Шоир ва публицистнинг ижодий маҳорат мактаби

Фармон Тошев суратига чизгилар

 photo_2019-04-15_22-04-39

photo_2021-12-01_08-48-41 photo_2022-04-24_15-28-29 photo_2023-02-03_00-48-32 photo_2023-02-03_00-49-14 photo_2023-02-03_00-49-27 photo_2023-02-03_00-49-37

photo_2019-05-10_18-04-49

ҚАРНАБНИНГ ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ БОЛАСИ 

Азалдан Бухорийлар, Термизийлар, Самарқандийлар, Фарғонийлар ўз шаҳарлари номи билан машҳур бўлганлар. Баъзи буюклар эса қишлоғининг номини ўзи қадар машҳур бўлиб кетишига ҳисса қўшганлар. Айтайлик, Абу Али ибн Синодек буюк зот бўлмаганида Бухородаги Афшона қишлоғини биров билиб, биров билмасди…

Худди шунингдек бугун юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган Некўз, Дўмбиробод, Равотлик, Полосон, Накурт, Гараша, Паркент, Қувкалла, Қарнаб қишлоқларини ҳам кўпчилик жуда яхши билади. Бу қишлоқлардан Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Оқилжон Ҳусан, Анвар Обиджон, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Маҳмуд Тоир, Собир Ўнар, Фармон Тошев каби таниқли ёзувчи-шоирлар етишиб чиққанига адабиёт ихлосмандлари қизиқиш ва меҳр билан қарайди.

Фармон Тошев ўсмирлик чоғлари қўлига қалам олган кезларидаёқ илк мавзуси ўзи таваллуд топган Пахтачи туманидаги Қарнаб қишлоғи бўлганди. Қишлоқ манзараларига яраша оқкўнгил одамлари образини у ғоят қизиқарли бир тарзда ёритган. Қишлоқдошлар қиёфасини бадиий бўёқларда тасвирлай олган муаллифни юморга бойлиги жиҳатдан Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов ва Анвар Обиджонлардан қолишмаслигига амин бўласиз. Шу аснода шоирнинг “Қарнабчўл қўшиғи” (1994) ва «Қарнабота армони» (2003) деб номланган китобларида она қишлоғи номи алоҳида урғуланди.

Асл истеъдод соҳиблари қишлоқда туғилиб, шаҳарда камолга етади, деганлари шу бўлса керак. Фармон ака Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетида (1970-1975 йиллар) таҳсил олиб юрган кезлари ижод бўстонида росмана бўй кўрсата бошлаган эди. Ярим асрдан ошибдики бу изланувчан, тиниб-тинчимас ижодкор Самарқанд шаҳрида яшаб, бир оёғи ҳамиша Тошкентда бўлса-да қадамлари қишлоқдан асло узулгани йўқ. Неча йил, неча замонлардан бери у халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, 2010-2014 йилларда ва 2020 йилдан буён Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида наинки Қарнаб, шу билан бир қаторда вилоятдаги юзлаб қишлоқларни Ҳамид Олимжон ибораси билан айтганда “яёв кезади”. Бу ватанпарвар ижодкор аввало қишлоқпарвар эканини одамлар дил-дилидан ҳис этса ажабмас. Ўзи билан доим кўплаб китоблар олиб бориб, кутубхоналарга, адабиёт ихлосмандларига туҳфа этишни канда қилмайди.

Фармон ака қайси қишлоққа қадам ранжида қилмасин, энг аввало оддий одамлар билан дилдан суҳбатлашади. Сўнг, депутат сифатида кимларнингдир муаммосини ижобий ҳал этишга бел боғласа, шоир сифатида маънавий нур таратаверади. Унинг ўзига хос ажиб фазилати: кўп чигал муаммолар ечимини юмор, ҳазил-мутойиба билан ҳал этади. Кимларнидир кулдириб-кулдириб, дард-аламларидан фориғ этиш унинг ижодида ҳам яққол акс этади.

Юморга иштиёқманд адабиёт ихлосмандлари Фармон Тошев ижодига катта қизиқиш билан қарайди. Адабиётшунослар ҳам унинг ижодини теран таҳлил қилишмоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Сайдулла Мирзаев “Қарнабликлар кулгиси” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади:

“Фармон Тошев ўз асарларида ҳаёт ҳақиқатига асосланган ҳолда китобхонларни қизиқтирадиган мавзуларни қаламга олади. Тарбиявий-маърифий аҳамиятга молик бўлган муҳим ғояларни олға суради. У “Қарнаб ота армони”, “Отамнинг сабоқлари” каби китобларида журналистика билан сўз санъати имкониятларини бир-бирига омухта қилиб, ҳаётни севиш, Ватанни ардоқлаш ва унга фидокорона хизмат қилиш, инсонийликни улуғлаш, миллий қадриятларимизга меҳр-муҳаббат, ота-она ҳурматини устувор билиш, фарзандлик садоқати мавзуларини ўзига хос тарзда ва бетакрор қилиб акс эттиради. Жонли образлар яратиб, ҳаёт ва инсон ҳақида баҳс-мулоҳаза юритади.

Бу жиҳатдан “Отам сабоқлари” асарида ҳаётий тимсол асосида гавдалантирилган қишлоқ зиёлиси Исҳоқ муаллим образи китобхонларда яхши таассурот қолдиради. Исҳоқ муаллим камтар, мард, тўғрисўз ва адолатли инсон. У ҳаётдаги ва одамлар руҳиятидаги ўсиш-ўзгаришларга теран кўз билан қарайди. Кундалик воқеаларни тўғри идрок этиб, улардан холисона хулосалар чиқаради. Ўз фарзандларини қийинчиликлардан қўрқмаслик, адолатли бўлиш, халқим ва элим деб сидқидилдан ҳалол хизмат қилиш руҳида тарбиялайди. У ўғлига насиҳат қилиб, “худоси йўқ одамлар ҳам бор, болам. Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Динимиз, имонимиз, юртимиз бор. Мусулмончиликнинг асосий шартини бажаришга, бировга озор етказмасликка интилинглар. Ота-она кўзига тик қараб, дағал гапирсанг, аввало гуноҳ, кейин бу нарса фарзандларингдан ўзларингга қайтади. Ҳаётда дўстларинг кўп бўлсин. Аммо улар ичида доимо суянадиганинг, яхши-ёмон кунда маслаҳат соладиганларинг бўлсин. Мансаб, кўчадаги жўраларга ишонманглар”, дейди.

Асарнинг ғоявий мазмуни Исҳоқ муаллим образида яққол гавдаланади. Асар мазмуни ўн битта кичик-кичик сарлавҳа остида берилган. Улар ҳажм жиҳатидан ғоят ихчам бўлса-да, катта ғоявий мазмун ташийди. Уларнинг ҳар бирида ўрнак олишга лойиқ бўлган яхши фикр – муҳим ғоя содда ва аниқ қилиб ифодаланган. Масалан, Исҳоқ муаллим бир ўринда “Мустақиллик нима?” деган саволга жавоб бериб, “Айримлар мустақиллик деган тушунчани алоҳида, айри яшаш деб билмоқда. Ҳайронман, сиз, газетчилар нега жим турасизлар? Бонг урмайсизларми?! Мустақиллик – бирлашиб яшаш, ўз-ўзини уддалаш дегани” дейди. Асарнинг “Меҳр ва талаб”, “Жоҳиллик – ақлсизликдир”, “Суянчиғинг бўлсин дунёда”, “Ўз-ўзини эпламоқ учун” сарлавҳалари асосида ҳам ана шу хилдаги хаётий масалалар ёритилган. Ҳаёт ҳақиқати мисолида қизиқарли фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Фармон Тошев у ё бу мавзуни ёритиш, асарнинг ғоявий мазмунини очишда доимо сиқиқликка ва ихчамликка, бошқача қилиб айтганда, оз гапириб, кўп маъно англатишга интилади. Шу мақсадда миллий урф-одатлардан, жонли халқ тили бойликларидан, халқ мақол ва иборалари, сўз ўйинлари, ҳазил-мутойиба ва қочиримлардан унумли фойдаланади. Ҳикматли сўз ва афористик жумлалар тузиб, асар тилини пишитади. “Ақллиликни кўз-кўз этишга уриниш – ақлсизликдир”, “Қирғоқда туриб сузишни ўрганиш мумкин бўлмагандеқ жамиятга аралашмасдан уни идрок этишнинг иложи йўқ”, “Бу дунёда дўзахдан қўрққан одам у дунёда дўзахга тушмас экан”, “Жоҳиллик – ақлсизликдир”, “Меҳнат – яшаш демак” сингари ҳикматли жумлалар фикримизнинг исботидир.

Фармон Тошев ўз асарларида ҳаёт муаммоларини тасвирлаганида ҳам, инсон қалбининг нозикликларини акс эттирганида ҳам меҳнаткаш инсонни улуғлашга, инсон меҳнатининг бунёдкорлик қудратини очишга алоҳида эътибор беради. Инсон дунёга яхшилик қилиш, янгилик яратиш учун келган. Демак, у жамиятга, халққа фойдали иш билан машғул бўлиши, эл-юртга наф келтириши лозим деган ғоявий мазмунни хилма-хил шаклларда ифодалайди. Мамлакат ва халқ ҳаётида, хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг юз берган буюк ўсиш-ўзгаришларни, янгиликларни халқона, равон услубда ёқимли равишда тасвирлаб беради”.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг фикрларида ҳам жонкуяр ижодкорнинг ажиб қирраларини кўрасиз:

“Фармон биз учун Қарнаб кулгисини кашф этди. Жаҳон юмори тарихида Габрова кулгуси бўлганидек, замон ўтиб, қарнабликларнинг ўзига хос юмори ҳам шундай ўрин топишига ишонгим келади. Бу энг аввало, Фармон дўстимизнинг заҳмати ва иштиёқи туфайли юз беради, деб ўйлайман. У нима ҳақида ёзмасин, барчасидан Қарнабнинг иси келади. Сабаби: Қарнабни, унинг одамларини яхши кўради”.

Дарҳақиқат, Фармон Тошевнинг “Калон бобонинг туз халтаси”, “Ҳамма гап ўринбосарда экан”, “Пигуранг тўғри келмайди”, “Қишлоқдошлар суҳбатидан”, “Уловидан тушови…”, “Носдан олинг, ука”, “Калишни обке, болам”, “Мелисанинг аризаси”, “Қайнотами ё Қуда бобо”, “Чўпоннинг тумори”, “Чипта қимматми ё ароқ?” каби ҳангома ва латифаларида қарнабликларнинг сержило ҳазил-мутойибалари, хушчақчақ кулгилари усталик билан қоғозга туширилган. Юқоридаги мақолада қайд этилганидек, ёзувчи қарнабликлар кулгиси мисолида қишлоқ халқи ҳаётини, элимиз ва кишиларимиз феъл-атворидаги фазилатларни тарғиб-ташвиқ этишни ҳамиша диққат марказида тутади. Шу билан бирга, кундалик турмушда учрайдиган баъзи иллат ва камчиликлар устидан ўқувчиларни қаҳ-қаҳ уриб кулишга мажбур қилади. Фармон Тошевнинг “Қарнабликлар кулгиси” туркумида аёл образлари бўртиб туради. Ёзувчи хотин-қизларнинг ақл-идрокда, тантилик ва ишбилармонликда манман деган эрлардан қолишмасликларини, ҳазил-мутойиба айтишга моҳирликларини қизиқарли қилиб акс эттиради. (“Мен ҳам ишлайман, дадаси”, “Борисни танийсанми?”, “Лампочкани сочиқ билан ўчирмоқчи бўлган хола”, ва ҳ.к.).

Она қишлоғига содиқ ижодкор Фармон Тошев ижодий фаолиятига устоз журналистлар турлича баҳо берадилар. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов уни “Қарнаблик Насриддин” деб атайди. “Таниқли ижодкорнинг “Тафаккур бўстони” нашриётида босмадан чиққан “Аёллар нима дейди?” китоби ҳажвий шеърлар, пародиялардан иборат экан,– деб ёзади муаллиф.– Китобдаги “Мамат чўпон ҳангомаси” туркумидаги воқебанд сюжетларни ўқувчи қизиқиб ўқийди, содда қишлоқ одамларининг самимий, беғубор қалбига беихтиёр шайдо бўлади. Мамат чўпон Қарнаб қишлоғининг Насриддин Афандиси, унинг жайдари фалсафага асосланиб иш тутиши китобхонда кулгу уйғотади. Аёлларнинг маҳалладаги гурунгини писанд қилмаган Мамат чўпон айнан уларнинг башорати ўз ҳаётида тасдиқлангандан кейин “Аёллар нима дейди?” деб савол беради. Шу сўз тўпламга сарлавҳа бўлиб қолади.

Агар Фармон Тошевнинг “Соғинч” китобида кўҳна жанр – ғазалнинг турфа кўринишлари бутун мураккаблиги билан намоён бўлса, ушбу мажмуадан жой олган ҳазил шеърлар енгил оҳанг оғушида қоғозга тушган, шу боис енгил ўқилади.

Юртимизнинг турли гўшаларида ижод қилаётган журналистларнинг бир-бирлари билан дўстона алоқа боғлашлари яхши анъанага айланган. “Саёҳатнома” шеъри Самарқанддан Фарғонага йўл олган ижодий гуруҳнинг эзгу сафари асносида туғилган. Нега “Саёҳатнома”? Гап шундаки, ўзбек адабиётида шундай нома Фарғона заминида Муқимий томонидан яратилган. Фармон Тошев ҳам водий сари сафарга отланганда улуғ шоир услубига мурожаат қилади. Албатта, ушбу зиёрат ҳақида оддий мақола ҳам ёзилиши мумкин эди. Лекин муаллиф қалб созининг нозик торларини чертиш, Фарғона бўйлаб сафарда меҳмондўст мезбонларнинг сахий қалбини ифодалаш мақсадида шеърий мутойиба йўлини танлайди.

 

Бу ўлканинг довони кўп,

Сўз бобида бийрони кўп.

Кимдир деди Фарғонанинг

Ўктам, гўзал жонони кўп.

 

Бундай лутфдан кейин китобхон “Саёҳатнома”нинг давомига қизиқиб қолади. Ҳамкасблар гул ва нон билан меҳмонларга пешвоз чиқишади. Фарғонанинг ҳар бир гўшаси ижодкорлар шуурида ажиб таассурот қолдиради. Бир-бирларига илҳақ кўнгиллар суҳбати, мароқли гурунглар шоир битган сатрларда ёрқин акс этади. Шу аснода шеърхон ҳам бир олам маънавий завқдан баҳраманд бўлади.

Китобда бир туркум пародиялар ҳам жой олганки, уларда шеърият оламида шоирларнинг танлаган мавзуидаги жузъий ноқисликларга нимтабассум билан ишора қилинган. Сотим Аваз, Асрор Мўмин, Гулчеҳра Алиева, Жаҳонгир Шарофбоев битган сатрлар оҳангида шеърий муносабат ўқувчи шуурида қандайдир ҳамфикрлик уйғотади.

Одамлар ўртасидаги кундалик муомалага назар ташласангиз, кўп ҳолларда беозор мутойиба намоён бўлади. Бу самимийлик ифодаси. Бир оғиз билдирилган ҳазил ҳаётий сабоқ борасида узундан-узоқ насиҳатдан кўпроқ наф келтириши мумкин. Фармон Тошевнинг ушбу тўплами ҳам кўнгилларда эзгулик уруғини ниш урдириши турган гап”, деб хулоса чиқаради Шуҳрат Жабборов.

Фармон Тошевнинг «Сўз айтмоқ – саодат» китоби («Тафаккур бўстони» нашриёти) сўзбошисида шундай фикр баён этилган: «Қирғоқда турган одам дарёда чўмила олмайди» деган гап бор. Бунинг изоҳи шундай: ҳаётнинг ичида юрмаган киши турмуш тўғрисида фикр юрита олмайди. Негаки, унда яхши билан ёмонни қиёслаш имкони йўқ. Айниқса, газета, китоб ўқимаган, атрофдаги воқеаларга лоқайд кишига бирор гапни уқтириш қийин кечади».

Бу гапларнинг нақадар ҳақиқат эканлигига муаллифнинг публицистик мақолалардан иборат китобини ўқиганда яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Фармон Тошев кундалик фаолиятида вақтни, демакки, умрни беҳуда ўтказаётган замондошларини кузатиб, жим туролмайди. У бебаҳо вақтни хазондек совураётган инсонларни бебаҳо умрнинг қадрига етишга даъват этади. Кун буйи чойхонада ўтирадиган, нарда суриб, карта ўйнайдиган бекорчиларга, Яратган томонидан инъом қилинган умрни фойдали амалларга сарфлаш лозимлигини уқтиради. Йўқ, ижодкор қуруқ даъват орқали ақл ўргатиш йўлини танламайди, ҳаётий мисоллар орқали оқилона хулосаларга келади: «Дунёда тўхтамайдиган ва ихтиёримизга бўйсунмайдиган битта нарса бор, у ҳам бўлса вақт. Ҳар лаҳзаси, ҳар сонияси ғанимат. Йўқотилган вақт армондан бошқа нарса эмас».

Бугунги зиёли, хусусан, ўқитувчи оммавий ахборот воситаларига қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида журналистнинг «Адабиёт муаллими» мақоласида долзарб ва кўпчиликни ўйлантираётган муаммолар таҳлил этилган.

Ўқувчини ҳаётий, таъсирчан сўзлар билан ўзига жалб этишнинг ўзи бўлмайди. Қўлига китобни олган муштарий дилига яқин, сабоқ берадиган фикрлар бўлса қизиқиб ўқийди, аксинча, бир қолипли, тумтароқ жумлаларга кўзи тушганда, ўқишдан тўхтайди. Фармон Тошевнинг «Отамнинг сабоқлари» туркумидаги мақолаларни ўқисангиз, худди муаллиф ва унинг қаҳрамонлари билан жонли мулоқот қилгандай бўласиз. Баъзилар учун эҳтимол бу туркум битиклари муаллиф марҳум отасини шунчаки эслаганидек туюлиши мумкин. Аслида эса журналист шу шакл воситасида ҳаётимиздаги муаммоларни очиб берган. Айтайлик, падарининг дўстлари ҳақида сўз юритиб, «Биласизми, отажон. Ана шу масала ҳозирги кунда бизнинг энг оғриқли жойимиз бўлиб қолди. Биринчидан, яхши билан ёмонни ажратиш мушкул. Иккинчидан, зиёфат айримларнинг кундалик ишига айланиб қолди. Ҳатто эри мардикорликка кетган аёллар ҳар ойда ресторанда (уйда эмас) кўнгил очишни одат қилишган. Ўқувчилар, талабалар ҳам ресторанда ўтиришади. Чунки домлалари шундай қилишади. Ота-онаси пул беришади». Бутун умри мактабда ўтган инсонга ғойибона суҳбатда айнан шундай дил изҳори қилиш мумкин.

Баъзан таҳририятга маҳкамавий ҳисобот қабилида бир қолипдаги «справка»ни эслатувчи мақолани тақдим этишса, уни рад қилиш учун шундай деймиз: шу ёзган материалингизни минбарда ўқиб берсангиз, тингловчилар қизиқиб эшитишадими ёки зерикиб қолишадими? Бундай ёндашув ўша мақола муаллифини хижолатга солади. «Сўз айтмоқ – саодат» китобидаги ҳар бир мақолани эса кўпчилик тўпланган жойда ўқиб берилса, ишонинг, барчанинг вужуди қулоққа айланиб тинглашади. Айниқса, «Тарсаки», «Тузлуққа тупурманг», «Сақич чайнаган сотувчи», «Кўзбўямачиликдан хушомадгача», «Болага нодон сўз деманг», «Танка»нгиз борми?» сарлавҳали мақолаларни турли тоифадаги аудитория ҳузурида завқ билан ўқиб бериш мумкин. Чунки улар ўйлаб топилмаган, сиз ва биз кунда гувоҳ бўлиб юрган ҳаётий воқеаларга асосланган.

Кейинги йилларда китоб нашр этиш борасида ҳам барчага ибрат бўлаётган ҳамкасбимиз Фармон Тошевнинг «Сўз айтмоқ саодати» публицистик асарини унинг ижодида навбатдаги ютуқ деб баҳолаш мумкин.

Фармон аканинг яна бир фазилати: Самарқандга борган таниқли ёзувчи-шоирларни албатта қишлоқма-қишлоқ бошлаб юради. Чўлпон таъбири билан айтганда, “халқ ичига қучоқ очиб” боради! Эл дардини одамларнинг ўзларидан эшитади. Муаммоларига бамаслаҳат ечим излайди.

– Шаҳар ўз номи билан шаҳар! Шаҳарликлар ҳаёти кўркам бинолари-ю, равон йўлларига, серфайз бозорлари-ю, истироҳат боғларига яраша фаровон,– дейди Фармон ака.– Менинг кўз олдимда қишлоқ одамлари туради. Узоқ йиллардан бери бот-бот такрорланадиган бир гап ҳавойи бўлиб туюларди: “қишлоқ ҳаётини шаҳарликларникига тенглаштирамиз!..” Қишлоқларда чироқ ўчиб, зулматда қолган кезлари бу ҳавойи гаплар тамомила ҳавога учиб кетгани аён эди. Хайриятки, ғам денгизининг ҳам қирғоғи бор экан. Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятини бошлаган онлариданоқ барча раҳбарлар зиммасига “халқ ичига қучоқ очиб” бориш, одамлар дардини тинглаш ва муаммоларни жойида ҳал этиш вазифасини юклади. Адолатли таҳлил этадиган бўлсак, бу саъй-ҳаракатлар анча-мунча самарасини кўрсатмоқда. Қишлоқларда ҳаёт анча ўзгаргани кўриниб турибди. Энг муҳими, одамлар онги уйғониб, дунёқараши замонга мос равишда шаклланмоқда. Бугунгача юзлаб қишлоқлар қиёфаси ҳам ажобий томонга ўзгараётганидан элимиз шуроналар айтмоқда. Бироқ, бу биз учун чегара эмас. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп…

Мухтасар қилиб айтганда, жонкуяр журналист ва шоирнинг 2003 йилда чоп этилган «Қарнабота армони» китобида зуҳур этилган армонлар ҳам тарих қаърига жо бўлиб кетмоқда. Энди орзулар ушаладиган, умидлар уммонида ишонч билан яшайдиган замон келганига шубҳа йўқ!

 

ИЖОДКОРНИНГ УЧ ФАЗИЛАТИ

 

Раҳматли устоз, филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев журналистларни уч тоифага ажратиб таърифларди. Яъни, ижод қиладиганлар, ўзи ҳеч нарса ёзмасдан таҳририятларда газета-журнал чиқаришга қарашиб юрадиганлар ва ташкилотчи-раҳбар журналистлар. Қаҳрамонимиз Фармон Тошевда айнан ўша уч фазилат (аслида ундан ҳам кўпроқ, бу ҳақда кейинроқ ҳикоя қиламиз) мужассамдир.

У 1970-1975 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олгач, “Пахтачи” туман, “Зарафшон” вилоят газеталарида, Самарқанд радиосида масъул вазифаларда фаолият кўрсатган. Шу билан бир қаторда қатор йиллар республикамизнинг етакчи нашрларидан бири бўлган “Ўзбекистон овози” газетасида Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб ишлаган. Таҳририятларда тобланган қаламкаш 1998-2012 йилларда вилоят “Зарафшон” газетаси, 2012 йилдан “Зарафшон”–“Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири вазифасида самарали ишлаб келмоқда.

Ноёб истеъдод соҳибининг тинимсиз ижодий изланишлари самараси «Қарнабчўл қўшиғи» (1994), «Онанг тирик, болам» (1996), «Мен ёмғирли кунда келаман» (1998), «Қарнабота армони» (2003), «Журналистнинг нони қаттиқ» (2003), «Отамнинг сабоқлари» (2008), «Мен англаган ҳақиқат» (2009), «Мухбирлик сабоқлари» (2009), «Соғинч» (девон, 2011), «Сўз айтмоқ — саодат» (2011), «Аёллар нима дейди?» (2012), «Омонат» (2015), «Кўнгил билан суҳбат» (2015), «Тафаккур манзаралари» (2015), «Гўзал изтироб» (2016), «Тафаккур манзаралари-2» (2016), “Чорраҳа” (2017), “Адиб ва адабиёт” (2017), «Ғазал маъни, ғазал санъат» (2018), “Тазарру” (2019), “Тузоқ” (Драммалар, 2019), “Мактублар” (2020), “Мезон баёзи” (Шеърлар, 2020), “Эл нетиб топгай мени” (2021), “Сунбула баёзи” (2021) каби шеърий, насрий ва публицистик китобларида, шунингдек, ўнлаб жамоа тўпламларида, қолаверса, турли нашрларда, ижтимоий тармоқларда ҳамда махсус телеграм каналларида намоён бўлиб турибди! Турфа шеърлар, ҳикоя, эссе, ҳангома ва латифалардан ташкил топган бу китобларни хронологик тартибда ўзаро таққослаб ўқисангиз, муаллифнинг ижодий эволюцияси, бадиий маҳорат жиҳатдан асардан асарга (китобдан китобга) ўсиб борганини теран англаб оласиз. Муаллифнинг илк китобидаги ижобий хусусиятлар навбатдаги асарларида янада теранроқ бир тарзда такомиллашиб боргани аён сезилиб туради. Бу ижодий хазиналар қаҳрамонимизнинг Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаларига қанчалик муносиб эканини кўрсатади.

Устозимиз Очил Тоғаев таъбири билан айтганда, Фармон акада иккинчи фазилат – ҳаётининг мазмунига айланган бўлса ажабмас. Негаки, унинг умри асосан таҳририятларда юзлаб қаламкашларнинг мақолалари ва асарларини таҳрир қилиб, нашрга тайёрлаб ёритиш билан ўтмоқда.

Учинчи фазилатини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Неча йиллар давомида Олий Мажлис Сенати аъзоси, маҳаллий Кенгаш депутати, шу билан бир қаторда қанчадан-қанча муассасаларда жамоатчилик Кенгаши аъзоси сифатидаги фаолиятлари ҳақида ёзаверсак, салмоқли ҳужжатли роман яратилиши турган гап!

