Шогирднинг дил сўзлари

Ассалому алайкум ҳурматли устозлар!

Сизларни энг улуғ, шарафли, шу билан бирга ўта масъулиятли “касб” эгалари сифатида – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман. Касб сўзини бекорга қўштирноққа олмадим, ўқитувчи учун бу касб бўлиши мумкин, лекин бизнинг илк устозимиз ота-онамиз – улар ўқитувчи бўлмаслиги мумкин. Ҳаёт ва иш фаолиятимиздаги устозларимиз ҳам ўқитувчи ёки домла бўлмаслиги мумкин.
Устозлар дейишимга ҳам тўла асосим бор. Чунки кимдир мактабда, янакимдир лицейда, яна кимдир университетда, яна ким иш ҳаётимизда устозлик қилган ва қилиб келмоқда. Айнан уларнинг таълим-тарбияси, панду насиҳатлари, ўгитлари билан бугун қайсидир даражага етган бўлсак, шу даражага етиб келдик. Бир сўз билан айтганда одам бўлдик.
Ўйлаб қарасам, чин маънодаги устоз кам бўлар экан:
— мактабда Абдуазим муаллим – биз малим дердик. Аллоҳ жойларини жаннатда қилсин
— Жиззах ўзбек-турк ўғил болалар лицейида жуда кўпчилик таълим берган, лекин Тўлқин ака Холжўраевнинг хизматлари алоҳида. Мен у кишидан ёзишни ўрганганман.
— университетда тўғрисини тан олиб айтишим керак, бировни алоҳида қайд эта олмайман. Нодир Ғаффоров, Ғофур Эшмуродов, Равшан ака, Тўлқин Эшбек домлаларни санаб ўтиш мумкин. Уларнинг ҳаммаси ҳам устозлик қилишган.
— иш ҳаётимда эса қисқа қилиб айтганда бугун нимагаки эришган бўлсам, республикадаги биринчи нодавлат телеканал асосчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, бугунги кунда нодавлат телерадиостанцияларни янада ривожлантириш борасида ҳормай-толмай фаолият кўрсатиб келаётган Фирдавс Абдухолиқовнинг меҳнати, унинг йўл-йўриқлари билан эришдим. Бу борада мени ишга таклиф қилган Қобилжон Аҳмедовни, ҳаёт ва ишни ҳеч ҳам бир-бирига аралаштирмайдиган, айни пайтда Самарқанд маданий ҳаётини янада ривожлантириш билан банд, жўшқин ижодкор Баҳодир Шарофовни таъкидламай бўлмайди. Ўзбекистондаги барча журналистларнинг устози Шерзод Ғуломов билан эса бугунги кунда бирга фаолият юритаётганимдан хурсандман.
— юқоридагиларнинг, яъни туғилишим, мактабга боришим, лицейда таълим олишим, университетда таҳсил кўришим, бугун жамият ҳаётнинг бир парчасига айланишимнинг асосий “айбдорлари” эса илк ва энг олий устозларим – ота-онамдир! Уларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсам, ҳар қанча таҳсин айтсам кам. Чунки улар менинг борлиғим. Уларсиз мен йўқ эдим, уларсиз мен ҳеч ким бўла олмасдим.
Халқимизда “Дўст ачитиб гапиради” деган ажойиб нақл бор. Худди шу нақлни устозларга нисбатан ишлатса ҳам бўлади. Ҳақиқий устоз шогирдини кўп мақтамайди, талтайтириб юбормайди. Унинг фаолиятини доимий равишда танқид остида ушлаб турадики, бундан ўзига керакли хулосани чиқара олган шогирдгина олдига қўйган мақсадига эришади.
Азиз ва қадрли устозлар! Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин дейман. Доим соғ-саломат бўлингларки, бугун юртимиз равнақига ўзларининг қанчадир ҳиссасини қўшаётган шогирдлар доим сизлардан ўрнак олсин, билим олсин.
Ёзганларимни ўқиганларга, кимгадир ёқмаган бўлса, изоҳ ёзиш, фикр билдириш шартмас.

Нурилла АБДУЛЛАЕВ,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *