ШОИРЛИК ҚИСМАТИ

ёхуд юртпарвар шоир қандай бўлиши керак?

photo_2023-08-20_04-42-46photo_2023-08-20_04-42-12

“Юртим сенга шеър битдим бу кун…”

 Абдулла Орипов,

Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири

 

Ҳар бир инсон қисмати турлича бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Бироқ, айнан шоирлар қисмати нечук кўпинча аянчлироқ кечади?

Шу нозик масалани узоқ ўйлаб, сира ўйимга етолмайман. Улуғ шоирлар нечун қандайдир зуғумлардан азият чекиб ўтади… Кимсан, Мир Алишер Навоий ҳазратлари ўз даврининг мамлакати саройида масъул лавозимларда фаолият кўрсатиб юрганига қарамай, беҳаловат яшамаган. Ул мўътабар зотга қанчалик зуғумлар ўтказилганини яхши биламиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам зуғумлардан азият чека-чека, дардини шундай ифода этган:

 

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?

Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!

Гар замонни нафй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ!

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?

Бори элга яхшлиғ қилғилки, мундин яхши йўқ –

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!

Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур киби,

Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?!1

 

“Бобурнинг “яхшилиғ” радифли олти байтли мазкур ғазали шоирнинг ҳасби ҳол характеридаги ғазалларидан бўлиб, байтлар ўзаро мантиқий изчиллик билан боғланган; анъанавий услубда ёзилган; ғазал тили содда – даҳр ( олам, замон), нафй ( рад этмоқ, қайтармоқ), рафиқ (дўст, биродар), маҳзун (ғамли, қайғули, хафа) каби уч-тўрт сўздан бошқаси ҳозирги ўқувчи учун деярли тушунарли; бадиий санъатлар ва поэтик образлар доираси кенг, чунки ғазалда шоир тазод, иштиқоқ, мурожаат, такрир, радд ул-матла, ҳусни таълил, талмеҳ, амр каби ўнлаб бадиий санъатлар ва кўнгил, аҳли жаҳон, рафиқ, замон, дилраболар, ороми жон, жон, яхшилар, ёмонлар, бори эл, фалон, сингари анъанавий поэтик образларни маҳорат билан қўллаган. Бобур ғазал мақтасида ўз тахаллусини учинчи шахсда қўллаган,– деб ёзади ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Буробия Ражабова ЎзАда ёритилган “Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?” сарлавҳали мақоласида.– Донишманду ҳакимлар яхшилик қилишни имондан кейинги бош вазифа ёки инсоннинг иккинчи умри деб таълим берганларидек, Бобур ўзининг ҳаёт тарзини, айрим норозиликларини ҳам қўшиб поэтик талқин ва таҳлил этган ушбу дурдона ғазалини қайсидир маънода улуғ шоирнинг иккинчи умри десак, сира муболаға қилмаган бўламиз”.

Ўз навбатида Огаҳий, Машраб, Насимий, Фурқат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби ўнлаб шоирларнинг ҳам қисматлари қай даражада кечганини тўғри англаймиз.

Собиқ мустабид тузум даврида ижод аҳли бошига тушган зуғумларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди…

Бугун-чи?

Ҳар бир одамда бирор гапни айтиш учун аввало шунга яраша маънавий ҳақ-ҳуқуқи бўлиши талаб қилинади. Ёшуллилар анжуманида ёш бола бирор доно гап қилиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса, аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, кўплари бу ҳодисотни шунчаки тасодиф деб ўйлашлари ҳам мумкин. Зеро, Машрабнинг она қурсоғида гапириб юбориши, Исо Масиҳнинг бешикда ўзининг пайғамбарлигини тан олиши ҳодисалари ҳар куни учрамайди.

Шу сабабдан ҳам ҳаваскор шоирлар урфга кўра она-юрт Ўзбекистонга бағишлаб шеър, мадҳия ёзишлари, айниқса, бугунги кунда ҳар қадамда учраса-да, қўли ўнгланиб, қалами чархланиб қолган етук ижодкорлар бу мавзу олдида гоҳо “соқов” бўлиб қолишади. Атоқли шоир Абдулла Орипов ибораси билан айтганда, “Фақат ожиз қаламим маним…”

Ана шу “соқов”ликнинг тагида шеърга, сўзга, ватанга бўлган муҳаббатга нисбатан уйғонган масъулият ётади. Катта улоқчи чавандозлар кичик эшак-улоқларга қўшилмайди, ўлчовни, қадамни, маррани катта олади. Ана шу катта кўпкари майдонларига қўшилиш учун ўзида маънавий ҳуқуқ тўлиқ шаклланганини англаганидан кейингина бу ишга қўл уради.

Абдулла Орипов “Ўзбекистон” қасидасини ёзганида йигирма саккиз ёшлардаги машҳури замон шоир эди. Ҳамид Олимжон ҳам “Водийларни яёв кезганда” дея қасида ёзган пайти шу ёшларда ҳамда мавқеда бўлган. Эркин Воҳидов ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Худди академик шоир Ғафур Ғулом ёзгани каби:

 

“Виждоним буюрганин

Шеъримда айта олсам –

виждондек дуруст бўлур!”

 

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид фаолиятини 43 йилдан буён кузатиб келаман. Биз ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетига ўқишга кирган – 1980 йили улар шу даргоҳдан қўлларига диплом олишган. Шунча йилдирки, Сирожиддин акани жуда яхши биламан. Очиғи, у кишининг кўп ишларига ҳавас билан қараймиз.

Шоирнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида (2023 йил 13 июлдаги 138-сонида) ёритилган “Ўзбекистон кучаймоқда” шеъри нечундир ижтимоий тармоқларда “қора пиар” кўзи билан қаралган ҳолда анча-мунча “муҳокама” қилинди, турлича акс-садолар берди… Энг қизиғи, ижтимоий тармоқ орқали тош отганларнинг бирортасини танимас эканман. Қирқ уч йилдан бери пойтахтимиз Тошкент шаҳри адабий муҳитида юриб, уларнинг бирортасини учратмаганман, бирор жўяли асарини ўқимаган эканман… Қанийди, бирор эл таниган ижодкор танқид ва таҳлил қилса, унга ўз фикрларимизни билдирсак, майли, баҳслашсак!..

Энди Ватанни улуғлаб бирор шеър ёзгани ҳамоно шоирни бу қадар “тошбўрон” қилавериш ҳам инсофдан эмас-да…

Марҳамат, ижтимоий тармоқда ҳам фикрини ёзадиган одам аввало ўзини таништириб, очиқча танқидий-таҳлилий фикрини баён этсин. Унга ҳар ким ўз муносабатини билдириши мумкин.

Афсуски, биз умид билан қараётган адабиётшунослар ҳам ҳанузгача бирор фикр айтишмади, ижтимоий тармоқларда ким ўзарга “тош отаётган” кимсаларга холис муносабатини билдиришмади…

Бир шеърият мухлиси ва ижодкор сифатида каминага аввало шоирнинг топқирлиги ва замонамизга хос услубда мавзуни тақдим этиши ёққанини очиқ айтмоқчиман. “Кучайди” хитоби ёшлар ва катта ёшдагилар орасида кейинги уч йилдан бери “Тик-ток”даги оддий ва содда ўзбек йигитининг: “Аканг кучайди!” хитобидан кейин оммалашганди.

Шу тобда Устоз шоир Эркин Воҳидовнинг қуйидаги тўртлиги эсимга тушиб кетди:

 

Эл устозим, мен эсам – толиб!

Сўз дурларин термоқдир ишим.

Одамларнинг ўзидан олиб,

Одамларга бермоқдир ишим.

 

Сирожиддин Саййид ушбу қасидасини кўпроқ ёшлар аудиториясига етиб боришини ният қилган ҳолда: “Ўзбекистон кучаймоқда!” хитобли сарлавҳани танлайди:

 

Ҳар шаҳру кент бугун обод боғу бўстон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

Дунё давлатлари дейди: Донғи достон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Шоирлар шоирлар учунгина ёзадиган дамларни ҳам кўп кўрдик. Аммо, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева каби салафларимиз даврида шеърият халқ ичига чин маънода кириб борадиган бўлди. Адабиётдан, шеъриятдан анча олисдаги кишилар ҳам шу томонга бурилиб қарайдиган бўлишди. Кишиларни ўзингга қаратиш учун тўртта карнай, ноғора чолдириб қўйсанг ҳам кифоя. Аммо, мақсад фақат одамларни ўзингга қаратишдангина иборат бўлса, бунақа томоша узоққа бормайди. Сенинг ижодинг халқнинг дардига, интилишларига, орзуларига кўзгу бўлгандан бошлаб, унинг меҳрини қозона бошлайсан.

Эл суйган шоир Сирожиддин Саййиднинг “Куйдим”, “Аскар юлдузи”, “Болалик қайтмади”, “Дунё топилади”, “Тез ёрдам” машинасига шеър!” каби ўнлаб шеърлари халқ қалбига нақшланиб қолган. “Ўзбекистон кучаймоқда” шеърида ҳам юрт қайғусида сергак шеърхоннинг ёд лавҳига ўйилиб қоладиган бандлар, мисралар талайгина:

 

Бордир аммо бизга кўнгли ғаш давлатлар,

Бизни ҳасад қилгувчи бадрашк давлатлар.

Йўқ бўлсанг гар — сариқ чақа беролмайди,

Бор бўлсанг гар — кўролмайди, кўролмайди.

Бизнинг ҳеч бир мамлакатдан гинамиз йўқ,

Тегадиган суқимиз ё киннамиз йўқ.

Бир майизни қирққа бўлиб еган халқмиз —

Кўзимиз тўқ. Ўзимиз тўқ. Кўнглимиз тўқ.

Жаҳолат ҳам охир топгай ниҳоялар —

Эзгуликка хизмат қилсин пок ғоялар.

Ер юзини эгалламай ҳасад, риё,

Ҳамкорликни кучайтирсин сармоялар.

Ким ўқраяр, кимлар эса лолу ҳайрон:

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Юртлар кезган, дунё кўрган кишилардагина ўз диёрини бошқалар билан солиштириш имконияти пайдо бўлади. Ҳозир уйингдан чиқмасдан дунёнинг исталган мамалакатида бир неча дақиқа виртуаль мусофир бўлиш имконияти мавжуд. Аммо, бундай он-лайн “мусофирлик” кўзга, ақлга бирор завқ, билим бериши мумкиндир, аммо уларда қалб иштирок этмайди.

Қалб иштирок этиши учун хаёлдамас, ҳаётда чин маънода мусофир бўлиш, чинакам юрт соғинчини ҳис қилиш, юртингдаги устунликлардан фаҳрланиш, камчиликларидан ўкиниш, буларни бартараф этиш борасида қайғуриш лозим бўлади. Сирожиддин Саййид ижоди ва ҳаёт йўли учун ўттиз икки ёшли Истиқлолимиз даври худди миллионлар каби мана шу томонлама омадли келди: бозор иқтисодига ўтиш йиллари Россиянинг Узоқ Шарқигача бориш насиб этган бўлса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида кўплаб олис ва яқин ҳориж элларида хизмат сафарларида юриш имконияти пайдо бўлди:

 

Эй, оламга Дантеларни берган диёр,

Петраркани туғиб кўкрак керган диёр.

Ҳар ғиштинг, ҳар салобатли устунингда,

Даҳоларнинг емирилмас номлари бор.

“Бобурнома” билан келдик забт этгали,

Чин юракдан, чин дилдан суҳбат этгали.

Ҳар неки бор бунда бари тантанавор,

Италия, шонли диёр, шонли диёр!

Замонавий афсонага ўхшамоқда,

Қадимий Рим ўзи гилам тўшамоқда,

Румога ҳам кириб келган улуғ карвон —

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Ватанимиз дунё ҳамжамиятида ёлғиз эмас. Юксалиш борасида илғорлар билан тенглашиш, оқсаётган элларга, мамлакатларга ёрдам қўлини чўзиш инсонпарварлик сиёсатининг илк қадамларидир. 1990 йиллар бошида қўшни Тожикистонда юзага келган фуқаролар уруши каби сунъий тарзда пайдо бўлган маъшум кунлари Ўзбекистон қўшни-қардош давлатни ун, шакар, газламалар, ёнилғи, электр энергияси билан беминнат таъминлаб келди.

Янги аср бошида Афғонистон муаммоларига бағишланган саммитларда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақли равишда шундай тезисларни олға сурганди: “Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун, у ерда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, халқ хунармандчилиги буюмларини қимматроққа бўлса ҳам харид қилишимиз керак. Токи, бу ишлар билан банд бўлишлари учун афғон афкор оммасида мотивация пайдо бўлсин. Ана шу умидни биздек қўшни давлатлар беришимиз керак. Ўзининг бунёдкор меҳнати билан банд бўлган афғон юртида тинчлик ҳоким бўлади ва қўшниларнинг ҳам кўнгли хотиржам тортади”. Мана шу гапларга йигирма йил тўлган бўлса-да, Афғонистон муаммоси ҳамон халқаро сиёсат айвонида долзарб бўлиб турибди:

 

Миллатларнинг бирлашган ташкилотида,

Давлатларнинг ҳар мажлис-машғулотида,

Ўзбекистон: “Жафокаш халқ афғон” дейди,

“Неча йиллар чекмиш оҳу фиғон” дейди.

Айтадирки: темир йўллар олиб борай,

Уйларингга симёғочлар тортиб борай.

Биргалашиб тўлдирайлик камин, дейди,

Ўз уйида ўзгаларнинг ғамин ейди.

Неки инсонпарварликдир – куйдириб жон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Мустақил Ўзбекистон давлатининг дунёда тутган ўрнини ҳар ким ўзича шарҳлаши, тушунтириши мумкин. Устоз Сирожиддин Саййиднинг бу шеъри мазмунан – ёш авлод учун она юртимиз тимсолига бағишланган бир сабоқдир, дегим келади.

“Карвон кўп – ризқи бўлак” деганларидек, Ўзбекистондек ватан мавзуси булоғи минглаб шоирларга илҳом улашгани билан тариқча камаймайди. Шу ўринда устоз Абдулла Ориповнинг “Баҳор” шеъридаги қуйма сатрлар беихтиёр ёдга тушади:

 

Фақат сен қалбимга чўктирмай малол,

Чарчаган руҳимга илҳом солурсан.

Умр ҳам, баҳор ҳам ўтар эҳтимол,

Фақат сен дунёда мангу қолурсан…

 

Ушбу қасидани ўқир эканман, кўнглимда ажиб туйғулар жўш ургандек бўлди; мен ҳам баҳоли қудрат ватанимизга бағишланган улкан симфонияга ўз созим билан қўшилгим келди.

Ўйлайманки, бундай ўйлар биргина менинг кўнглимдан кечгани йўқ. Демак, катта бир мушоира арафасида тургандекмиз:

 

Ўзинг букун мардлар аро марди майдон,

Ўзбекистон кучаймоқда, Ўзбекистон.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

филология фанлари номзоди, доцент

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *