигининг асосий кўрсаткичига айланган бугунги шароитда тараққиётнинг муҳим омили сифатида таълимнинг роли ортиб бормоқда. Ҳозирги пайтда жамият ва цивилизациялар аввало ижтимоий қадриятлар ва таълим тизимлари билан рақобатлашмоқда.
Шу нуқтаи назардан, буюк аждодларимиз бўлган ислом оламининг мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Бу масала ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, барча жамиятларда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунёнинг барча халқларига Ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун муҳимдир. Шунингдек, бугунги кунда халқаро миқёсда конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйиш, тинчлик ва тотувликка эришишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчи. Барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни инновацион ривожланишсиз, кенг кўламли илмий-техник кооперациясиз ва янги технологиялар, илм-фан ва техника ютуқларини жорий этмасдан тасаввур қилиб бўлмайди.
Айнан шунинг учун илм-фан ва техникани янада ривожлантириш, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш ташкилотимиз фаолиятида муҳим ўрин эгаллаши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкор мамлакатлар билан илмий-технологик алмашишни фаоллаштириш, турли илм-фан соҳаларида қўшма тадқиқотлар ўтказишни таклиф этади.
Шубҳасиз, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ҳамкорлигини Ислом тараққиёт банки фаолиятисиз тасаввур қилиш қийин.
Фурсатдан фойдаланиб, 2016 йил 1 октябрдан эътиборан Ислом тараққиёт банкининг президенти этиб сайланган Бандар Ҳажар Жаноби олийларини қутлашдан мамнунман.
Учинчи. Хавфсизлик муаммоси ўта кескин ва фожиали тус олаётгани барчамизни ташвишга солаётганини таъкидламоқчимиз.
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг бирдамлигини таъминлаш, улар ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериш, урушлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тобора авж олаётган қарама-қаршиликларни бартараф этиш, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётган хавфларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, мавжуд ёки юзага келаётган зиддият ва тўқнашувларни тинч йўл билан, музокаралар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари асосида сиёсий-дипломатик ҳамда халқаро-ҳуқуқий механизмлардан фойдаланган ҳолда ҳал этишга эришиш энг муҳим вазифадир.
Тўртинчи. Ислом олами улкан иқтисодий, инвестицион салоҳият, энергетика ресурсларига эга. Улардан тўғри фойдаланиш, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг халқаро савдо-иқтисодий, молиявий, инвестицион ҳамкорлигини кенгайтириш, мамлакатларимизни бирлаштирадиган транспорт йўлларини ташкил этиш юксак иқтисодий тараққиёт кўрсаткичларига эришиш имконини беради ва бу пировард натижада бошқа барча соҳаларнинг ривожланишида асос бўлиб хизмат қилади.
Шу муносабат билан бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳудудидаги давлатларнинг дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир.
Бешинчи. Ушбу қулай фурсатдан фойдаланиб ҳамда мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги раислик даври учун таклиф этилаётган устувор мақсадлардан бирининг ижроси контекстида давлатимизнинг айрим ташаббусларини эълон қилмоқчиман.
Биринчи ташаббуснинг моҳияти нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишдан иборат.
Бундай марказнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида яратилиши мантиқий иш бўлур эди. Буни бир қатор қулай омиллар тақозо этмоқда:
биринчидан, Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан боғлиқ дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни;
иккинчидан, энг буюк мусулмон мутафаккирларидан бири, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит.
Таклиф этилаётган тадқиқот маркази Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида «Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази» деган улуғвор ва рамзий номга эга бўлиши мумкин бўлур эди.
Умид қиламизки, бизнинг ушбу ташаббусимизни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби Ияд Маданий Жаноби олийлари қўллаб-қувватлайдилар ва бу лойиҳани амалга оширишда керакли кўмакни берадилар.
Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг махсус кафедрасини Тошкент ислом университети таркибида ташкил этиш билан боғлиқдир.
Янги кафедра фаолиятининг асосий йўналишини мусулмон дунёсидаги таълим, илм-фан ва маданият тарихи ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва улар ҳақида талабаларга чуқурлаштирилган махсус курсларни ўқиш ташкил этиши мумкин бўлур эди.
Ҳурматли дўстлар!
Мазкур анжуманимиз ва сизларнинг Ўзбекистонга ушбу ташрифингиз давомида Ватанимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан танишишингиз туризм, гуманитар, илмий ва бошқа соҳалардаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Бу борада биз ўз томонимиздан ташкилотга аъзо мамлакатларнинг туристлари ва вакилларини диёримизга келиб-кетиши билан боғлиқ расмиятчиликларни соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўрамиз.
