Тил билган эл билади
Республикамизда олий таълим муассасалалари дунёнинг етакчи илмий-таълим
муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкага жўнатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасалари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш борасида яқин келажакда амалга ошириш учун аниқ кўрсатиб берадиган «“Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Миллий университетида ҳам кўплаб халқаро шартномалар, келишувлар ва меморандумлар имзоланмоқда. Айниқса, жорий йилининг январь-февраль ойларида биргина хорижий филология фаультетининг француз филологияси кафедраси Франциянинг Руан университети ва Сорбонна 3 университети билан ҳамкорлик шартномалари имзолади. Шартномага биноан бугунги кунда бакалавр йўналиши талабаларига француз мутахассиси Клемантин Жилар хоним ва магистратура мутахассислиги магистрларига эса Франц Воерли жаноблари “Оғзаки нутқ кўникмалари” фанидан машғулот олиб бормоқда. Бугунги кунда Миллий университетда француз тилини ўрганадиган талабалар учун оғзаки мулоқат муҳити яратилган.
Яқинда Франциянинг“n+I”тармоғи директори жаноб Жорж Сантини Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди. Мазкур консорциум чет эллик магистр ва докторантларни Франциядаги 50 дан ортиқ олий таълим муассасаларида таҳсил олишларига хизмат қилади. Бу тармоқ дунёнинг 30 дан ортиқ университетлари билан халқаро таълим алоқаларини ўрнатган нуфузли ташкилот ҳисобланади.
Жаноб Жорж Сантини ташрифининг асосий мақсади – Ўзбекистон Миллий университетида химия, физика ва инженерлик соҳаси бўйича илмий тадқиқот олиб борадиган докторант ва магистрларни Францияга университетлари ва илмий тадқиқот институтларига таклиф қилишдан иборат. Музокарада нафақат Миллий университет талабалари балки Самарқанд давлат университети ва Турин политехника университети магистр ва докторантларини ҳам ушбу лойиҳада қатнашишлари мумкинлигини қайд этди.
Демак, бугунги кунда француз тилини яхши билган ва Францияда магистратура ва докторантурада ўқимоқчи бўлган билимдон ёшларга яна бир иконият туғилди. Ёшларга француз тилини чуқур ўргансангиз Париж дарвозаси калитини қўлимда деб тасаввур қилинг дегим келади. Тил билган эл билади, эл билган ватан қадрига етади, албатта.
Раҳима Ширинова,
ЎзМУ Хорижий филология факультети профессори, филология фанлари доктори
***
Фаол муаллифимиз ҳақида:
Филология фанлари доктори Ширинова Раҳима Ҳакимовна 1988 йил Тошкент Давлат Университети хорижий филология факультетига ўқишга кириб 1993 йилда ўқишни томомлаган. Мазкур университетда 25 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Ҳозирги кунда хорижий филология факультети француз филологияси кафедраси мудири ва жамоатчилик асосида Ўзбекистон-Франция” дўстлик жамиятининг директори лавозимида ишлаб келмоқда.
2002 йилда “Диний реалияларнинг бадиий таржимада қайта яратилиши” (француз-ўзбек таржимачилиги мисолиди) мавзусидаги номзодлик ишини муддатидан олдин ҳимоя қилган. Раҳима Шириновага 2009 йил 29 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Миллий университети Илмий кенгашининг тавсиясига кўра қиёсий тарихий, типологик ва чоғиштирма тилшунослик, лингвистик таржимашунослик ихтисослиги бўйича доцент илмий унвони берилган.
2017 йилда 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик ихтисослиги бўйича ёзган «Олам миллий манзарасининг бадиий таржимада қайта яратилиши» мавзуидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Раҳима Ширинова шу кунга қадар 120 га яқин илмий-услубий ишлар муаллифи бўлиб дисссертация юзасидан Америка, Австрия, Италия, Германия, Чехия, Россия, Франция давлатларининг нуфузли журналларида илмий мақолалар чоп эттирган. Шунингдек, 2 та монография, 3 та дарслик, 5 та ўқув қўлланма, 1 та электрон ўқув қўлланма, 1 та аудиовизуал луғат 1 та луғат муаллифи. Педагогик фаолиятидан ташқари бадиий таржима билан ҳам шуғулланиб туради. У француз ёзувчиси Ле Клезионинг бир қатор ҳикоялари ва Анри Пурра эртакларини француз тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбек шоирлари Мухаммад Юсуфнинг “Булут”, “Ўзбек аёллари ”, “Иқрор” шеърини ва Эркин Воҳидовнинг “Мени элғиз қуйинг” дўстларим шеърини француз тилига таржима қилган.
2016 йилда “Француз тили” аудиодарслиги “Йилнинг энг яхши дарслиги” танловида совринли ўринни эгаллаган. 2016 йилда эса “Йилнинг энг яхши педагоги” танловида “Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог” номинациясида 1 ўринни эгаллаган.
Раҳима Ширинова ёш авлодни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш борасидаги меҳнатлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа вазирлик ва идораларнинг илмий фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда илм-фан соҳасининг ривожланишига қўшаётган хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 18 июлдаги Фармонига биноан таъсис этилган ”Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланган.
2017 йилда эса Ўзбекистон ва Франция давлатларининг дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда, маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказишда, фан ва маданият ишларини янада ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланган.
Бахтли оила соҳибаси, олима Раҳима Ширинова шижоатли, камтарин, изланувчан, фаол раҳбар. У икки нафар ўғил ва икки нафар қизларни ҳаётда муносиб ўринни эгаллашида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шунингдек, бугунги кунда икки нафар неваранинг семимли бувижониси.
Миллий университет газетасининг фаол муаллифи Раҳима Шириновани ЎзМУ газетаси таҳририяти профессор илмий унвони билан тақдирланганлиги билан табриклайди.
ЎзМУ газетаси таҳририяти
Сўнгги фикрлар