Шоирлик касб эмас
Устоз Озод Шарафиддиновнинг “Шеър кўп, Шоир-чи?” сарлавҳали мақоласидан сабоқ олиб…
Талабалик давримизда (1980 йиллар) газета-журналларда адабиётга оид ҳар бир мақолани қизиқиб ўқир эдик. Баъзи мақолалар баҳс-мунозарага айланарди. Бир домламиз адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг “Шеър кўп, Шоир-чи?” сарлавҳали мақоласига шундай эътироз билдирганди:
– Сарлавҳани бошқачароқ қўйса бўларди, яъни, “Шоир кўп, шеър-чи?”…
Бу гап худди “қассоб кўп бўлса, қўй харом ўлармиш” деган гапга монанддек туюлиб, бўлғуси ижодкорлар мириқиб кулгандик.
Ўша кезлар ўзимиз таҳсил олаётган ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетини биздан илгарироқ тамомлаб ёзувчи ё шоир сифатида довруқ қозонаётган Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева, Анвар Обиджон, Хуршид Даврон, Тоғай Мурод, Хайриддин Султон, Шарифа Салимова, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид каби ижодкорларга ҳавас билан қараб, улар изидан боришга интилар эдик.
Бу ёзувчи-шоирлар ижодига бағишланган кўплаб адабий-танқидий мақола ва суҳбатлардан баҳраманд бўлган сари тафаккуримиз шаклланиб борарди. Ниҳоят, мен ўша мақоланинг сарлавҳаси қанчалик улкан маъно кашф этишини теранроқ англаб етдим. Аслида “Шеър кўп, Шоир-чи?” деганлари юз чандон ҳақ экан.
Бир “шоир”нинг (тахаллуси шартли равишда “Улканий”) антиқа гаплари ўша мақолани бот-бот ёдимга солди…
Воқеа бир вилоятда китоб тарғиботига бағишлаган ижодий учрашувга таклиф этилишимиздан бошланди. Ижодий гуруҳимизда “Улканий” ҳам бор экан. У “шоир” сифатида гуруҳга киритилибди. Очиғи, биздан юқорироқ курсда ўқиган бу аканинг “шоир”лигини билмас эканман… Газета-журналларда шеърларига кўзим тушгану, юракни жиз эттирадиган сатрини кўрмагач, беэътибор кетаверганман. Ўзининг айтишича, у қирқ беш йилдан буён шеър ёзаркан, бир нечта тўпламлари чиққан, бир пайтлар таниқли шоирлар ҳам мақтаган экан…
Бу гапларни эшитгач, ҳаётдан, адабий жараёнлардан ортда қолиб кетибман, деб кўнглим хижил бўлганди. Кейинги ҳангомалардан гап бошқа ёқда эканини ҳис этдим; ҳеч кимдан ортда қолмаган эканман!..
Ўша даврда Журналистика факультетида ўқиган замондошлардан суриштира бошладим. Улар ҳам “Улканий”нинг “шоир”лигидан деярли бехабар, битта-яримта шеърини ўқиганлар ҳам барака топмаганларини айтишди.
Бир собиқ курсдошининг гапи қизиқ бўлди:
– “Улканий”нинг яхши шеърлари ҳам бор!
– Хўш, қайси шеъри яхши?– Сўрадим қизиқиб.– Айтинг, топиб ўқийман…
– Очиғи, эсимда йўқ…
– Ана холос,– дедим энсам қотиб.– Эсингизда қолмаган шеърнинг нимасини яхши дейсиз?
– Ўзи айтганди,– деди каловланиб у.– Катта шоирлар мақтаган экан…
Унга бошқа бир собиқ ҳамкурси изоҳ берди:
– Ўша катта шоирни билардингиз-ку, тандир гўшти билан обизамзам бўлса, “Оқ йўл” ёзиб бераверарди! “Улканий”ни ҳам шунақа қилиб мақтаб қўйгандир-да, аммо “Оқ йўл” ёзмаган…
Ўша катта шоирдан “жавр” кўрганларимиз эсимга тушди. Дарсга келмайдиган баъзи талабаларга баҳо қўйиш палласи кимдир қўнғироқ қилиб, “унга даҳо шоир “Оқ йўл” тилагани”ни пеш қиларди… Афсуки, ўша талабалар дипломини олгач, ижод майдонида қораси кўринмади… Кимларнидир тўйдириб, бизга телефон қилдиргани ва ғирром йўлларда саргардон бўлгани қолди…
Бўладиган шоир бировнинг “Оқ йўл”исиз ҳам яхши шеър ёзаверади!
Бўлмайдиганини ўнта даҳо олқишласа ҳам ҳеч нарса чиқмайди…
Вилоят бўйлаб бир ҳафта ўтказилган ижодий учрашувларда “Улканий” қанақа “шоир”лигини кўрсатди. Хаёлимда “Шоир қандоқ бўлмаслиги керак?” деган савол пайдо бўлганди, унга “Улканий” мисолида жавоб топгандек бўлардим…
Бир пайтлар шоирлар билан учрашув бўлади, дейилса, мухлислар ёпирилиб келишарди. Ҳозир шунақа тадбирларга одамларни мажбурлаб олиб келишгани уларнинг хорғин чеҳраларидан аён сезилиб туради. Сабаби нимада, дейсизми? Саволингизга жавобни бизнинг ижодий учрашувлардан билиб олишингиз мумкин.
Сценарийга кўра камина китоб тарғиботи юзасидан маъруза қилишим, “Улканий” шеър ўқиши, санъаткорлар ашула ва рақсларини ижро этишлари керак.
Мавзу китоб тарғиботига бағишлангач, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ижоди ҳақида гапираман, шеърларидан айтаман. Сўзим охирида ўзимнинг қувноқ шеърларимдан ўқиб бераман. Маърузам қизиқарли бўлгани ҳақида мухлислардан эшитгач, енгил тортаман.
Кейин “Улканий” даврага чиқиб, ўзини таништиради, бир пайтлар даҳо шоир уни мақтаганини, қанақа тўпламлари чоп этилганини узоқ тушунтириб, сўнг, шеър ўқишга тушади. Тингловчилар аввалига эътибор билан тинглашади. Юракни “жиз” эттирадиган сўз чиқмаётганидан бетоқат бўлаётганларини кузатиб ўтираман. Уларнинг нигоҳларидан “қачон тугаркин?” дейишаётгани шундоқ сезилиб туради.
Аксига олиб “Улканий” узундан-узун шеърларини ўқийверади, асаблар таранг тортилганча тинглайверамиз. Шу он раҳматли устозимиз Озод Шарафиддиновнинг кескир гаплари қулоғим остида бот-бот жаранглаётгандек туюлаверади: “Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч”…
Ниҳоят, “Улканий” ясама таъзим қилиб даврани бўшатгач, учрашувни ташкил этган мутасаддининг имо-ишораси билан кимлардир чапак чалган бўлади…
Ясама “шеър”га зўрма-зўраки қарсаклар унчалик қовушмайди…
Шундан сўнг бунақа “шоир билан учрашув”га ким ҳам иштиёқ билан келарди?!
Учрашувдан кейин “Улканий”нинг гапи қизиқ бўлди:
– Бу одамлар шеърни унча тушунмаскан…
– Шундай деб ўйлайсизми?– Арқонни узунроқ ташлаб савол бердим.– Нега тушунмас экан?
– Енгил-елпи ҳаёт ҳаммани шу кўйга солиб қўйган, шекилли,– деди у ўз қаричи билан ўлчаб.– Одамларнинг савияси пасайиб кетаяпти…
Шундай пайт дилимдагини юзига шартта айтишга андиша қилганим чатоқ-да. Ўта саёз “шеър”ларингизни тинглашга уларнинг тоқати етмади, дея олсам кошки эди. Айтганим билан фойдаси бўлмайди. Ғижиллашганимиз қолади. Олтмишдан ошган одам менинг гапим билан хатосини тушунармиди?
Бундай давраларда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ёки Муҳаммад Юсуф бўлганида борми!.. Мухлислар ёпирилиб келиб, шеърларини ҳаяжон билан тинглашини кўринг эди! Олқишлардан давралар гумбирлаб кетарди. Неча йиллар ўша улуғ шоирлар ёнида юриб, шундай ҳаяжонли давраларни кўп бора кўрганмиз-ку! Ўша шоирларнинг ҳамма шеърларини қалбига жо этмаган одам топилмаса керак.
Демак, “одамларнинг савияси пасайиб кетаяпти…” деганнинг ўзи савиясиз, маънавий қашшоқ…
Шеърни тушуниш, ундан баҳра олиш, лаззатланиш учун ҳамма филолог ёки адабиётшунос бўлиши шарт эмас. Умар Хайёмнинг тўртликларини ўқимаган, ҳатто ёдлаб олмаган одам топилармикин? Ўзимизнинг Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Муҳаммад Юсуф каби атоқли шоирларимизни ким билмайди? Уларнинг ҳамма шеърлари мудом эл оғзида-ку!
Машҳурликка ўч баъзи “шоир”лар мактаб дарслигига киритилсам машҳур бўламан, деб хомтама бўлади. Мансаби ва унвонига қараб дарсликларга киритилган баъзи шоирларни ўқитувчи минг мақтамасин, барибир, қалбларга зўрлаб сингдиришнинг иложи йўқ. Дарсларда номини эшитган баъзи шоирларнинг бирор сатри ёдимизда қолмаган…
Яна баъзилар “шеърим қўшиқ қилиб ижро этилса мухлисларим кўпаяди” деб санъаткорларнинг ортидан югуриб юрганларини кўрганда кулгинг қистайди. Ҳамма шеъри куйга солинса-да юракни “жиз” эткиза олмаганлари қанча?..
“Улканий”нинг аҳволини кузатган сари “шоирлик қисмати” ҳақидаги шунақа фикрлар шууримда чарх урарди.
Эртасига яна шу аҳвол. Навбатдаги учрашувдан ҳам “Улканий” хомуш бўлиб чиқди:
– Булар ҳам адабиётдан йироқ одамлар экан, шеърни унча тушунмаскан…
– Кўпчилиги ўқитувчилар экан-ку?– Яна арқонни узунроқ ташлаб савол бердим.– Бир муаллима Муҳаммад Юсуфнинг шеърини қандоқ ҳаяжон билан ўқиди. Ўзи ҳам яхши шеърлар ёзаркан! Мухлислари қанчалик олқишлаганини кўрдингизми?
Бу гапга жавобан “Улканий”:
– У аёлнинг шеърлари бир тийинга қиммат! Муҳаммад Юсуф ҳам асли шоирмас! Уни баъзи катталар “кўтар-кўтар” қилиб шу даражага етказган,– деса бўладими?..
Қизиқ, шоирни ким қай йўсинда “кўтар-кўтар” қилиши мумкин? “Улканий”ни ҳам бир пайтлар катта лавозимларга қўйишганини, икки марта давлат мукофоти беришганини ҳамма билади-ку?.. Ўзи лоақал битта тузикроқ шеър ёза олганида ўша мансаб-мартаба-ю мукофотларсиз ҳам мухлислар ёдлаб олишмасмиди!
Навбатдаги учрашувда яна мулзам бўлган “Улканий” негадир менга заҳрини сочди:
– Сиз даврага чиққанда шеър айтманг!
– Нега энди,– дедим ҳайрон бўлиб.– Тингловчилар мазза қилишаётгани кўриниб турибди-ку…
– Савияси паст одамлар енгил-елпи шеърингизга қарсак чалаверишади,– деди у асабийлашиб.– Сиз уларнинг савиясини баттар ўлдираяпсиз…
– Менинг шеърларимни тинглаб, савияси ўлаётган бўлса, сизникини эшитиб жони кираётгандир,– дедим ётиғи билан.– Учрашувдан кейин мухлислар мени ўраб олишяпти, ижодий суҳбатни давом эттиришимни хоҳлашяпти…
Шу гапни айтмасам бўларкан. “Улканий” гезариб кетганини кўриб “хатоим”ни англадим. Яна андиша… Ўзинг алам ва ҳасад ўтида қоврулиб ўляпсан, деган гапимни, афсуски, юзига шартта-шартта айтиб ташлай олмадим…
“Улканий” хириллаган кўйи антиқа гапларини қалаштирди:
– Сиз Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шеърларини айтиб олқиш олманг, билдингизми?
– Бу олқишлар менга эмас, ўша шоирларга бўлаяпти-ку,– дедим энсам қотиб.– Мен уларнинг китобларини тарғиб қилаяпман, холос…
– Фақат китобининг номини айтсангиз етади! Шеърини айтманг. Сиз маърузачи, икки оғиз гапиринг, тамом! Бу давраларда мен шеър ўқишим керак, билдингизми?
“Улканий”нинг тиришган башарасига қараб, кулгим қистади. Негадир жиғига текким келди:
– Бир ҳазил шеърим бориди, шуни эшитиб кўринг-чи, сизга ёқса, кейин ўйлашиб кўрамиз…
Унинг розилигини кутиб ўтирмасдан қуйидаги ҳазил шеъримни ўқидим:
ШОИРЛИК КАСБ ЭМАС
Шоир бўлсанг, сени элинг,
Қалби билан тингласа.
Ёд олмаса ҳамки шеъринг,
Фидолигинг англаса.
Эркин ВОҲИДОВ.
Мени шоир деманг, шоирлик – касбмас,
Шеърий сатр ўзи келар қуюлиб.
Минг ёқиб кетса ҳам чапак чалманг ҳеч,
Бир шоир қовоғи қолар уюлиб…
Ўзининг «шеър»ида йўқ маза-матра,
Эшитган одамнинг оғрийди боши.
Барака топмайди гар ўқиб кўрса,
Мажбуран тинглашга етмас бардоши.
Менинг сатрларим юракдан чиқар.
Тинглаган мухлислар кетишар жўшиб.
Қайсики даврада бир шеър ўқисам,
Дилларга малҳамдур завққа завқ қўшиб.
Мен шоир эмасман, ўзи келар шеър,
Қалбимда жўш уриб яралар дурдан.
Мағзини чаққанлар олқишлар мудом,
Баҳраманд бўлишгач маънавий нурдан.
Шеъримни эшитманг “номи шоир”лар,
Улоқ Тўлқинда, деб қилманг ҳеч пушмон.
Шеър ёзишга қўймас ҳатто хотиним,
Орттирманг, дейди у шоирдан душман…
Шу тобда “Улканий”дан “буни менга қарата ёзибсиз-ку” дейишини кутгандим. Озроқ фаҳми бор одам шундоқ дейиши аниқ эди. У нима дейди, денг:
– Хотинингиз, шеър ёзманг, деб тўғри айтибди…
Ана сизга савия!..
Бир пайтлар: “Гўнгдан олтин ясайман” деган рекламани қизиқиш билан кўрган эдим. Шундан буён “Улканий”га ўхшаган “гўнг”лардан олтин ясагим келаверади. У билан ҳангомалардан сўнг ажиб ғоя пайдо бўлди: “Шоирлар рейтинги”ни тузамиз! Бу “рейтинг” барча шеърият мухлисларида катта қизиқиш уйғотишига ишонаман. Фақат, “рейтинг”да паст балга лойиқ баъзи шоирлар уни ҳазм қилиши қийинроқ кечади. Бу норасмий “рейтинг” аслида бор гап, фақат, ойдинлаштирамиз, холос. Унга қоғоз қоралаш шарт эмас. Ҳар ким ўзи хаёлан баҳо қўйиши мумкин.
Тасаввур қилинг, қўлингизда 100 катакли “Жадвал” турибди. Унга хоҳлаган шоирнинг исм-шарифини ёзинг. Ҳар бир катакка қўйиладиган + белгиси “1” бални англатади. Уни тўлдириш талаби қуйидагича: сиз кузатган ҳар юзта ижодий учрашувнинг нечтасида ўша шоир эсланиб, шеърлари (лоақал бирор сатри) тилга олинади? Нечта даврада (бутун мамлакатимиз бўйлаб хаёлан кезиб чиқасиз) номи ва шеъри тилга олинса, шунча + белгисини қўясиз, вассалом.
Қайси шоир 55 дан 70 тагача катакда + га эга бўлса – “3”, 71 дан 85 гача – “4”, 86 дан 100 гача – “5” баҳога муносиб ҳисобланади.
Энди айрим атоқли шоирларимизнинг балларни ҳисоблаб чиқамиз:
- Юзта шеърхонлар даврасида Абдулла Ориповнинг номи ва шеърлари юз фоиз тилга олинади. Демак, 100 балл – “5” баҳо!
- Юзта шеърхонлар даврасида Эркин Воҳидовнинг номи ва шеърлари юз фоиз тилга олинади. Демак, 100 балл – “5” баҳо!
- Юзта шеърхонлар даврасида Муҳаммад Юсуфнинг номи ва шеърлари юз фоиз тилга олинади. Демак, 100 балл – “5” баҳо!
Шу тариқа хоҳлаган шоирингизнинг бали ва баҳосини холисона ҳисоблаб чиқишингиз мумкин!
Бу хаёлий гапларимиз аслида нақадар ҳаётийдир!
1980 йилдан буён ҳар ҳафта камида битта шеърхонлар даврасида иштирок этган бўлсам, бир йилда – 52, ўн йилда – 520, қирқ йилда – 2080 марта кузатиш имконига эга бўлганман! (Баъзи ҳафталарда 3-4 марталаб шеърхонлик кечалари ўтказганимизни ҳисоблаб чиқсам, рақамлар қанчалик катталашиб кетиши мумкин). Ўша давраларда адабиётшунос олимлардан тортиб оддий фаррошларгача бор. Қизиғи, энг қуйи табақалардан бири деб қараганимиз – фаррошлар ҳам севимли шоирларимизнинг шеърларини завқ билан ўқиб юришади!
Шунча шеърхонлар даврасида юриб, бирор марта номи тилга олинмаган (бироқ, ўзини адабиёт дарғаси ҳисоблаган) шоирларни ҳам биламиз. Афсуски, уларни номма-ном айтиш учун Озод Шарафиддиновдек журъатли ва шерюрак бўлишни ўрганишимиз лозим. Устознинг “Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч”, “Шеър кўп, Шоир-чи?” каби мақолалари биз учун сабоқ бўлиши зарур.
Ўзини “таниқли” деб билган, бироқ, шеърият шайдолари танимаган шоирлар қанча?.. “Шоирлар рейтинги”да улар нечта + олишини айтиш қийин.
Мен таниган-билган шоирлар орасида анча-мунча балл олганлари ҳам кам эмас.
Ижодий гуруҳларга қўшилиб турли давраларда шеър эмас – “шиғир”ини ўқиб юрган “Улканий” ортига қайтиб кетмасидан ҳамманинг эсидан чиқиб кетганига аминман. Демак, бир ҳафта давомида бирор балл ололмади, чамамда…
Бу “Шоирлар рейтинги” адабиётимиз бўстонига дадил кириб келаётган ёш ижодкорлар учун бамисоли бир кўзгу бўлишини истардик. Сиз қанча сермазмун, қайноқ шеърларингиз билан мухлислар қалбини забт эта олсангиз, “рейтинг”ингиз шунча ошиб бораверади! Шунда ўлмас шеърлари ила адабиётимиз карвонини изчил давом эттиришга қодир ҳақиқий шоирлар кўпайиб Озод Шарафиддинов каби Устозлар руҳини шод этиши мумкин.
Адабиёт халқимиз, жамиятимиз олдидаги вазифасини шу тариқа муносиб адо эта олади.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар