ШАРҲЛОВЧИНИНГ ТЕРАН НИГОҲИ
Шарофиддин Тўлаганов – 60 ёшда
Жадид боболар ҳақида сўз кетганда аввало уларнинг журналистлик фаолияти кўз ўнгимизда намоён бўлаверади. Биргина Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз қанча газета-журналларга асос солган. Маърифатпарвар боболар ўз даврида дунёнинг тараққийпарвар давлатлари сари интилганлар. Ёшларни дунёвий илмлар ва чет тилларни ҳам пухта эгаллашга чорлаганлари ҳақида такрор-батакрор эслаймиз, улардан андоза олишга интиламиз.
Бугун ҳам замондошларимиз орасида ана шундай эзгу ниятлар билан яшаётган, ибрат кўрсатиб ишлаётган фидойилар кам эмас. Уларни эҳтиром ила: бугуннинг жадидлари, дея эътироф этсак арзийди. Ана шундай фидойи ҳамкасбларимиздан бири – сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановдир.
Журналистикада сиёсий шарҳловчиларнинг ўрни алоҳида бўлиши керак.
Бир пайтлар телевидениеда намойиш этиладиган “Оламда нима гап?”, “Халқаро ҳаёт” каби кўрсатувларни қизиқиш билан кузатардик. Юртимиз мустақилликка эришгач, анча йиллар бу мавзу “сустлашиб” қолгани ҳам бор гап. Сўнгги йилларда Шарофиддин Тўлаганов ана шу улкан “бўшлиқ”ни ўзига хос маҳорат билан тўлдираётгани миллионлаб мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Очиғи, бир пайтлар халқаро мавзудаги кўрсатувлар сунъий равишда тайёрланарди. Яъни, кўрсатув ижодкорлари турли давлатлар ҳаётига оид маълумотларни қайсидир каналлар орқали олиб, шарҳлаганлар. (Ўзлари ўша давлатларга бориб кўрмаган). Улар ўша воқеа-ҳодисаларни худди ўз кўзлари билан кўргандек маҳорат ила шарҳлашларига мафтун бўлиб кўраверганмиз.
Шарофиддин Тўлаганов эса дунё кезар экан, аввало журналист сифатида замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри эфир орқали барчани ўзига “сафардош” қилади. Сўнгги йилларда Туркия, АҚШ, Саудия Арабистони, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Чехия, Хитой каби қатор мамлакатлардан тўғридан-тўғри эфирлар орқали намойиш этган туркум кўрсатувлари юртдошларимизни ана шу давлатларга ошно этиб қўйди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Одамлар қалбига йўл топиш, хорижликлар билан тиллашиш маҳоратини Шарофиддин Тўлагановдан ўргансак арзийди. У мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган қатор хориж давлатлари элчихоналари билан мунтазам алоқада. Бу дўстона алоқаларнинг барчаси нигоҳи ўткир сиёсий шарҳловчимиз учун ўзига хос маҳорат мактабига айланиб бораверади. Шу тариқа у курраи замин узра юз берадиган воқеаларни ҳозиржавоблик билан ўрганади.
Эътибор берсангиз, дунёнинг қай бурчида бирор муҳим воқеа-ҳодиса юз берса, кўпсонли ахборот шайдолари албатта Шарофиддин Тўлагановга юзланадилар. Шунга яраша маҳоратли сиёсий шарҳловчи ўз сўзини баралла айтаверади.
Ҳамиша ижодий изланишда бўлган Шарофиддин Тўлагановнинг яна бир ноёб мавзуси: вақти-вақти билан эътиборга молик кунлар ҳақида бўлади. Биз борган сари дунёни теран нигоҳ ила ўрганаётган эканмиз, деярли ҳар бир кун бирор соҳа ходимларига бахшида этилганини англаб етаяпмиз. Унинг “Бу сирли дунё” деб номланган тўпламида дунё узра нишонланадиган кунлар ҳақида батартиб маълумотлар берилади. Жумладан, журналистика соҳасига оид қизиқ маълумотларни ўзгача иштиёқ билан мутолаа қиласиз. Дейлик, “13 февраль – Жаҳон радио куни” сарлавҳали мақоласида “Сайёрамизда радио кириб бормаган хонадон йўқ”лигини билиб олсак, “7 май – Радио куни” мақоласида ҳар йили икки маротаба радио куни нишонланишини биламиз. Унда Иккинчи жаҳон уруши даврида радиога қанчалик қулоқ тутишганига алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, “одамлар “Ғалаба” сўзини эшитиш учун радио тинглаган”лигига урғу берилган. Муаллиф қайд этишича, радиода “Уруш бошланди” деган совуқ хабардан “Ғалаба” деган қувончли хабар янграган радиодан 1418 кун давомида минглаб ҳам қувонарли, ҳам қайғули хабарлар тарқатилган.
Тўпламдан ўрин олган “Нега 4 апрелда Халқаро Интернет куни нишонланади?” сарлавҳали мақолада қайд этилишича, аввалига бу кунни нишонлаш борасида турли саналар таклиф этилган, аммо бирортаси оммалашмаган. Шу тариқа 1999 йилда Интернет ҳомийси номзодлари учун танлов эълон қилинган. Бир нечта номзод орасидан тарихда биринчи 20 томлик «Etymologiae» («Этимология») энциклопедияси муаллифи Исидор Севильский танлаб олинган. Шу тариқа у туғилган сана Халқаро Интернет куни сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Ўзбекистонда Интернет куни 29 апрель, десак янглишмаган бўламиз. Чунки 1995 йилнинг айнан шу санасида “uz.” доменига асос солинган эди.
“Aйнан ёзув орқали онгли инсоният тарихи бошланган” сарлавҳали мақоласида 1995 йилнинг 15 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференцияси 28-сессиясида (№ 3.18) резолюция қабул қилингани қаламга олинади. Унга кўра, маърифий ва маданий анъаналарни ривожлантириш мақсадида 1996 йилдан бошлаб ҳар йили 23 апрелда Жаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқлари куни (World Book and Copyright Day) нишонланади. Ўша йили болалар ва ўсмирлар адабиёти тарғиботи билан шуғулланганларни мукофотлаш мақсадида ЮНЕСКО мукофоти ҳам таъсис этилди. Чунки китоб илмни кенг тарқатиш ва билимни сақлаб қолишнинг бирдан бир манбаидир.
2001 йилдан бошлаб яхши бир анъана пайдо бўлган. Яъни, ҳар йили қайсидир шаҳар “Жаҳон китоблари пойтахти” мақомига эга бўлади. Бундай шаҳар албатта ЮНЕСКО таъсис этган махсус қўмита томонидан танланади.
“Бу сирли дунё” китобидан “3 май Жаҳон матбуот эркинлиги куни” сарлавҳали таҳлилий мақола ҳам ўрин олган. Унда қайд этилишича, “Давримиз хақли равишда Ахборот асри деб номланади. Жаҳон ягона ахборот майдонига айланиб бўлди”.
Муаллиф ажиб қочиримлар, ҳазил-мутойибалардан ҳам маҳорат билан фойдаланади. Унинг ёзишича, финларда “дераза ойнасини журналистлар синдиради, уни ҳукумат қайта ўрнатади” деган гап бор экан. Истардикки, ҳамкасбларимиз мана шу ойнани – тўғрироғи инсонларнинг кўнгил ойнасини синдирмасинлар. Кўнгил ойнасини қайта тузатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Айтиш жоизки, кўзни каттароқ очиб, ён атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теранроқ англасак, айни муддао бўлар эди. Биз бугун қандай шиддат билан ўзгараётган ва ривож топаётган, илгари учрамаган, ечими ўта оғир ва мураккаб бўлган турли-турли муаммоларни туғдираётган ХХI асрда яшаётганимизни ҳеч эсимиздан чиқармаслигимизни истардим” дея якунланади мақола.
Муаллиф “27 июнь – матбуот ва ОАВ ходимлари куни” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади:
“Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшаяпмиз. Ҳозирги пайтда ер юзининг қайси чеккасида қандайдир воқеа юз бермасин, одамзот бу ҳақда дунёнинг бошқа чеккасида турган бўлишига қарамай зудлик билан хабар топиши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, дея бепарво қараб бўлмайди. Ҳаётмизнинг бирор бир соҳасини ахборотсиз тасаввур қилиб бўлмайди”.
Тўпламдан ўрин олган “8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни” сарлавҳали мақолада қуйидаги маълумотлар келтирилади:
“Бугунги кунда журналистика жаҳондаги энг хавфли касблардан бири бўлиб қолмоқда. Журналистлар дунёнинг деярли барча бурчакларида таҳдидларга дуч келмоқда. 1958 йили Халқаро журналистлар ташкилотининг Бухарестда бўлиб ўтган Тўртинчи конгресси қарорига кўра ҳар йили Халқаро журналистлар бирдамлиги куни (International Day of Journalists’ Solidarity) нишонланади. Конгресс иштирокчиларининг фикрича, шу куни дунё мамлакатлари журналистлари жаҳонга ўзларининг бирдамликларини, айниқса ўз хуқуқларини биргаликда ҳимоя қила олишларини намоён этишлари керак эди. Кейинчалик БМТнинг навбатдаги конференциясида ҳам “8 сентябрь – Халқаро Журналистлар бирдамлик куни” дея эълон қилинди. Шу тариқа 8 сентябрь журналистларнинг навбатдаги касб байрами эмас, балки ўзларининг якдилликлари ва бирдамликларини намоён қила оладиган кун сифатида тарихга кирди”. Мақолада таъкиданишича, “Саводхонлик инсонни шахс этиб шаклланишида энг муҳим омил экани ҳеч кимга сир эмас. Саводли инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши аниқ. Саводхонлик нафақат ҳуқуқ, балки мажбурият эканини асло унутиш керак эмас. Ҳар йили 8 сентябрда Халқаро саводхонлик куни нишонланади. Бу байрам ЮНЕСКО томонидан 1966 йилда жорий этилган”. Шу тариқа Халқаро саводхонлик кунини эндигина ҳарф таниётганлардан тортиб, ўқувчи ва талабаларга таълим бераётган устозларгача нишонлаши ўзига хос анъанага айланиб бормоқда.
Китобдан ўрин олган “21 ноябрь – “Жаҳон телевидение куни» деб номланган мақолада таъкидланишича, БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясига биноан ҳар йили 21 ноябрь – «Жаҳон телевидение куни» (World Television Day) нишонланади. Ҳар йили «Жаҳон телевидение куни»ни нишонлаш тинчлик ва тараққиётнинг кенг қулоч ёзишида телевидениенинг ролига эътибор қаратишдан иборат. Эслатиб ўтамиз, телевизорнинг ватани дея Ўзбекистон пойтахти – Тошкент эътироф этилади. Электрон телевидение тизими 1928 йилда айнан Тошкентда ихтиро қилинган! Яъни, ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультети ихтирочи-тадқиқотчилари Борис Павлович Грабовский ва Иван Филлипович Белянскийлар электрон-нур ёрдамида ҳаракатдаги тасвирни бир жойдан иккинчи жойга узатадиган ва қабул қиладиган «радиотелефот»ни кашф этганлар! Тажриба сифатида қўлланилган илк телевизион ускуна ўша пайтда “Телефот” деб номланган.
Китобни мутолаа қилиш асносида “28 декабрь – Халқаро кино куни” эканлигини ҳам бииб оласиз. Шу сарлавҳа остида ёритилган мақолада баён этилишича, “Кино кўчма маънода ҳам, тўғри маънода ҳам ҳаёт. Кино инсонга ҳам салбий, ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Олимларнинг фикрича, фильмлар одамларга ўз муаммоларини бир зум бўлса-да унитишга хизмат қилиб, кайфиятини кўтаради. Бунинг учун фильм қайси жанрда бўлишининг фарқи йўқ”. Бу мавзуда ҳам муаллиф мулоҳазалари ўқувчиларни маънан бойитишга хизмат қилади.
Очиғи, ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олаётган талабаларни шундай етук устозлар даражасида журналист-кадр қилиб камолга етказиш мақсадида қатор ижодий маҳорат мактаблари ташкил этилган. Улар орасида “Шарофиддин Тўлаганов ижодий маҳорат мактаби” алоҳида ўрин тутади.
Бўлғуси журналистлар устознинг ҳаёт йўлига ҳам катта қизиқиш билан қарайдилар. Маълумки, қаҳрамонимиз 1964 йилда Қозоғистоннинг Чимкент (ҳозирги Туркистон) вилоятида туғилган. 1989 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат Педогогика институти (ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат Педогогика университети)ни ўрта мактаб тарих ва жамиятшунослик ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Азалдан журналистикага қизиққан йигит ўз фаолиятини Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” радиосининг “Ижтимоий ҳаёт” бош муҳаририятида муҳаррир сифатида бошлади. “Илм – ақл чироғи”, “Мустақиллик ва дунёқараш” каби эшиттиришларга муҳаррирлик қилди. 1996-98 йилларда “Халқаро ҳаёт” Бош муҳарририятида сиёсий шарҳловчи лавозимида фаолият юритди. “Дунё”, “Халқаро кундалик”, “ХХI аср бўсағасида” каби эшиттиришлари радиотингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. 1998-2002 йилларда “Ахборот” Бош муҳаририяти бош муҳарири ўринбосари, 2002-2003 йилларда эса “Ижтимоий-сиёсий эшиттиришлар” Бош муҳаририяти Бош муҳаррири лавозимларида самарали ишлади. Айни пайтда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «O‘zbekiston24» телерадиоканали» давлат унитар корхонаси бўлим мудири вазифасида самарали фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бир қаторда у ижтимоий тармоқларда ҳамиша фаол. Унинг турли газеталарда ёритилаётган долзарб мавзудаги мақолалари ҳам мухлислари эътиборидан четда қолмайди.
У бош-қош бўлган таҳририятларда, аввало, ижодий муҳит яралди. Замон талабларига яраша эшиттиришлар савияси оширилди. Тўғридан-тўғри эфирга узатиладиган “Эврилиш” эшиттиришини тайёрлаб, унга бошловчилик қилди. Бу эшиттириш кўпсонли тингловчилар эътиборини тортди. «Ахборот» информацион ва «Оқшом тўлқинларида» ахборот-мусиқий эшиттиришларига қатор йиллар Шарофиддин Тўлаганов муҳаррирлик қилган йилларни кўплаб мухлислари энтикиб эслайдилар. Унинг “Газеталар шарҳи”даги чиқишлари ўзига хос эди. 1998-2006 йилларда ҳаво тўлқинларига узатилган «Шарҳловчи минбари» эшиттиришидаги шарҳлари тингловчиларга доим манзур бўларди. Бу туркум эшиттиришларда мамлакатимиз миллий тараққиёт йўли ва стратегияси, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари ўзига хос тарзда акс этарди. Унинг шундай долзарб мавзудаги туркум эшиттиришлари 2006 йилда “Олтин қалам” I халқаро танловининг бош миллий мукофотига муносиб кўрилди.
Радио соҳасида катта билим ва тажрибага эга ҳамкасбимиз «Ахборот» информацион эшиттиришлари такомиллашувига, бадиий-ғоявий савиясини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. У “Халқаро маълумотлар” гуруҳига раҳбарлик қилар экан, тингловчиларда қизиқиш уйғотадиган, энг муҳими, давлатимиз сиёсатини самарали тарғиб қиладиган жозибали, сермазмун радиоэшиттиришлар тайёрлашга бел боғлайверади.
Шу билан бир қаторда у “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Ҳуррият”, “Даракчи” каби газеталар, “ЎзА”, “tnews.uz” сайтлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу сайтлар ва газеталарда унинг долзарб масалаларга бағишланган таҳлилий мақола ва шарҳлари мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қирқта роман ўқиган инсон қирқ биринчисини ўзи ёзади, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Қўлидан китоб тушмайдиган ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шарофиддин Тўлагановнинг сўнгги йилларда «Турбат тарихи», «Турбат йўлидаги қайдлар», «Бу сирли дунё», «Туркия менинг нигоҳимда» деб номланган китоблари адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди. Мазкур китобларни қунт билан ўқиган ёш қаламкашлар келгусида ундан-да сермазмунроқ мақола ва асарлар ёзишларига умид қилса бўлади. Бу – “Шарофиддин Тўлаганов ижодий маҳорат мактаби” тингловчиларига айтадиган галдаги сабоғимиздир.
Олтмишинчи баҳорининг олтин остонасида турган забардаст ижодкор ва изланувчан шарҳловчининг орзулари оламча бор. Бу орзулар ҳали қоғозга тушиб улгурмаган мавзуларидир. Ижоднинг ана шу нурли чўққисида унга омадлар тилаб қоламиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
филология фанлари номзоди, доцент,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Ҳуррият” газетаси 2024 йил 2 февраль
Сўнгги фикрлар