Шоир ва публицист Фармон Тошев ижодий фаолиятини кам эмас – қирқ йилдан буён кузатиб келаман. Буни кузатувлар ижодий ҳамкорликка ва ўз навбатида илмий тадқиқотга пайваста бўлиб бормоқда.

1982 йил ёзида Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетининг 2-курсини тамомлаб Самарқанд вилоятимиз газетасига амалиётга боргандим. Ўшанда газета бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов, Ҳабиб Темур, Хосият Бобомуродова, Ўктам Ниёзов, Мамарайим Мардиев, Жамол Турсунов каби устозлардан маҳорат сирларини ўргандим. Самарқандга ўша даврда Нусрат Раҳмат, Асад Дилмурод, Марди Нуриддинов каби адиблар ижодий руҳ бахш этиб турганга ўхшарди. Улар билан қаторда вилоятдаги ҳар бир туман таҳририятида ҳам забардаст ижодкорлар фаолият кўрсатишар эди.

Фармон Тошев ана шундай ажиб адабий муҳитда камолга етган. Қарийб чорак асрдан буён вилоят газетасига етакчилик қилиб келаётган Фармон ака қанча муаллифларнинг қўлёзмаларини эпақага келтирмади дейсиз! Ўнлаб ёш истеъдод соҳибларига маънавий қанот бахш этди. Шу кунга қадар Фармон акани ўзига Устоз деб билан кўплаб ёзувчи, шоир ва публицистлар газета-журналларда, китоб нашриётларида, телевидение ва радио студияларида, турли муассасаларда масъул лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Фармон Тошев жамоат ишларида ҳамиша фаол. У киши 2000 йилдан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида мудом эл хизматида.

Устознинг жўшқин фаолияти ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, шундай хулосага келамиз. Яъни, ёш авлод, чунончи ҳаваскор қаламкашлар кимдан ибрат олиши керак, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан бутун фаолиятида уч фазилатини намоён этиб юрган Фармон Тошевни кўрсатсак арзийди!..

 

ҲАМКАСБЛАР ЭЪТИРОФИ

 

Эл орасида ҳамиша камтар ва камсуқум юрадиган сенатор-шоир Фармон Тошев фазилатлари ҳақида сўз кетганда ҳамкасблари, сафдошлари албатта мухтасар самимий фикрлар билдирадилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси, Сенатнинг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси ўринбосари, профессор Толиб Мадумаров шундай дейди:

– Фармон Исҳақовични мен 2000 йилдан буён яхши биламан. У Сенат аъзоси этиб сайлангангач, чинакам ҳамжиҳатмиз бошланган. Фармон аканинг ижоди ва фаолияти билан танишганлигим, унинг кўплаб ижодий ғоялари ва тафаккур дурдоналаридан ўз фаолиятимда ҳам фойдаланганман. Ҳозирда эса Сенатда ҳамкорликда ишлаймиз.

Фармон Тошевни серқирра ижодкор, тажрибали муҳаррир, журналист ва фаол жамоатчи, соҳада ўз мактабини яратган ижодкор сифатида қадрлайман. У киши билан Сенат йиғилишларида, халқаро конференцияларда ва бошқа қатор нуфузли тадбирларда бирга иштирок этган пайтимиз янги қирраларини кашф этаман. Фармон акани билган одам борки, у кишининг асарлари ҳақида жўшиб айтганча, суҳбатга тортаверади. Адабиёт мухлислари меҳрини шу қадар қозониш ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермаслигини яхши биламиз.

Фармон ака ноёб қобилият соҳиби. Унинг зуваласи тоза, мия фаолиятида янги ғояларни ишлаб берувчи ҳужайралари ҳамиша фаол! Тиббиёт соҳаси мутахассислари таъбири билан айтганда, унинг онги ва мия ҳужайралари жуда тўғри шаклланган! Шул боис, унда ноёб истеъдод ва қобилият шаклланган.

Энг муҳими, Фармон ака ана шу ноёб қобилиятини тўғри сафарбар этган бетакрор ижодкор ва фидойи инсондир.

***

Ҳикоямиз қаҳрамони Фармон Тошев билан узоқ йиллардан буён елкама-елка фаолият кўрсатиб келаётган Самарқанд вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев шундай дейди:

– Фармон акани самарқандлик ижодкорлар “Журналистлар кайвониси, элнинг ҳожатбарори” деб таърифлашади. Бу бежиз эмас, албатта. У киши ёши улуғ ёки соҳада кўп ишлагани ёки Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимини бошқаргани учунгина эмас, ҳамкасбларига кўп жиҳатдан ибрат бўлгани, мунтазам ижод бқилгани боис кайвони ва маҳорат мактабига эга эканлигини эътироф этишдир бу.

Очиғи, юртимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида «Регистон», «Кўксарой» тармоқ газеталарини очиб, расмий давлат газеталарига рақобат уюштириш осон бўлмаган. Вилоят газетасига бош муҳаррир бўлганидан кейин ҳам унда «Тадбиркор», «ХХ1 аср» каби иловалар чиқариб кўрди. Тан олиш керак, бу инсонда туганмас ғайрат, шижоат, худо берган иқтидор бор. Шунинг ўзи барча ижодкорлар учун ибрат мактабидир.

Фармон ака матбуотни ўз ҳаёти мазмуни, деб билади. Устознинг ўз шогирдларига, ёш ҳамкасбларига муносабати ҳақида ҳарқанча эҳтиром билан гапирсак арзийди. У кишининг ташаббуси билан Самарқанд вилояти газетаси таҳририяти қошида маҳорат мактаби фаолият кўрсатмоқда. Бу маҳорат мактабида наинки самарқандлик ёш ижодкорлар, ҳатто Тошкентдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабалари ҳам устозлари Аҳмаджон Мелибоев ва Тўлқин Эшбек раҳбарлигида вақти-вақти билан келишиб, сабоқ оладилар!

Тажрибали журналист Фармон Тошевнинг яна бир фазилати, вилоятдаги туман ва шаҳар газеталарига доимо кўмаклашади, ҳатто бу нашрларга ҳам мақолалар ёзиб туради.

Бош муҳаррир ташаббуси билан кейинги ўн йилда «Зарафшон» газетаси кутубхонаси» рукни остида 20 га яқин китоблар, ёш журналистлар учун хрестоматиялар тайёрланди. Ана шу ташаббускорона хизматлари учун таҳририят Ўзбекистон Фанлар Академиясининг «Журналистика – фан» республика танловида ғолиб деб топилган. 2013 йилда эса таҳририят жамоаси «Олтин қалам» халқаро танлови совриндори бўлди.

Тиниб-тинчимас ижодкор Фармон Тошевнинг депутатлик фаолияти ҳам ибратли. Сенат ялпи мажлисларида унинг доимо минтақага оид долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқишини сайловчилари ҳаяжон ва умид билан кузатиб туришади. Сенатнинг маҳаллий кенгашларга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси сифатида у шаҳар ва туман кенгашлари депутатларига яқиндан ёрдам беради, улар билан тез-тез амалий семинарлар ўтказиб туради. Шу билан бир қаторда фуқароларнинг мурожаатларига доимо эътибор билан қараб, ҳар бир муаммо ечимини ижобий ҳал этишга ҳаракат қилади. Бунинг натижасида 2020 йил якуни бўйича у «Меҳнаткаш сенатор» сифатида эътироф этилгани билан биз ҳам ҳақли равишда фахрланамиз.

 

МАҲОРАТ МАКТАБИ САБОҚЛАРИ

 

Бўлғуси журналистлар назарий билимларни профессор-ўқитувчилардан, амалиёт сирларини моҳир журналист, публицист ва бошқа ижодкорлардан ўрганадилар. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида кўплаб Устоз ижодкорларнинг маҳорат мактаби ташкил этилган. Улар орасида “Зарафшон”–“Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири, таниқли шоир, ёзувчи ва публицист Фармон Тошевнинг ўрни алоҳида.

ЎзМУ Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова у ҳақда шундай дейди:

– Фармон Тошев журналистика қозонида қайнаб-пишган етук кадр, ҳавас қилса арзийдиган фидойи инсон. Умрини газетага, ижодга бахшида этган Устоз сифатида у кишини талабаларимизга намуна қилиб кўрсатамиз. Соҳамиз учун зарур кадрлар тайёрлаш йўлида қанчалик жон куйдираётгани таҳсинга лойиқдир. Самарқанддан Тошкентга қатнаб журналистика факультетида маҳорат мактабини ташкил этгани ўзи катта гап! Ҳар йили бўлғуси журналистларга ўтадиган маҳорат дарслари ғоят қизиқарли бўлади. Талабаларни ижодга қизиқтириш, илҳомлантириш мақсадида қанча китоб, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталаридан ҳадя этади. Бундан ташқари Самарқанд вилоят газетаси таҳририятида ҳам талабаларимиз учун худди шундай маҳорат мактаби ташкил этгани маҳсинга лойиқ. Унда ўнлаб самарқандлик талаба-ёшларимиз соҳа сирларини ўрганишмоқда. Вақти-вақти билан Журфак талабаларидан бир гуруҳини домлаларимиздан Аҳмаджон Мелибоев ва Тўлқин Эшбек бош-қош бўлиб Самарқандга олиб бориб-келишади. Самарқандда талабаларга ижодий маҳорат сирларини ўргатиш билан бир қаторда фаол ижодкорларни моддий рағбатлантиради. Китоблар ҳадя этади.

Бир гал Фармон аканинг Журфакда ўтказган навбатдаги маҳорат дарси роса қизиқарли бўлди. Талабалар “Пахтачи” ва “Зарафшон” газеталаридаги фаолият, мақола, хабар ёзиш, муаллифларнинг қўлёзмалари устида ишлаш, таҳрир санъатига оид фикрлар ўзи катта сабоқ. Улар кўнглида “Келгусида Устоз Фармон Тошевдек бош муҳаррир, шоир ва адиб бўлиш истаги” жўш урдими, маҳорат мактабидан кутилган натижа шу. Мевасини эса келажак кўрсатади.

Баъзи кимсалар “Журналист бўлиш учун журналистика факультетида ўқиш шарт эмас” деб қитмирлик қилишади. Қизиқ, шу гапни талабалик давримизда бизга ҳам кимлардир шипшитган, ўшанда ўқув даргоҳимиздан кўнглимиз бироз совигандек бўлиб қолганди… (Бу биз талабалар онгини заҳарлаш учун айтилганини кейинроқ тушундик).

Қизиқ, тиббиёт соҳасида ўқимасдан табиблик қилаётган ва… қанча одамлар умрига зомин бўлаётганлар камми?

Санъат илмини ўрганмасдан отарчилик қилаётганлар сўз маъносини тушунмасдан пойинтар-сойинтар қилиб (“бўса”ни – “бўлса” деб) куйлагани, аниқроғи жавраганини эшитганда куларимни ҳам, куяримни ҳам билмайман.

Ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиб, автоҳалокат содир этаётган, одамларнинг умрига зомин бўлаётганларни оқлаб бўладими?

Йиллар ўтиб журналистика факультетининг улуғ даргоҳ эканини, бизга таълим-тарбия беришган устозлар фидойилигини ҳис этдик. Асл ҳақиқатни англаб етганда факультетимизга устомонлик билан тош отган ўша кимсага нисбатан нафратимиз ошди…

Чунки журналистикадек нозик соҳа сирларини олий таълим даражасида пухта ўрганмасдан туриб етук кадр бўлиб етишиш амримаҳол экан. Биз ҳам талабалар йиллари ижодкор аввало тўғри тафаккур қилиши, ҳаётдаги воқеликларни бадиий бўёқларда ёрқин акс эттириши зарурлигини филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаевдан ўргандик. Устоз фикри теранлиги, сўзи ўткирлиги билан бизни ҳам тафаккур қилишга, ҳақ сўз учун курашга даъват этарди. Устоз публицистика, айниқса, очерк жанрини мукаммал ўргатишга ҳаракат қиларди. Назарий билимларини амалда кўрсатиб, ўзи ҳам тинмай қалам тебратарди. Таҳлилий мақолалари тез-тез газета-журналларда ёритилар, айримлари баҳс-мунозарага уланиб, шов-шув бўлиб кетарди. Устознинг “Адиблар ва жанрлар”, “Ижод ва идрок” каби салмоқли китоблари, ўқув қўлланмаларини пухта ўрганмасдан журналист бўлишни тасаввур ҳам эта олмасдик. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш, ҳар бир фикрни салмоқ билан тушунтириш, муаммолар ечимини топишда муросасиз бўлиш фазилатларини шу устоздан ўргандик.

Фельетон, памфлет ва юмор жанрларини филология фанлари доктори, профессор Ориф Саидов маҳорат билан ўргатган. Машғулотларга тахлам-тахлам газета-журналлар кўтариб кирар, уларда ёритилган ҳажвия, фельетон, памфлет, пародияларни таҳлил қилиб берар, бизни ҳам шундай асарлар ёзишга илҳомлантирарди. Домламизнинг шу мавзудаги тадқиқотлари ўзи бир олам эди.

Журналистика – ижод, ижод эса – сўз санъати, яъни, филология билан узвий боғлиқдир. Филология илмидан йироқ, сўз санъати ҳаминқадар одам ижодкор бўла олмайди. Бу фикрларни “Янги замон – янги қаҳрамон”, “Озод Шарафиддинов” деб номланган мўъжазгина китоблардан ўқиб ўргангандик. Ўша китоблар муаллифи Абдуғафур Расулов дарсга кирганида адабиёт илми ва ижод сирларини теран тушуна бошладик. Домламизнинг ҳар бир дарси бир китоб эди. Ҳар гал машғулотга бир нечта китоб кўтариб келар, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб, биз учун муҳим жиҳатларини таҳлил қилиб берарди. Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби бўлган устоз Абдуғафур Расуловнинг матбуотда ёритилаётган кўплаб мақолаларини, ўқув қўлланмалари, рисолаларини ўқиган, у кишидан сабоқ олган талаба ҳақиқий ижодкор журналист бўлиши мумкин, дейишга ҳақлимиз.

Журналист моҳир таржимон бўлиши зарурлигини таҳририятда фаолият кўрсатаётганлар яхши билишади. Филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломов ана шу нозик соҳа – таржима назарияси ва амалиётини шу қадар меҳр билан тушунтирар эдики, ўзимизни таржимонлик аталмиш янги оламга кириб қолгандек ҳис этардик. Устоздан сабоқ олиш билан бирга “Рус тилидан ўзбекчага мақол, матал ва идиомаларни таржима қилиш масаласига доир”, “Ўрисчадан ўзбекчага бадиий таржиманинг баъзи назарий масалалари хусусида”, “Мақола, матал ва идеомалар таржимаси”, “Бадиий таржиманинг лексика-фразеология масалалари”, “Бадиий таржима ва адабий таҳрир проблемалари”, “Таржима асослари”, “Дўстлик кўприклари”, “Мен сув ичган дарёлар”, “Адабий анъаналар ва бадиий таржима проблемалари” каби қатор китоблари, ранг-баранг мавзудаги мақолаларини ўқиш қанот бахш этарди! Дарсдан кейин устознинг таҳририятларда, телерадио студияларида жўшиб юришларига ҳавас билан қарардик. Мазкур курснинг амалиёти сирларини ўргатган профессор Нажмиддин Комилов эса ўзи бир олам эди.
Матбуот тарихидан сабоқ беришган доцентлар Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев ва бугунги кунда профессорлар Файзулла Мўминов, Мухтор Худойқулов, Қудрат Эрназаров, Ҳамидулла Акбаров, Раҳбархон Муртазаева каби устозлар талабаларни жаҳондаги етакчи мамлакатлар нашрлари билан ошно қилишган.

Доцент Анвар Каримовнинг телерадио журналистикаси сирларидан берган сабоқлари қалбимизга муҳрланган. Қатор ўқув қўлланмалар яратган олим назарий билимларни амалиёт билан пайваста қилар, машғулотлардан сўнг теле ва радиостудияларга олиб борарди. Ўзбекистон телевидениесига, радиога амалиётга борган талабаларнинг қанчаси ўша қутлуғ даргоҳларда ўз ўрнини топиб кетишди.

Ёзиш услуби ва таҳрир санъатини мукаммал билмаган кишидан яхши ижодкор чиқмайди. Бу борада ижодкор аввало пухта назарий билимга эга бўлиши лозим. Унинг назариясини ўргатмоқчи бўлган мураббий амалиётда ҳам ўзини кўрсатиши зарур. Доцент Анвар Шомақсудов, Ирисали Тошалиев, Сайёра Низомиддиновалар ана шундай мураббийлардан эдилар. Қатор ўқув қўлланмалар яратган бу мураббийлар сабоғини олганлар кам бўлишгани йўқ.
Таҳририят ҳамда нашриётларда қўлёзмалар устида ишлашда имловий хатоларни “корректура белгилари” воситасида тузатиш, саҳифалаш, бадиий безатишга оид назарий билимлар ҳамда амалиёт сирларини доцент Абдулла Сайфутдиновдек теран тушунтириб берадиган мураббийни кўрмадик. Устоз ибораси билан айтганда, “журналистлар меҳнатини рўёбга чиқарадиган ноёб маскан – босмахона” ишини ўрганганимиз ҳозиргача асқотмоқда!
Биздан илгари ўқиганлар юртимизда журналистика соҳасида биринчи фан доктори Тўғон Эрназаров ҳамда Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Расул Муҳаммадий, Фатҳиддин Насриддиновдек забардаст устозлардан сабоқ олганлари билан фахрланиб сўзлайдилар.