Олтинчи. Оммавий қирғин қуролини тарқатмаслик муаммоси бугунги кунда энг кескин масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон 1993 йилдаёқ Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва қўшни давлатлар томонидан 2006 йилда имзоланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бешта аъзоси 2014 йилда имзолаган Кафолатлар тўғрисидаги протоколда ўзининг амалий ифодасини топган.
Ўзбекистон ядро қуролидан холи ҳудудлар кўламини изчил кенгайтириш тарафдори ва Яқин Шарқда ҳам ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон ташкилотга аъзо мамлакатлар ва, умуман, мусулмон олами хавфсиз ва фаровон давлатларга айланишига ишонади.
Муҳтарам сессия қатнашчилари!
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси халқаро майдонда ташкилотимиз салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва унинг обрўсини ошириш, олдимизда турган умумий вазифаларни самарали ҳал этишга хизмат қилишига ишонаман.
Сўзимни якунлар эканман, сизларни Шарқ дурдоналаридан бири бўлган Самарқандга таклиф этишдан мамнунман. Самарқандда бебаҳо тарихий-маданий объектларни ўз кўзингиз билан кўриш, халқимиз ҳаёти, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларимиз, олий ўқув юртларимиз фаолияти билан бевосита танишишингиз мумкин.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси ишига муваффақият тилайман.
Эътиборингиз учун ташаккур.
***
Ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан учрашди.
Шавкат Мирзиёев меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлади ва Кувайт Давлати Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳга чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди.
Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ Кувайт Амирининг салом ва эзгу тилакларини етказди.
Суҳбат чоғида ушбу учрашув икки томонлама дўстлик робитасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Кувайтнинг қатор минтақавий ва халқаро масалаларга ёндашув ва қарашлари ўхшаш, кўп жиҳатдан бир-бирига яқиндир. Икки давлатнинг долзарб муаммоларни ечиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, таҳдидларни бартараф этиш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига қараши бир хил.
Ўзбекистон Кувайт билан турли нуфузли халқаро анжуманлар ва тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириб бормоқда.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2004 йилда Кувайтга, 2008 йилда Кувайт Давлати Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг Ўзбекистонга ташрифлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожига янги суръат бахш этиб, ўзаро ҳамкорликни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди. Мазкур ташрифлар доирасида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий пойдеворини яратди.
Учрашувда Ўзбекистон – Кувайт муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини ошириш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди. Комиссияга икки томондан ҳам Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомида раислар тайинлангани Ўзбекистон ва Кувайтнинг катта интилиш ва алоҳида иштиёқ билан ишга киришаётганидан далолат беради.
Бу ўринда Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирги кунгача мазкур жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳисобига сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 60,6 миллион АҚШ долларига тенг 3 лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, кардиохирургия, ирригация ва автомобиль йўлларини таъмирлаш соҳаларида 72,5 миллион долларлик яна 4 лойиҳа ижроси давом этмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Кувайт вакиллари юртимизда ташкил қилинаётган турли маданий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 2007 йили «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида Кувайт олий маданият ва санъат институтининг мусиқий гуруҳи бош совринни қўлга киритган.
Муносабатларни ривожлантиришга янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида турли даражаларда, жумладан, олий даражада ўзаро ташрифларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг Кувайтга бўлажак ташрифи бу борадаги келишувларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлиши қайд этилди. Шавкат Мирзиёев фурсатдан фойдаланиб, Кувайт Давлати Амирини Ўзбекистонга таклиф қилди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ташкил этилган 43-сессиясида ушбу тузилмага раислик Кувайт Давлатидан Ўзбекистон Республикасига ўтди. Шу муносабат билан Кувайт томони Ўзбекистон раҳбариятининг ташкилотга раислик даврида амалга ошириш борасида илгари сурган таклиф ва ташаббусларига юксак баҳо бериб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини, бу йўналишда кенг кўламли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
* * *
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан ҳам учрашув ўтказди.
Шавкат Мирзиёев меҳмонни мусулмон дунёсининг энг нуфузли молия муассасаларидан бирига раҳбар этиб тайинлангани муносабати билан табриклаб, ИТБ бундан буён ҳам бутун ислом умматининг бирдамлиги ва барча аъзо мамлакатлар ривожига муносиб ҳисса қўшаверишига ишонч билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, айниқса, томонлар ижтимоий ва иқтисодий йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. Ислом тараққиёт банки томонидан шу кунгача Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, ирригация ва мелиорация, энергетика, сув таъминоти, коммунал хўжалик, йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга оид 26 лойиҳа ижроси учун 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Шу билан бирга, алоқаларни янада тараққий эттириш, янги босқичга кўтариш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Фойдаланилмаётган имкониятларни ўрганиш ва ишга солиш, янги лойиҳалар тузиш, шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида турли даражадаги делегациялар алмашуви бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ИТБ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридир. Шу муносабат билан мамлакатимиз 2017-2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий йилнинг ўзида қабул қилишга тайёр. Айни пайтда ушбу стратегияга киритиш учун умумий қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 21 лойиҳа бўйича таклифлар тайёрлаб қўйилган.
Меҳмон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ўтаётган анжуманига таклиф қилгани ҳамда ўз нутқида ИТБ фаолиятига юксак баҳо бергани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистоннинг ўзаро муносабатларни ривожлантириш борасидаги барча таклифларини қўллаб-қувватлашини, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини билдирди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббусини рўёбга чиқариш – Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида нафақат ислом маданияти, балки умуминсоний цивилизация равнақига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишда ИТБнинг иштироки истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Бу ташаббус негизидаги “жаҳолатга қарши маърифат” тамойили ислом динини унга путур етказадиган сохта ғоялар орқали эмас, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳонуддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби даҳолар меросидан ўрганишга, мана шу умумэътироф этилган диний-маданий ва илмий бойликни бутун дунёда кенг тарғиб этишга қаратилгани билан эътиборлидир.
Бандар Ҳажар мазкур ташаббусни юксак баҳолар экан, бундай эзгу ғоялар мусулмон оламининг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга ва умумий мақсадларини амалга оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
ЎзА
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги давридаги устувор йўналишлар ҳақида батафсил таништириб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов сессияга раисликни қабул қилиб олгандан сўнг қисқача нутқ сўзлаган.
Ўз чиқишида Камилов, ташкилотга раисликнинг мамлакатимизга ўтиши Ислом тамаддуни ривожига юртимиз томонидан қўшилган улкан тарихий ҳиссани эътироф этилиши, замонавий халқаро муносабатлар тизимида давлатимизни ҳурматли, масъулиятли ва нуфузли давлат сифатида қаралишига ишонч деб ҳисоблашини айтиб ўтди.
“Умид қиламизки, раислигимиз давомида ташкилотнинг жорий кун тартибидан ўрин олган масалалар бўйича сезиларли муваффақиятга ва мусулмон уммати бирлигини янада мустаҳкамлашга эриша оламиз”, — дея таъкидлаган ташқи ишлар вазири.
http://sharh.uz
***
Шавкат Мирзиёев: Яқин Шарқ ядросиз ҳудудга айланиши керак
Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати
Бугун Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев чиқиш қилди.
РИА Новости агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон бош вазири Яқин Шарқда ядро қуролидан холи ҳудудни барпо этиш Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг устувор вазифаларидан бири бўлиши лозимлигини таъкидлаган.
«Ўзбекистон олдида турган яна бир муҳим вазифа ядро қуролидан холи ҳудудлар географиясини кенгайтиришдан иборат. Мамлакат Яқин Шарқда ядросиз ҳудуд ғоясини қўллаб-қувватлайди», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
У ИҲТ ТИВКнинг яқин бир йил ичидаги устувор вазифаларидан бири ана шундай ҳудудни барпо этиш бўлишини алоҳида қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон раҳбари мамлакат 1992 йилда ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилгани, 1993 йилда Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёда ядродан холи ҳудуд ташкил этиш ташаббуси билдирилгани ҳақида эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус 2006 йилда минтақанинг барча бешта республикаси: Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон томонидан имзоланиб, 2009 йилдан кучга кирган Ядродан холи ҳудуд тузиш ҳақидаги шартномада ва 2014 йилнинг 6 майида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Хавфсизлик кенгашининг 5 аъзоси ядро давлатлари — Буюк Британия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция томонидан имзоланган Марказий Осиёдаги ядродан холи ҳудуд ҳақидаги протоколда ўз амалиётини топган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг раислик давомидаги муҳим вазифалари тўғрисида сўзлар экан ИҲТга аъзо давлатларнинг интеллектуал, илмий-техник ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш ва тараққий эттириш, шунингдек, терроризм ва диний экстремизмга қарши бирлашиш заруриятини таъкидлаб ўтди.
ИҲТ ТИВКнинг очилиш маросимида, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам нутқ сўзлади. Вазир Ўзбекистон ТИВКнинг амалдаги раиси сифатида ўз шериклари билан ҳамкорликда ИҲТ салоҳиятини янада кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишга муносиб ҳисса қўшиш ҳамда Ташкилот Низомида белгиланган олий мақсадларни амалга оширишга кўмаклашишга умид билдирди.
«Хавфсизлик масаласини ҳал этишда ИҲТга аъзо давлатларнинг бирдамлигини таъминлаш, улар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши курашда уларнинг кучларини бирлаштириш муҳим роль ўйнайди», — таъкидлади вазир.
Тошкентдаги йиғилиш давомида юздан ортиқ резолюциялар, хусусан, ИҲТ кун тартибининг асосий масалалари акс этган Тошкент декларацияси, ташкилот ТИВКда Ўзбекистон раислигининг устуворликларини тасдиқлаш режалаштирилган.
ИҲТ 1969 йилнинг сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш учун ташкил этилган. 2011 йилга қадар у Ислом конференцияси ташкилоти номи билан аталган. ИҲТга 57 мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлиб кирган.
http://kun.uz
***
Самарқандга ташриф: ҳайрат ва ҳавас
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтган 43-сессияси иштирокчилари 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Буюк Йўлбошчимизнинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва уни ҳар томонлама ривожлантиришдаги беқиёс хизматлари ёдга олинди. Юртимиздаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, буюк аждодларимиз номи билан боғлиқ масканларни обод этиш, халқимизнинг маънавий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида Биринчи Президентимиз улкан жасорат, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатгани алоҳида таъкидланди.
Меҳмонлар Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Мирзо Улуғбек музейи ва расадхонаси билан танишди.
– Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига жуда катта тайёргарлик кўрилгани ва анжуман юқори савияда ўтганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди Ироқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Умар Берзинжи. – Тадбир доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар, таълим масканларига уюштирилган саёҳатлар бизда улкан таассурот қолдирди. Айниқса, ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд шаҳри, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш имконияти яратилганидан бениҳоя хурсандмиз. Бу сафар ҳаётимизда шубҳасиз унутилмас воқеа бўлиб қолади. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари мангу ором топган масканнинг шундай кўркам ва улуғвор салобатидан ҳайратга тушдик.
– Ўзбекистонда муқаддас зиёратгоҳлар, масжидларни обод этиш, уларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳар қанча таҳсинга сазовор, – дейди Мали ташқи ишлар вазирлиги ходими Бен Азиз Ракони. – Бу давлатингизнинг ушбу соҳага алоҳида эътибор кўрсатаётганидан далолатдир. Халқаро анжуман доирасида энг катта орзуларимдан бири ушалиб, муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш насиб этгани учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Мажмуанинг ўзига хос миллий архитектураси, ободлигини кўриб лол қолдим. Ушбу масканга яна келишни ният қилдим.
Самарқанд автомобилсозлик коллежидаги таълим жараёнлари билан танишув чоғида мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқаро андозаларга мос миллий таълим моделини яратиш борасида оламшумул ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши, “Таълим тўғрисида”ги ва соҳага оид бошқа қонунлар асосида замон талабларига тўла жавоб берадиган миллий таълим тизимига асос солинди. Айни пайтда дунёнинг кўплаб минтақаларида болаларнинг ўқиши оғир муаммога айланиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ўз ичига олган, давлат томонидан кафолатланган 12 йиллик бепул мажбурий таълим тизими жорий этилган. Бунинг натижасида мамлакатимиз ёшлари билим олиш билан бирга, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топмоқда. Мазкур муассасалар битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масаласи ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида экани меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди, ўрганса арзигулик тажриба сифатида қайд этилди.
– Автомобилсозлик бўйича тўрт йўналишда ўндан ортиқ мутахассислар тайёрланадиган мазкур муассасада ўқувчиларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган шароит олий ўқув юртлари даражасида экани эътиборимни тортди, – дейди Иорданиянинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги вакили Мажид Талжи. – Бу Ўзбекистонда давлат томонидан таълим соҳасига бўлган жуда катта эътибор самарасидир. 17-18 ёшли йигит-қизларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиб, автомобилсозликнинг мураккаб жараёнларини пухта ўрганаётгани ҳавасимизни келтирди. Коллеж битирувчиларининг асосий қисми Самарқанддаги автомобиль заводлари ва уларга техник хизмат кўрсатиш марказларида ишлаётгани янада эътиборлидир.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги 1-академик лицейга ташриф буюрган меҳмонларга муассаса ўқувчилари бу ерда яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Бир неча хорижий тилларда эркин суҳбатлашган ёшларнинг билими, интилиш ва шижоати меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Аниқ, ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлар, хорижий филология йўналишларида 1350 ўқувчи таълим олаётган ушбу академик лицейнинг 3 нафар қизи Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. Кейинги беш йилда ўнга яқин ўқувчи халқаро фан олимпиадаси ғолиблигини қўлга киритган. 50 дан ортиқ йигит-қиз мамлакат ва халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этган.
– Ўзбекистон заминидан диний ва дунёвий илмларда жаҳонга машҳур алломалар етишиб чиққанини яхши биламиз, – дейди Гамбиянинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги вакили Умар Саллоҳ. – Уларнинг буюк хизматлари ҳамон ҳайрат ва ҳавас билан ўрганилади. Бугун замонавий таълим масканларида таҳсил олаётган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини эшитиб, бу табаррук юртда улуғ аждодларига муносиб авлодлар камолга етаётганига амин бўлдик. Бундай авлод буюк ишларга қодир.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
Сўнгги фикрлар