Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент ўз ходимларига қўпол муносабатда бўлаётган, уларга ҳатто қўл кўтараётган ҳоким ва раҳбарлар ҳақида фикр билдирди.

Қайд этиш жоиз, сентябрь ойи бошида интернетда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактабларнинг директорларини турғазиб қўйиб, уларни ҳақоратлар билан калтаклаётгани акс этган видеолар пайдо бўлган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, раҳбар шахсларнинг бундай хатти-ҳаракатлари давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади.

Агар раҳбарлар намуна бўлмаса, эртага биз одамларни эргаштира олмаймиз. Бугун халқимизнинг ҳурмат-эътибори ва ишончига сазовор бўлаётган раҳбарлар кўпчиликни ташкил этади ва биз улар билан, албатта, фахрланамиз. Лекин, афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, «Мен раҳбарман, нима қилсам ҳам, меники тўғри», деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас.

Уларнинг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак. Одамлар кўтармайди энди. Бундай раҳбарлар ўзининг кибр-ҳавоси, бошқаларни менсимаслиги, ўзбошимчалиги ва қўполлиги билан одамларни, жамоатчиликни бирлаштириш ўрнига, аксинча, жамиятимиздаги бирдамлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини бузишга сабаб бўлаётгани бизда катта ташвиш уйғотмоқда. Ўзини йўқотиб, манманликка берилиб кетган бу шахслар нафақат ўз обрўсини, энг ёмони, унга мансаб бериб қўйган давлатнинг, унга ишонч билдирган халқнинг обрўсини тўкмоқда.

Агар раҳбарнинг ўзи шундай ножўя ишларга қўл урса, бошқа ходимлар, айниқса, катта умид билан ҳаётга кириб келаётган беғубор ёшларимиз улардан нимани ўрганади? Агар кимдир бундай шармандали ҳолатларни берилган топшириқлар ёки белгиланган режани бажариш билан боғлаб ўзини оқламоқчи бўлса, шуни қулоғига яхшилаб қуйиб олсин: иш юзасидан талабчанлик қилиш бошқа, одамларнинг шахсига тегиш — бутунлай бошқача нарса. Қўл остидаги ходимлар сизга фақат иш юзасидан бўйсуниши, қолган масалаларда сиз билан теппа-тенг ҳуқуқ эгаси эканини асло эсингиздан чиқарманг! Мана шу гапларни жамоатчиликка, ҳаммага етказишингизни илтимос қиламан. Қонунларимизда бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилангани, жазо муқаррар эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Барчангиз яхши биласиз, халқимиз ориятли, номусли халқ. Халқ барча нарсага чидаши мумкин, лекин, такрор ва такрор айтаман, адолатсизлик ва ноҳақликка асло чидай олмайди. Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Биз халқимизнинг миллий менталитетига ҳам, раҳбар, етакчи деган масъулиятли номга ҳам умуман тўғри келмайдиган, ярашмайдиган бундай нохуш ҳолатлар билан мутлақо муроса қила олмаймиз.

Барча бўғинлардаги раҳбарлар — у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими — бир ҳақиқатни жуда чуқур тушуниб олишингиз шарт: бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади ва айбдорларга, албатта, тегишли жазолар қилинади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

daryo.uz сайтидан олинди