Уларнинг барчаси талабалар билан ишлашда ўзига хос фазилатларга эга эдилар. Одамийлик мактабини, журналистга хос фазилатларни, касбга меҳр-муҳаббатни айнан шу азиз устозлардан ўрганганмиз. Узоқ йиллар мобайнида журналистика факультетида таҳсил олган минглаб журналистлар республика, вилоят, шаҳар ва туман таҳририятларида, телерадио, ахборот агентликлари ҳамда бошқа ижодий жамоаларда самарали фаолият кўрсатишмоқда. Улар шу устозлардан қанчалик сабоқ олганларини мудом фахр билан сўзлайдилар.

Бугун ўзимиз талабаларга пухта назарий билим беришга ҳаракат қилаяпмиз.

Амалиёт сирларидан эса Фармон Тошев каби Бош муҳаррирлар сабоқ беришлари самаралироқ бўлмоқда. Улар амалда мавзу танлаш, чиройли сарлавҳа, рукн топишдан тортиб ёзиш сирларигача ўргатишади. Бўлғуси журналистларнинг ижодий машқларини (қўлёзмаларини) эътибор билан ўқиб, ютуқ ва камчиликларни тушунтириб, маҳорат сирларини ўргатадилар. Энг ибратли жиҳати, ўзлари ҳам муттасил қалам тебратиб, ибрат кўрсатадилар.

Бир қўлида газета, иккинчи қўлида ҳамиша китоб қўлтиқлаб юрадиган Фармон ака талабаларга мудом китобга меҳр, беқиёс қизиқиш уйғотади. Китобни уқиб ўқиш, мутолаа жараёнида нималарга эътибор бериш, чунончи, диалог қандай ёзиляпти, қайси тиниш белгиси қандай қўлланилаётганигача эътибор бериш зарурлигини уқтиради.

Фармон Тошев маҳорат мактаби ҳақида Журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоев шундай таҳлилий фикрларини баён этади:

– Фармон Тошев матбуотда узоқ йиллардан бери ишлаб, шу соҳада суяги қотган. Энди у ижодий маҳорат мактабида бўлғуси журналистларга ўз тажрибаларини теран тушунтиради. Бошқа соҳаларнинг ҳам ўзига яраша сир-синоатлари бўлади, аммо бадиий адабиётда, журналистикада бир нималарни қоғозга тушириш, жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш учун анча-мунча кўйлакни йиртиш, маълум йўлларни босиб ўтиш, кўплаб йўлчи-йўловчилар билан суҳбат қуриш, ўқиш, ўрганиш зарур бўлади. Одатда, ҳаётий воқеа-ҳодисаларнинг ҳаммаси ҳам ижодкорга илҳом бахш этмайди. Бундай ҳолатга тушиш учун қўлига қалам олган киши ҳаётнинг ичига жуда чуқур кириши, кўрган-кечирганларининг моҳиятини тўғри англаши ва улардан тегишли хулоса чиқариши лозим. Самарқандда яшаб ижод қилаётган ҳамкасбимиз Фармон Тошевнинг Журналистика факультетимизда ташкил этилган ижодий маҳорат мактабида талабалар аввало ижодкорнинг ана шу фазилатларидан сабоқ оладилар.

Фармон тажрибали журналист, ҳозиржавоб публицист ва ташкилотчи муҳаррир сифатида бугун кўпларга ўрнак бўлиб келмоқда. Унинг қаламидан унган кўплаб мақолаларда, матбуотимизнинг бугунги вазифаларига доир йиғилишлардаги маърузаларида, телеинтервьюларида ўзига хос куюнчаклик, яхши маънодаги безовталик бор. Фармон бошқа айрим ҳамкасбларимизга ўхшаб бир мавзу ёки бир йўналишда қолиб кетмай, бугунги ҳаётимизга, турмуш тарзимизга бевосита тааллуқли кўплаб соҳаларда бирдай қалам тебратади. Унинг янги авлоднинг маънавий олами, дунёқараши, ёшлар тарбиясидаги айрим қусурлар, оила, оталар ва болалар, санъаткорнинг бурчи ва масъулияти хусусидаги ҳар бир чиқиши ўқувчи онгига енгил етиб боради, уни кўтарилган муаммо хусусида фикрлашга чорлайди. Фармон Тошев кейинги йилларда ўзини қалами анча қайралган шоир сифатида ҳам намоён этмоқда. Унинг бу йўлдаги машқларидан айримларини газетхонлар ҳукмига ҳавола этганмиз.

Фармон Тошев фақат куюнчак муҳаррир эмас, у энди тажрибали устоз ва мураббий ҳамдир. Бугун кўплаб таҳририятларда “Маҳорат мактаблари” ташкил этилган бўлиб, уларда журналистикага майда қадамлар билан кириб келаётган ёшлар таҳсил олмоқдалар. Бундай мактаблардан бири Самарқандда, “Зарафшон” газетаси қошида, муҳаррир Фармон Тошев раҳбарлигида фаолият юритмоқда.

Ҳамкасбимнинг “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Қарнабликлар кулгуси”, “Умрнинг ўртаси”, “Бедаво кўнгил” китобларини синчиклаб ўқиб чиққанман. Яқинда “Тафаккур” нашриётида чоп этилган яна иккита тўплам – “Мухбирлик сабоқлари” ва “Мен англаган ҳақиқат”ни ўқиб, бир хулосага келдимки, бугун журналистика факультетларимизда айни кундаги талаблар даражасида ёзилган амалий қўлланмалар кам экан, бундай китоблардан бемалол фойдаланса бўлади. Фармон иқтидорли ёшларни тез илғаб олади ва уларни худди ўзи каби ижод бўстонига бошлайди. Унинг ижодий маҳорат мактабидан сабоқ олган талабалар шунга яраш камолга етишларига умид қилсак бўлади” дея Аҳмаджон Мелибоев айни ҳақиқатни таъкидлаган.

***

Маҳорат дарсларидан бирида Фармон Тошев айтган қуйидаги фикрлар наинки талабалар, шу билан бир қаторда катта-кичик барча журналистлар учун ҳам ғоят қадрлидир:

– Матбуот – ижтимоий ҳодиса. У бир кунда ўзгармайди, эволюцион йўл билан шаклланади. Матбуот онгу тафаккурни, онгу тафаккур эса матбуотни такомиллаштиради. Иккала ҳолатда ҳам муҳит ва эҳтиёж аҳамиятга эга.

Ўзим бош бўлган нашр фаолиятига баҳо бера олмайман. Уни 23 минг нафар обуначи, 20 мингдан зиёд сайт муштарийлари баҳолагани маъқул. Муҳими, 23 йил ичида ишда ошкораликдан, ибрат масъулиятидан қочмадим. Бугун жамоада бир гуруҳ иқтидорли укаларим, сингилларим шаклланганки, мен улар билан фахрланаман.

Матбуотнинг ичида юриб, матбуотни қоралаш ёмон одат. Унинг обрўсини ошириш учун ҳар ир қаламкаш жон куйдириши керак. Яъни ҳар бир ҳамкасбим профессионал маҳортини оширишини истайман. Мактабнинг мавқеи муаллимда бўлгани каби ахборот технологиялари қанча ривожланмасин, журналистика обрўси журналист маҳоратига боғлиқ бўлади.

Таниқли бўлишнинг сири бўлмайди. Чунки мартаба буйруқ билан эмас, халқ ҳурмати билан берилади. Халқнинг талаби ҳеч кимга сир эмас: ҳалоллик, оддийлик, эзгулик, кўпнинг манфаатини ўз манфаатидан устун қўя билиш. Улуғларнинг китобларини ўқиб шуни англадимки, мартабага эришишдан кўра, уни сақлаб туриш оғирроқ экан. Мен Бектош Раҳимов, Ҳамдам Бердиёров, Сайдулла Мирзаев, академик Ботурхон Валихўжаев каби улуғ инсонлардан сабоқ олганим учун улар руҳи олдида доимо таъзимдаман. Уларнинг буюклиги ҳар қандай ҳолатда ҳам эзгу фазилатлардан воз кечмаганидадир. Улар камгадир яхши кўриниш учун яшашмади.

***

Талабаларимиз “Ўзбекистон” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этиладиган “Муносабат” кўрсатувига амалиётга борганларида устоз Фармон Тошевнинг яна бир маҳоратига қойил қоладилар. Устознинг ижодий маҳорат мактаби сабоқлари гўё яна давом этаётганидан ҳаяжонга тушадилар. Яъни, замонавий коммуникация технологиялари қудрати ила Фармон ака Самарқандда туриб кўрсатувда фаол иштирок этиши чиндан ҳам қизиқарли. Яъни, улкан экран орқали Фармон ака долзарб мавзуларда сўз юритаётгани талабаларда катта қизиқиш уйғотади.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ва “Халқ таълими аълочиси” нишони соҳиби, серқирра ижодкор Фармон Тошевнинг маҳорат мактабидан сабоқ олаётган ёшлар келгусида Устоз каби етук шоир, адиб, публицист бўлиб камол етишларига ишонамиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

университети журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

 

 

ФАРМОН ТОШЕВ ҲИКМАТЛАРИ

 

МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТ

 

* Худони англамасдан туриб ҳарфни ва дунёни англаб бўлмайди.

* Мактабдаги айрим дарсларни қисқартириш учун оилада тарбияни яхшилаш, болада илм олишга қизиқишни кучайтириш керак. Минг афсуски, ҳозирда катта синфлар, техникумлар ва ОТМ ларда ёшларга хонадонида олиши керак бўлган кўникмалар фан сифатида ўқитилаяпти.

* Интизомли ота-онанинг фарзандлари интизомсиз бўлишдан тийиладилар, улар ота-онанинг жаҳли чиқиши, уриши ёки сўкишидан қўрқмайдилар, улар ота-оналари салоҳиятига номуносиб иш қилишдан чўчийдилар.

* Бақироқ одам ҳеч қачон ақлли бўла олмайди, ақлли одам ҳеч қачон овозини баландлатмайди.

* Ёмон ишга қўл уришгина эмас, яхши ишни қилмаслик ҳам гуноҳдир.

 

* Янги оила тақдирини айтиш учун авлиё бўлиш шарт эмас. Иккала томоннинг никоҳ вақтидаги шароити ва еайфияти,савияси бу оиланинг қанча давом этишини кўрсатиб туради. Буни англаш учун кексалар фикрига қулоқ солишнинг ўзи етарли.

 

* Нафақат юқори табақада, пастки табақада ҳам кўпчиликнинг озчиликка бўйсуниши демократиянинг бузилишидир.

 

* Камчилик жамоа ўзини доимо таҳқирланаётгандек сезади. Шунинг учун эътиборга тушиш йўлини қидиради.

 

* Кўп китоб ўқишнинг «ёмон» томони шуки, китоб ўқимаганларни ёмон кўриб қоларкансан.

 

* Шуҳратпараст кимса Қуёш билан Ой ҳам мен учун чиқаяпти, деб ўйлайди. Улардан ҳамма баҳра олаётганини тушунгиси келмайди.

 

* Ўз рўзғорини уддалаб, оиласини фаровон қилиб турган, болаларини мавриди билан илм ва касбга қизиқтириб турган, фарзандларига ибрат бўлаётганларнинг ҳаёти уларнинг жамиятга жим туриб билдирган муносабатидир. Улар ўз қудратларига, имкониятларига ишонганликлари,эҳтиёжларини билганликлари, эртасини тасаввур этганликлари учун бошқаларнинг эътиборини тортишни исташмайди.

* Манманлик ва кибр ўзи ҳақида бошқалардан эътироф ва яхши фикр талаб қилишдан бошланади.

 

* Илтимос бор жойда ҳеч қачон адолат ўрнатиб бўлмайди. Илтимос коррупциянинг қулоғидир.

* Жамоани ҳам, дунёни ҳам аламзада ва ўртамиёна одамлар бузади. Аламзада ўчини олибгина таскин топади, ўртамиён эса ўзидан кучлиларнинг оёғига осилади, ўзидан кучсиз, аросатдаги нодонларга «ақл» ўргатади.

 

* Вақт сўзловчи учун ҳамиша камлик қилади, эшитувчи учун доимо кўп ўтгандек туюлаверади.

 

* Бу ҳаммамизда, ҳар куни бўладиган ҳолат: ёмон одам даврасида ёки у билан суҳбатдан кейин дунё кўзинга ёмон кўринади, ҳатто яшагинг келмай қолади ва аксинча, яхши одам билан дийдорлашсанг, гаплашсанг, ҳаётга меҳринг жўшади, яшагинг келаверади. Бундай пайтда сабрли, оқил одамлар иккала ҳолатдан ҳам ортиқча ҳаяжонсиз,совуққонлик билан ўтишади.

 

* Лавозим, мансаб ҳеч қачон кишини(айниқса ношудни) тарбияламайди, фақат ўз эгасининг кимлигини, яхши-ёмон томонини ошкор этади, холос.

 

* Омонат ва қарз олишдаги энг катта хато уни бошқа мақсадга ишлатишдир.

 

* Иштиёқи йўқ одам илмни ҳазм қила олмайди.

* Биз ўғил-қизларимизга аввал илм, касб-ҳунар, муқим яшаш ва иш жойи бермасдан уларни турмуш қуришга ундар эканмиз, оила бузилишини камайтира олмаймиз.

* Оилавий шароити оғирлиги ёки бошқа муаммоси учун раҳмимиз келиб, илмсиз битта талабага берган «ёрдамимиз» минг нафар илмсизни бошлаб келади. Илм (диплом)ни унга иштиёқи, имконияти бор йигит-қизлар олсин. Эҳтиёжмандлар учун давлат берган имтиёзлар етиб ортади.

 

* Кунгабоқар қуёшдан нур олади холос, унинг илдизига озуқа бермасангиз, ҳосил солмайди.

 

* Бугун, назаримда, ўзининг борлигини кўрсатиб қўйиш, шуҳратпарастлик ўзаро пойга қўяётгандек. Бу пойгада кўтарилган чанг миллат маънавиятининг ўпкасига тиқилиши бор гап.

 

* Топшириқни беришдан кўра унинг ижросини назорат қилиш ва таъминлаш оғирроқ кечади.

 

* Пастдан чиқадиган ташаббус ва таклиф тез жорий этилади, чунки у аҳоли сезаётган эҳтиёж туфайли пайдо бўлади.

 

* Иш тутуми (услуби) шаклланмаган раҳбарнинг ишида унум бўлмайди.

 

* Илгари ота-она фарзандига «Қилганингни бил, болам» дерди. Эндиги ота-она эса «Билганингни қил, болам» деяпти.

 

* Устоз ҳузурига келган шогирдига тўғри йўлни кўрсатиб, айрим қусурли,феъли тажанг ёки шошқалоқ хулоса қилувчи кишилардан сал узоқ туришни ўргатади. Аммо шогирд бу маслаҳатга амал қилиш ўрнига ўша одамларга бу гапларни оқизмай-томизмай, тағин қўшиб-чатиб етказди, яъни шайтоннинг буйруғини бажарди. Энди бу шогирдни, агар у эркак бўлса, ким деб атамоқ мумкин?

 

* Агар бировнинг тузини еб тузлиғига тупуришса, кўрнамак, дейишади. Мабодо давлат идорасида ишлаб, давлат маблағидан маош олиб яшаб, аммо давлат идораси ходими бурчига пинҳона хиёнат қилса, у одамни ким деб аташ мумкин?

 

Бугун нонушта пайтида турмуш ўртоғим 5- синфда ўқиб юрганида бўлган бир воқеани айтиб берди:

— Ҳар куни қишлоғимиз болалари билан дарсдан кейин уйдаги сигир, бузоқ ва қўйларни Зарафшон дарёси бўйларида боқиб қайтамиз. Кечга яқин сигирни етаклаб қайтаётсам, йўл бўйида латтадан чиройли тикилган қопчиқ турган экан. Қарасам, мендан кейин ҳеч ким йўқ.

Қопчиқни олдим. Уйга келгач, аввало уни ҳавас билан томоша қилдим. Шу маҳал онам кириб келди ва бу нарсани қаердан олганимни сўради. Табиийки, мен уни ҳозир мол боқишдан қайтишда йўлдан топиб олганимни айтдим.

— Ичини очма,- деди онам.- У бировнинг нарсаси. Бечора тушириб қолдирган ва ҳозир уни топа олмай минг хаёлда юрган. Бор, олган жойинга қўйиб кел.

— Ташқарига қоронғу тушди, она, эртага эрталаб қўйиб келаман.

— Йўқ, ҳозир борасан, мабодо ичида пули ёки керакли нарса бўлса, бояқиш кечаси билан ахтаради. Гапни кўпайтирма, бор, жойига қўйиб кел.

Мен укамни ёнимга олиб, ҳалиги қопчиқни жойига қўйиб келдим. Қайтиб келсак, онам дарвоза олдида кутиб турган экан.

-Кўнглим энди тинчиди, болам, бировнинг омонати ёмон нарса. Бундай пайтда ўзинг ҳам бирор нарса йўқотганда, бирор жойда билмасдан қолдириб кетганда уни ахтариб овора бўлишингни, асаб қилишингни тасаввур қил. Раҳмат, энди дарсингни қилиб ухлайвер.

Бу танбеҳ бир менга эмас,оиламиздаги барча болаларга сабоқ бўлганди.Ҳалигача онамнинг бу сабоғини эсдан чиқармайман.

Очиғи,хотинимнинг бу гаплари менга ҳам таъсир қилди ва ўз-ўзидан тилимга бир савол келди:

— Нега бугунги кунларда кўринмайсиз, Тошбуви момолар?! Нега сўзларингиз эшитилмаяпти?

Изоҳ: қайнанамнинг исмлари Тошбуви эди.

 

* Ҳар ким ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга, аммо шунчаки фикр билдириш учун муносабатни айтмоқ шарт эмас. Гоҳида сукут ёки бирор ишора ҳам фикрни кўрсатиб туради. Қолаверса, ҳамма фикр ҳам тўғри бўларвермайди. Дарвоқе, нодонликнинг биринчи белгиси ҳам «менинг гапим тўғри» деган нуқтаи назарга ёпишиб олишдир.

 

* Бировнинг маслаҳатини олмайдиган ёки бировга маънили маслаҳат бера олмайдиган одам ёлғиз одамдир.

 

* Ёлғон гап доимо яхши яшайди, тўғри гап изтироб чексада узоқ яшайди.

 

* Бировнинг кўнглини олиш учун уни мақташ шарт эмас,дардини эшитмоқ ҳам кифоя.

 

* Чақимчи ва ғийбатчи учун кимнинг гапини кимга айтишининг аҳамияти йўқ,уларда садоқат бўлмайди.

 

* Ўжарлик,бир фикрга ёпишиб олиш ҳамма вақт ҳам қатъиятлилик бўлавермайди.Сиздаги қатъиятлилик бошқа бировга озор бермаслиги лозим.

 

* Тадбиркорнинг зиёлини қалб амри билан қўллаб-қувватлаши олижанобликдир,аммо зиёлининг тадбиркордан мурувват сўраб туриши давр фожеасидир.

 

* Самимият инсон хулқининг чеҳрасидир.

 

* Жаҳл туфайли бировдан юз ўгириш ўртадаги муносабатни енгиллаштирмайди.

 

* Кексаликнинг қадр-қиммати тажрибадан сабоқ чиқара олишдадир.

 

* Атторнинг растасида кераксиз нарса бўлмайди.

 

* Қарилигингиздан нолиманг, у насиб этмаганлар ҳам йўқ эмас.

 

* Фақат илмлиларгина илм борасидаги баҳсни ҳазм қила олишади.

 

* Режиссёрнинг маҳорати фақат актёрлар яхши ижросини таъминлашгина эмас, балки томошабин эҳтиёжидаги асарни танлай билишда ҳамдир.

 

* Нуронийлик қадри ёшнинг катталигига эмас, бошқаларга берган ибратига қараб белгиланади.

 

* Ёлғон айтишнинг оқибатини ёлғондакам енгиб бўлмайди.

* Кечира билиш ҳимматнинг энг яхши намунасидир.

 

* Улфатчиликнинг баҳоси қаерда ўтириши, нима ейиши билан эмас, ким билан ўтиргани ва қайси мавзуда суҳбат қургани билан белгиланади.

 

* Фарзанднинг ҳар бир ютуғидан қувониш яхши, аммо унга маҳлиё бўлишдан тийилинг.

 

* Ҳаётда турли синовлардан ўтишда иқтидордан кўра маҳорат кўпроқ иш беради.

 

БИЗГА НИМАДАН НАФ ЙЎҚ?

 

Имом ибн Қоййим ҳазратлари бизга манфаат бермайдиган, зое кетадиган ўнта нарсага изоҳ берган эканлар.Булар қуйидагилардир:

 

  1. Амал қилинмайдиган илм.

 

  1. Ихлос бўлмаган ва (суннатга) иқтидо қилинмаган амал.

 

  1. Ундан инфоқ қилинмайдиган мол-дунё. Унинг жамловчиси дунёда (бахиллик қилиб) баҳраманд бўлмайди ва охирати учун ҳам ўзидан олдинга (садақотлар кўринишида) тақдим этмайди.

 

  1. Аллоҳнинг муҳаббатидан холи бўлган, Унга интилиб шавқ қилмайдиган ва У билан сирдош бўлмайдиган қалб.

 

  1. Унинг тоати ва хизматидан ажралган жисм.

 

  1. Маҳбубнинг ризосига боғланмаган ва унинг амрларига мувофиқ юрмайдиган муҳаббат.

 

  1. Беҳуда кетаётгани идрок қилинмаган, яхшилик ва қурбатни (орифликни) ғанимат билинмаган вақт.

 

  1. Бекорчи, фойдаси бўлмаган нарсаларга машғул бўлган фикр.

 

  1. Унга хизмат қилиш сени Аллоҳга яқинлаштирмайдиган ва дунёингга салоҳият бўлиб қайтмайдиган инсонни хизматини қилиш.

 

  1. Тутқичи Аллоҳнинг қўлида бўлган бир бандадан қўрқишинг ва умид қилишинг. У Унинг қабзасида асир бўлса ва ҳатто ўзигада зарар ёки фойда, ўлим ёки ҳаёт бера олмаса.

Буларнинг бари фойдасиз ва зое нарсалардир

 

БИЗ НИМАНИ УНУТДИК?

 

* Биз фарзандимизни уйлик-жойлик, оилалик қилишни ўйлаб, унинг мустақил яшаши зарурлигини унутиб қўйдик.

 

* Биз боламизни ишга жойлашни, пул топишини ўйлаб, унинг бирор касб эгаллашини, илм олишини унутиб қўйдик.

 

* Биз қизимизни тезроқ «эгасига топшириш» ни ўйлаб, унга ҳунар ўргатишни, илм беришни ва уни рўзғор уддалашга ўргатишни унутиб қўйдик.

 

* Биз тўй ва маъракаларни ҳашаматли ресторанларда ўтказишни ўйлаб, кўчамизни, ҳовлимизни, уйимизни саранжом-саришта, обод қилишни унутиб қўйдик.

 

* Биз фарзандларимиз никоҳ тўйини қимматбаҳо ресторанда қимматбаҳо санъаткор иштирокида ўтказишни ўйлаб, шу харажат эвазига уларни саёҳатга юборишни унутиб қўйдик.

 

* Биз шуҳратпарастлик, манфаатпарастлик орқасидан обрў олишни ўйлаб, Худони унутиб қўйдик.

 

* Биз ана шу хатоларимиз учун тақдир олдида барибир жавоб беришимизни ҳам унутиб қўйдик. Энди эса бу хатони бир-биримизга ағдариш билан овворамиз.

 

Ҳушёр бўлайлик, биродарларим!

***

БИЗ НЕГА МАНФААТИМИЗГА ТЕСКАРИ ИШНИ ҚИЛАМИЗ?

МАСАЛАН,

— турмуш ўртоғимиз ҳомиладор пайтида унинг бизга зурриёд яратишини,бунинг учун кайфияти,соғлиги яхши бўлишини англашни истамай,бошқа кўнгилхушликка бериламиз.Кейин эса онанинг ҳам,фарзандимизнинг ҳам соғлигини таъминлаш учун бор топганимизни сарфлаш билан овора бўламиз.

 

— ўғил-қизимизда илм олишга иштиёқ ўйғотиш ўрнига уларга дурустроқ мактаб,мактабни битиргач, билими саёзлигини билгандан кейин репититор излаймиз.

 

— олий ўқув юртига киришида фарзандимизга кириш баллари пастроқ бўлган йўналишларни танлаймиз,кейин эса уни кўнгилдагидек ишга қўя олмай сарсон бўламиз.

 

— фалон сўмлик данғиллама иморат қурамизу,унинг ярмида ҳам яшамаймиз,ўша пулнинг бир қисмига ҳар йили саёҳатга бориб,соғлигимизни мустаҳкамлашни ўйламаймиз.

 

— кечқурунлари кино,театр,истироҳат боғида руҳий енгилликка эришиш ўрнига улфатчилик,меҳмондорчилик ва тўй-базмларда соатлаб ўтириб,вужудимизни,асабимизни чарчатамиз.

 

— ундан бизга манфаат бўлмасада, ҳовлимизнинг олдини йўлнинг бир қисми билан қўшиб ўраб олиб,бошқаларда ўзимизга нисбатан нафрат уйғотамиз.

 

— қуш уясида кўрганини қилишини билсакда болаларимиз кўз ўнгида уларга ёмон ибрат бўлиши мумкин бўлган ҳаракатларни қиламиз,гапларни айтамиз.

 

Мен ўзим билган, кўрган хатолар ҳақида сўз юритдим.

Қани, Сиз уни давом эттирингчи, яна шундай номутаносиблик топилармикин.

Ҳаракатларимизнинг қайси бири бизга фойда келтирмаяпти? Эҳтимол, шундай оддий таҳлил орқали айрим иллатларимиздан халос бўлишга эришармиз, нима дедингиз?

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *